Линклар

Шошилинч хабар
06 июн 2020, Тошкент вақти: 04:00

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон биринчи марта Туркий тилли давлатлар кенгашида иштирок этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади.

Шавкат Мирзиёев мазкур кенгаш ишида ишитрок этаётган энг биринчи Ўзбекистон раҳбари бўлди. Бундан аввалги саммитларнинг бирортасида Ўзбекистон расмийлари иштирок этган эмас.

Чўлпонота саммитида Ўзбекистон президентидан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон президентлари ҳам иштирок этади. Мазкур саммитда ташкилотга раислик ваколати Қозоғистондан Қирғизистонга ўтади.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.

1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

Кун янгиликлари

“Сариқ” ва “яшил” ҳудудларда 8 июндан автобус қатнай бошлайди

Республика махсус комиссияси қарори билан жорий йилнинг 8 июнидан “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди.

Қайд этилишича, жамоат транспорти фаолиятини қайта тиклашда қуйидаги талабларга қатъий риоя қилиш талаб этилади:

  • автокорхона томонидан транспорт воситасини ҳар бир қатнов олдидан ва охирги бекатда, шунингдек, автошоҳбекатларда тўлиқ дезинфекция қилиш;
  • ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб бориш чораларини кўриш;
  • автобус салонига фақатгина тиббий ниқобдаги йўловчиларни киритиш.

Ушбу талабларга риоя этилишини Транспорт вазирлигининг масъул ходимлари назорат қилиши белгиланган.

Айни пайтда йўловчилардан карантин талабларига қатъий амал қилиш ва ижтимоий масофани сақлаш сўралган. Республика махсус комиссияси жамоат транспортида карантин талабларини бузиш тегишли маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатган.

Хабарномада жамоат транспорти ҳаракатига берилган рухсатнинг Дамас, микроавтобус ва метрополитен фаолиятига алоқадор эмаслиги урғуланган.

Хитойдан Ўзбекистонга Ўш орқали автомобиль-темирйўл қатнови очилди

Иллюстратив сурат.

Хитой билан Ўзбекистон ўртасида Қозоғистонни айланиб ўтган автомобиль-темирйўл қатнови очилди. 5 июнь куни Хитойнинг Ланчжоу шаҳридаги логистик марказдан Тошкентга контейнер поезди йўлга чиққан.

Chinalogist.ru сайти хабарига кўра, мазкур поезд Шинжоннинг Қашқар шаҳригача келади. Кейин ундаги юклар автомашиналарга юкланиб, Хитой-Қирғизистон чегарасидаги “Эргаштом” назорат-ўтказиш маскани орқали Ўш шаҳрига келади. Ўшдан юклар яна поездга юкланиб, Тошкентга йўлланади.

Хитойдан Тошкентга келаётган илк поезд қиймати 2 млн 600 минг долларга тенг бўлган 230 тонна электрон жиҳозлар етказиши, қайтишда Ўзбекистондан қиймати қарийб 1 миллион долларга тенг бўлган, пахта толасидан тўқилган 525 тонна мато олиб кетиши айтилмоқда.

Хитойни Марказий Осиё билан боғловчи бу янги йўлак келажакда Ўзбекистондан Туркманистонга, Туркманистондан Каспий орқали Туркияга, кейин эса Европага узаниши режаланган. Шу тариқа хитойликлар ўз юкларини Қозоғистон ва Россияни айланиб ўтган ҳолда, Европага етказиб беришни мўлжалламоқдалар.

“Лукойл” Хитойдан талаб камайгани сабабли қазиб олинаётган ўзбек гази ҳажмини 2 баравар қисқартиради

"Лукойл" ширкатининг Ўзбекистондаги табиий газ сақлайдиган объектларидан бири.

Россиянинг “Лукойл” ширкати тахминига кўра, жорий йилда компания томонидан Ўзбекистондан қазиб олинаётган табиий газ ҳажми икки баравар (7 млрд куб метргача) қисқаради. Бу, Reuters ахборот агентлиги хабарига кўра, Хитойнинг газга бўлган талаби пасайиб кетгани билан боғлиқ.

