Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2021, Тошкент вақти: 11:15

Ўз-ТВ Каримов хотирасига бағишланган илк фильмни намойиш қилди (видео)


Ислом Каримов (ўртада) ҳақидаги ҳужжатли филмда намойиш қилинган сурат

My5 каналида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган "Мустақил Ўзбекистон асосчиси" номли ҳужжатли филм намойиш этилди. Филмда Каримовнинг болалиги, хизмат мавқеи, Ўзбекистонга раҳбарлик қилган даври ҳикоя қилинди ва у мамлакат мустақиллиги асосчиси ўлароқ улуғланди.

Тошкент вақти билан кечки соат 19:00 да «Менинг юртим» телеканалида намойиш этилган ҳужжатли филмда Ўзбекистон биринчи президентининг ҳаёт йўли қаҳрамонлар тилидан ҳикоя қилинди.

Унинг болалиги, ёшлик йиллари, олий ўқув юртини битиргач, собиқ Тошкент авиация заводида иш бошлагани, кейинчалик собиқ Ўзбекистон ССР ва мустақил Ўзбекистондаги раҳбарлик йиллари ҳикоя қилинди. Қайта қуриш ва Ўзбекистон мустақиллиги йилларидаги йирик воқеалар бирма-бир жонлантирилди.

Филмда воқеалар Ислом Каримовни таниган қаҳрамонлар тилидан ҳикоя қилинаркан, шу пайтгача телевидение ва ўзбек матбуоти юзини кўрмаган суратлар, видеокадрлар намойиш қилинди. Филм давомида айрим воқеалар актёрлар ижросида қайта жонлантирилди.

Жумладан, собиқ СССР парчаланаётган кезда марказқўмда бўлган сиёсий бюрода Ислом Каримов номзодининг Ўзбекистон раҳбарлигига қўйилгани, аммо Каримов бу таклифни рад этганию бюрони тарк этгани, шунга қарамай унинг номзоди тасдиқлангани айтилди.

Филмда 1989 йилда содир бўлган Фарғонадаги этник можаро "Каримовга собиқ раҳбардан қолган тортиқ" сифатида тилга олинди.

1990 йилнинг февралида Тошкент вилоятининг Бўка ва Паркент туманларида бўлган воқеалар эса "қайта қуриш даврида вужудга келган ички муамоллар йиғиндиси бўлган инқироз тарсакиси" деб баҳоланди ва ҳар икки можарода Ислом Каримовнинг қаҳрамонларча тўқнашувлар марказига боргани, кўчаларга чиққан одамлар ишончини қозониб, вазиятга тезкор ечим топгани олқишланди.

1999 йилдаги 16 феврал портлашлари ҳам алоҳида ҳикоя қилинди. Воқеа гувоҳлари, жумладан, ўша кезда президент матбуот котиби бўлган Азамат Зиё тилидан ўша кун дақиқама-дақиқа жонлантирилди.

Аммо, филмда - Ўзбекистон мустақиллиги давридаги энг қонли воқеа сифатида тарихга кирган Андижон воқеалари тилга олинмади.

Бундан ташқари, Ислом Каримовнинг шахсий ҳаёти - оиласи, коррупцион можаролар марказида қолган тўнғич қизи ва оилавий можароларга боғланган кичик қизи, шу кунда яқин қариндошлари йирик жиноятларда айбланаётган рафиқаси ҳақида лом-мим дейилмади.

Биринчи президентга бағишланган филм ҳозирги президент Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши ҳамда унинг Ислом Каримов йўлини давом эттириши ҳақидаги ваъдаси билан якунланди.

Шарҳларни кўринг (13)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG