Ўзбекистоннинг шаҳар-туманлари бўйлаб ўрнатилаётган инглиз тилидаги “I ♥ ...” (Мен... севаман) қабилидаги изҳор-шиорлар кескин танқид қилинди (“XXI аср”, 6 сентябрь). Қайд этилишича, юрак шакли дея қабул қилинаётган белги асли қамоқхонада чизилган, ишрат ва эротикани ифодаловчи тимсолдир. Ёзувлар инглиз тилида экани ҳам қораланган. “Инглизлар ўзбек тилида “Мен Лондонни яхши кўраман” деб ёзармикан, нима дейсиз? Агар илтимос қилсак-чи? Барибир “йўқ”ми? Унда биз нега шаҳримизни севишимизни ажнабий тилда изҳор қилишимиз керак”, деган журналист Олимжон Ўсаров. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Зиё бу тарздаги бегонапарастлик ва ожизлик кечаги мустамлака миллатларга хос эканини айтган. Мақолада бу каби савиясиз шиорлар солиқ тўловчилар ҳисобидан ўрнатилаётганига ҳам эътироз билдирилган.