Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:47

МХХ: ИШИД ўзбекистонлик ўқитувчи ва врачларни ўзига оғдиришга уринмоқда


Айтилишича¸ вайрон бўлган шаҳарларни қуришга усталар¸ ярадор жангариларини даволашга врачлар кераклиги важидан ИШИД энди малакали кадрларни ов қилишни бошлаган.
Айтилишича¸ вайрон бўлган шаҳарларни қуришга усталар¸ ярадор жангариларини даволашга врачлар кераклиги важидан ИШИД энди малакали кадрларни ов қилишни бошлаган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таҳлилчилари тарқатган баëнотга кўра¸ айни кунларда Сурия ва Ироқ ҳудудида исломий халифат қурилганини эълон қилган ИШИД террор гуруҳи¸ ўзининг рисоладагидай давлат эканини исботлаш иддаосида хусусан ўзбекистонлик малакали кадрларни 20-30 минг доллар пул ваъдаси билан ўз сафига жалб қилишга уринмоқда.

Ўзбекистондаги ярим расмий Интернет нашрларининг ëзишича¸ ИШИД жиҳодий гуруҳининг мамлакат ичидаги яширин гуруҳлари малакали кадрларни ўз сафига тортишга уринмоқда.

“Эндиликда гуруҳ кўп йиллик иш тажрибасига эга ва олий маълумотли инсонларни ўз ҳаракатига жалб қилишга интилмоқда.

Таъкидланишича, террорчи гуруҳ раҳбарияти улар нафақат жанг қила олиши, балки нормал давлат қура олишини ҳам исботламоқчи. Бундай давлат тузиш учун эса кўплаб малакали кадрлар керак бўлади.

Айтилишича, айни пайтда ИШИД шифокорлар, ўқитувчилар, ошпаз ва маиший хизмат кўрсатувчиларга эътибор қаратмоқда. Уларга оилалари билан кўчиб ўтишлари учун 20-30 минг доллар таклиф қилинмоқда”¸ дейилади ўзбек тилидаги ярим расмий Интернет сайтларида эълон қилинган баëнотда.

Марказий Осиë махсус хизматларининг қўшма лойиҳаси бўлган Centralasia.online сайтида МХХ таҳлилчиси Ҳусан Мамуров¸ МХХ тахминича¸ ҳозирда ИШИД сафида 500-600 ўзбекистонлик жанг қилаëтгани айта туриб¸ айни пайтда бу рақамни аниқлаштиришнинг иложи йўқлигини ҳам эътироф этади.

“Сурия ва Ироққа нафақат Туркия¸ балки бошқа давлатлар орқали кетаëтган ўзбекистонликларни таъқиб қилиш жуда қийин. Хорижда ишлаëтган ëш ўзбекистонликлар ИШИДнинг севимли нишонига айланган. ИШИД эркакларни ўз аëллари билан келишга рағбатлантирмоқда. Кўп ҳолларда хотинлари эрлари билан Сурияга кетишдан бош тортмоқда. Бунақа вазиятда эркаклар никоҳ учун бошқа аëл қидиради”¸ деган МХХ таҳлилчиси¸ ўз идорасига маълум қатор мисолларни тилга олади.

Туркия-Сурия чегарасининг турк ҳудудидаги ўзбекистонлик ишидчилар юрғизаëтган жиҳодга одам ëллаш амалларидан яхши хабардор Озодлик манбасига кўра¸ бу ҳудудда асосан исломий ғоялар билан зомбилаштириш ëки қўрқитиш орқали Сурияга бевосита жангари ëллаш ҳаракати айни кунларда ҳам яширин¸ ҳам очиқ шаклда давом этмоқда:

- ИШИД га одам ëлловчи акахонлар тузоғига тушаëтганларнинг асосий қисми билимсиз¸ тузук-қуруқ касб-кори бўлмаган¸ Россияда ҳар хил ишларни қилиб юриб¸ охирида бу ерга келган болалар. Олий маълумотли врач ëки ўқитувчини ëллашгани¸ ëки кимгадир 20-30 минг доллар берилганидан хабарим йўқ. Фақат қарзга ботган бир йигит оиласига 5000 доллар юбориш учун битта буйрагини сотувга қўйганда¸ ишидчилар бу пулни бериб¸ йигитни Сурияга урушга жўнатганини биламан. Асосан¸ биродарлик¸ Оллоҳ розилиги учун жиҳод каби гаплар билан аврашади¸ дейди Озодлик манбаси.

Қашқадарëлик врач Абдурайим Бозоров¸ ўз ҳамкасбларининг Россия¸ Қозоғистон¸ Яман каби давлатларга пул топиш учун кетганидан хабардорлиги¸ лекин жиҳодчиларга хизмат қилиш учун Сурия ва Ироққа кетганидан бехабарлигини айтади:

- Ҳозир малакали врачнинг 100 фоиз пластикка ўтказилаëтган ойлиги¸ ҳар хил чегирмалардан кейин¸ 150 долларнинг нари-бериси. Ойлик камлигидан ташқари¸ врачлар ҳокимият югурдагига айлантирилган. Пахта терими яқинлашса¸ ҳамманинг юраги безиллайдиган бўп қолган. Битта бизнинг ҳудудда¸ камида уч ставка врач ўрнига одам топилмаяпти¸ кўпчилик врачлар ойлик камлигидан чет элга кетворган. Ўзбекистонлик врач 40 минг долларни бир умр ишлаб ҳам топмаслиги мумкин. Лекин ҳатто бунақа пул учун ҳам ишидчиларга қўшилмаса керак. Шахсан мен¸ бунақа зомбилар¸ маънавиятсиз одамлар хизматига¸ қанча пул ваъда қилмасин¸ бормаган бўлардим. Узоқни ўйлаган одам¸ бунақа қилмаса керак¸ дейди ўзбекистонлик врач.

Москвадаги ўзбекистонлик диндор ва ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев¸ малакали кадрларнинг ИШИД тузоғига емиш бўлиш эҳтимоли учун асосий айбдор¸ уларни ҳам иқтисодий¸ ҳам ижтимоий-маънавий жиҳатдан танг ҳолга солиб қўйган бугунги Ўзбекистон ҳукуматидир¸ дейди:

- Бу жараëндан хабарим бор. Ҳукумат ИШИДдан хафа бўлмасин¸ чунки уларни шу кўйга солган диктаторлик режимидир. Бугун диний дунëқараши бўлмаган одамлар ҳам иложсизликдан¸ адолатсизликдан қочгани бошқа жой тополмай¸ Сурияга кетаяпти. Мен ИШИДга қаршиман. Лекин ИШИД камига жаннат ваъда қилаяпти? Каримовчи? дейди ўзбекистонлик диндор ва ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

XS
SM
MD
LG