Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 01:57

Ўзбекистон хабарлари

Жиззахда 3 ва 2 ёшли бола ёнғиндан ҳалок бўлди

Ўзбекистонда юз берган ёнғинлардан бири.

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида Саидакбаровлар хонадонида юз берган ёнғин натижасида икки нафар ёш бола ҳалок бўлди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг 13 апрель куни билдиришича, уй эгаси ёнғиндан уч ва икки ёшдаги ўғил набираларини олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Бироқ тутундан заҳарланган болалар касалхонага олиб кетилаётган пайтда вафот этган.

Хабарда ёнғин электр симларидаги қисқа туташув оқибатида юзага келганини билдирилди.

Кун янгиликлари

Ёшлар иттифоқи етакчиси қалбаки пул ясаганликда гумон қилинмоқда

Касби туман ҳокимлигида Ёшлар иттифоқи етакчиси бўлиб ишловчи, 1995 йилда туғилган Б.А. қалбаки пул чиқарганликда гумон қилинмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, Ёшлар иттифоқи етакчиси Касби тумани “Муғлон” МФЙ ҳудудидаги ижарага олган тикувчилик цехида қалбаки пул ишлаб чиқараётганлиги фош қилинган, ундан 172 дона 50.000 сўмлик, рангли принтердан тўлиқ чиқарилмаган 84 дона 50.000 сўмлик пуллар, “EPSON” рангли принтери ва “LENOVO” ноутбуки тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Қалбаки пул ясалаётгани Қашқадарё вилоят ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ва Касби туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида фош қилинган.

А.Б. дан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган АВ0304117 серия рақамли 172 дона 50.000 сўмлик купюра “Давлат белгиси” корхонасида тайёрланмаганлиги ва рангли пуркагичли принтер ёрдамида тайёрланганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Касби тумани ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан 2019 йил 19 ноябрь куни А.Б нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг номзоди Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига кўрсатилди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг номзоди Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига 48-“Тинчлик” сайлов округидан кўрсатилди.

Бу ҳақда хабар қилган qalampir.uzга кўра, Ортиқхўжаевнинг номзоди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан кўрсатилган.

Сайт маълумотларига қараганда, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

1996-2011 йилларда “Жаҳонгир” МЧЖ директори;

2011-2017 йилларда “Артел Инжиниринг” МЧЖ директори;

2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси ДУК раҳбари лавозимларида ишлаган.

2018 йилнинг апрель ойидан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Маълумот ўрнида, 2018 йилнинг 1 июль куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг номзоди илгари сурилди ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг депутати этиб сайланди. Унинг номзоди 23-“Мойқўрғон” сайлов округида ЎзЛидеп партиясидан кўрсатилганди.

2018 йилнинг 18 сентябрь куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида рўйхатга олинди.

Давлат органларига хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Бу меъёр, Адлия вазирлигининг хабар қилишича, мамлакат президенти имзолаган “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилди.

  • Озодлик 2017 йил августида ўша йил январидан бошлаб турли инстанциядаги Ўзбекистон судларининг кейинги 25 йил давомида давлат тасарруфидан чиқарилиб¸ фуқароларга хусусий мулк сифатида сотилган объектларни қайтадан давлат ихтиëрига қайтариш ҳақида қарор чиқариши кўпайиб бораётгани тўғрисида ёзган эди.
  • Озодликка хусусий тадбиркорлардан келаëтган мурожаатларда “президент қарор ва оғзаки топшириқлари” билан оқланаëтган бундай суд қарорларининг Ўзбекистон конституцияси ва қатор қонунлар билан кафолатланган хусусий мулк дахлсизлигига зид экани айтилган эди.

МСК: Депутатликка номзодлар орасида бир неча йил муқаддам вафот этган шахс йўқ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) вафот этган шахс депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумот тасдиқланмаганини хабар қилди.

МСК 20 ноябрь куни бир неча йил олдин вафот этган шахс депутатликка номзод сифатида рўйхатга олингани тўғрисида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарлар юзасидан текширув бошлаганини маълум қилган эди.

Марказий сайлов комиссиясининг кейинроқ маълум қилишича, бу маълумот ўз тасдиғини топмаган.

15 ноябрда Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиялардан кўрсатилган номзодларни расман рўйхатга олган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов 22 декабрда бўлиб ўтади.

