Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:53

Славянскдаги жангларда камида тўрт аскар ҳалок бўлди


Украинанинг Славянск шаҳрида қаттиқ жанглар бормоқда. Расмийларга кўра, камида тўрт аскар ҳалок бўлган. Тинч аҳоли орасида ҳам талафотлар бор. "Аксилтеррор" операция давом этмоқда.


Украина Ички ишлар вазирлигининг 5 май куни билдиришича, шаҳарни назорат қилаётган россияпараст жангарилар билан ҳукумат қўшинлари ўртасида чиққан жангларда тўрт нафар аскар ҳалок бўлган, 30дан ошиғи жароҳатланган.

Расмий баёнотда яна айтилишича, Славянскни назорат қилаётган жангарилар тинч фуқароларни тирик қалқон сифатида ишлатмоқда. Тинч аҳоли орасида ҳам талафотлар борлигини айтган вазирлик, бунга оид аниқ рақамларни келтирмади.

Ички ишлар вазири Арсен Аваков душанба кунги чиқишида ҳукумат қўшинларига оғир қуролларни ишлатаётган 800га яқин жангари қаршилик кўрсатаётганини билдирди.

Аваков ҳукумат қўшинлари “террорчиларнинг пистирмасига” учради, дея қўшимча қилди.

Славянск четидаги Андреевка туманида ҳукумат кучлари телеминорани ўз назоратига олганидан кейин исёнчи кучлар шаҳар маркази томон чекинаётгани хабар қилинмоқда.

Аваков ҳукумат қўшинлари “аста-секин” Славянск марказига қараб силжишга ҳаракат қилишади, дея билдирди. Марказдаги шаҳар мэрияси, полиция идораси, Украина Хавфсизлик хизмати биноларини россияпараст айирмачилар ўз назоратида ушлаб турибди.

Исёнчилар қўлида бир неча одам, жумладан Славянск мэри гаровда қолмоқда.

140 минг аҳолиси бўлган Славянск Украина шарқида россияпараст айирмачилар назоратида бўлган шаҳарлардан биридир.

Киев ҳукумати шарқда тўла назорат ўрнатилмагунча, 15 апрель куни бошланган “аксилтеррор” операция давом этишини айтмоқда. Ҳозирча ҳарбий амалиёт чекланган натижаларга эришган холос.

Айни пайтда, Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Россия Украина билан “уруш ҳолатига” келди, дея баёнот берди. 4 май куни Украинанинг 5-Каналида қилган чиқишида Турчинов Москвани Украина шарқидаги “вазиятни беқарорлаштиришга” уринаётганлик ва “улкан муаммоларни” яратаётганликда айблади.

- Россия Фдерацияси Украинага қарши уруш олиб бормоқда. Улар мамлакат шарқи ва жанубида вазиятни тўла беқарорлаштиришга уринмоқда. Очиғини айтадиган бўлсак, шарқда улар бунга эришди, лекин Одесса вилоятида, бу ва Хаьрков вилояти эса Россия Федерациясининг асосий нишонларидан биридир, улар ҳақиқиий қаршиликка учради, деди муваққат прездент.

2 май куни Одесса порт шаҳрида рўй берган зўравонликларда 40дан ошиқ одам нобуд бўлиб, февраль ойида президент Виктор Янукович ҳокимиятдан ҳайдалганидан бери энг йирик хунрезлик бўлди.

Қурбонларнинг аксари россияпараст намойишчилар кўчадаги отишмадан қочиб яширинган бинога ўт қўйилиши оқибатида нобуд бўлди.

5 май куни қурбонлардан бирини дафн қилиш маросимида қатнашган россияпараст фаоллар Одессада ҳукумат биноаларини эгаллаб олишни ваъда қилишди.

Турчинов Одесса “Россия Федерацияснинг асосий нишонларидан биридир”, дея таъкидлади якшанба кунги чиқишида.

- Одессада Украина ҳокимияти иш олиб бормоқда. Одессада кўплаб ватанпарварлар бор ва улар ўз шаҳри ва Украинани ҳимоя қилишга тайёр. Украинага тинчлик қайтишига ишончим комил, деди Турчинов.

Унинг яна айтишича, Одессада ҳафта охирида рўй берган зўравонликларнинг “ташкилотчилари ва қатнашчилари” орасида “Россия паспортига эга” ҳамда Молдованинг Днестрбўйи айирмачи минтақасидан махсус келган гуруҳлар бўлган.

Турчинов шунингдек, Украина шарқидаги полиция ходимлари ораисда “айирмачи гуруҳларга ҳайрихоҳлар” борлигини эътироф этди.

Россия Украина ҳукуматининг мамлакат шарқида авж олган зўравонликлар ортида Москванинг қўли борлиги тўғрисидаги айбловларини инкор қилиб келмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 5 май куни эълон қилган ҳисоботида Украинада можаронинг янада авж олиши бутун Европадаги тинчликка таҳдид қилишидан огоҳлантирди. Россия ҳукумати шунингдек, украиналик ультрамиллатчилар томонидан “оммавий равишда” инсон ҳуқуқлари бузилаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG