Линклар

Саакашвилига Украинага ноқонуний киргани тўғрисидаги расмий протокол топширилди


Михаил Саакашвили.

Украина чегара хизмати расмийлари 12 сентябрь куни Михаил Саакашвилига мамлакатга ноқонуний кириб келгани тўғрисидаги протоколни топширди.

Проткол Грузия собиқ президенти ва Одесса вилоятининг собиқ ҳокими Саакашвилига журналистлар ҳамда депутатлар иштирокида Львов шаҳридаги меҳмонхонада топширилди.

Хабарларга қараганда, Саакашвили ўзига билдирилган маъмурий айбловни тан олган ва протоколни имзолаган.

Украина ҳукумати Саакашвили мамлакатда ноқонуний яшаётганини ва уни ҳибс қилишларини билдирмоқдалар. 18 сентябрь куни бу масалани ҳал этиш учун Саакашвили Львов вилояти Мостист туман судига чақирилган.

Саакашвили журналистларга ўзининг кейинги ҳаракатлари ҳақида гапирар экан, мана буларни айтди:

-Мен бугундан бошлаб Украинанинг қатор йирик шаҳарларида учрашувлар ўтказиб, кейин Киевга бораман. Мен одамлар билан талон-тарож қилинган мулкларни олигархлардан қайтариб олиш масаласини муҳокама қиламан ва талабномаларни йиғаман. Шундан сўнг бу талабномаларни ҳукуматга топшириш учун одамлар билан Киевга бораман, -деди Саакашвили.

Украина ватандошлигидан чиқарилган Михаил Саакашвили украин ватандошлигини қайтариб олиш мақсадида 10 сентябрь куни Польшадан Украинага қайтган эди.

Бироқ уни украин ҳукумати Польша чегарасидан мамлакат ичкарисига киритмаган.

Шундан сўнг Саакашвили тарафдорлари чегарачилар кордонини ёриб ўтиб, уни Украинага олиб кирган эдилар. Бу воқеа пайтида юз берган тўқнашувда 17 полициячи жароҳатлангани билдирилган.

XS
SM
MD
LG