Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:47

Саудия Ж.Хашоггининг Истанбулдаги консулликда ўлдирилганини тан олди


Истанбулдаги Саудия Арабистони элчихонаси ёнида Хашогги расмини тутган намойишчи, 5 октябрь, 2018 йил
Истанбулдаги Саудия Арабистони элчихонаси ёнида Хашогги расмини тутган намойишчи, 5 октябрь, 2018 йил

Саудия Арабистони, илк бор, журналист Жамол Хашоггининг Истанбулдаги консуллик биносида зўравонларча "муштлашувда" ўлгани тан олинган баёнотни тарқатди.

Давлатга қарашли ахборот агентлиги бўлган Saudi Press Agency 20 октябрь куни қироллик мулозимларидан биридан "Вашингтон пост" мухбирининг ўлдирилишидан "Қироллик чуқур афсусда эканини билдиради", дея иқтибос келтирди.

Расмий баёнотда журналистнинг 2 октябрь куни Истанбулдаги консуллик биносига кириб кетганидан сўнг ўлдирилгани илк бор тилга олинган.

Айтилишича, Саудия прокурорлари ўз суриштирувини ўтказган ва унинг натижасида "журналист билан консулликда бўлган бошқа шахслар орасида муштлашув чиққани, бунинг натижасида Хашоггининг ўлгани аниқланган".

Saudi Press Agency берган хабарга кўра, қироллик прокурорлари олиб борган суриштирувлар натижасида қотилликка алоқадорликда гумон қилинган Саудия Арабистонининг 18 фуқароси қўлга олинган.

Шунингдек, қироллик суди маслаҳатчиси бўлган Сауд ал-Қаҳтаний ва хавфсизлик кучлари раҳбари муовини бўлган Аҳмад Асирийлар ишидан олинган.

Ўз ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида Саудия Арабистони билан яқин алоқалар ўрнатган АҚШ президенти Дональд Трамп бу баёнотни "илк яхши қадам", деб баҳолади. Айни пайтда у Хашоггига нисбатан содир этилган жиноятни "қабул қилиб бўлмас", деб таъкидлади.

Саудия Арабистони матбуоти берган хабарга кўра, қирол Салмон бин Абдулазиз, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон назорати остида, қироллик махсус хизматлари тузилмасини тубдан ўзгартиришга фармон берган.

Жамол Хашогги Саудия Арабистонидан қочган, АҚШда яшаб келаётган, у ерда The Washington Post газетаси учун мақолалар ёзаётган журналист эди.

Ўз мақолаларида у Риёднинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилган.

У 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллиги биносига кирганидан сўнг йўқолган. Журналист ўзининг янги суюклиси билан никоҳ тузиш учун ажралиш тўғрисида ҳужжат олишни режалаштирган.

Турк терговчиларининг тахминича, Хашогги консуллик ҳудудида ўлдирилган. Турк нашрлари журналистнинг ғойиб бўлишига алоқадорликда гумон қилинган 5 киши Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ал-Сауд билан алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаоларни чоп этди.

Шунингдек, Туркиянинг қатор марказий нашрларида, Саудиядан келган қотиллар тўдаси Хашоггининг танасини аста-секинлик билан майдалаб, ўлдиргани ҳақидаги иддаолар чоп этилди.

Жумладан, 17 октябрь куни Yeni Safak газетаси Хашогги сўроқ қилингани ва қийноққа тутилгани акс этгани иддао қилинаётган аудиоёзувни эълон қилди.

Иддаога кўра, Хашоггини сўроқ қилганлар унинг панжаларини кесиб ташлаган. Журналист етти дақиқада вафот этган. Бунинг ортидан Хашоггининг бошини кесиб ташлашган, танасини эса, бўлакларга бўлишган.

Ҳозирги вақтда ишни Туркия-Саудия қўшма тергов гуруҳи биргаликда ўрганмоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари терговни БМТ даражасида ўтказишга чақирган.

XS
SM
MD
LG