Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:55

Қўқонда свет-газ учун ҳар маҳаллага 9 миллиондан "солиқ" солинди


Қўқон шаҳридаги маҳаллаларга солинган кундалик "солиқ"нинг 4 миллиони газдан, 5 миллиони электр энергиясидан аҳоли зиммасида йиғилиб қолган қарзни ёпишга қаратилган. Уйма-уй юриб, нақд пул йиғишда иштирок этаётган маҳалла фаолларидан бирига кўра, шаҳар ҳокими томонидан белгиланган бу сумманинг атиги 10 фоизи йиғилмоқда. Унинг ҳам асосий қисми тадбиркорлардан олинмоқда.

Қўқон шаҳридаги маҳаллалардан бирида ишловчи манбага кўра, маҳалла қўмиталари, ҳокимият ва куч ишлатар идоралари ходимларидан иборат махсус гуруҳлари жума кунидан бошлаб, яна агрессив тарзда уйма-уй юриб, қарзларни ундиришга уринмоқда.

"Пайшанба кечқурун бўлган селекторда шаҳар ва вилоят ҳокимлари шу ойнинг охиригача свет-газни қарзини ёпинглар, деб буйруқ берди. Жума кунидан бошладик. Лекин, фойдаси йўқ-да, барибир. Одамларда пул йўқ. Шунга унча-мунча пули бор тадбиркорлардан олаяпмиз: "Сиз давлатга ўтказиб қўяверинг, давлат еб кетмайди", деб-да", дейди мухбирдан овозни ёзиб олмаслик ва исмини ошкор қилмасликни сўраган манба.

Унинг айтишича, аввалига фақат ҳокимият ва маҳалла ходимларидан иборат кичик гуруҳ хонадонларни айланиб чиққан ва натижада, ҳокимиятдан берилган сумманинг атиги 10 фоизи йиғилган:

"Ҳар битта маҳаллага 9 минг сўмдан мажбурий тушум қўйилди-да. Светга 5 миллион, газга 4 миллион. Энди маҳаллаларни бирида 300, бирида 500 та хонадон бор. Бировида газ бор, бировида умуман қиши билан ҳам бўлмаган. Бировини қарзи бор, бировидан давлат қарз. Лекин, мажбурий тушум ҳаммага бир хил", дейди исмини ёзиб олмаслик шарти билан сўзлаган маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, жума ва шанба кунги паст натижалардан сўнг Бош вазирнинг мажбурий тушумни ундириш ишларига маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳам жалб қилиш тўғрисида кўрсатма келган.

Қўқон шаҳар Электр тармоқлари ва Қўқон шаҳар газ таъминоти идорасида бу борада бирор расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади. Аммо, шаҳар банклардан бирининг исмини ошкор қилмаган ходими улардан ҳам биттадан ходимни аҳолидан нақд пул йиғувчи гуруҳга тиркаш сўралгани ҳақида маълумотни тасдиқлади.

"Биринчидан, нақд пул йиғиш муаммоси бор. Иккинчидан, июнни охирида биринчи ярим йиллик ёпилади, шунинг учун, республикадан ҳамма ташкилотларга буйруқ бор - қарздорлик ёпилсин, деган. Ташкилотлар бир амаллаб тўлаяпти, лекин одамлардан пул олиш қийин бўлади ҳар доим. Йўқ, деб туриб олса, нима қиласиз", дейди исмини ошкор қилмаган банк ходими.

Фарғоналик фаол Абдусалом Эргашев 2015 йилнинг биринчи ярми якунига келиб, кучайтирилган нақд пул йиғими кампанияси йиллардан буён давом этаётганини таъкидларкан, коммунал тўлов ва аҳоли даромади орасида ўқиб бораётган фарқ қарздорликни ошириб юбораётганини айтади:

- Деярли ҳар куни келишади, коммуналчилар. Лекин, тўловлар ва даромад ўртасидаги фарқ ошиб кетгани учун, одамлар ҳам бир томонга етказиб, бир томонига етказа олмаётгани учун, биров эшигини тақиллатиб келса, коммуналчи келди, деб қўрққанидан очмайдиган бўлиб қолди, ҳозир. Мелиса билан келадими, прокурор билан келадими - қўлида нақд пули бўлмаса, беролмайди-да, - дейди фарғоналик фаол.

Аҳолидан нақд пули йиғиш кампаяниси кейинги йилларда одатий тус олаётгани боис, бу масала билан шуғуллангани ва пул йиғимига жалб қилинган солиқ ёки бошқа давлат идоралари ходимлари билан кўп суҳбатлашганини айтган фаол - бу кампаниянинг яна бир жиддий сабаби бюджетга нақд пул тушумининг камайганидир, деб таъкидлайди:

- Ҳар ҳолда солиқчилар билан кўп бор гаплашганимда, улар шунақа жавобни айтишган. Ҳозир ўзи одамларининг қўлида ҳам нақд пул озайиб кетди. Ҳамма ишчилар, пенсионерлар, талабаларнинг пуллари пластикка туширилаяпти. Энди, агар шу коммуналчилар ҳам қўлида терминали билан домма-дом юрса, бунақа кампанияларнинг фойдаси бўлиши мумкин. Бўлмаса, фойдаси йўқ, - дейди Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистонда аҳолидан коммунал хизмат учун тўловларни уйма-уй юриб ундириш амалиёти президент фармони асосида ташкил қилинган.

2008 йилда президентнинг “Нақд пул маблағларини жалб қилиш ва унга бўлган эҳтиёжни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди.

Ушбу фармоннинг 3-бандида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки зиммасига тижорат банклари билан биргаликда "аҳолидан коммунал ва бошқа тўловларни қабул қилиш бўйича ихтисослаштирилган кўчма махсус кассалар тармоғини кенгайтириш" вазифаси юкланган эди.

Бу фармон асосида бошланган амалиёт шу кунга келиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари, прокуратура, ҳокимият, солиқ, туман газ ва электр тармоқлари идоралари, банк ва маҳалла қўмиталари аъзоларидан иборат катта-катта гуруҳларнинг уйма-уй юриб нақд пул йиғиши даражасидаги кампанияга айланиб кетди.

Республикада нақд пул тақчиллиги эса Бош вазир иштирокидаги селектор йиғинларининг кундалик муаммоларидан бирига айланди.

Яқинда Озодлик тасарруфига келиб тушган ҳужжат — Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари томонидан Бош вазирга 10 апрель куни юборилган мактуб Марказий Банк раҳбариятининг нақд пул тушумини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиши мумкинлигидан Бош вазирни огоҳлантирганини ҳам кўрсатди.

Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон иқтисоди ойига 1,9 триллион сўмлик товар ишлаб чиқариши, 1,8 триллион сўмлик хизмат кўрсатиши қайд этилган.

Лекин товар ва хизматлар савдосидан тушадиган нақд пулнинг ҳаммаси банкларга келиб тушмайди ва юзлаб миллиард сўмлик товар ва хизматлардан тушган нақд пулни топширмаётганлар, асосан, ширкатлардир. Ҳужжатда булар сирасида "Хоразм Шахар", "Зарафшон", "Brooklyn Lider Service", "Big Universal Trade", "Kelajak Futbol poydevori", "Roison" каби ширкатлар номлари келтирилган.

Яна ҳам қизиғи, бу ҳужжатда номи тилга олинган ширкатлар нақд пулни давлатга топширмагани учун «Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра¸ ушбу тўловларнинг асосий қисми тўлангани ҳолда¸ 58¸2 млрд.сўмлик пенсия тўловлари¸ 53¸8 млрд.сўмлик махсус контингент ташкилотлари тўловлари Андижон¸ Бухоро¸ Қашқадарë¸ Навоий¸ Наманган¸ Сурхондарë¸ Сирдарë¸ Фарғона вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида тўланмасдан қолган».

Шунга қарамасдан, нақд пул тушумини ошириш вазифаси юклатилган маҳаллий ҳокимиятлар пенсияси, ойлиги, бола пули вақтида тўланмаган аҳолидан кунига бир неча миллион сўмлик нақд пулни ундиришга зўр бермоқда.

XS
SM
MD
LG