Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:26

Flyin’ Up севишганлар кунида “Раъно”ни янгича талқинда куйлади


Ўзбекистонлик рок машшоқлар
Ўзбекистонлик рок машшоқлар

Тошкентдаги роксеварлар орасида танилган Flyin’ Up (Парвоз) гуруҳи 14 февраль севишганлар кунида афсонавий қўшиқчи Ботир Зокировнинг “Раъно” қўшиғининг янги талқинини тақдим қилди. Бу билан гуруҳ илк бор рок-балладаси жанрига қўл урган.

Рок-баллада услубидаги бу талқин Виталий Аминов тарафидан басталанган.

Севги изҳори тарзидаги бу сокин ва ҳузунли қўшиқ тошкентлик 25 яшар рок вокалист Жасур Худойбердиев ижросида момақалдироқ каби янграйди.

Озодлик билан суҳбатда бундан 4 йил олдин тузилган рок гуруҳ вокалисти Жасур Худойбердиев нега айнан “Раъно” қўшиғига мурожаат қилгани сабабини тушунтирди:

- Ўзбек мумтоз мусиқачиси Ботир Зокировнинг бу қўшиғи мусиқий тарафдан ўзига ҳос гармонияга эга¸ икинчидан мазмунан гўзал¸ учинчидан эса ажойиб эсда қоладиган қўшиқ. Бу қўшиқ бизга ëққани боис уни янги бир тарзда куйладик¸ дейди Жасур Худойбердиев.

Яқиндан назар

Ўзбекистондаги таниқли мусиқий сулола вакиласи Умида Ҳақназар Озодлик билан суҳбатда "Раъно" қўшиғининг янги талқинига муносанбат билдирди:

Ботир Зокировнинг "Раъно" қўшиғи ижроси ( композитор Икром Акбаров) ҳалигача хам бетакрор бўлиб қолади, асосан ҳонанданинг ажойиб овози/тембри туфайли. ( майин тарона) Майин ва лирик тарона ёки танго деб тасвирлаш мумкин унинг ижросини. Оркестрнинг сал бўшрок /суюк кузатиб боришида, қўшиқнинг драматургияси деярли бутунлай Ботир Зоркировнинг нозик ифодаси ва юқори маданиятга эга бўлган овозлари туфайли ютган.

Янги аранжировкада эса, янги мусиқий воситаларига туфайли ( ритмик, гармоник,мелодик инструментал, авжига чиқишни ва экспрессияни кучайтириши) шу билан худда янги асарни эшитгандай бўлдик ва янги драматик феъл ва ҳатто бир қанча бошқа мазмун гувоҳи бўлдик. Аммо булар қўшилгач қўшиқ кам бўлмаган, ва ўзининг бадиий қадриятини йўқотиб қўймаган. Ушбу қўшиқнинг янги, истеъдодли аранжировкаси бу асарга янги мазмун хам қўшиб берди десак бўлади. Бу нихоятда ажойиб¸ дея баҳолайди Умида Ҳақназар.

Узоқдан назар

Рок қўшиқчилигининг ватани бўлган Лондонда истиқомат қилувчи 20 яшар роксевар Ғазанфар Исломзода бу қўшиққа скептик муносабат билдирди. Унинг айтишича, Ўзбекистонга афтидан "гараж мусиқаси" энди-энди кириб бораяпти.

"Куй жуда секин бошланган ва эски рок мактабини эсга солади. Вақт ўзгарди ва мен эрамиздан олдинги йўналишга қизиқишларини ҳеч тушунмайман. Умумиятла ёмон эмас, аммо бунақа қўшиқлар аксар рок группалар томонидан айтилавериб, сийқаси чиқиб кетган. Балки бу Ўзбекистонда янги йўналиш бўлгани боис одамларга ёқиши мумкин," дейди Ғазанфар Исломзода.

Аммо, Жасур Худойберганов улар яратган мусиқий баллада Тошкентнинг маҳаллий фонида эмас, балки Лондоннинг муҳташам роксаройларида ҳам муваффақият қозонишига мутлоқ ишонишини айтади.

