Эронлик талаба Ризо Парасташни машҳур футболчи Лионел Мессига ўхшагани учун полиция куни кеча қўлга олди.
Эроннинг Ҳамадон шаҳрида "Барселона" клуби кийимидаги "Месси"ни кўриб қолганлар у билан суратга тушишни илтимос қилишди.
Бирпасда оломон пайдо бўлди ва полиция жамоат тартибини бузишда айблаб Ризо Парасташни полиция идорасига олиб кетди, автомобилини ҳам ҳибсга олди.
Шу воқеадан сўнг Ризо Парасташнинг сурати дунёда ҳам машҳур бўлиб кетди, ҳатто Eurosport UK Твиттердаги Ризонинг фотосуратини олиб, Лионел Месси деб, эълон қилиб ҳам юборди.
Маълум бўлишича, бир неча ой олдин 25 яшар талаба Ризо “Барселона 10" майкасида суратга тушган,сочини ҳам Мессиникидек олдириб, соқолини ўстирган.
"Энди одамлар мени эронлик Месси, деб билишади ва мендан Мессиникига ўхшаган қилиқлар қилишимни хоҳлашади. Мабодо бирор нарса кўрсатсам, одамлар чиндан ҳам ҳайратга тушишади", деб айтган Ризо Парасташ "Франс Пресс" ахборот агентлигига.
"Одамларнинг хурсандчилиги мени ҳам хурсанд қилади ва менга янада кўп қувват беради", деган Ризо Парасташ.
Эронлик талаба полиция участкасида қанча вақт ушлаб турилгани тўғрисида хабарларда айтилмаган. Бироқ унинг ижтимоий тармоқларда қолдираётган постларидан унинг озодликда эканини билиш мумкин.