Ширкат ҳисоботига кўра, “Лукойл” Ўзбекистонда газ қазиб олишни февраль ойидан қисқартира бошлаган. Жорий йилнинг илк чораги натижаларига кўра, россияликлар Ўзбекистонда 2,8 млрд куб метр табиий газ қазиб олган. Қиёс учун — ўтган йилнинг биринчи чорагида ширкат 3,8 млрд куб метр қазиб олганди.

“Лукойл”нинг корпоратив ривожланиш ва инвесторлар билан ишлаш бўйича вице-президенти Павел Жданов Ўзбекистонда амалдаги қазиб олиш даражаси сақланиб қолган тақдирда, йил охиригача қазиб олинган газ ҳажми 7 млрд куб метрга етишини тасдиқлаган. Айни пайтда у пессимистик сценарий амалга ошмаслиги ҳамда газ қазиб олиш ва сотиш ҳажми тикланишига умид билдирган. Жданов Ўзбекистондаги лойиҳаларга сарфланган 9,9 миллиард доллар сармоянинг 8 миллиарди ширкатга аллақачон қайтганини ҳам қўшимча қилган.

“Лукойл” Ўзбекистонда 2004 йилдан бери фаолият юритиб келади. Ўтган йили ширкат 14 млрд куб метрдан кўпроқ газ қазиб олгани ва бу газнинг катта қисми экспортга, асосан Хитойга кетган. 2020 йили компания Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватини 16 млрд куб метргача оширишни режалаган эди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда жами 59,5 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган. Хомашё экспорти давлат хазинасига 2,2 млрд АҚШ доллари олиб келган. Ўзбекистон расмийлари 2025 йилга бориб хорижга газ сотишни тўлалигича тўхтатиш ва қазиб олган газнинг барчасини мамлакат ичида қайта ишлашни режалаётганларини билдирганлар.

Масофавий таълим кейинги ўқув йилида ҳам давом этиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ўқувчиларга онлайн таълим бериш жараёни 2020/2021 ўқув йилида ҳам давом эттирилиши мумкин. Бу режа Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган. Ҳужжат матни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 4 июнь куни жойлаштирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, давом эттирилажак “online-maktab” лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 августдан бошлаб 2020/2021 ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олиш йўлга қўйилади. Телевизион видеодарс ва видеомашғулотларни доимий тасвирга олишни ташкил этиш учун “O‘zbekiston MTRK Mediamarkazi” биносида махсус телестудия ажратилади ва техник талаблар асосида жиҳозланади.

Телевизион видеодарслар Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган дарс жадваллари асосида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан белгиланадиган телеканаллар орқали намойиш этиб борилади.

Лойиҳаларга жалб этиладиган ўқитувчиларга ҳар бир телевизион видеодарс ва видеомашғулотлар учун (асосий иш ҳақидан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида, муҳаррир ва сурдопедагогларга ҳар бир ишлаган куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

ВМ қарори билан ХТВга 2020 йил 1 сентябрига қадар телевизион видеодарслардан фойдаланишда ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида www.maktab.uz платформасини яратиш ва умумтаълим тизимида ягона марказлашган виртуал (онлайн) мактаб сифатида татбиқ этиш топширилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 19 июнгача давом этади.

Жорий ўқув йилида Ўзбекистон мактабларида якуний имтиҳонлар бекор қилингани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, “мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида ушбу ўқув йилининг 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш” тавсия этилган.

“Ўзбекгидроэнерго” Қашқадарёда учта ГЭС қурилиши учун тендер эълон қилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Қашқадарё вилоятининг Оксу дарёсида учта гидроэлектростанциясини лойиҳалаштириш ва қуриш учун халқаро тендер эълон қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ушбу учта ГЭСнинг умумий қуввати 24 МВтга тенг бўлади: 6 МВт – “Работ”, 8 МВт – “Чаппасуй” ва 10 МВт – “Тамсуш” ҳамроҳлик қиладиган электр узатиш тармоғи (35-110 кВ ва 22 км) ва умумий қуввати 1 МВт мини-гидроагрегатлар.

