АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис АҚШ учоқлари ҳужумлари туфайли Сурияда россиялик бир неча ёлланма аскар ўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаганини айтди. Аммо вазир рус аскарлари ўлгани айтилган матбуот хабарларини кўрганини қўшимча қилди.
Пентагон ўтган ҳафтада Суриянинг Дайр ал Зор вилоятида "Сурия демократик кучлари" базасига Фрот дарёси шарқий соҳилидаги ўқ отилмайдиган ҳудуд ҳисобланадиган жойда ҳукумат кучлари ва уларни қўлловчи жангчилар ҳужум қилганини, бунга жавобан АҚШ ҳарбийлари ҳаводан зарба бериб, 100 дан ошиқ жангчини ўлдирганини билдирган эди.
Россия президенти матбуот котиби ҳам 7 февраль куни амалга оширилган ҳужумда рус аскарлари ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.
Аммо ахборот агентликлари, мустақил кузатувчилар ҳамда ёлланма рус аскарларининг қариндошлари ҳамда ҳамкасблари бир неча ўн рус аскари ҳалок бўлганини айтмоқда.
13 февраль куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Майк Помпео:
- Разведка нуқтаи назаридан, ёлланма жангчилардан фойдаланилган, кейин бу жангчилар Қўшма Штатларга яқинлашган ҳолатларни кўп кўрганмиз, - деди, аммо шарҳини бошқа излоҳламади.
АҚШ расмийлари 7 февраль куни Сурия ҳукуматини қўлловчи ҳужумчилар артиллерия ва бошқа қуроллар билан Фрот дарёсинини кесиб ўтиб, Сурия демократик кучларининг АҚШдан бўлган маслаҳатчиларига ҳужум қилганини билдирган.
8 февраль куни Сурия давлат матбуоти ўнлаб фуқаро АҚШ етакчилигидаги ҳужумлар туфайли ҳалок бўлганини тасдиқлади. Араб ва курд жангари отрядларидан иборат бўлган Сурия демократик кучлари президент Башар ал-Ассадга қарши курашиб келмоқда.