Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:50

Ҳибс муддати чўзилган белорус модели олигархдан узр сўради (ВИДЕО)


"Настя Рибка" тахаллуси билан машҳур Анастасия Вашукевич

Россиянинг 2016 йилги АҚШ президент сайловига аралашганини исботловчи далиллари борлигини иддао қилган белоруслик модел қиз россиялик олигархдан кечирим сўради. Шунингдек, ўзига қўйилган фоҳишалик билан боғлиқ айбловларни асоссиз, деб рад этди.

"Настя Рибка" тахаллуси билан машҳур Анастасия Вашукевич 19 январь куни Москванинг Нагатинск туман судида журналистларга “менга қўйилаётган айбловлар асоссиз”, деб айтди. У россиялик миллиардер иш одами Олег Дерипасканинг “обрўсини тўкмаслик”ка ваъда берди.

Ваҳоланки, Вашукевич илгари қўлида Россиянинг АҚШ сайловига аралашгани эҳтимолига оид суҳбатнинг аудиоёзуви борлигини даъво қилган эди.

Москва суди Настя Рибка билан устози Александр Кирилловни, фоҳишаликка аралашиб қолганлик айби билан, 3 кеча-кундузга ҳибсга олганини эълон қилди.

Дўстлар, менинг узримни Олег Дерипаска билан рус сиёсатчиси ва собиқ бош вазир ўринбосари Сергей Приходкога етказиб қўйинглар, ‒ деди у суд залида. ‒ Бунақа иш бўлганидан афсус қиляпман ва астойдил хижолатдаман. Мен вазиятни чигаллаштирмоқчи эмасман ва Олег Дерипаскадан шахсан кечирим сўрайман. Бу ишим билан унинг, шахсан унинг эътиборини тортмоқчи эдим.

Вашукевич 17 январда Москванинг Шереметьево аэропортида, Таиланддан чиқариб юборилгандан сўнг, ҳибсга олинди. Ўша ерда у фоҳишалик айблови билан 9 ой қамоқда ўтирган эди.

Ўзига Алекс Лесли, деб лақаб қўйиб олган рус секс гуруси Александр Кириллов ва яна Андрей Жежка ва Мария Жаркова ҳам Рибка билан бирга қўлга олинди.

Вашукевич 2018 йил февралида машҳур бўлиб кетганди. Бунга россиялик коррупцияга қарши курашувчи фаол Алексей Навальний бир фош этувчи материални эълон қилгани сабаб бўлди. Унда ўша пайтдаги Бош вазир ўринбосари Сергей Приходконинг Норвегия қирғоқлари яқинида Дерипасканинг яхтасида дам олаётгани тасвирланган эди.

Ўша материалга Вашукевич 2016 йили Инстаграмда эълон қилган фотосурат ва видео илова қилинди. Приходкога иззат-икром кўрсатилган яхтада икковлон АҚШ сиёсатини муҳокама қилгани айтилди.

Яхтада икки киши билан суратга тушган Вашукевич ўшанда Дерипаска билан ишқий муносабатда бўлганини айтди.

Сўнгра Кириллов билан Таиландда ҳибсга олингач, Вашукевичнинг Қўшма Штатлардан бошпана сўрагани дунё ОАВда шов-шувга сабаб бўлди.

Вашукевич Россиянинг АҚШ сайловига аралашгани тўғрисидаги гумонларни тасдиқловчи тафсилотларни ошкор қилишини ва қўлида бир неча соатлик аудиоёзув борлигини иддао қилган эди.

АҚШнинг санкциялар рўйхатига кириб қолган Дерипаска бир пайтлар Трампнинг сайловолди кампанияси менежери Пол Манафортнинг шериги бўлган. У ўтган йили солиқ ва банк қаллоблигида айбланиб, судланди.

Инстаграмда Вашукевичнинг 120 минг издоши бор, яна у қандай қилиб олигархларни йўлдан уриш бўйича китоб муаллифи ҳамдир.

У билан Кириллов Россияда қамалиши ҳам мумкин, чунки Дерипасканинг уларга қарши шахсий ҳаётга аралашишга оид судда ютиб чиққани шундай тахминга асос беради.

XS
SM
MD
LG