Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Ўзбекистондан экспорт қилинган шафтоли қурт чиққани учун Новосибирскдан қайтарилди


Ўзбекистондан келтирилган 18 тоннадан ортиқ шафтоли қуртлаб кетгани учун Новосибирскдан ортга қайтарилди. Бундай ҳолат Новосибирскда иккинчи маротаба кузатилмоқда.

Июнда Ўзбекистондан келтирилган 20 тоннага яқин помидор "таркибида зараркунанда топилгани" учун махсус полигонда йўқ қилинганди.

Россельхознадзорнинг Новосибирск вилояти бўйича бошқармаси назоратчилари фитосанитар текширув пайтида мева омборларининг бирида Ўзбекистондан келтирилган шафтолида шафтолихўр қурт (Grapholita molesta) топилганини маълум қилди.

Қурт босган шафтоли қандай Новосибирскгача етиб борган?

Новосибирск вилояти бўйича Россельхознадзор бошқармаси раҳбари муовини Алексей Магеров, Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистон томони четга чиқариладиган мевалар сифатига жиддий эътибор қаратиши лозимлигини уқтирди:

- Россия Федерацияси, Божхона иттифоқи ташкилотида (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) мева-сабзавот бўйича маълум фитосанитария талаблари мавжуд. Мева партиясини Россияга жўнатилишидан олдин, юк эгалари тегишли фитосанитария хулосалари ва сертификатларни олган. Ўзбекистон томони четга чиқарилаётган мева партиясини синчковлик билан текшириб, кейин хорижга чиқишига ижозат бериши лозим эди. Ўзбекистондан бизга келтирилган ва яроқсиз деб топилган шафтоли қутиларининг аксариятида мевахўр қурти топилди, деди Алексей Магеров.

Қурт босган 9 тонна шафтоли ва 9,2 тонна туксиз шафтоли (нектарин) «ТрастИмпорт» ширкати номига Ўзбекистондан, Қозоғистон орқали автомобилда келтирилган.

Юк эгаси “ТрансИмпорт" ширкати яроқсиз чиққан мевани божхона текширувидан ўтказгандан сўнг, Ўзбекистонга реэкспорт қилишга қарор қилган.

Кузатувчилар фикрича, яроқсиз деб топилган шафтоли Қозоғистон билан туташ чегара пунктида Россия фитосанитария назоратчилари томонидан жиддий текширилмаган бўлиши мумкин ва шу сабабли юк Новосибирсккача етиб борган.

Шундай қилиб, Новосибирскда Ўзбекистондан келтирилган мева-сабзавотга иккинчи мара карантин жорий этилмоқда. 2016 йилнинг июнида Ўзбекистондан келтирилган қарийб 20 тонна помидорда “Жанубий Америка қурти” топилган эди.

Помидор Ўзбекистондан “Дары Востока” ширкати номига юборилган эди. Бутун помидор партияси, юк эгаси хоҳиши билан махсус полигонда йўқ қилинган.

Айни вақтда, Ўзбекистон раҳбарияти Россия бозорларида ўзбек мева-сабзавоти салмоғини олдинги йилларга қараганда кескин оширишга интилмоқда.

Яқинда Тошкентда ўтказилган мева-сабзавот ярмаркасида бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2020 йилгача мева-сабзавот экспортини 3 баравар кўпайтириш ва 32 миллион тоннага етказишни режалаштираётганини билдирган эди.

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмагани, Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотнинг Россия бозоридаги рақобатбардошлилигига салбий таъсир кўрсатишига ишора этишади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ўз маҳсулотларини Росияга экспорт қилишда қатор имтиёзларга эга.

XS
SM
MD
LG