Унивеситетларни битираётган педагогларнинг ярми мактабда ишламайди

Бир йилда 20 минг нафарга яқин педагог университетларни битирса, шундан 10 минг нафари педагог бўлиб қолади, қолганлари бошқа соҳага ўтиб кетади.

Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев баёнот бергани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Саъдуллаевнинг айтишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унда педагоглар тайёрлаш тизимидаги муаммолар ечими таклиф этилган.

«Масаланинг энг муҳими ечими, ХТВ томонидан ишлаб чиқилган 2030 йилгача мўлжалланган концепция Олий таълим вазирлигининг 2030 йилгача мўлжалланган концепцияси билан мос равишда интеграция қилинсагина, яъни муаммолар биргаликда ҳал қилинсагина, масалага ечим топилиши мумкин. Йўқса у муаммолигича қолиб кетаверади», деган Алишер Саъдуллаев.

ФВВ 25 ноябргача Қамчиқ довони хавфли бўлишидан огоҳлантирди

Қамчиқ довонида қор кўчкиси (Озодлик архивидан)

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Гидрометеорология хизмати маълумотларига таяниб хабар қилишича, 21-25 ноябрь кунлари А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони қисмида вақти-вақти билан қор ёғади, туман тушиб, кўринувчанлик 50 м.гача пасаяди, шамол тезлиги секундига 17-22 м.гача кучаяди, йўлда қор уюмлари, яхмалак ҳосил бўлиши кутилмоқда.

Вазирлик шу муносабат билан йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, довондан ўтувчи ҳайдовчиларга автомобилларнинг техник ҳолатини тўлиқ кўздан кечириш, довон орқали етарли даражада ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан ҳаракатланиш; автотехникаларнинг қиш мавсумида ҳаракатланиш учун махсус шиналар билан алмаштириш каби тавсияларни берди.

1 кунда 3 туманда 5 киши ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ўлим билан якунланган ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб, gazeta.uzнинг хабар қилишича, учта оила аъзолари қурбон бўлди. Беш киши - уч эркак ва икки аёл ҳаётдан кўз юмди, бир бола шифохонага ётқизилди.

Прокуратура органлари ҳодисалар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётгани хабар қилинди.

Янги йилдан имтиёзли кредитлар бериш бекор қилинади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 январидан имтиёзли равишда кредитлар бериш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрда имзолаган “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда белгиланди.

Айни пайтда фармон билан “фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқи” берилади.

Фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади. Лекин ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда қайта молиялашнинг устама ставкаси 16 фоизни ташкил қилади. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кредитлар 8 фоиз, “Ёшлар- бизнинг келажагимиз” дастури асосидаги кредитлар 7 фоиз устама билан берилади.

Афғонистондаги ота-онасиз қолган болаларга гуманитар ёрдам етказиб берилди

Афғонистонлик болалар.

Ўзбекистондан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига гуманитар ёрдам етказиб берилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати 20 ноябрь куни хабар берди.

Маълум қилинишича, гуманитар ёрдам ота-она қаровисиз қолган болалар учун бадиий адабиётлар, ўқув қуроллари, кийим-кечак ва спорт жиҳозларидан иборат бўлган.

Гуманитар ёрдамни тўплаш акцияси Ўзбекистон халқаро ёшлар ассоциацияси томонидан «Тинчлик учун!» шиори остида 1 сентябрдан 1 октябргача ўтказилган.

“Мазкур акциядан мақсад жамоатчиликни Афғонистондаги этник ўзбеклар ва ота-онасиз қолган ёшлар муаммоларидан хабардорлигини ошириш бўлган”, дейилади хабарда.

Термизда 700га яқин дайди ит ва мушук йўқ қилинди

Иллюстратив сурат.

Термиз шаҳрида ўтган 10 ой мобайнида 672 та қаровсиз дайди ҳайвон йўқ қилинди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти «Маҳалла» телеканалининг «Репортёр» дастурида намойиш этилган танқидий лавҳага жавобан маълум қилди.

«Маҳалла» телеканалида 25 октябрда намойиш этилган лавҳада Термиздаги чиқиндихоналарда дайдиб юрган итларнинг тобора кўпайиб бораётгани, бунга мутасадди ташкилотлар бефарқ қараётгани танқид қилинган эди.

