Россия президенти матбуот котиби Ҳолливуд продюсери Харви Вайнштейнни шилқимликда айблаган актрисаларни «фоҳишалар» деб таърифлади. Дмитрий Песковнинг фикрича, улар ўз муаммолари ҳақида эртароқ айтишлари керак эди.
29 март куни Москвада талабалар олдида сўзлаган Песков Вайнштейн ҳақида нолиган актрисаларнинг айримлари «Ҳолливуд юлдузларига» айланганини айтиб, уларнинг аксари «ғурур ва қадр-қиммат ҳақидаги қарашларимизга мос келмайдиган ишларни қилган», деди.
- Юзлаб миллион доллар ишлаб олишганидан кейин 10 йил ўтиб, Вайнштейнни ёмонлай бошлашди. Балки Вайнштейн разил одам, аммо уларнинг бирортаси полицияга мурожаат қилмаган! Йўқ, улар 10 миллион доллар ишлаб олишни хоҳлаган, - деди Кремль матбуот котиби - 10 миллион доллар учун бирор эркак билан ётган аёл нима деб аталади? Балки бу қўпол эшитилар, аммо бундай аёл фоҳиша деб аталади.
2017 йилнинг кузидан бери 50 дан ошиқ аёл, жумладан, бир неча Ҳолливуд юлдузи Вайнштейнни шилқимликда айблаб чиқди.
Бундай секс-можаро яқинда Россиянинг ўзида ҳам юз берди.