Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Чорсу бозорида арка ағдарилди


Тошкентнинг Чорсу бозорида арка бузилаётган вақтда унинг бир қисми кранлар устига қулаб тушган. Ҳодиса ортидан Чорсу бозори атрофида автомобиллар тирбандлиги вужудга келган. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийларига кўра, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Озодлик боғланган расмийси Чорсу бозорида арка ағдарилиши оқибатида ҳеч кимга шикаст етмаганини айтди.

Чорсунинг “гўшт бозори” номи билан машҳур гумбазли раста ўнгидаги арканинг ағдарилгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда шиддат билан тарқалди.

-У ерда ҳеч қанақа фавқулодда ҳол бўлгани йўқ. Ҳозир ҳаммаси бартараф этилди. Яхшиями, ҳеч кимга шикаст етмади. Ҳозир ҳаммасини йиғиштириб олиб кетишди, - деди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси.

Ҳодиса туфайли Чорсу бозори атрофида автомобиллар тирбандлиги вужудга келган.

Айни шу куни Тошкент марказида жойлашган "Wyndham Tashkent" (собиқ "Dedeman") меҳмонхонаси ёнидаги кўп қаватли Бизнес марказига ўт кетди.

Озодликка воқеа жойидан жўнатилган видео тасвирларда ёнғин бинонинг деярли барча қаватларини қоплаб олганини кўриш мумкин.

Гувоҳларга кўра, ёнғин бинонинг биринчи қаватидан бошланган.

Ёнғинни ўчиришга ўнга яқин ўт ўчириш машинаси жалб қилинган.

Ўт ўчирувчилар Бизнес марказдаги ёнғин қисқа фурсатда бартараф этилганини таъкидлашди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчиси Озодлик билан суҳбатда ёнғинда ҳеч кимга шикаст етмагани ва ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини билдирди.

Аммо, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, бир ёш йигит енгил жароҳат олган.

Талафотлар ва ëнғин сабаблари ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG