Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 16:27

Ўзбекистон хабарлари

Чинозлик "Аҳмадбой" устидан суд ҳукм чиқариши кутилмоқда

Аҳмадбойга пули ва машинасини топширганлар у қамоққа олиниши ортидан Турсунбоев уйи олдида ҳафталаб қоровуллик қилиб¸ берганини қайтиб олишга уринган эди.

Кун.уз нашрининг ëзишича¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида чинозлик тадбиркор Аҳмадбой Турсунбоев устидан бораëтган маҳкама жараëни якунига етиб қолган.

Айтилишича¸ 16 февраль куни судланувчи Аҳмадбой Турсунбоевга сўнгги сўз айтиш имкони берилади¸ 19 февраль куни эса суд ҳукмининг эълон қилиниши кутилмоқда.

Халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” МЧЖ муассиси бўлган судланувчи бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан одамларнинг катта маблағини ноқонуний равишда олганликда айбланиб, 2016 йилда МХХ томонидан ҳибсга олинган эди.

Турсунбоев устидан маҳкама 2017 йил ëзида бошланган бўлса-да¸ ҳозирга қадар бу жараëн ҳақида расмий маълумот берилмади.

Жорий йил 30 январь куни “Ўзбекистон24” телеканали тарқатган хабарга кўра, шу кунгача Аҳмадбойга гаровга берилган 105 та автомобиль эгаларига топширилган.

38 яшар Турсунбоевга пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларини берган ўзбекистонликлар сонининг бир неча ўн мингдан кўп экани айтилади.

Кун янгиликлари

Самарқанд шаҳри таркибида туманлар ташкил этилиши тўғрисидаги қарор муҳокамага қўйилди

Самарқанд манзараси.

Самарқанд шаҳри таркибида Қорасув, Суғдиёна, Сиёб, Боғишамол ва Мароқанд туманлари ташкил этилади. Бу борадаги Сенат қарори 9 январь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасида таъкидланишича, Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд, Тойлоқ туманлари маъмурий-ҳудудий чегаралари ҳам ўзгартирилади. Бундан ташқари Самарқанд тумани тугатилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Оқдарё туманидан 1 654 гектар, Самарқанд туманидан 12 975 гектар, Пастдарғом туманидан 1 245 гектар, Тойлоқ туманидан 1 269 гектар ер Самарқанд шаҳри таркибига қўшилади.

Самарқанд шаҳридан 528 гектар, Самарқанд туманидан 1370 гектар ер Пастдарғом тумани таркибига киритилади. Тойлоқ туманига Самарқанд тумани ҳудудидан 29 283 гектар ер ўтказилади.

Мирзиёевнинг қизи танқид қилган сериални кўрсатган “Севимли” телеканали раҳбарлари ишдан олинди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева.

“Севимли” телеканали таъсисчиларининг 20 январда ўтган йиғилишида “Севимли” телеканали директори А. Хўжаев ва бош муҳаррир Қ. Сайдалиев ишдан бўшатилди.

“Darakchi.uz”нинг хабар беришича, таъсисчилар йиғилишга Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам таклиф қилинган. Йиғилишда Фирдавс Абдухолиқов “жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда” “Севимли” телеканали Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи сифатида сайланган.

Шу кунгача Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланди.

“Севимли” телеканали “Сабрия” сериалини эфирга узатгани ортидан ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учраган эди. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева мазкур сериални “аёлларга нисбатан мислсиз нафрат рамзи” ўлароқ сифатлаб, танқид қилган.

Агентлик: Ўтган йил давомида хориждан Ўзбекистонга 500 дан зиёд муҳожирнинг жасади олиб келинди

Иллюстратив сурат

Ўтган 2021 йил давомида Ўзбекистонга хорижда вафот этган 518 нафар фуқаронинг жасади олиб келинган. Бу ҳақда маълум қилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати муҳожирларнинг жасадлари қайси мамлакатлардан келтирилганига аниқлик киритган эмас.

Агентлик қайдича, ўтган 12 ой давомида хорижда қийин аҳволда қолган 321 нафар ўзбекистонлик фуқаро ватанига қайтарилган ҳамда оғир тан жароҳати олган 17 нафар меҳнат мигрантининг тиббий хизмат харажатлари қоплаб берилган.

Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги чет ўлкаларда ишлаётган ўзбекистонлик 8 минг 811 нафар мигрантга ҳуқуқий ёрдам, 295 минг 102 нафарига маслаҳат хизматлари, 6 минг 283 нафарига ижтимоий ёрдам, 13 минг 424 нафарига моддий ёрдам кўрсатилганини билдирган. Шунингдек, 7 минг 534 нафар меҳнат мигрантига бир марталик моддий ёрдам ажратилиб, 358 нафар меҳнат мигранти вақтинча хостелга жойлаштирилгани қўшимча қилинган.

Агентлик ўтган йил мобайнида меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган қарийб 984,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилганини ҳам иддао қилган.

Янги аксилрекорд: ССВ ўтган суткада 1300 дан зиёд киши коронавирусга чалинганини очиқлади

Ўзбекистон жорий йилнинг 18 январь куни коронавирус инфекциясини юқиши билан боғлиқ 1 минг 307 та ҳолат қайд этилган, шу тариқа мамлакатда COVID-19 га чалинганларнинг умумий сони 209 минг 578 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Бу коронавирус пандемияси бошидан бери кундалик касалланиш кўрсаткичи бўйича янги аксилрекорд бўлиб ҳисобланади, аввалгиси бундан бир кун аввал кузатилган (1214 та ҳолат) эди.

Вирус юқтириб олиш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётгани Ўзбекистонга Omicron штаммининг кириб келиши билан боғланмоқда.

ССВ қайдича, чоршанба куни барча ҳудудларда 734 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 201 минг 246 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 529 нафарга етганини қўшимча қилган.

Ўзбекистонда ҳар бир маҳалла ёшларига етакчи тайинланади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 19 январь куни имзоланган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш кабилар ёшлар етакчисининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Етакчилар зиммасига ўзига бириктирилган маҳаллаларда маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш йўналишлари бўйича фаолият юритиш вазифаси юкланган.

Қарорда қайд этилишича, ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар ёшлар етакчиси бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади ҳамда фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга раҳбарлик қилаётган етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Ёшлар етакчисининг ойлик маошига келинса, ҳужжатга кўра, бу миқдор етакчи бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади ва хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари (ёки 4 миллион 110 минг сўм), хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари (ёки 4 миллион 521 минг сўм), хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари (ёки 4 миллион 932 минг сўм) миқдорида бўлади.

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 2021 йилнинг 1 сентябридан эътибор ойига 822 000 сўм қилиб белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда президент Ш. Мирзиёев кўрсатмаси билан ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилган. Маълумотларга кўра, янги йилдан жойларда 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчиси иш бошлаган ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилган.

Айни пайтда мамлакатда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида солиқ тўловчилар ҳисобидан миллионлаб сўм ойлик тўланадиган янги лавозимларнинг таъсис этилиши танқидларга сабаб бўлган.

Тошкентда туман суди блогер Миразиз Бозоров ишини кўришни бошлайди

Ўзбекистонлик блогер Миразиз Бозоров

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди блогер Миразиз Бозоровнинг ишини кўриб чиқа бошлайди. Суднинг илк мажлиси, Олий суд интерактив хизматлар порталида жойлаштирилган жадвалга мувофиқ, 20 январь куни соат 11.00 га белгиланган.

Мазкур очиқ суд мажлисига туман суди судьяси Сардорбек Содиқов раис этиб тайинланган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми г-банди (Туҳмат) бўйича айбланаётган Миразиз Бозоров иши бўйича тўрт киши, жумладан Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида фаолият юритадиган блогер ва Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Абдуазимов ҳамда яна бир таниқли блогер Шуҳрат Мусаев жабрланувчи ўлароқ кўрсатилган. Судда М. Бозоровнинг айбдорлиги исботланган тақдирда, унга нисбатан БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб этиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланиши мумкин.

Блогер Миразиз Бозоров тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган танқидлари ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи чиқишлари билан танилган.

Бозоров ўтган йилнинг 28 мартида Тошкентдаги уйи олдида қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилгани ортидан бир ой касалхонада даволаниб чиққан. Блогерга ҳужумни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек АҚШ ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари қоралаб чиққанлар ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирганлар.

М. Бозоров соғайиб чиқиши билан уй ҳибсига олинган. Унинг адвокати Сергей Майоров аввалроқ Озодликка айбловга блогернинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари асос қилиб олинганини айтган.

Блогер Бозоров тақдирига халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси томонидан ўтган йил октябрида ёйинланган ҳисоботда ҳам эътибор қаратилган эди.

Мирзиёев Путин администрациясининг мулозими Козакни қабул қилди

Путин администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 январь куни Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда “яқинда ўтган олий даражадаги учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга кучли суръат бағишлагани” таъкидланган. Бу ерда гап Ш. Мирзиёевнинг бундан икки ой муқаддам Москвага қилган сафари ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Мазкур ташриф чоғида Ўзбекистон билан Россия ўртасида икки томонлама ҳамкорликка доир 18 та ҳужжат имзолангани айтилган, бироқ уларнинг қандай ҳужжат экани очиқланмаган. Айни пайтда ҳамкорликка оид “жиддийроқ ҳужжатлар” 2022 йил баҳорида Ўзбекистон президентининг Москвага давлат ташрифи давомида имзоланиши қўшимча қилинган.

Чоршанба кунги қабул чоғида Ш. Мирзиёев Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим эканини урғулаган.

Президент матбуот хизмати хабарномасида учрашув чоғида “Марказий Осиёда рўй берган воқелардан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди” дейилган. Бундан Ўзбекистон президентининг Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари билан қўшни Қозоғистонда яқинда кузатилган воқеалар муҳокама қилинганини англаш мумкин.

Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи кескин ошиб кетгани ортидан шу йил 2 январидан намойишлар бошланиб кетган эди. Даставвал мамлакат ғарбида бошланган норозилик акциялари кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб ёйилган ва бу чиқишларда иқтисодий талаблар ўрнини сиёсий талаблар эгаллай бошлаган. Норозиликлар ортидан аввалги президент Нурсултон Назарбоев хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимини топширган, ҳукумат истеъфога кетган. Бироқ норозилик чиқишлари аксинча кучайган ва мамлакатнинг қатор шаҳарларида, хусусан Олмаотада тартибсизлик ва бебошликлар бошланган, қурол-аслаҳалар ишга тушган.

Қозоқ расмийлари тартибсизликларни норозилар эмас, чет элда етиштирилган террорчилар уюштирганини иддао қилишган. Президент Тоқаевнинг илтимоси билан мамлакатга Россия ва унинг иттифоқчилари ҳарбийлари киритилган. Бир неча кун ўтиб, тартибсизликлар босилгач, қўшинлар мамлакатдан олиб чиқиб кетила бошланган. Қозоғистонда содир бўлган воқеалар қўшни мамлакатлар, хусусан Ўзбекистонда ташвиш билан кузатиб турилган.

Ўзбекистондан Қозоғистонга авиапарвозлар 19 январдан бошлаб қайта тикланди

Ўзбекистондан Қозоғистонга авиапарвозлар 19 январдан бошлаб қайта тиклангани тўғрисида Uzbekistan Airways хабар қилди.

Ширкат 19 январдан бошлаб Тошкент—Олмаота—Тошкент, Самарқанд—Олмаота—Самарқанд, Нукус—Ақтўбе—Нукус, Урганч—Ақтау—Урганч, Нукус—Ақтау—Нукус, Тошкент—Нур-Султон—Тошкент йўналишлари бўйича авиақатновларни жадвалга мувофиқ амалга ошира бошлади.

Uzbekistan Airways 13 январда Қозоғистонга авиақатновлар 15 январдан қайта тикланиши ҳақида расман билдирган эди. Рейсларни қайта тиклаш аввал эълон қилинганидан бир неча кун кечикишига нима сабаб бўлгани тўғрисида ширкат тушунтириш бермаган.

Қозоғистонда 2 январда бошланиб бир неча кун давом этган оммавий норозиликлар оқибатида Uzbekistan Airways 5 январдан Ақтауга, кейинроқ эса Олмаота ва Ақтўбега қатновларни вақтинча бекор қилган эди.

АҚШ Ўзбекистонга олиб ўтилган афғон ҳарбий учоқлари Толибонга қайтарилмаслигини билдирди

Иллюстратив сурат.

АҚШ Мудофаа вазирлиги – Пентагон Кобулни Толибон босиб олганидан сўнг афғон ҳукумати ҳарбийлари Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб чиқиб кетган вертолётлар ҳамда самолётлар Афғонистонга қайтармаслигини билдирди.

АҚШнинг бу борадаги позициясини 18 январь куни ўтган матбуот анжуманида Пентагон расмий вакили Жон Кирби очиқлади. У вертолётлар ва самолётлар масаласида “тегишли давлатлар билан музокаралар давом этаётгани”ни таъкидлади.

Унга кўра, ҳозирда мазкур самолёт ва вертолётларни қаерга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. "Аммо улар аниқ-ки, Толибонга қайтарилмайди",-деди Кирби.

Озодлик 11 январда Толибон ҳукуматининг мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистон самолётларни қайтармаса, “оқибатларига дучор бўлишлари”дан огоҳлантиргани тўғрисида хабар берганди. Аммо вазир бу оқибатлар қандай бўлиши ҳақида тушунтириш бермаган.

Толибон ҳукумати матбуот котиби Иномулла Самангоний 5 январда Ўзбекистон ва Тожикистон билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.

Толибон Кобулни эгаллаганидан сўнг 14-15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача Толибоннинг мазкур талабига муносабат билдирган эмас.

Uzbekistan Airways 30 январдан Россияга рейслар сонини кўпайтирмоқчи

Иллюстратив сурат.

Uzbekistan Airways 30 январдан бошлаб Намангандан, кейинроқ эса Фарғонадан Россия шаҳарларига авиақатновлар сонини кўпайтирмоқчи.

ТАССнинг хабар беришича, рейслар “Шарқий хаб” лойиҳаси доирасида кўпайтирилади.

Лойиҳага асосан ҳар якшанба куни "Наманган - Москва - Наманган" рейси амалга оширилади. 31 январдан бошлаб эса Намангандан Пермь, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар ва Екатеринбургга мунтазам рейслар йўлга қўйилади.

Иккинчи босқичда мана шу каби авиақатновлар Фарғона аэропортидан ҳам амалга оширилади.

Uzbekistan Airways мазкур рейслар “тўлиқ эконом-класс” форматида Airbus A320 самолётларида амалга оширилишини, бунинг оқибатида чипталар нархи 20 фоизга арзонлашини билдирмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг билдиришича, айни пайтда Ўзбекистондан Россияга ҳафтасига 22 та рейс амалга оширилмоқда.

Россияда Сурияга кетмоқчи бўлган яна бир ўзбекистонлик қўлга олинди

Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган Ўзбекистон фуқароси Сурияга кетмоқчи бўлган пайтда ДХХ ва Федерал хавфсизлик хизмати ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ телеграм каналида маълум қилинди.

Расман билдирилишича, қўлга олинган шахс Россияга кетгунига қадар Қашқадарё вилоятида яшаган. У Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган. Айни пайтда қўлга олинган шахс Ўзбекистонга олиб келинган ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати 12 январь куни Россияда жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Ўзбекистон фуқароси, 1987 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Ж.Х.,қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Андижон туманида яшовчи 12 нафар аёл эса 16 январь куни “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти” гуруҳига аъзо бўлганликда гумонланиб қўлга олинган.

Тошкентда коронавирусга қарши эмланмаган мингдан ортиқ ходим вақтинча ишдан четлатилди

ЎзАнинг хабар беришича, 17 январь куни тегишли ташкилотлар томонидан Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши эмланиши бўйича 305 та тадбиркорлик субъекти ва 203 та бюджет ташкилотида текширувлар ўтказилган.

Текширув натижасида тадбиркорлик субъектларининг 359 нафар, бюджет ташкилотларининг 885 нафар ходими эмланмагани аниқланган. Вакцина олмаган ходимлардан 1044 нафари ишдан вақтинча четлатилган, 200 нафарига жарималар қўлланилган. 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 январь куни коронавирусга чалинганлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани ва бир кун ичида коронавирус инфекциясини юқиши билан боғлиқ 1214 та ҳолат қайд этилганини билдирди. Бу пандемия бошидан бери кундалик касалланиш бўйича кузатилган янги рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Янги мамлакатнинг янги дафтари: “Меҳр дафтари”га оид низом тасдиқланди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январь куни имзоланган қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида “Меҳр дафтари”га киритилади ва ундан чиқарилади.

“Меҳр дафтари” тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади.

Мазкур ахборот тизими жорий йилнинг 1 февралигача амалиётга жорий этилади.

Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари “Меҳр дафтари”ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида “Меҳр дафтари”дан чиқарилади. Бунда, ҳужжатда қайд этилишича, дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Уларнинг бандлиги таъминланмаган ҳолатларда “Меҳр дафтари” ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда “Меҳр дафтари” тизими президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил август ойида етим болалар ҳимоясига қаратилган иккита қарор имзолаши ортидан жорий этилган. Шундан сўнг кузда ҳукумат мазкур тизим фаолиятини ташкил этишга оид қарор чиқарган.

Бунгача мамлакатда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Хотин-қизлар дафтари” каби тизимлар ишга туширилган эди.

COVID-19: Аксилрекорд яна янгиланди – бу гал 1200 нафардан зиёд киши хасталикка чалинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 январь куни Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясини юқиши билан боғлиқ 1214 та ҳолат қайд этилганини очиқлади.

Бу пандемия бошидан бери кундалик касалланиш бўйича кузатилган янги рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. Аввалги рекорд бундан икки кун муқаддам кузатилган бўлиб, ўшанда 1037 нафар киши коронавирусга чалингани билдирилган эди.

Бугунги кўрсаткич билан Ўзбекистон бўйлаб COVID-19 га чалинганларнинг умумий сони 208 минг 271 нафарга етган.

Вирус юқтириб олиш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётганига мамлакатга Omicron штамми кириб келиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

ССВ қайдича, кеча барча ҳудудларда 640 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 200 минг 512 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 525 нафарга етганини қўшимча қилган.

ФВВ об-ҳаво шароити туфайли “Тахтақорача” довони ёпилганини билдирди

Иллюстратив сурат

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони 19 январь тонгидан бошлаб автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, мазкур қарорнинг олинишига “М-39 автомобиль йўлининг довон қисмида тинимсиз ёққан қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлгани” сабаб бўлган.

Вазирлик ҳозирда Самарқанд вилоят ФВБ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани, тозалаш ишлар поёнига етгач, довон қайта очилишини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG