Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2023, Тошкент вақти: 05:49

Трамп Эронни АҚШга таҳдидлари "оқибати" мислсиз бўлишидан огоҳлантирди


Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон номига қилинган таҳдидлар учун эронлик ҳамкасби Ҳасан Роуҳонийни ўхшаши бўлмаган оқибатлар билан қўрқитди. Трамп ўз баёнотини твиттерда эълон қилди.

"Эрон президенти Роуҳонийга: Бошқа ҳеч қачон Қўшма Штатларга таҳдид қилишга журъат этманг, акс ҳолда сиз ҳали тарихда ҳеч ким дуч келмаган оқибатларга дучор бўласиз. Энди биз зўравонлик ва ўлим ҳақидаги сизнинг савдойи гапларингизга чидаб турадиган мамлакат эмасмиз. Эҳтиёт бўлинг!" – деб ёзди Америка президенти.

Бир кун олдин Эрон етакчиси Ҳасан Роуҳоний АҚШни Эрон билан бўлиши эҳтимол тутилган низо муносабати билан эҳтиёт бўлишга чақирган эди. "Америка Эрон билан тинчлик бутун дунёдаги тинчликнинг онаси, Эрон билан уруш бутун дунё билан уруш эканлигини тушуниб олиши зарур, –деб Роуҳонийнинг сўзларини иқтибос келтирди IRNA давлат янгиликлар агентлиги эронлик дипломатлар билан учрашув вақтида. – Жаноб Трамп, шернинг думи билан ўйнашманг. Бу фақат афсусларга олиб келади ".

Трамп ўз твитини давлат котиби Майк Помпео Эроннинг олий етакчиси оятулло Али Ҳаменей ва руҳонийларни “иккиюзламачи тақводорлар”, Эрон ҳокимият тузилмаларини эса “мафия” деб атаганидан бир неча соат ўтиб эълон қилди ".

Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар 2017 йилда Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришиши билан кескин ёмонлашди. 2017 йил баҳоридаёқ АҚШ Эрон ядро дастури бўйича ҳаракатларнинг биргаликдаги ҳар томонлама режасидан чиқди, шунингдек, бу мамлакатга қарши шу битим доирасида бекор қилинган санкцияларни кенгайтирди.

2015 йилда бир томондан Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, Франция ва АҚШ, бошқа томондан Эрон имзолаган битим Эрон ҳукумати ядро дастурларини ёпиши эвазига АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан қўйилган санкцияларни Теҳрондан олиб ташлашни назарда тутади.

XS
SM
MD
LG