“Ҳозирда шаҳар Давлат санитария эпидемология назорати маркази ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда қўшимча ишчи кучларини жалб қилган ҳолда дайди ҳайвонларни ушлаш ва йўқотиш ишларини жадаллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгилаб олинди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухорода 10 мингга яқин дайди ит ва мушук йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.

Сўнгги 13 йилда биринчи марта ўзбек ва қозоқ футболчилари беллашади

Иллюстратив сурат.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қозоғистон термаси билан сўнгги 13 йилда биринчи марта ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Championat.Asia нашрининг 20 ноябрда билдиришича, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов бу ҳақда келишувга эришилгани ҳақида маълум қилган.

Абрамов Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қозоғистон футбол федерацияси учрашувни 2020 йилнинг баҳорида ўтказишни режалаштирганини айтган. У учрашув қайси давлатда ўтишини айтмади.

Аввалроқ қозоқ матбуоти Ўзбекистон ва Қозоғистон футбол расмийлари учрашув ўтказиш масаласида музокаралар ўтказаётганини ва учрашув Тошкентда ўтиши режалаштирилаётганини билдирган эди.

Президент Тошкентда асос солинган IT-паркни бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев

Президент Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолияти билан танишди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, ушбу IT-парк Президентнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишув асосида, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланган, шу мақсадда дирекция тузилган, июлда унинг дастлабки биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300 дан ортди.

2019 йилда 5441 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил бошидан буён жами 5441 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги 25 та фармонни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, 1991 йилдан 2007 йилга қадар республикада жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

2007 йилдан 2016 йилнинг декабрига қадар эса, бир киши ҳам Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинмаган.

2016 йилнинг декабрида Шавкат Мирзиёев 179 кишига фуқароликни бериш тўғрисидаги биринчи фармонни имзолади.

2017 йилда 10 та фармон билан 1064 нафар шахс, 2018 йилда 15 та фармон билан 2759 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди.

Уч йил ичида жами 51 та фармон билан 9443 шахс фуқароликка қабул қилинди.

Айни пайтда, Озодликка келаётган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинишини кутаётганлар кўп. Улардан бирининг хати Озодликнинг SizdanTelegram рукнида 19 ноябрда эълон қилинди.

Яқин қариндошларга тегишли автомобилни ишончномасиз бошқаришга рухсат берилди

Транспорт воситаси эгасининг суғурта полисида кўрсатилган яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) транспорт воситасини нотариал тасдиқланган ишончномасиз бошқаришига рухсат берилди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу тартиб нотариат тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан ҳукуматнинг бир қатор қарорларига киритган ўзгартириш ва қўшимчаларда акс этган.

Янги тартибга биноан транспорт воситаси эгасининг талаби билан суғурта компаниялари томонидан суғурта полисида қариндошлик даражаси кўрсатилади.

Шунингдек, қарор билан суғурта полиси бланкасининг янгиланган шакли тасдиқланди.

Қарор билан Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиришларга кўра, ДЙҲХХ органлари томонидан суғурта полисида кўрсатилган яқин қариндошлардан транспорт воситасини бошқариши ҳақида ишончнома ҳамда қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Жанубий Корея инвестициялари ҳимоя қилинишини кафолатлади

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг 2019 йилнинг 19 апрелда Тошкентда кутиб олиниши.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳукумати ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади.

Мазкур битим икки давлат ўртасида 2019 йилнинг 19 апрелда Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.

Халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан бу каби битимларда шартнома тарафлари инвестицияларини ҳар томонлама ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, ётқизилган сармояларни миллийлаштиришни тақиқлаш, тўловларни ўтказишда эркинлик бериш, инвесторларга етказилган зарарни қоплаш ҳамда давлат ва инвесторлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш каби мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар.

Ўзбекистон бундан аввал бу каби битимларни Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой каби давлатлар билан имзолаган.

Нурободда газ ташувчи MAN портлаши оқибатида яна 6 автомашина ёниб кетди

«Тимур ГАЗ» МЧЖга тегишли автомашиналар тураргоҳида ёнган машиналар. Тергов департаменти фотосуратлари.

Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги автомашиналар тураргоҳида суюлтирилган газ ташишга мўлжалланган MAN юк машинаси портлаши ортидан яна олтита автомашина ёниб кетди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, 20 ноябрь куни «Самарқанд—Ғузор» автомобиль йўлининг 33-километрида жойлашган «Тимур ГАЗ» МЧЖга тегишли автомашиналар тураргоҳида суюлтирилган газ ташишга мўлжанланган MAN русумли юк атомашинаси номаълум сабаларга кўра ёна бошлаган.

Ёнғин оқибатида юзага келган портлаш оқибатида автотураргоҳда турган суюлтирилган газ ташиш учун мўлжанланган 2 та MAN, 1 та «ЗИЛ» , «ДАФ» ва «ЗИЛ» русумли юк автомашиналари, Hyundai русумли экскаватор ёниб кетган.

Ҳодиса содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи, ФВВ ходимлари ва тез тиббий ёрдам автомашиналари жалб қилинган.

Дастлабки маълмотларга кўра, ҳайдовчиларнинг бир нафари тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат этган.

Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.

Вазирлар маҳкамаси енгил автомашиналарни чегарадан 15 дақиқа ичида ўтказишга кўрсатма берди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси олдида.

Бундан буён автотранспорт воситалари ва уларда бораётган йўловчиларни чегарадан ўтказиш ярим соатдан ошмаслиги лозим. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси 18 ноябрда махсус нимзомни тасдиқлади.

Низомга асосан чегарадан ўтиш «Ягона дарча» божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади. Чегарадан енгил автотранспорт воситалари 15 дақиқа, юк автотранспорт воситалари 30 дақиқадан кўп бўлмаган муддатда ўтказилиши шарт.

Низомга асосан Ўзбекистонга кириб келаётган енгил ва юк автомашиналарини текшириш вақти қуйида белгиланган тартибдан кўп вақтни олмаслиги лозим:

санитария-карантин назорати (ҳайдовчи санитария назоратидан ўтказилади) — 3 дақиқа;

чегара назорати (Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқни берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ва паспорт текширилади) — 4 дақиқа;

божхона назорати (ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситаси божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади) — 15 дақиқа;

фитосанитария назорати (олиб ўтилаётган товар фитосанитария назорати объекти бўлса, фитосанитария назоратидан ўтказилади) — 4 дақиқа;

ветеринария назорати (олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ветеринария назоратидан ўтказилади) — 4 дақиқа.

Ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганида назоратдан ўтиш вақти белгиланган муддатдан ортиқ бўлиши мумкин.

ИИБ: Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига ҳайдовчининг шилқимлиги сабаб бўлган

Актриса Гавҳар Шарипова.

Таниқли актриса Гавҳар Шарипова юк машинасидан ўзини ерга ташлаб ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда Гавҳар Шарипова Самарқанд—Ғузор автомобиль йўлининг 140-километрида ҳалок бўлган.

Бунга актриса бораётган Isuzu юк автомашинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани сабаб бўлган. Актриса ҳайдовчининг шилқимлигидан қутулиш учун 140 километр тезликда кетаётган машинадан сакраган.

“Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи 1990 йилда туғилган Ш.Ф. бошқарувида бўлган Isuzu юк автомашинаси соатига 140 км тезликда ҳаракатланиб келаётган пайтда ҳайдовчи бир қўлида автомобилини бошқариб туриб, ўнг қўли билан автомобиль салонида йўловчи сифатида кетаётган актрисанинг елка ва қўлларидан ушлаб шилқимлик қилган”, дейилади хабарда.

Ғузор туман Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган ва ҳайдовчи қўлга олинган. Агар у айбдор деб топилса, етти йилгача қамалиши мумкин.

Аввалроқ “Ўзбеккино” актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган ва кинофильмларда қатор ёрқин образларни яратган.

Чироқчида консервадан заҳарланган оила аъзоларидан бири вафот этди, икки нафари комада қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Чироқчи туманидаги Тутли қишлоғида консервадан заҳарланиб касалхонага тушган бир оиланинг 7 аъзосидан бир нафари вафот этди, яна икки нафари кома ҳолатида қолмоқда. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Билдирувда айтилишича, 18 ноябрь куни соат тахминан 08.00 атрофида мазкур оила бошлиғининг турмуш ўртоғи Ю.У. вафот этди. Айни пайтда ота ва катта ўғилнинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда. Улар сунъий нафас олдириш аппаратида сақланмоқда.

Вазирликнинг билдиришича, оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига “Ботулизм касаллигининг оғир даражаси, ўткир токсемия даври, токсик нейропатия, ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси” ташхиси қўйилган эди.

“Оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли”, дейилади хабарда.

Оила аъзолари уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилган эди.

Тошкент вилоятида VI-VII​ асрлардаги кўчманчиларга оид қабристон топилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятида милоддан кейинги VI-VII​ асрларга оид Турк хоқонлиги даври кўчманчиларининг қабристони топилди.

ЎзАнинг хабар беришича, қабристон пойтахтдан юз километр шимоли-шарқда, Ғарбий Тяншан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдаги этакларида жойлашган.

“Ушбу қадимий қабристон сел, қор ва ёмғирлар юзидан емирилиши натижасида очилиб қолган бўлиб, бу ҳақда археологларга Тошкент халқаро мактаби ўқитувчиси Скот Бекер хабар берган эди”, дейилади хабарда.

Топилма ортидан Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида Ғарбий Тяншан ҳудудидаги кўчманчи маданиятни ўрганиш учун махсус гуруҳ ташкил этилди.

Хабарда айтилишича, VI​ асрда Қора денгиздан Тинч океанига қадар ҳудудни эгаллаган Турк хоқонлигининг маъмурий марказларидан бири ўша пайтларда Чоч деб аталган Тошкент шаҳри бўлган.

“Тошкент вилояти ҳудудида бундай топилмаларнинг оз учраши эса ушбу янги археологик ёдгорликнинг аҳамиятини янада орттиради. Шунинг учун ҳам йилдан-йилга емирилиб бораётган бу қабристондаги очилиб қолган қабрлар тезлик билан қазиб ўрганилиши керак”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон футболчилари реванш олди. Фаластин жамоасини мағлуб этди

Фаластин терма жамоаси.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 19 ноябрь куни реванш олиб, Фаластин футболчиларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бундан аввал - 5 сентябрдаги ўйинда Фаластин Ўзбекистонни 2:0 ҳисобида ютган эди.

Ўйин “Пахтакор” стадионида 2022 йилги Жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичининг иккинчи раунди доирасида бўлиб ўтди.

Фаластин дарвозасига ҳар иккала голни Элдор Шомуродов киритди. Биринчи гол ўйиннинг 18-дақиқасида, иккинчи гол 58-дақиқада урилди.

5 сентябрь куни Фаластиннинг Ал-Рам шаҳрида ўтган ўйинда Ўзбекистон тарихда биринчи марта Фаластин жамоасига 2:0 ҳисобида ютқизганди.

Бунга қадар Ўзбекистон ва Фаластин жамоалари тўрт марта учрашган, бу учрашувлар ўзбек футболчилари ғалабаси билан якун топган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон 9 очко билан саралаш босқичининг Д гуруҳида биринчи ўринга кўтарилди, Фаластин эса 4 очко билан тўртинчи ўринда қолди. Саудия Арабистони (8), Яман (5) ва Сингапур (4) ҳали ўз ўйинларини ўтказишмаган.

Тергов департаменти Озодликнинг Булунғур ИИБдаги ўлимга оид хабари юзасидан баёнот берди

16 ноябрь куни эрталаб Самарқанд вилоят, Булунғур туман Ички ишлар бўлимига олиб келинган 57 яшар Насриддин Жабборов бир неча соатдан сўнг оламдан ўтган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Озодликнинг 18 ноябрдаги «ИИБда сўроқ қилинган шахс ўлди. Яқинлари унинг уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда» сарлавҳаси остидаги мақоласи юзасидан ўз расмий сайтида баёнот эълон қилди..

Тергов департаменти баёнотида бундай дейилган:

Аниқланишича, 16 ноябрь куни фуқаро Н.Ж. туман ИИБ бошлиғи номига, «О» исмли шахс «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.

Шу куни соат 13:30 ларда Булунғур туман ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Р. 150 минг сўм эвазига Н.Ж.га вазни 3,71 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланиб, ёнидан вазни 0,78 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси ва тадбирда ишлатилган 150 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Р.га нисбатан айблов эълон қилинган ва «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Дастлабки тергов давомида Н.Ж. терговга олиб келинмаган ва жиноят иши юзасидан сўроқ қилинмаганлиги аниқланган.

16 ноябрь куни соат 16:10 ларда Н.Ж. Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ хизмат хонасида бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида соғлиғи ёмонлашиб, қон босими кўтарилиши ва юрак хуружи билан Тез тиббий ёрдам машинасида Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб борилган ҳамда шу ерда вафот этганлиги маълум бўлган.

Суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Н.Ж.нинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги, дастлабки суд тиббий ташхиси — ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, юракнинг ишимик касаллиги эканлиги аниқланган.

