Қозоғистон президентининг қизи ва Парламент Сенатининг халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раҳбари Дариға Назарбоева Миллий мудофаа университетига ташрифи чоғида ҳарбий хизматни тарғиб қилувчи ихтисослаштирилган телеканал ташкил этилиши керак, деган таклифни илгари сурди.
У бу баёнотни 24 январ куни берди, дея хабар берди маҳаллий нашрлар сенат матбуот хизматига таяниб.
Матбуот хизмати бу телеканал қандай кўринишда бўлиши ҳақида тушунтириш бермади. Маълум бўлишича, Дариға Назарбоева бу таклифни ҳарбий таълим сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинаётганда берган. Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, бундан ташқари, Назарбоева Миллий мудофаа университетида хақ тўлаш асосида хорижлик тингловчиларга дарс беришни йўлга қўйиш лозимлигини ҳам айтган.
2017 йилнинг ноябрида Назарбоева баёнот бериб, «биз барқарор ҳукумат, барқарор сиёсат мавжуд бўлган тинч мамлакатда яшаяпмиз, мамлакатимизда ҳамма нарса муҳайё, келажак ҳаётимизни олдиндан кўра оламиз», деган эди. Ўшанда мудофаа вазири Сакен Жасузақов Назарбоевани биринчи даражали «Ел корганы» (“Эл қўрғони”) медали билан тақдирлаган, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирган эди. Бу медаль “алоҳида ўрнак бўлган ҳарбий хизматчилар”ни тақдирлаш мақсадида 2017 йилнинг мартида таъсис этилган эди.