Ярим асрлик севги изҳори

Парижнинг энг ҳашаматли Олимпия залида айтилган "Раъно" қўшиғи айтилганидан ярим аср ўтиб навқирон ўзбек рокерлари ижросида янграганида қалбимизга ором ва фараҳ туйғуларини солади.

Ботир Зокировнинг бу қўшиғи 60-70-йиллардаги ўзбек ëшлари учун тақлид объекти эди.

Бу қўшиқ тарихи ҳақида¸ умуман Ботир Зокиров ҳақида унинг укаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан суҳбатлашган эдик.

Фаррух Зокиров: Деталлари¸ энди Икром ака Акбаров билан¸ Туроб Тўла шеъри билан айтилган қўшиқ. Мен қўшимча бир нарса дейишга эсимда йўқ. Фақат айтишим мумкин¸ ўзбек лирик эстрадасининг ажойиб намуналаридан бири.

Озодлик: 1964 йили мусиқавий фильм бўлиб чиққан экан бу. Клипларнинг отаси десак ҳам бўлади.

Фаррух Зокиров: Янглишмасам¸ “Нарисуй мня песню” деган фильм бўлса керак. Ўша фильмми?

Озодлик: Оқ-қора ишланган¸ Ботир ака расм чизиб ўтирибдилар.

Фаррух Зокиров: Бу энди мусиқавий фильм. Ҳозирги клипларнинг нима дейди...

Озодлик: Ота-бобоси десак бўлади.

Фаррух Зокиров: Ҳа¸ тўғри. Чунки раҳматли Ботир акам расм ҳам чизардиларку.

Озодлик: Бу “Раъно” деган қўшиқнинг мусиқаси ҳудди расм каби чиройли¸ матни ҳам чиройли.

Фаррух Зокиров: Ҳақиқатан жуда чиройли. Айтаяпманку¸ ўзбек замонавий эстрада қўшиғининг шоҳи десам бўлади.

Озодлик: Фаррух ака¸ сизнинг репертуарингизда ҳам бу қўшиқ борми?

Фаррух Зокиров: Мен энди Ботир акамнинг қўшиқларини айтишга унчалик журъат эта олмайман. Мен учун жуда бадиий масъулият бу. Кўплар “Нима учун Ботир аканинг қўшиқларини айтмайсиз?” деб сўрашади. Бу мен учун жуда катта масъулият. Масалан¸ Ботир акамнинг “Қайдасан” деган қўшиғини Насиба Абдуллаева билан бирга дуэт қилиб айтдик. Ташаббус Насибахондан чиққани учун бирга айтдик. Ëмон чиқмади. Кейин мустақиллик байрамини тайëрлашда раҳбариятдан “Эски устозларга хотира билдириш учун уларнинг қўшиқларидан ëшлар айтса. Масалан¸ бир куплети записда кетади¸ кейин давомини бизлар айтамиз” деган маънода таклиф бўлди. Ўшанда мен шу қўшиқни айтган эдим.

Озодлик: "Раъно" қўшиғиними?

Фаррух Зокиров: Айнан шу қўшиқни. Бу ерда мен катта акамнинг қўшиғини давом эттираëтгандай¸ қўшиғини эмас ижодини давом эттираëтгандай айтдим. Яхши таклиф бўлди. Ўшандагина журъат этдим мен.

Озодлик: Фаррух ака¸ бизнинг бу саҳифамизда қўшиқ эгалари ўз қўшиқларидан бир парча куйлаб беришадида. Афсуски¸ Ботир ака бизнинг орамизда йўқ. шунинг ўрнига сиз шу қўшиқдан бир парча куйлаб берасизми? Ҳар ҳолда¸ сиз укасисиз.

Фаррух Зокиров: Бир-икки қатор бўлса ҳам бўлади-а?

Озодлик: Бўлади.

(шу ерда Фаррух Зокиров Ботир Зокиров ижро этган “Раъно” қўшиғидан бир парча ижро қилиб берди)

Барнолар ичра барно Раъно¸

Гулмисан гулëрмисан.

Ошиққа дилдормисан¸

Ҳамма гуллардан аъло Раъно.

XS
SM
MD
LG