Ҳозирда Н.Ж.нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тегишли экспертиза тайинланган.

Озодликнинг 18 ноябрдаги мақоласидан:

  • Насриддин Жабборов¸ унинг яқинларига кўра¸ узоқ йиллар давомида ИИБ томонидан махсус амалиëтларда роль ўйнаб беришга мажбурлаб келинган.
  • Ўтмишда уч марта қамашган. Олдинлари наша чеккан¸ лекин охирги марта қамоқдан чиққанидан кейин ичиш ва чекишни ташлаган эди. Ўзини ҳам Россиядан қайтиб келганидан кейин подстава билан наркотиклар савдосида айблаб¸ қамашган. Яна икки марта фирибгарлик билан қамашганди. Биз билан ҳамкорлик қиласан¸ деб уни муддатидан олдин чиқаришган. Махсус учëтда турарди. Уни жиноят қидирувдагилар подстава учун ишлатишарди. Айби бўлмаган одамларни қамашда роль ўйнашга мажбурлашарди. Бундан норози бўлиб президент портали¸ вилоят прокуратурасига шикоят ҳам ëзган. Бегуноҳ одамларни ўзларинг наркотик ташлаб қамаяпсизлар¸ деб оперлар билан очиқчасига урушган. Шунга шанба куни улар буни ўласи қилиб уриб¸ биратўла қутулиб қўя қолишди”¸ деган Озодликка Насриддин Жабборов оиласи вакили.

Таниқли киноактриса Гавҳар Шарипова автоҳалокатда вафот этди

Гавҳар Шарипова

Ўзбек киносининг ёш вакилларидан бири, актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этди. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда. Бу ҳақда "Ўзбеккино" хабар қилди.

Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган. Г.Лессингнинг “Донишманд Натан” спектаклида Реха ролини маҳорат билан ижро этган.

Гавҳар ўзбек киносида ҳам ўзининг бир қатор такрорланмас образлари билан томошабинлар ёдида қолди. “Алпомиш” (2001) фильмида Қалдирғоч, “Алданган аёл” (2011) фильмида Мастура, “Опа-сингиллар” (2010) телесериалида Нафиса сингари қаҳрамонларни гавдалантирди. У қатор фильмларга овоз бериб, дубляж санъатида ҳам ўз имкониятларини намоён этди.

У нафақат актриса, балки шоира ҳам бўлиб, шеърлар ёзган, унинг шеърлари бир неча хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги жамоаси ҳамда Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси марҳуманинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига чуқур таъзия билдирди.

ДСҚ мамлакатда қанча корхона ишлаётганини хабар қилди

Иллюстратив сурат

2019 йил 1 ноябрь ҳолатига республикада жами фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотлар сони 391,0 мингтага етди, деб хабар қилди Давлат статистика қўмитаси.

Ишлаётган корхоналарнинг 256,8 мингтаси хизмат кўрсатиш корхоналари бўлиб, шу жумладан савдо билан шуғулланувчи корхоналар 38 фоиздир..

Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларини кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотларнинг сони 9,7 фоизни ташкил этди.

Ташиш ва сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи ва хизматлар соҳасидаги тегишли фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотларнинг уларнинг умумий сонидаги улуши 5,9 фоизга етди.

Ахборот фаолияти билан шуғулланувчи ва алоқа хизматларини кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотларнинг улуши 3,1 фоизга тенг бўлди.

Соғлиқни сақлаш, шунингдек, ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотларнинг улуши 3,0 фоизни ташкил этди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг 40,3 фоизини ДСҚ "Бошқалар" категориясига киритиган.

Маълумот учун: 2018 йил 1 ноябрь ҳолатига, хизматлар соҳасида 210,3 мингта корхона ва ташкилот фаолият кўрсатган. Уларнинг умумий таркибида савдо хизматлари - 33,1 фоиз, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар - 9,2 фоиз, ташиш ва сақлаш - 6,2 фоиз, ахборот ва алоқа - 3,3 фоиз, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш - 3,2 фоиз, бошқа турлар - 45,0 фоизни ташкил этган,

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотлар сони 46,5 мингтага кўпайган.

Сайловолди ташвиқотларини бошлашга рухсат берилди

Сиёсий партиялар лидерлари МСКда.

18 ноябрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови олдидан сиёсий партияларнинг ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG