Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:05

Ўзбекистонда кимлар профессор бўла олиши маълум бўлди


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсати 6 июнда кучга кирган қарори билан Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги янги низомни тасдиқлади.

Ҳужжат ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида унвонларга талабгорлар учун катта янгилик бўлиб кўринмаслиги мумкин, лекин иқтисодиёт мутахассисларини қувонтириши аниқ.

Психология фанлари номзоди Маҳмуджон Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, илгари олий ўқув юртларида илмий унвон олиш тартибини, баъзи деталларни ҳисобга олмаган ҳолда, жўн тушунтириш мумкин эди. Яъни фан номзоди илмий даражасига эга бўлган олим доцент бўларди, профессор унвонини олиш учун эса, талабгор фан доктори илмий даражасига эга бўлиши лозим эди.

Олий аттестация комиссияси Раёсати қабул қилган янги низомда ўша эски тартибга ўзгартиришлар киритилганки, бу ҳақда норма.уз сайти хабар қилди.

Айтилишича, янги низомда илмий унвонларни олишга талабгорлар бажариши лозим бўлган умумий талаблардан бири аниқлаштирилганки, унга кўра талабгор аттестация жараёнида охирги 2 йил ичида иштирок этган бўлиши керак (тақризчи, илмий семинар, илмий кенгаш, имтиҳон комиссияси аъзоси, расмий оппонент ва шу кабилар сифатида).

Мустақиллик мафкурасини билиш бундан буён талаб қилинмайди

Иқтисодиётчилардан талаб қилинмайди. Янги низомга кўра, “Мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари” фанидан махсус имтиҳонни фақат ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида унвонларга талабгорлар топширади. Илгари ушбу имтиҳон иқтисодиёт фанлари соҳаси бўйича унвонларга талабгорлар томонидан ҳам топшириларди.

Профессор бўлиш қийинлашди

Янги низомда Олий таълим муассасаси мутахассислари профессор унвонини олиш учун бажариши лозим бўлган айрим талаблар аниқлаштирилган.

Хусусан, улар илмий даража олган 1 мутахассисни тайёрлаган ёки 10 битирувчи магистрант ва 5 битирувчи бакалаврга илмий раҳбарлик қилган бўлиши (илгари – фақат илмий даража олган 1 мутахассисни тайёрлаган бўлиши), педагогик амалиётда фойдаланилаётган, диссертация ҳимоясидан кейин нашр этилган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда 2 та дарслик) ёки 2 та ўқув қўлланмасига эга бўлиши керак. Ўқув қўлланма етарли бўлмаган тақдирда эса, белгиланган меъёрдан ташқари нашр этилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин.

Ph.Dлар профессор бўла олади

Олий таълим муассасаси профессори унвони истисно тариқасида бериладиган фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга бўлган талабгорлар учун ҳам талаблар ўзгарди:

10 йиллик (илгари – 15 йиллик) илмий-педагогик стаж; 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда 2 та дарслик) ва якка муаллифликда 3 та ўқув қўлланмасининг мавжудлиги (илгари уларнинг сони аниқлаштирилмаган эди);

илмий даража олган 1 нафар мутахассисни тайёрлаган ва 2 нафар магистрантга илмий раҳбарлик қилган ёхуд 10 нафар магистрант ва 5 нафар бакалаврга илмий раҳбарлик қилган (илгари – илмий даража олган 1 нафар мутахассисни тайёрлаган ва камида 2 нафар магистрант ёки 4 нафар бакалаврга илмий раҳбарлик қилган) бўлиши керак.

Бундан ташқари диссертация ҳимоясидан кейин камида 5 та илмий мақола, шундан хорижий илмий журналларда 2 та илмий мақола ҳамда якка муаллифликда монография чоп эттирган бўлиши лозим.

Илмий даражаси йўқлар ҳам профессор бўла олади. Истосно тариқасида...

Янги низомда маданият, санъат, архитектура, жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича Олий таълим муассасаси профессори унвонини истисно тариқасида илмий даражага эга бўлмаган мутахассисларга бериш имконияти сақланиб қолди. Шу билан бирга ўқув-илмий ишларнинг мавжудлиги қисмида уларга нисбатан талаблар оширилди, илмий-педагогик иш стажи эса 15 йилдан 10 йилга камайтирилди.

Профессорликка талабгор қаҳрамон бўлиши шарт эмас

Эндиликда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ёки “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган мутахассислардан ташқари фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари лауреати бўлган мутахассислар ҳам бошқа бир қатор талабларни бажарган тақдирда истисно тариқасида ОТМ профессори унвонини олиши мумкин, деб ёзди норма.уз.

ИТМ профессорлари

Илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари – профессор унвонини олишга талабгорлар эндиликда камида 2 нафар илмий даража олган мутахассисни тайёрлаган ёхуд 1 нафар илмий даража олган мутахассисни тайёрлаган ва 5 нафар магистрант ёхуд 10 нафар магистрантга (сўнггиси илгари мавжуд эмасди) илмий раҳбарлик қилган бўлиши зарур.

Доцент доцентлигича қолди

Олий таълим муассасасининг илмий даражага эга бўлган мутахассисларига доцент унвонини беришга қўйиладиган талаблар ўзгармади, деб хабар қилди нашр.

Бироқ, айни пайтда Олий таълим муассасасининг илмий даражага эга бўлмаган мутахассисларига истисно тариқасида доцент унвонини беришда қўйиладиган баъзи талаблар бир хиллаштирилди ва аниқлаштирилди, шунингдек баъзи янги талаблар жорий этилди.

Масалан, эндиликда барча соҳа мутахассислари учун камида 5 йиллик педагогик ва илмий иш стажи, улардан 3 йили Олий таълим муассасасининг ўзида педагогик иш стажи сифатида талаб этилади.

Илгари айрим соҳа вакиллари учун 10 йиллик, айримлари учун эса 5 йиллик стаж талаб этиларди. Аниқлаштирилишича, илмий даражага эга бўлмаган мутахассислар учун ўқув адабиётлари сони 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда 2 та дарслик) ва якка муаллифликда 1 та ўқув қўлланмадан иборат.

Бундан ташқари, эндиликда бундай мутахассисларга камида 4 нафар битирувчи бакалаврга илмий раҳбарлик қилган бўлса, доцент унвони берилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG