Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:34

Давлат ходимлари umail.uz хизматига ўтишга мажбурланмоқда



Ўзбекистонда давлат муассасалари ходимларига ишга тааллуқли ҳужжат ва маълумот алмашинувини фақат миллий электрон почта орқали амалга ошириш ҳақида кўрсатма берилмоқда. Озодлик эга бўлган ҳужжатда олий ўқув юртлари ректор ва ўқитувчиларидан тортиб талабаларнинг ҳам umail.uz тизимидан рўйхатдан ўтишлари шартлиги айтилган.

Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ректорлари ва илмий марказ раҳбарларига Олий таълим вазирлиги тарафидан юборилган йўриқномада барча ходимлар, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг umail.uz миллий электрон почта тизимидан рўйхатдан ўтишини ташкиллаштириш талаб этилади. Бундай ўтиш¸ айтилишича¸ давлат муассасаларида миллий электрон почта хизматидан тизимли фойдаланишни ташкил этиш мақсадини кўзламоқда.

Бу борада қилинган ишлар бўйича илмий муассаса раҳбарлари 15 июнга қадар Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг Ахборот технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш бошқармасига ҳисоб беришлари керак.

Вазирлар Маҳкамаси расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, бундай талаб фақат Олий таълим тасарруфидаги муассаса ходимларига қўйилаётгани йўқ.

Унинг айтишича, 4 июнь куни бош вазир муовини иштирокида ўтган мажлисда Ўзбекистондаги барча ҳукумат идоралари, давлат муассасалари раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорларига расмий ёзишмаларни фақат umail.uz электрон почта ҳизмати орқали амалга оширишни ташкиллаштириш қаттиқ топширилган:

- Шу пайтгача бу тавсиявий характерда эди. Кечаги йиғилишдан кейин ҳамма umail.uz аккаунтини очиши шарт, дейилди. Яъни, иш доирасида ҳамма фақат UZ доменидаги почта тизимидан фойланашиши шарт. Gmail, mail.ru каби почталардан умуман фойдаланиш мумкин эмас, деди Вазирлар Маҳкамасининг ўзини таништирмаган райсмийси.

Ҳукуматнинг қаттиқ тавсияларига қарамай¸ миллий электрон тизимида почта қутиси очган ўзбекистонликлар сони кўп эмас.

Ўтган йил ёзидан иш бошлаган миллий umail.uz деб номланган бепул электрон почта хизматидан фойдаланувчилар 50 мингдан ошмайди.

Тошкент Ахборот технологиялари университетининг 4 курс талабаси Абдумалик фикрича, мажбурлаш йўли билан umail.uz фойдаланувчилари сонини оширишга эришиб бўлмайди:

- Шахсан, мен оддий фойдаланувчи сифатида бу тизимда рўйхатдан ўтмаганман. Шахсий почта қутиларим бошқа тизимларда. Ҳамма бир жойга ўрганганидан кейин, бошқа жойга ўтгиси келмайди. Олдин буни оммалаштириш керак. Одамлар шунақа umail.uz борлигини билиши керак. У ерда фойдаланувчиларни кўпайтиришни бюрократик йўл билан қилиб бўлмайди. Ҳозир тепадан буйруқ берилaяпти, ҳамма umail.uz тизимига ўтсин, деб. Ўтади, лекин ишлатмайди. Буни шунақа қилиш керакки, фойдаланувчиларнинг ўзлари хоҳлаб рўйхатдан ўтсин. Бунинг учун фойдаланувчилар анонимлиги ҳимояланиши керак. Яхши қилиш керак, зўр қилиш керак, шунда ҳамма шу тизимга ўтади, дейди Абдумалик.

Кузатувчилар Ўзбекистонда янги электрон почта хизмати мамлакат ичкарисидаги интернет фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтириш мақсадида йўлга қўйилганини айтишади.

Ўзбекистон давлат идораларидаги маълумотнинг ташқарига сизиб чиқиши олдини олиш мақсадида давлат муассасалари ходимлари миллий тармоққа ўтишга мажбурланаётгани ҳақида ҳам тахминлар бор.

Янги хизматни давлат назоратидаги UzInfoCom маркази йўлга қўйган.

Ушбу марказнинг “UzinfoCom” журнали бош муҳаррири Александр Сучков Озодлик билан суҳбатда давлат хизматчилари umail тизимига ўтишга мажбурланаётганини рад этди:

- Шахсан мен давлат ишчи-хизматчилари umail тизимига ўтишга мажбурланаётгани ҳақида эшитганим йўқ. Давлат ишчиларига халқаро трафикни четлаб ўтувчи, ташқи канални тўлдирмайдиган мана шу бепул ички тармоқдан фойдаланишни тавсия этишаётган бўлишлари мумкин. Энди бу интернет фойдаланувчилари ёзишмаларини кузатиш учун қилинаяпти, деган гапларда жон бор, деп ўйламайман. Бундай хавотирлар gmail тармоғи фойдаланувчилари¸ mail.ru фойдаланувчилари орасида ҳам бор, дейди Александр Сучков.

“UzinfoCom” журнали бош муҳаррири Сучков umail.uz тизимидаги камчиликларни ҳам тилга олади:

- Ҳозир umail.uz бераётган ҳажм 1 Гбайтни ташкил этмоқда. Gmail ва Mail.ru тармоқларининг имкониятлари бундан 10-15 баравар кўпдир. Шунинг учун umail.uz тармоғидан фойдаланиш қулай дейишга ҳали эрта. Лекин бу тармоқ Ўзбекистоннинг ички тармоғи, маълумот алмашинуви анча тез. Бундан ташқари бепул. Хавфсизлигига келсак, umail ҳам mail.ru ҳам бир хил, дейди Сучков.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сонининг 10 миллиондан ошгани айтилади.

Ижтимоий тармоқда ҳам ўзбекистонлик фойдаланувчилари сони шиддат билан ортмоқда.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини Интернетга чекловлар жорий этиб, сўз эркинлигини бўғишда танқид қилиб келади.
XS
SM
MD
LG