“Очиқ танлов савдолари (Халқаро эълон) ОТБнинг “Бир босқич: икки конвертли” тендер савдосига мувофиқ ўтказилади ва тендер ҳужжатларида кўрсатилганидек, танлов ҳуқуқига эга бўлган мамлакатларнинг барча савдо иштирокчилари учун очиқ”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистон миллий энергетика стратегиясига кўра, 2030 йилга бориб электр энергиясининг тўртдан бири қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқарилади. Стратегияда ўн йил ичида 30 ГВт гача қўшимча энергия қувватлари, шу жумладан 3,8 ГВт гидроэнергетика, 5 ГВт қуёш энергиясини ва 3 ГВт гача шамол энергиясини кенгайтириш кўзда тутилади. Ушбу режалар, Энергетика вазирлиги қайдича, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро энергия бозорларидаги ортиб бораётган роли билан боғлиқ.

2019 йил октябрь ойида Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда умумий ишлаб чиқариш қуввати 25 МВт бўлган гидроэлектростанцияларни қуриш учун 60 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишни маъқуллаган. Лойиҳанинг умумий қиймати 75,3 миллион долларни ташкил этади, қурилишни 2023 йил охирида якунлаш режалаштирилган.

Канада коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга 185 минг доллар ажратади

COVID-19 инфекциясига қарши кураш доирасида Ўзбекистонга Канада томонидан 250 минг Канада доллари (185 минг АҚШ долларига тенг) ажратилади. Бу ҳақда Канада Ташқи ишлар вазири Франсуа-Филипп Шампан 4 июнь куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан бўлган телефон суҳбатида билдирган.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, икки дипломат суҳбати чоғида Ўзбекистон-Канада муносабатларининг ҳолати ва фаоллаштириш истиқболлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Канада бизнесининг Ўзбекистон бозорига фаол кириши ва қайта тикланадиган энергия, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдорлик изҳор этилган.

Вазирлар Афғонистон масалалари юзасидан ҳам фикр алмашганлар. Томонлар Афғонистондаги вазиятни тинч йўналишга тезроқ ўтиши, мамлакатни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий ва инфратузилма жараёнларига жалб этиш зарурлигини таъкидлаганлар.

Президент Мирзиёев Фарғона вилоятига сафар қилди

Расмий маълумотда президентнинг Сўх туманига бориши ёки бормаслиги ҳақида айтилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига жўнаб кетди, деб хабар берди президент матбуот хизмати 5 июнь куни.

“Сафар давомида тўқимачилик, ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги корхоналари бориб кўрилади, бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилади”, дейилади хабарда.

Расмий маълумотда президентнинг Сўх туманига бориши ёки бормаслиги ҳақида айтилмаган.

1 июнь куни Сўхда аҳоли билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага боришини маълум қилганди.

4 июнь куни Сўх туманидаги бир неча манбадан олинган маълумотга кўра, Фарғона вилояти расмийлари ва туман маъмурияти вакиллари президент сафари арафасида Сўхдаги маҳалла фаоллари билан йиғилиш ўтказган.

“Кеча селекторда президент ёрдам ажратгани, кейин шу район марказида ногирон ва кам таъминланлар учун кўпқаватли уй қурилиши ҳақида гапиришди. Жума куни Фарғонага президент келаркан. Сўхга ҳам келиши мумкин, ҳозир бўлиб туринглар дейишди", деб айтган эди Озодликка 4 июнда тумандаги маҳаллий ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган сўхлик.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.

Коронавирусга чалинганлардан 10 нафари оғир аҳволда қолмоқда

Беморлардан 3087 нафари соғайган, 16 нафар бемор вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 3965 нафарга етганини билдирди. Бу 4 июнь соат 23:00даги ҳолатга нисбатан беморлар сони 26 нафарга кўпайганини англатади.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 12 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 5 нафари Самарқанд вилоятида ҳамда яна 5 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган фуқароларда, 2 нафари Сирдарё вилоятида ҳамда 1 нафари Тошкент вилоятида Россиядан чегара пост орқали юртимизга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида, қолган 1 нафари эса Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда беморлардан 3087 нафари соғайган, 16 нафар бемор вафот этган.

Ҳозирда касалхоналарда 862 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 9 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Bloomberg: Ўзбекистонда жорий йилда ишсизлик даражаси 16 фоиздан ошади

Ўзбекистонга қайтиш учун Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган мигрантлар.

Халқаро валюта фонди Ўзбекистонда жорий йилда ишсизлик даражаси 16,5 фоизга етиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Хабарда айтилишича, аввалроқ Ўзбекистонда ишсизлик жорий йилда 8,9 фоизга етиши прогноз қилинган эди. Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати ишсизлик кўрсаткичини расман бундан озроқ қилиб кўрсатмоқда.

Тошкентдаги Ma’no тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиер Эргашев: “Агар бу одамлар иш топа олмаса, мамлакатда ижтимоий таранглик кучаяди”, - деб ҳисоблайди.

Bloomberg агентлигининг ёзишича, ишсиз қолганларнинг асосий қисми Россиядан қайтган меҳнат муҳожирларидир.

“Чегаралар очилган тақдирда ҳам ишсизлар сўнгги ўн йилдан бери энг улкан инқирозни бошдан кечираётган ва иқтисодий жиҳатдан сустлашган Россиядан иш излайди”, - дейилади хабарда.

Агентликнинг ҳисоб-китобича, жорий йилда Россиядаги муҳожирлар Ўзбекистонга жўнатилаётган пул миқдори ҳам камида икки баробарга камаяди.

Сўхдаги муаммоларни бартараф этишга 1 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда

Можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши жароҳатланган.

Сўх туманидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш учун 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратиш юзасидан президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақда Сўх туман ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, Сўхга 2 июнь куни борган ҳукумат аъзоларидан иборат гуруҳ мавжуд муаммоларни икки кун давомида ўрганган.. Натижада муаммоларни бартараф этиш юзасидан махсус дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган.

“Дастурда Сўх — Риштон йўли ва бошқа мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида таклифлар билдирилди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари Сўхда 2020 йил давомида 4,5 минг янги иш ўринларини яратиш учун умумий қиймати 101 миллиард сўм бўлган 73 лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган. Сўхлик ёшлар учун Ўзбекистон олийгоҳларидан 500та ўрин квота сифатида ажратилади.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.

Хоразмда яна кучли шамол бўлди. Симёғочлар ағдарилиб, томлар учди

Хоразм ҳудудий электр тармоқлари жамоатчиликка эълон қилган суратлардан бири.

Хоразм ҳудудий электр тармоқлари ширкатининг маълум қилишича, 4 июнь куни тушдан кейин Хоразм вилоятининг қатор туманларида кучли шамол оқибатида дарахтлар ва симёғочлар ағдарилган.

Шамол тезлиги баъзи жойларда 65-70 км/соатни ташкил қилган. Шамол натижасида уйларнинг енгил конструкцияли томлари ҳам учиб кетган.

Хоразм ҳудудий электр тармоқлари Хазорасп ва Урганч шаҳарларидан олинган фотосуратларни ҳам жамоатчиликка тақдим этган.

Kun.uz нашрининг ёзишича: “қисқа вақт давом этган кучли шамол натижасида жабрланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ”.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча бу ҳақда маълумот бермади.

Хоразм вилоятида 26 апрель ва 17 май кунлари ҳам кучли шамол юз бериб, бинолар томига зарар етган эди.

27 апрель куни Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган кучли бўрон оқибатида бир киши вафот этиб, 41 киши жароҳат олган эди.

“Қизил” ҳудудлар сони яна бештага кўпайди

Ўзбекистондаги “қизил” ҳудудлар сони 25тага етди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистондаги туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифалари рўйхатини янгилади.

4 июнь куни эълон қилинган рўйхатда яна бешта ҳудуд “қизил” тоифага киритилди. Булар Сирдарё вилояти Сардоба тумани, Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани Навоий вилоятининг Хатирчи ва Конимех туманлари, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани.

Бу билан Ўзбекистондаги “қизил” ҳудудлар сони 25тага етди.

Бундан аввал Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри, Зангиота тумани, Қибрай тумани, Паркент тумани, Янгийўл тумани, Тошкент тумани, Юқори Чирчиқ тумани, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Наманган шаҳри, Уйчи тумани, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Оқдарё тумани, Пайариқ тумани, Пастдарғам тумани, Самарқанд тумани, Тайлоқ тумани, Ургут тумани, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “қизил” тоифасига киритилган эди.

Нарпайда пиёда ҳайдовчини уриб ўлдирди

Ҳайдовчини уриб, ўлимига сабабчи бўлган 27 ёшли йигит узоқ йилга қамалиши мумкин.

Самарқанд вилояти Нарпай туманида пиёда ўзини туртиб ўтган Damas ҳайдовчисини уриб, унинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти 4 июнь куни хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 июнга ўтар кечаси Нарпай туманидаги “Самарқанд” автошоҳбекатида 47 ёшли Ш.У., Damas автомашинасида қўққисдан 27 ёшли Д.Р.,нинг ўнг елкасидан туртиб ўтган.

Бунинг оқибатида юзага келган жанжалда 27 ёшли йигит 47 ёшли ҳайдовчинининг юзига мушт туширган. Ҳайдовчи ерга йиқилиб, тан жароҳати олган.

Ҳайдовчи Ш.У., Нарпай туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Ҳолат юзасидан Д.Р.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аммо 2 июнь куни ҳайдовчи кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

“Шу сабабли жиноят иши ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига (жабирланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) қайта малакаланган. Р.Д., гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, - дейилади хабарда.

ТИВ Россиядаги ватандошлардан рус-қозоқ чегарасидаги НЎПларда тўпланмасликни сўради

“Маштаково” назорат-ўтказиш маскани яқинида пайдо бўлган ўзбек муҳожирлари лагери.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида юрган ўзбекистонликлардан Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти ёки мазкур икки давлат чегарасидаги бошқа чегара пунктларига боришга уринмасликни, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишни ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишни илтимос қилди.

Вазирликнинг бу илтимосига Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида 300 га яқин ўзбекистонлик тўпланганига оид маълумотлар сабаб бўлган. Бу маълумотлар, маълум қилинишича, вазирликка Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналаридан келиб тушган.

“Мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади ТИВ хабарномасида.

Қайд этилишича, ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисидаги маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборган. Вазирлик Махсус комиссия қарори тўғрисида алоҳида маълумот берилишини билдирган.

Жорий йил 25 майидан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 8 та чартер рейси уюштирилганини эслатиб ўтган ТИВ ҳозирги пайтда Махсус комиссия томонидан Россиянинг турли ҳудудларидан ўзбекистонликларни олиб келиш учун қўшимча чартер рейсларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилаётганини, Россиянинг турли ҳудудларидаги шаҳарларга чартер рейслари ташкил қилиш устида ишлар давом этаётганини урғулаган.

Рус-қозоқ чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида йиғилаётган ўзбек муҳожирлари ва уларнинг муаммолари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Республика махсус комиссияси масжидларнинг очилиш санасига ўзгартиш киритди

Ўзбекистонда масжидлар 2020 йил 8 июнидан бошлаб фақат “яшил” ҳудудларда фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси 4 июнь куни тарқатилган изоҳида қайд этилган.

Аввалроқ махсус комиссия “Яшил” ҳудудларда 5 июндан бошлаб масжидлар ва бошқа диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилиши ҳақида маълумот тарқатганди.

Комиссиянинг кейинги изоҳига кўра, 5-8 июнь кунлари диний муассасаларда (масжидлар, черковлар) уларнинг фаолияти қайта йўлга қўйишда хавфсизликни таъминлаш учун бир қатор тайёргарлик чоралари кўрилади. Айтилишича, ушбу чора-тадбирлар диний муассасаларни санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий мослаштиришга қаратилган.

Мазкур чораларга дезинфекция қилиш, ижтимоий масофани сақлашни (камида 1,5 -2 метр) таъминлаш учун зарур бўлган махсус белгилар, зарур жиҳозлар (пирометрлар, санитария ва дезинфекциялаш воситалари, санитария гиламлари ва бошқалар) билан таъминлаш, диний муассасалар ишчилари билан ўқув семинарлари ва бошқалар киради.

Махсус комиссия 8 июндан санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда (ҳимоя ниқобларини мажбурий кийиш шарти билан), шунингдек, ижтимоий масофа сақлаган (ташриф буюрувчилар орасидаги масофа камида 1, 5-2 метр) ҳолда намоз ўқиш мумкин бўлишини эслатган., шу билан бирга фуқароларнинг касалликни номаълум манбалардан юқтириши ва аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирча оммавий диний тадбирлар (жума намози, якшанба ибодатлари ва бошқалар) ташкил этиш тақиқланишини қўшимча қилган.

Коронавирусга чалинганлар сони 3900 нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 4 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, 3909 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

ССВга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Навоий вилоятида аниқланган.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 3082 кишини ташкил этмоқда. 811 нафар беморнинг эса муолажаси давом этяпти.

Хасталик ёйила бошлаганидан бери инфекция юқтириб олгани ортидан оламдан ўтганлар сони 16 нафарга етган.

Cўхлик ёшлар ОТМга киришда ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топширади

Сўх туман ҳокимлигида ўтказилган мажлисдан лавҳа, 2020 йил 3 июни.

Сўхлик ёшлар эндиликда олий ўқув юртларига қабул қилинаётганида ўз она тиллари – тожик тилида имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда 3 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида Сўх тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда билдирилган.

Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, кечаги йиғилишда эксклавда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги ҳақида ҳам сўз юритилган ва Тошкентдан келган расмийлар томонидан Республика раҳбари сўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратажаги билдирилган.

Шунингдек, туманда яқин келажакда таълим соҳасидаги бошқа муаммолар ҳам тўлиқ бартараф этилиб, янги мактаб ва қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилган.

Абитуриентлардан ОТМга кириш учун ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш учун абитуриентлар 15 июндан 15 июлгача ҳужжат топшириши мумкин. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида 4 июнь куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, абитуриентлардан ҳужжатлар кечаю кундуз 24 соат давомида фақат 2 усулда - ДТМ сайти ҳамда my.gov.uz портали орқали онлайн қабул қилинади:

Бунда абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Маълумотларга кўра, олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичлари таълим йўналишлари ва ўқитиш тили кесимида ДТМ ҳамда муайян олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз (она тили, Ўзбекистон тарихи ва математика), 2 та мутахассислик фанидан ўтказилиши ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Бугунги брифингда билдирилишича, кириш имтиҳонлари (тест) 25 июлдан 20 августгача ўтказилади.

Тест саволларини ишлаш ва жавобларни белгилаш учун жами 3 соат вақт берилади.

Мутахассислик фанларидан баллар эса қуйидагича белгиланади:

1-блок - 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин;

2-блок - 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл берилади.

Таълим сифати паст бўлган 55 та мактаб аттестациядан ўтмади

Ўзбекистонда белгиланган таълим сифати талабларига жавоб бермаганлиги учун 55 та (6,5%) мактаб аттестациядан ўтмаган ва аккредитацияланмаган. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг маслаҳатчиси Феруза Мадраҳимова Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозиманинг ёзишича, жорий йилда 858 та мактаб аттестациядан ўтказилган,
аттестациядан ўтган мактабларнинг 803 таси (93,5%) аккредитацияланган.

Аттестациядан ўтмаган мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Халқ таълими вазирлигига 3 та тақдимнома киритилган. Мактаблар фаолиятида аниқланган 7657 та камчиликлар бартараф этилган.

Ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Андижон вилоятида 68 фоизни, Сирдарё вилоятида 67 фоизни, Наманган вилоятида 66 фоизни, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 65 фоизни ташкил этган. Қайд этилишича, булар Республика кўрсаткичидан пастдир.

Қозоғистондан Ўзбекистонга келганлардан 20 нафарида коронавирус аниқланди

Беморлардан 11 нафарининг аҳволи оғир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3874 нафарни ташкил этмоқда. Бу 3 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 31 кишига кўпдир.

Янги касалланиш ҳолатларининг 20 нафари Қозоғистондан чегара пости орқали Ўзбекистонга келганидан сўнг карантин марказида сақланаётганлар орасида аниқланган.

Бундан ташқари беморларнинг 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасига хориждан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари Тошкент вилояти турғуни, 1 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган билан мулоқотда бўлган фуқародир.

Тошкент шаҳрида 8 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 3 нафари аҳоли орасида, яна 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 2 нафари хориждан келган ва карантинга олинганлар орасида аниқланган.

Вазирликка кўра, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 3014 нафар фуқаро соғайган.

Ҳозирда касалхоналарда 844 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. 16 бемор ҳалок бўлди.

ЮНИСЕФ: Ўзбекистонда болаларнинг асосий қисми кам таъминланган оилаларда яшайди

Болалар учун нафақа олишга ҳақдор бўлган оилаларнинг 75 фоизи “бола пули” олмайди.

Ўзбекистонда болаларнинг асосий қисми кам таъминланган оилаларда яшайди. Айни пайтда болалар учун нафақа олишга ҳақдор бўлган оилаларнинг 75 фоизи “бола пули” олмайди. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг “Ўзбекистонда болалар ва ёшлар манфаатларига мос ижтимоий ҳимоя тизимини қуриш” ҳисоботида таъкидланди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 33 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Шунга қарамай, давлат томонидан болалар ижтимоий ҳимоясини молиялаштириш даражаси етарли эмас.

“Маҳаллалар нафақага ажратилган пулларни кўп сонли оилаларга тақсимлашга мажбур. Кўплаб оилалар нафақа олишга ҳақли бўлса-да, маблағ етишмаслиги туфайли ёки нафақа ололмайди, ёки узоқ вақт навбат кутиб қолади”,- дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда айтилишича, кам таъминланганлар учун манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг яхши йўлга қўйилмагани ҳам бунга сабаб бўлмоқда.

Хориж автоларига акциз бекор қилинади. “Иномарка”лар камида $ 2400 арзонлаши мумкин

Акциз солиғи 1 августдан бекор қилинади.

Жорий йил 1 августдан бошлаб тракторлар,10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари, енгил автомобиллар ва юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситаларини Ўзбекистонга олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.

Адлия вазирлигининг 3 июнда билдиришича, бу борада “Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4739-сон, 03.06.2020 й.) қабул қилинди.

Автомобил бозорини ўрганишга ихтисослашган Autostrada сайтининг ёзишича, хориждан Ўзбекистонга олиб кириладиган енгил автомобиллар учун акциз солиғининг бекор қилиниши импорт автомобиль нархини камида 2400 долларга арзонлашишига сабаб бўлади.

"Яшил" ва "сариқ" ҳудудларда буюм бозорлари ва шаҳарлараро автобуслар ишлай бошлайди

Хивадаги бозорлардан бири.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда буюм бозорлари ва шаҳарлараро автобуслар қатновига рухсат берилди.

Фаолиятини бошлайдиган буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши лозим.

Бозор маъмуриятидан бозорга кираётган ҳар бир шахснинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

5 июндан бошлаб ҳудудлар ўртасидаги автобуслар қатновлари ҳам қайта тикланади. Автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш, транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш, ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш шарт бўлади.

Айни пайтда Республика махсус комиссияси барча ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятига ҳозирча рухсат берилмаслигини билдирган.

5 ва 15 июндан рухсат берилган фаолият турлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

"Яшил" ҳудудларда масжидлар фаолиятига рухсат берилди. Аммо жума намози ўқилмайди

Карантинга ёпилган масжидлар 5 июнда очилади.

“Яшил” ҳудудларда 5 июндан бошлаб масжидлар ва бошқа диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилади, аммо ҳозирча жума намозлари ўқилмайди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси маълум қилди.

Фаолияти бошланган масжидлар ва бошқа диний ташкилотлар бинолари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш шарт бўлади.

Бундан ташқари ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши керак.

Намоз вақтида махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда намозхонлар ўртасидаги оралиқ масофани 1,5 метр этиб белгилаш мажбурийдир.

Масжидга кираётган ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчанади. Тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган одам масжидга киритилмайди.

Айни пайтда жамоавий диний маросимлар, жумладан, жума намози ўқилишига ҳозирча рухсат берилмайди.

5 ва 15 июндан рухсат берилган фаолият турлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

"Яшил" ҳудудларда тўйларни фақат уйда ўтказиш мумкин

1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда тўйларни ўтказишга рухсат берилди.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фақатгина уйларда ўтказиш ҳамда меҳмонлар сони 30 кишидан кўп бўлмаслиги мажбурийдир. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 3 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, 1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди.

“Белгиланган 30 кишилик таркибга биринчи навбатда, оилавий тантана ва тўй эгалари, маърака ва маросим ташкил этувчилар, уларнинг яқин қариндошлари, қўни-қўшниларнинг кам сонли вакиллари киритилади. Шунингдек, оилавий тантана ва тўй эгаларининг истакларига кўра, иштирокчилар сонидаги чеклов доирасида хонанда ва бошқа хизматларни бажарувчи ходим қатнашиши мумкин”,- деб айтган расмий.

Унга кўра, 30 кишидан кўп меҳмон чақирган шахслар ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG