Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2020, Тошкент вақти: 19:06

Ўзбекистон хабарлари

Бош прокуратура: Эндиликда "қора рўйхат" мавжуд эмас

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура диний экстремистликда гумонланганлар қайд этиладиган “қора рўйхат” энди мавжуд эмаслигини билдирди.

19 декабрь куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда журналистлар саволларига жавоб берган Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев “қора рўйхат” бекор қилингани тўғрисида маълум қилди. Бош прокурор ўринбосарига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда экстремизмга қарши кураш усуллари ўзгармоқда.

“Яқинда қабул қилинган "Экстремизмга қарши кураш тўғрисида"ги қонун ҳам террорчилик ва экстремизмга қарши кураш усуллари ўзгараётганидан, урғу профилактикага берилаётганига далолатдир", деб айтган Эркин Йўлдошев.

Тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг “қора рўйхати” мавжудлиги 2017 йилда президент Мирзиёев томонидан расман айтилган ва бу рўйхатдан адашганларни чиқариш ташаббуси кўтарилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 декабрь куни Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида диний экстремистик гуруҳларга алоқадор кўрилган 20 мингдан зиёд фуқаро назоратдан чиқарилганини маълум қилган.

"Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди", деб айтган президент.

Кун янгиликлари

МБ шарҳи: Ўзбек сўми ўтган олти ой ичида 7,2 фоизга қадрсизланди

2020 йил бошидан бери Ўзбекистонда миллий валюта курси 7,2 фоизга, июнь ойида эса 0,4 фоизга қадрсизланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг “Ички валюта бозори бўйича қисқача шарҳ”ида айтилган.

МБ қайдича, жорий йилнинг I ярим йиллигида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг фундаментал факторлари ҳамда ташқи омиллар таъсирида шаклланган.

Ўзбекистон миллий валюта қадрининг кескин тушиб кетиши апрель ойида кузатилганди. Ўшанда Марказий банк буни экспортдан келадиган маблағларнинг, пул ўтказмаларининг камайгани, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлмиш Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг қадрсизлашгани ҳамда бошқа қатор омиллар билан изоҳлаган.

Апрель ойининг сўнгги уч ҳафтасида доллар курси ўртача 6,7 фоизга ошган. Шундан кейин курсда бироз барқарорлашув кузатилганди.

Эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик банкнотларни алмаштириш муддати узайтирилди

Эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик банкнотлар.

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларни 2020 йил 1 сентябрига қадар қабул қилиш ҳамда муомаладаги банкнотлар ва тангаларга монеликсиз алмаштириш юзасидан кўрсатма берган.

МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қарор коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида истисно тариқасида қабул қилинган.

Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлидан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотиши, бу вақтгача мазкур банкнотларни барча тижорат банклари бўлинмаларида алмаштириб олиш кераклигини билдирган эди. Эндиликда бу муддат кузгача узайтирилди.

МБнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти бош иқтисодчиси Зафар Асадовга кўра, ўзбекистонликлар 1 сентябргача 200 ва 500 сўмлик банкнотларни ўз ҳудудлари яқинидаги тижорат банкида чекланмаган миқдорда муомаладаги банкнотларга алмаштириб олишлари мумкин.

ОТМга ҳужжат топширганлар сони 1 миллиондан ошди

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 миллиондан ошиб кетди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил 15 июль соат 18:00 ҳолатига республика бўйича жами 1 011 660 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Бундан кундузги бўлимга 586 612 нафар, сиртқи бўлимга 404 111 нафар, кечки бўлимга эса 20 937 нафар абитуриент талабгор бўлган.

Улардан 888 519 нафари (88,3%) ўқиш ўзбек тилида юритиладиган, 95 544 нафари (9,2%) ўқиш рус тилида юритиладиган, 27 420 нафари (2,3%) ўқиш қорақалпоқ тилида юритиладиган, 2 177 нафари эса (0,2%) ўқиш қорақалпоқ тилида юритиладиган ОТМларга кириш истагини билдирган.

Хабарномада Самарқанд давлат университети (53 700 нафар абитуриент ҳужжат топширган), Aндижон давлат университети (43 014 нафар), Қарши давлат университети (39 750 нафар), Наманган давлат университети (37 263 нафар) ҳамда Тошкент давлат педагогика университети (36 665 нафар) кабилар энг харидоргир ОТМлар қаторида саналган.

Вазирлик абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йил 20 июлигача давом этишини эслатган.

Бўстонлиқдаги давлатга қарашли оромгоҳлар хусусий қўлларга ўтиши мумкин

Чорвоқ манзаралари.

Жорий йил 1 сентябрига қадар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган идоравий дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектларни (болалар дам олиш лагеридан ташқари) хусусий секторга сотиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти томонидан шу йил 15 июлида имзоланган “Ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, президент фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Солиқ кодекси билан берилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

А) Ер солиғи бўйича қуйидагилар томонидан эгалланган ер участкалари:

  • соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан дам олиш уйлари;
  • аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;
  • санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса;

Б) Мол-мулк солиғи бўйича санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса.

Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод қилиш ваколати берилган.

Шунингдек, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда республиканинг туристик зоналаридаги алоҳида ер участкалари, шу жумладан жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкалари учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер солиғининг 3 бараваригача оширилган ставкасини белгилаш кўзда тутилади.

COVID-19 инфекцияси юқтириб олганлардан 6 нафарининг аҳволи оғир

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 15 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 14581 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Айтилишича, ўтган кеча-кундузда мамлакат бўйлаб коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 496 та ҳолат қайд этилган, улардан 200 нафари Карантин муассасаларида, 291 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 5 нафари аҳоли орасида аниқланган.

Айни пайтда беморлардан 8655 нафари соғайган, 5855 нафар бемор эса тиббиёт муассасаларида даволанишда давом этмоқда.

ССВ маълумотига кўра, муолажаси давом этаётган беморлардан 51 нафарининг аҳволи оғир, 6 нафарининг эса аҳволи ўта оғирдир.

Коронавирусдан вафот этганлар сони 70 нафардан ошди

Ўзбекистонда 15 июль куни COVID-19 инфекциясига чалингани тасдиқланган беморлардан яна 4 нафари вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, чоршанба куни вафот этганларнинг икки нафари Тошкент шаҳридан, икки нафари эса Тошкент вилоятидан бўлган.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида яшаган 66 ёшли И.И., Олмазор туманида яшаган 36 ёшли Ш.А., Тошкент вилоятининг Пскент туманида яшаган 37 ёшли М.М. ҳамда Тошкент туманида яшаган 48 ёшли Ш.Н.ларнинг коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган. Улардан фақат бирида ҳамроҳ касалликлар қайд этилган.

Коронавирус қурбонларидан икки нафари (Ш.А. ҳамда Ш.Н.) Ички ишлар вазирлигининг зобити бўлган.

ССВ қайдича, шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, бу тўрт киши оламдан ўтган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 71 нафарга етган.

Мирзиёев cоғлиқни сақлаш вазири ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан “пастга тушиб” мукаммал шуғулланмагани учун соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланиб, 15 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Тошкент шаҳри ва вилоятининг барча сектор раҳбарларини жиддий огоҳлантирган.

Мирзиёевга кўра, мутасаддилар ҳозирги мураккаб вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани, хавфни тушуниб етмаётгани аёнлашган.

Айниқса Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ишониб топширилган ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмаган, тиббиёт муассасаларидаги реал вазиятни билмайди. Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаган”, деган Ш. Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаётганини урғулаган Ш. Мирзиёев дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилгани, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилган.

Йиғилишда Республика махсус комиссиясига Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш кўрсатмаси берилган. Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.

Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилган.

Биринчи ярим йилликда 450 дан зиёд мансабдор шахс жавобгарликка тортилди

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 327 та жиноят иши бўйича 459 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган инфографикага кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида 397 та жиноят иши бўйича 537 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган эди.

Биринчи ярим йилликда жавобгарликка тортилган мансабдорлардан 4 нафари республика миқёсидаги, 13 нафари вилоят миқёсидаги, 442 нафари эса туман ёки шаҳар миқёсидаги ходимлар бўлган.

Улар бошқалар мулкини ўзлаштириб олганлик, товламачилик, порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлик, мансаб ваколатидан четга чиққанлик, совуққонлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланганлар.

Мазкур шахслар томонидан содир этилган жиноятлар туфайли 2020 йил биринчи ярмида давлатга 172 миллиард 260 миллион сўм зарар етказилган, бундан 114 миллиард 267 миллион сўми (яъни 66 фоизи) ундириб олинган.

МБ: Ўзбекистонликлар I ярим йилликда ўтган йилгидан 3 баробар кўп валюта сотиб олган

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган чет эл валютаси ҳажми 1 миллиард 700 миллион АҚШ долларига тенг бўлган. 2019 йил биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 557 миллион долларга тенг бўлгани эътиборга олинса, ўзбекистонликлар бу йил уч баробар кўп валюта сотиб олгани маълум бўлади.

Марказий банк маълумотларига кўра, жисмоний шахслар томонидан сотилган валюта миқдори эса биринчи ярим йилликда 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57 фоизга ёки 797 миллион долларга ошган.

Натижада ушбу операциялар бўйича ижобий сальдо 491 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 351 млн. долларга (ёки 42 фоизга) камайди”, дейилади МБ хабарномасида.

Акмал Бурҳонов Коррупцияга қарши курашиш агентлигига раҳбар этиб тайинланди

Акмал Бурҳонов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Акмал Бурҳонов яқинда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор маҳаллий нашрлар ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилдилар.

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди. Бевосита мамлакат президентига бўйсунадиган ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлган мазкур агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

39 ёшли Акмал Бурҳонов бунгача “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатини бошқариб келаётганди.

Маълумотларга кўра, 1981 йили Наманган шаҳрида туғилган Акмал Бурҳонов 2001 йилда Тошкент давлат юридик институти бакалавриатини, 2003 йили шу институтнинг магистратурасини тамомлаган.

2007 йилда Япониядаги Нагоя давлат университетини тугатиб, ушбу университет докторанти илмий унвонини олган.

2014 йили у парламент қуйи палатаси депутати этиб сайланган.

2017—2019 йилларда “Тараққиёт стратегияси” марказига раҳбарлик қилган.

А. Бурҳонов 2019 йил бошидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси карантинга олинди

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Марказий кенгаши биноси карантинга ёпилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри ташкилотдаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилади.

Нашр манбасига кўра, Марказий кенгашда ишлайдиган ўнга яқин ходимда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган.

Кеча бу ҳақда хабарлар тарқалгандан кейин биномиз карантинга тўлиқ ёпилди. Афсуски, касаллик билан зарарланиш ҳолати жуда кўпайиб бормоқда. Мен билганларим ўнга яқин ходим”, деган исми сир қолишини истаган манба.

Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров эса нашрга вирус юқтирганлиги расман тасдиқланган ходимлар сони бунчалик кўп эмаслигини билдирган.

Коронавирусга тест топширган ва расман тасдиқланган ходимлар икки нафар. Буни уларнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Қолган ҳолатлар расман тасдиқланмаса, бирор нима деёлмайман. Шу нарса аниқ бўлмай туриб, касалланганлар кўп дейишим хато бўлади”, деган ташкилот матбуот котиби.

Н. Абдуқодиров аслида Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши 10 июлдан бошлаб онлайн тарзда ишлашга ўтгани, ўшандан буён фақат саноқли ходимгина зарурат туфайли келиб ишлаётгани, ходимларнинг коронавирусга чалинганига оид хабар тасдиқланганидан кейин эса ташкилот биноси карантинга тўлиқ ёпилганини қўшимча қилган.

Мирзиёев ҳокимларга ҳар куни ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга жавоб бериш вазифасини юклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда ҳокимлар бундан буён кунига 2 соат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб беришлари лозим. Бундай вазифа президент Шавкат Мирзиёев томонидан 14 июль куни Тошкентда ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида қўйилди.

Ҳокимларга шундай топшириқ: эрталаб бир соат – 8 дан 9 гача, кечқурун 9 дан 10 гача (яъни 21.00 дан 22.00 гача – таҳр.) ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга мукаммал жавоб берасизлар. Халқимиз ҳамма нарсани билиши керак”, деган президент Мирзиеёв.

Эпидемиологик вазиятга тўхталган Ш. Мирзиеёв, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиб, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқишни топширган.

Айни пайтда президент вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар, жойлардаги ҳокимлик ва бошқарув идоралари ўз ҳудудидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, Республика комиссияси билан келишилган ҳолда карантин қоидаларини қаерда зарур бўлса кучайтириши, қаерда зарур бўлса юмшатиши лозимлигини урғулаган.

Ҳеч кимга сир эмас, бу йилдан бошлаб озиқ-овқат масаласи дунё миқёсида ҳал қилувчи ўринга чиқади. Чунки коронавирусни енгиш ҳам, халқ фаровонлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳам аввало шунга боғлиқ. Шунинг учун бизда доимо уч ойлик озиқ-овқат захираси шай туриши керак”, деган Ш. Мирзиёев.

COVID-19 қурбонлари сони яна 4 нафарга кўпайди

uzbekistan - Publix transport partly resume in Uzb, still in quarantine COVID-19

Ўзбекистонда 14 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 киши оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Сешанба куни вафот этганлардан уч нафари Тошкент шаҳридан, яна бири Қашқадарё вилоятидан бўлган.

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшаган56 ёшли Б.В.нинг (эркак) ҳам, пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган 61 ёшли Ф.А.нинг (эркак) ҳам, Олмазор туманида яшаган 68 ёшли К.А. (эркак) ва унинг рафиқаси 67 ёшли С.А.нинг ҳам коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган.

ССВ тошкентлик беморларда ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлганини қайд этади.

Аммо, шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, улар оламдан ўтишган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 67 нафарга етган.

Коронавирус юққанлар сони 14 мингдан ошди

A laboratory technician organises blood samples before carrying out a COVID-19 screening test at the LPA medical analysis laboratory in Besancon

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 14 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 14085 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, сешанба куни мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш бўйича 494 та ҳолат қайд этилган, шундан 303 таси карантин муассасаларида, 191 таси аҳоли орасида аниқланган.

Бу орада беморлардан 8327 нафари соғайган, 5691 нафари эса тиббиёт муассасаларида даволанишда давом этмоқда. Даволанаётган беморлардан 52 нафарининг аҳволи оғир, 6 нафарининг эса ўта оғир аҳвол, дея баҳоланмоқда.

МБ: Хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳажми 6 фоизга камайди

Ўзбекистонга жорий йилнинг биринчи ярмида чет ўлкалардан келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 2 миллиард 400 миллион АҚШ долларини ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 156 миллион долларга ёки 6 фоизга камдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати маълум қилган.

Айни пайтда хорижий ўлкаларга Ўзбекистондан йўлланган пул ўтказмалари ҳажми 427 миллион долларга етган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 миллион долларга ёки 9 фоизга кам.

МБ қайдича, бунинг натижасида трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 2 миллиард долларга етган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 116 миллион долларга ёки 5 фоизга камдир.

Хорижликларга ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган дарслик ишлаб чиқилди

Чет элликлар учун “Ўзбекона” дарслиги.

Ўзбекистонда чет элликларга ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган “Ўзбекона” дарслиги чоп этилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўз расмий Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур дарслик хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан A1 даражани эгаллаш имконини берувчи дарслик бўлиб, у 9 та бўлим, 3 та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат.

“Китобда шу пайтгача мавжуд қўлланма ва электрон ресурслардан фарқли равишда мавзулар тизимли ва изчил ёритилган, интегратив ва коммуникатив методлар уйғунлаштирилган, воситачи тилдан фойдаланилмаган”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Дарслик хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.

Ўзбек киносининг “шум бола”си оламдан ўтди

Абдураим Абдуваҳобов Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри эди.

Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов 56 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Миллий театрнинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълумот тарқатилди.

Бугун Миллий театр жамоаси оғир жудоликка учради. Юксак қалб эгаси, ноёб истеъдод соҳиби, олийжаноб инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов оламдан ўтди. Театр жамоаси Абдураим Абдуваҳобовнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади хабарномада.

Абдураим Абдуваҳобов 1963 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтининг (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъати институти) тамомлаган.

А. Абдуваҳобов кўплаб спектакль ва фильмларда бош ва иккинчи даражали ролларни маҳорат билан ижро этган. Ўзбек томошабини уни айниқса "Шум бола” ҳамда “Суюнчи” фильмлари орқали яхши танир эди.

Озодлик марҳум актёрнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистон ОТБ ва ОИИБдан $200 млн кредит олади

Осиё тараққиёт банки логоси.

Ўзбекистон COVID-19 эпидемиясига қарши кураш доирасида Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) 100 миллион доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан (ОИИБ) ҳам 100 миллион доллар маблағ жалб этмоқчи.

Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава ўртасида 13 июль куни видеоконференцалоқа орқали ўтказилган музокаралар чоғида билдирилди.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилиш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини минималлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар доирасидаги жорий ҳамкорликни муҳокама қилишга бағишланган.

Суҳбат чоғида М. Асакава ОТБда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ва жиҳозлаш учун 100 млн доллар миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганлигини маълум қилган. Кредит жорий йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилмоқда.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 млн долларлик маблағлари жалб этилиши маълум қилинган.

Музокаралар якунида ОТБ билан амалдаги Ҳамкорлик дастури доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш ва 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги Дастур бўйича келишиш ишларини бошлаб юборишга қарор қилинган.

Коронавирус қурбонлари: Тошкентда ўтган суткада яна икки аёл ва бир эркак вафот этди

Ўзбекистонда 13 июль куни коронавирус юқтириб олгани тасдиқлангани ортидан яна 3 бемор оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, душанба куни вафот этган 67 ёшли М.Т. (аёл) ҳам, 65 ёшли С.Қ. (аёл) ҳам, 60 ёшли Б.Э. (эркак) ҳам Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб келишган.

Вазирлик уччала беморда ҳам ҳамроҳ касалликлар бўлганини қайд этади.

ССВ шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, уч бемор ҳам ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.

Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 63 нафарга етган.

Ўтган кеча-кундузда 600 чоғли киши коронавирусга чалинди, аксилрекорд янгиланди

Жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 594 та ҳолат қайд этилган. Бу бир кеча-кундузда хасталикка чалиниш бўйича янги аксилрекорд кўрсаткичдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, хасталаниш ҳолатларининг 272 таси карантин муассасаларида, 322 таси эса аҳоли орасида аниқланган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 13591 нафарга етган.

Бу беморлардан 8030 нафари соғайган, 5498 нафари эса айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанмоқда. Муолажа кўраётган беморлардан 45 нафарининг аҳволи оғир, 7 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.

Миллий масс-медиа фондини бундан буён Колесниченко бошқаради

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг янги директори Александра Колесниченко.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига Александра Колесниченко директор этиб тайинланди. Бу ҳақда Фонд ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ушбу лавозимга тайинлангунга қадар А. Колесниченко Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ахборот соҳасини ривожлантиришни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Фонднинг олдинги директори Хушнудбек Худойбердиев, аввал хабар берганимиздек, ҳукуматнинг жорий йил 1 июлидаги 415-сонли қарори билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Ўзбекистонда журналист ва блогерларни қўллаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон имижини янада яхшилашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Cув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик концепцияси тасдиқланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда президент фармони билан республика сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

Фармонга кўра, 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган:

  • суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
  • сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
  • шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
  • барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” («Ақлли сув») сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
  • 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

“Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги мазкур фармон билан концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си ҳам тасдиқланган.

Унга мувофиқ, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда Сув кодекси ишлаб чиқилади.

Доллар ва евронинг расмий курси яна ошди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 14 июлидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 10 сўм 23 тийинга қимматлаб, 10 минг 194 сўм 96 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 11 сўм 35 тийинга қимматлаб, 10 минг 184 сўм 73 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 62 сўм 49 тийинга ошиб, 11 минг 518 сўм 27 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 44 сўм 30 тийинга кўтарилиб, 11 минг 455 сўм 78 бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Мирзиёев сенатор Робахон Маҳмудовани Олий суд раисининг ўринбосари лавозимига кўрсатди

Робахон Маҳмудова.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сенатор Робахон Маҳмудова номзодини Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – жиноят ишлари бўйича суд коллегияси раиси лавозимига кўрсатди. Унинг номзоди эндиликда Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилади. Бу ҳақда Газета.uz нашри Сенатдаги ва Олий суддаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Робахон Маҳмудова 1968 йили Фарғона вилоятида туғилган. 2008 йилгача Олий суд судьяси лавозимида ишлаган. 2017−2020 йиллар мобайнида Ўзбекистон президентининг Фарғона вилояти бўйича халқ қабулхонасига раҳбарлик қилган. 2020 йил январида сенатор этиб сайланган ва шу кунда Олий Мажлис юқори палатасининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси бўлиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, у Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси бўлиб ҳам ишлаган.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозими бу вазифада ишлаган Шоюнус Ғозиев 2014 йил августида Олий суд раиси лавозимига сайланиб кетганидан бери (яъни қарийб олти йилдан буён) бўш турганди. Ш.Ғозиев Олий суд раиси лавозимида 2017 йил майигача ишлаган.

Сурхондарёда туман ҳокими судьяларни обрўсизлантиришга уринди, судьялар ҳайдовчиси калтакланди

Иллюстратив сурат.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай, шу ерда навбат кутиб турган одамлар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, 10 июль куни содир бўлган ҳодиса чоғида судья ва суд ходимларига қўполлик қилинган, туман судининг ҳайдовчиси Р. Раҳимназаровни йўл патруль хизмати ходими Р. Раимов билагидан тортиб, ИИБ бошлиғи Б. Хидиров ва ўринбосари Ш. Азизбердиевлар автомашина калитини олиб қўйиб, уни автомашинада ўтирган жойидан куч ишлатиб тортиб, эгнидаги кўйлагини олд кўкрак қисмини йиртиб, суд ходимини туман ИИБ биносига олиб келиб, ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Азизбердиев суд ходимини ҳақоратлаб, бўйнидан бўғиб, шахсий телефон аппаратини тортиб олиб, сўнгра вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.

“2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланган. Р.Раҳимназаровнинг баданида кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасида қонталашлар ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасида шилинмалар мавжудлиги, унинг кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасидаги қонталашлари ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасидаги шилинмалари ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир-неча мартабалик зарб ва ишқаланиш механизмлари таъсирида етказилганлиги, оғирлик даражасига кўра енгил тан жароҳатлари, деб баҳоланган”, дейилади хабарда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, воқеа жойида бевосита ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган Жарқўрғон тумани ҳокими З. Давлатов, туман ИИБ бошлиғи Б. Хидиров, ўринбосари Ш. Азизбердиев ва бошқа алоқадор ходимларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилган.

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлидаги қарори билан ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган хизмат автотранспорт воситалари рўйхатига суд тизими автомашиналари ҳам киритилганини таъкидлаб, жарқўрғонлик амалдорларни Республика махсус комиссияси қарори моҳиятини тушунмаганликда айблайди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG