Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 17:48

Ўзбекистон хабарлари

Жиян холасининг 50 000 000 сўмлик тилласини ўғирлагани учун жазоланди

Наманганда суд ўз холасининг 50 000 000 сўмлик тилла буюмларни ўғирлаган ёш йигит ишини кўриб чиқиб, унга ишлаган иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Бу Наманган вилоят судидан олинган маълумотга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Маълум бўлишича, йигит холасининг темир сейфидан тилла буюмларни ўғирлаганидан сўнг, хола тиллалари йўқолгани тўғрисида ИИБга хабар берган. Ўғирлик қилган йигит ўша куниёқ тилла буюмларни олган жойига қайтарган ва ўзи ички ишларга таслим бўлиб, қилмишини бўйнига олган.

Кун янгиликлари

ЎзЛиДеп вакили "дангасаларнинг" яна бир тоифаси борлигини "ошкор қилди"

Кам таъминланган оилалар учун бериладиган нафақалар кўп одамларни ялқов қилиб қўймоқда. Мен кам таъминланганман деб, ҳеч иш қилмасдан ҳаёт кечираверади.

Бу фикрни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддинов Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган пресс-клуб сессиясида билдиргани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.

«Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастурини жадаллаштириш ва энг асосийси, халқимиз учун юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш - ЎзЛиДеПнинг қўйган асосий вазифаларидан бири. Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган 50 та мамлакат қаторларига қўшиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Инвестиция миқдорини ошириш сайловолди дастуримизга кирган 5 та муҳим вазифаларимиздан бири», - деган Б. Руҳиддинов.

Kun.uz сайти кам таъминланган оилаларга тайинланадиган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжудлигини эслатиб ўтган:

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;

бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;

кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилнинг 19 июнь куни Жиззах вилоятига қилган сафарида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини дангаса деб атаган эди.

Доллар арзонлади, евро қимматлади

Марказий банк 17 декабрдан кучга кирувчи хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини эълон қилди.

Унга кўра, АҚШ доллари курси ўтган ҳафтадагига нисбатан 5,15 сўмга пастлаб, 9 532,40 сўмни ташкил этди.

Евро 53 сўм, 41 тийинга қимматлаб 10599.08 сўмга тенглашди.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Uzbekistan Airways об-ҳаво ёмонлиги учун бир неча парвозни кечиктирди

Uzbekistan Airways авиакомпанияси об-ҳаво шароитлари ёмонлашгани сабабли, бир қатор парвозлар кечиктирилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, Наманган аэропорти ёпилди (кўриниш масофаси 50 метр). HY-095 (Тошкент-Наманган) қатнови соат 9:30 га кўчирилди.

HY-042 (Самарқанд-Тошкент) қатнови Тошкент аэропортида кўриниш етарли даражада бўлмаганлиги сабабли соат 09:30 га кўчирилди. Шу муносабат билан HY-065 (Тошкент-Термиз) қатнови соат 10:30 га кўчирилди.

HY-3620 (Жидда-Тошкент) қатнови ҳаво кемасининг сардори Тошкент аэропортида соат 07:17 да кўриниш етарли даражада бўлмаганлиги сабабли, самолётни Бухоро аэропортига қўндиришга қарор қилди. Ҳозирда самолёт Тошкентга учишга тайёрланмоқда, деб хабар қилди компания маҳаллий вақит билан 16 декабрь, соат 5.00 да.

Ўрта мактабларда “Тарбия” фани жорий қилинади

Умумий ўрта таълим муассасаларида “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя ва маънавият асослари” ва “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани 1-9-синфларда 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этилади. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2020 йилнинг апрель-май ойларида “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг тажриба вариантларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида тажриба-синовдан ўтказади.

Умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанидан дарс берувчи “Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих” мутахассислигига эга ўқитувчиларни халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларида мақсадли малака ошириш курсларига жалб этади.

Президент Мирзиёев 17 декабрь куни Японияга боради

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабрда Японияга расмий ташриф билан боради. 20 декабргача давом этадиган ташриф Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф доирасида Япония Бош вазири Синдзо Абэ, Парламентнинг Маслаҳатчилар палатаси президенти Акико Санто, Парламентнинг Вакиллар палатаси спикери Тадамори Осима, Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан музокаралар бўлиб ўтади.

Томонлар Ўзбекистон-Япония муносабатларини, шу жумладан, истиқболда ривожлантиришнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини муҳокама қиладилар, халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Япония Императори Нарухито томонидан қабул қилинади.

Ташриф дастуридан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаока, етакчи саноат ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўрин олган.

“Музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, божхона, туризм, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда”, дейилади расмий хабарда.

Янги қурилишлар аҳоли муҳокамасидан ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказилгачгина амалга оширилади

Иллюстратив сурат.

Адлия вазирлиги 15 декабрь куни президентнинг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига тушунтириш берди.

Вазирликнинг билдиришича, қарорга асосан 2020 йил 1 мартдан бошлаб “аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилади”.

Бундан ташқари жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинганидан (расмийлаштирилганидан) кейин 1 кун муддатда тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Қарорга асосан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

-шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилади;

- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан шахс ушланганда унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланади;

- 2020 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилади.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 майга қадар:

- прокурор, суриштирувчи ёки терговчининг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши қўзғатишни рад этиш, тафтиш тайинлаш, суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорлари устидан манфаатдор шахслар томонидан бевосита судга шикоят қилиш;

- суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жумладан ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда таъсир ўтказиш ҳолатлари бўйича жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи Қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

2020 йил 1 майга қадар адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мавқеини тубдан ошириш бўйича:

- Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси;

- Адлия вазирлигининг Адвокатлар палатаси фаолияти билан боғлиқ бўлган ваколатларини қайта кўриб чиқиш орқали ушбу тузилманинг роли ва аҳамиятини янада ошириш;

- терговчи, прокурор ва суд томонидан давлат ҳисобидан адвокатларни жалб қилиш механизмини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш;

- адвокатлар учун қўшимча имтиёзлар белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 1 мартга қадар Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2020–2021 йилларда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Қарағандада тўрт ўзбекистонликни олиб келаётган автомашина ҳалокатга учради

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида содир бўлган автоаварияда бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, уч нафар ўзбекистонлик турли тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 15 декабрда маълум қилишича, ҳодиса 13 декабрь куни эрталаб соат 9:30ларда “Қарағанда-Балхаш” йўлида юз берган.

Ўзбекистонликларни Россиядан олиб келаётган автомашина йўлда бошқа автомашина билан тўқнашиб кетган.

Айни пайтда Қарағанда вилоят йўл полицияси мазкур ҳодиса юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги консулхонаси вазиятни ўз назоратига олганини билдирди.

Когондаги мактабда ўқувчиларга ҳожатхонада дарс ўқитилгани тасдиқланди

Когон шаҳридаги 9-сонли мактаб ҳожатхонасида ташкил этилган синф.

Когон шаҳридаги 9-сонли мактабда ҳожатхонадан синф хонаси сифатида фойдаланиш тўхтатилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимияти расман маълум қилди.

14 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Когон шаҳридаги 9-сонли мактаб хожатхонасида ўқувчиларга дарс зтилаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган эди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 1986 йилда қурилган мактаб 1051 ўқувчини ўқитишга мўлжалланган. Аммо ҳозирги кунда мактабда 1573 нафар ўқувчи ўқимоқда. Уч қаватли мактаб биносининг ҳар бир қаватида ички ҳожатхона, ювиниш хоналари лойиҳалаштирилган, лекин иккинчи ва учинчи қаватдаги ҳожатхоналар ишламайди ва фақат биринчи қаватдаги ҳожатхонадан фойдаланилади.

“Бундан бир ойча аввал ана шу хоналардан бири ўқувчилар билан алоҳида, синфдан ташқари машғулотларда фойдаланиш учун реконструкция қилинган. 13 декабрь куни ушбу хонада 9-синф ўқувчиларидан мактаб ўзбек тили ўқитувчиси А.Ф. раҳбарлигида ўзбек тилидан назорат иши олинган. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган сурат шу жараёндан”, - дейилади хабарда.

Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг талаби билан юқорида тасвирланган хонадан фойдаланиш тўхтатилган.

Прокуратурадан Фарғона ҳокимига боғлиқ воқеага ҳуқуқий баҳо бериш сўралди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, депутатнинг бу чақириғи 15 декабрь куни "Демократик дебат" мулоқотида янграган.

"Биз бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Бош прокуратура ҳуқуқий баҳо беришини сўраймиз. Умид қиламизки, улар вазият юзасидан аниқ ҳуқуқий баҳо беради ва тегишли жавобгарлик масаласини керак бўлса кун тартибига олиб чиқади ҳамда жамоатчиликни унинг натижасидан хабардор қилади", дея депутатдан иқтибос келтирди нашр.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани айтилган навбатдаги аудио Озодликка келиб тушди.

2 декабр куни ўтказилган селектор йиғилишида мулозим Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергайди.

Озодлик бундан олдин худди шу селектор йиғилишида вилоят ҳокими халқ норозилигини ижтимоий тармоқда хабар ва видео қилиб тарқатаëтганларга нисбатан кескин чора кўришни талаб қилгани ҳақида ёзганди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати​ раҳбари Муҳаммаджон Обидов аудиодаги овоз монтаж қилинган, сохта бўлиши мумкин, деди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятида ўз ходимларидан рўмол ва соқолга қарши чора кўришни талаб қилгани қайд этилган аудио тарқалганди. Ўшанда ҳоким Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан огоҳлантирилган ва унга 3 ой синов муддати берилган. Бу муддат декабрь охирида ниҳоясига етади.

Вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мажлисларда қўпол чиқишлари билан аввалдан танилган.

Шу йилнинг 2 августида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Фарғона вилояти ҳокимини кескин танқид қилган.

Президент видеоселектор йиғилишда Фарғона вилояти ҳокимини “Ғаниев деган валломат”, деб таърифлаб, хиёнатда айблаганди. Президент ҳокимни Риштондаги ноқонуний бузилишлар учун кескин танқид қилган ва у билан “катта ишларни амалга ошириш” имкони йўқлигини айтганди.

Ана шу танқиддан сўнг Фарғона ҳокими Риштон туманига бориб, аҳолидан кечирим сўради. Аммо, орадан ҳеч қанча ўтмай - Мустақиллик байрами арафасида айнан шу ҳокимни президент "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирлади.

Тошкент-Москва йўналишида автобус қатнови 19 декабрда бошланади

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 19 декабрдан “Тошкент – Москва – Тошкент” йўналишида мунтазам автобус қатновини йўлга қўймоқда.

Вазирлик тарқатган эълонда айтилишича, Россияда ишлаётган ватандошларга совға тариқасида - Янги йил байрамини уйида кутиб олиши учун қатнов 19 декабрдан бошланади.

"Қатновлар Uzautotrans Service корхонаси томонидан замонавий Yutong автобусларида амалга оширилади. Қатновлар “Тошкент” автовокзали ва Москванинг "Новоясеневская" автостанциясидан амалга оширилади", деб хабар қилади вазирлик.

Йўналиш бўйича чипта нархи 900 000 сўм. Қатнов ҳафтасига икки марта - душанба ва пайшанба кунларига белгиланган.

Автобуслар "Тошкент" автовокзалидан соат 12:00 да йўлга чиқади. "Новоясеневская" автостанциясидан эса Москва вақти билан соат 14:00 да ҳаракатланади.

Айни пайтда, Россиянинг Нижний Новгород ва Қозон шаҳарларига ҳам Ўзбекистондан мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилган.

Бу қатновлар 2018 йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганидан сўнг йўлга қўйилди.

Воқеа жамоатчиликда қаттиқ норозилик уйғотган, меҳнат муҳожирларининг ўта оғир шароитда Россияга қатнаётган танқидларга сабаб бўлганди.

Шундан сўнг, ҳукумат Россияга автобус, поезд ва учоқ орқали қатновни кўпайтириш ҳамда арзонлаштиришга оид қатор қарорларни қабул қилган. Тошкент-Москва йўналишидаги мунтазам автобус қатновини йўлга қўйиш ўша кезда ваъда қилинган эди.

Самарқандда қонунчиликни мунтазам бузиб келган 8 нафар ИИБ ходими ишдан олинди ​​​​

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, бошқарманинг хизмат интизоми ва қонунчиликни мунтазам бузиб келган 8 ходими ишдан олинган, 22 нафарига нисбатан интизомий чоралари кўрилган.

Шундан 3 нафар ходим ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди, 5 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 14 нафар ходимга нисбатан тегишли интизомий чоралари қўлланилди, дейилади бошқарма билдирувида. ​

Бундан ташқари, 11 нафар хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил ходимларни, уларнинг ота-оналари иштирокида вилоят ИИБдаги “Интизомий кенгаш”да муҳокама этиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилган.

Икки йил аввал Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат мажлисида ИИБ ходимларини қаттиқ танқид қилган эди.

"Ўтган йилда 4518 нафар ходим, шундан 966 нафар ходим салбий сабабларга кўра ички ишлар идораларидан бўшатилган. Уларнинг аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган. Бундай ҳолатларда аҳоли орасида ички ишлар ходимининг обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак?", — деган эди Мирзиёев.

Қамчиқ довонида қор туфайли ҳаракатланиш қийинлашди

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довонида об-ҳаво шароити оғирлашишидан огоҳлантирди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, А-373 "Тошкент—Ўш" автомобиль йўлининг "Қамчиқ" давони ҳудудида кучли қор ёғиши, йўлнинг музлаши, туман тушиши, кўриш масофаси 50 метргача ёмонлашиши, шунингдек, шамолнинг тезлиги 15—20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Ҳайдовчилардан ушбу ҳудудда ҳаракатланишда эҳтиёт бўлиш сўралган.

Йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида вазирлик довон ҳудудида ҳаракатланишдан олдин автомобилларнинг техник ҳолатини тўлиқ кўздан кечириш, довон орқали етарли даражада ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан ҳаракатланиш, автотехникаларнинг қиш мавсумида ҳаракатланиш учун махсус шиналар билан алмаштириш, ҳайдовчиларимизнинг "Қамчиқ" довони орқали ҳаракатланганда ҳушёрликни янада оширишлари ва йўлларда тўхтаб дам олишлари, вилоятлараро юк ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, фирмалар, хусусий тадбиркорлар томонидан ҳайдовчилар билан профилактик тадбирлар ўтказилиши кераклигини билдирган.

Президент: 2020 йили ялпи ички маҳсулотнинг 5¸5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда

2019 йил якунларига бағишланган ҳукумат мажлисида президент Шавкат Мирзиëев 2020 йилда ялпи ички маҳсулот 5,5 фоизга, саноат 6,5, қишлоқ хўжалиги 4 ва хизматлар 5,7 фоизга ўсиши прогноз қилинганини билдирди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати ëзди.

Мажлисда келаси йилги иқтисодий режалар ҳам муҳокама қилинган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун маҳсулот етиштирилишидан қайта ишланиб, бозорда сотилгунча бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган ҳолда назорат қилиш бўйича масъуллар белгиланди”¸ дейилади расмий хабарда.

Ҳукумат мажлисида президент “ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш орқали келгуси йили 400 мингга яқин иш ўрни яратиш” ҳақида топшириқ берган.

Расмий баëнотда¸ 2019 йилги инфляция даражасига оид рақамлар келтирилмади.

Давлат статистика қўмитаси¸ 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархининг ўртача 11,4 фоизга қимматлагани¸ 2019 йилнинг октябрида ўртача истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,5 фоизни ташкил этгани ҳақида маълумот берган эди.

АҚШ элчиси муддатдан ортиқ қолаëтган ўзбекистонликлар боис виза беришнинг қийинлашганини билдирди

Дэниел Розенблюм

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ўзбекистонликларнинг АҚШ визаси сўраб қилган мурожаатининг қарийб 70 фоизигача рад этилаëтгани сабабларига изоҳ берди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда Розенблюм ўзбекистонликларга виза беришнинг кескинлашуви сабабларидан бири сифатида АҚШ визаси муддати тугаганига қарамай ўзбекистонликларнинг чиқиб кетмаëтганини тилга олди.

Элчининг суҳбат давомида айтишича¸ виза билан АҚШга келиб, белгиланган муддатда чиқиб кетмаëтган ўзбекистонликлар сони бошқа давлат фуқароларига нисбатан юқоридир.

АҚШ Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюроси сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ кейинги бир йил давомида қисқа муддатли АҚШ визаси учун ҳужжат топширган ўзбекистонликларнинг 68 фоизи сўрови рад қилинган ва ўзбекистонликлар бу борада постсовет ҳудудида биринчиликка чиққан.

Айни пайтда¸ кейинги йилларда АҚШга вақтинчалик виза билан бориб¸ террорчилик¸ хусусан¸ “Ислом давлати” гуруҳига алоқадорликда айбланиб¸ қамалган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпайди.

UzAuto Motors йил бошидан бери 250 мингдан зиёд енгил автомобиль ишлаб чиқарди

Иллюстратив сурат.

“UzAuto Motors” акциядорлик жамияти жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 253 421 та енгил автомобиль ишлаб чиқарган. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизмати маълум қилади.

Бундан UzAuto Motors ҳар ой ўртача 23 мингдан зиёд енгил автомобиль ишлаб чиқаргани маълум бўлади.

Акциядорлик жамияти ҳозирги кунда ўзининг учта ишлаб чиқариш майдончасида Chevrolet ва Ravon брендлари остида автомобилларнинг 10 модели ишлаб чиқарилади.

Аввалроқ Озодлик Россия бозорида ўзбек автомобиллари нархи кескин пасайиб кетгани ҳақида хабар қилган.

Хоразм “Лазги”си жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

Иллюстратив сурат.

ЮНЕСКО ташкилоти Хоразм “Лазги”сини Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook тармоғи орқали маълум қилган.

“Лазги”ни номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ҳақидаги қарор 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтган ЮНЕСКО номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қабул қилинган.

Унда Ўзбекистон делегацияси “Лазги” номинацияси тақдимотини ўтказган. Тақдимот чоғида бой тарих ва маданий меросга эга бўлган ЎзбекистонЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига ўзбек халқи номоддий маданий меросига оид яна кўп уникал унсурлар таклиф қилиши мумкинлиги урғуланган ҳамда улар орасида бахшичилик ва миллий спорт турлари келтирилган.

ЮНЕСКО жаҳон номоддий мероси репрезентатив рўйхатига шу кунгача Ўзбекистон томонидан "Бойсун маданий муҳити", "Шашмақом", "Наврўз байрами", "Катта ашула", "Аския ижрочилиги", "Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар" каби номоддий мерос унсурлар киритилган.

“Лазги”га Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам ҳар байрамда ўйнаб келган.

Тошкентда мижозини 33 млн сўмга чув туширган “иссиқ-совуқчи” ушланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахтида бир йигитни “иситиб” беришни ваъда қилиб, бир қиздан катта миқдорда пул олган, бироқ ваъдасини бажармаган “парихон”га нисбатан жиноят иши очилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, 20 ёшли Валентина С. исмли аёл “иситиш хизматлари” учун 28 ёшли Зилола А.дан 450 минг сўм пул ва умумий қиймати 32 млн 890 минг сўм бўлган тилла тақинчоқлар олган, аммо ваъдасида турмай, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Ушбу ҳодиса асосида “парихон”га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Теҳрон Ўзбекистонга денгиз дарвозасини очишга тайёр эканини билдирди

Эрондаги бандаргоҳлардан бири.

Эрон Ўзбекистонга Шимол-Жануб транспорт йўлагида денгиз, темир йўл ва автомобиль йўлларини очиш орқали уни Шимолий Африка мамлакатлари билан боғловчи транзит мамлакат ролини ўйнаб беришга тайёр. Бу ҳақда Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Ризо Раҳмоний Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда билдирди, дея хабар қилади iran.ru нашри.

Раҳмонийга кўра, Эрон Ўзбекистонга Шимолий Африка ва Форс кўрфази жанубидаги мамлакатлардан ҳеч бир чекловсиз мол ташиш учун транзит йўлак очиб бериши мумкин. Эронлик вазир Тошкент ва Теҳрон имтиёзли савдо тарифлари бўйича келишув имзолаши ва молиявий операцияларда миллий валютадан фойдаланиши мумкинлигини урғулади.

Тошкентдаги учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва қурилиш соҳаларида Эрон сармоясини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, фитосанитария назорати талабларини ўзаро тан олинишини таъминлаш орқали ўзаро савдони амалга ошириш шарт-шароитларини енгиллаштириш бўйича аниқ таклифлар баён этилган.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда 5 кунлик ўқиш тизими жорий этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасига ажратилган regulation.gov.uz порталида 12 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Туризм¸ хусусан¸ ички туризмни ривожлантиришга оид қатор топшириқлар белгиланган бу лойиҳада мамлакат таълим тизимини беш кунлик ўқишга ўтказиш таклифи ҳам айни шу мақсадда илгари сурилган.

Муаллифи Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлган бу ҳужжатда таълим ва туризм идораларига икки ой ичида “барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишги таътил даврини узайтириш бўйича таклиф киритиш” топширилган.

МСК Россиядаги ўзбекларнинг сайловда фаол қатнашаëтганини иддао қилди

12 декабрь куни хориждаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 22 декабрь кунга белгиланган сайловларда муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

Марказий сайлов комиссияси халқаро пресс маркази раҳбари Жалолиддин Усмоновнинг ТАСС мухбирига айтишича¸ Россия Федерациясидаги Ўзбекистон ватандошлари бу тадбирда¸ айниқса¸ фаол иштирок этмоқда.

МСК расмийсига кўра¸ овоз бериш бошланган куни Россия Яқин Шарқидаги сайлов участкасида маҳаллий вақт билан соат 12:00 га қадар 600 нафардан кўпроқ сайловчи овоз берган.

“Янги Ўзбекистон¸ янги сайловлар” шиори остида ўтаëтган парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари Шавкат Мирзиëев президентликка келгандан бери ўтказилаëтган илк йирик сиëсий тадбирдир.

Бу сайловларда Каримов даврида тузилган беш партия кўрсатган номзодлар қатнашмоқда¸ айни пайтда¸ хориждаги мухолифат партия ва ҳаракатлари¸ ëки мустақил номзодлар иштирокига рухсат берилмади.

Мирзиёев давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини танқид қилди

Ўзбекистонда бугунги кунда 2819 та давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти эски усулда, унумсиз ишлагани сабабли ҳатто дивиденд тўлай олмайди.

Бу ҳолат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 11 декабрь куни давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш натижадорлиги ва бу йўналишдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда кескин танқид қилинган.

“Давлат иштирокини ҳеч зарурат бўлмаган соҳаларда ҳам сақлаб турибмиз. Давлат корхоналарини бошқариш, фаолияти самарасини ошириш, уларнинг функцияларини хусусий секторга бериш бўйича ҳали сезиларли ўзгаришлар бўлмади”, деган Шавкат Мирзиёев мулозимлар олдига 2020 йилда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш бўйича янги вазифалар қўйган.

Хусусан, бундай корхоналарни ислоҳ қилиш ёки тугатиш, сақлаш ёки хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш бўйича Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Жумладан, ахборот технологиялари соҳасидаги 140 та корхона, ҳудудлардаги коммунал, қурилиш ва хизмат кўрсатиш субъектларига тегишли 1573 та, геология, металлургия, молия ташкилотлари бўйича 137 та, енгил саноат, машинасозлик ва электротехника тармоқларидаги 49 та, ижтимоий соҳа, туризм ва фармацевтика йўналишидаги 449 та, кимё, нефть-газ, энергетика соҳасидаги 42 та, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғидаги 330 та, саноат зоналаридаги 99 та корхона бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг ҳар бирига молия вазири ўринбосарлари бириктирилган.

Ишчи гуруҳларга бир ой муддатда ҳар бир корхонани тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг рентабеллиги, ҳозирги қуввати ва истиқболини таҳлил қилган ҳолда, 2020 йилга мўлжалланган аниқ режа ва таклифлар ишлаб чиқиш топширилган.

Йиғилишда хусусийлаштиришга оид ёндашувларни тубдан янгилаш, халқаро экспертларни жалб этиб, бу борада бозор иқтисодиётига хос ва мос тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланган. Хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув бўйича мутахассислар тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш, давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларини шу борада ўқитиш муҳимлиги қайд этилган.

Умра зиёрати учун ҳаво қатнови икки баробар кўпайди

Иллюстратив сурат.

Жорий йил 10 декабридан Саудия Арабистонига Умра авиақатновларини бир кунда икки мартадан амалга ошириш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу кунгача Умра ҳаво қатновлари бир кунда бир маҳал амалга ошириб келинган.

Диний идора бу тартиб 2020 йил ёз ойларига қадар давом этишини билдирган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар ўн кунлик Умра сафари давомида Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида 7 кун бўладилар.

“Улар мазкур шаҳарларда барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, элликбошилар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади”, дейилади идора хабарномасида.

Хивадаги Тош Ҳовлига АКФА роми ўрнатганлар жавобгарликка тортилади

Тош Ҳовли саройи (сурат Ўзбекистон Маданият вазирлиги сайтидан олинди).

Хиванинг Ичанқалъа музей қўриқхонаси ҳудудидаги Тош Ҳовли сарой мажмуасини таъмирлаш чоғида ўрнатилган АКФА ромлари олиб ташланди.

XIX асрда қурилган Оллоқулихон саройига алюмин ромлар,Ўзбекистон Маданият вазирлиги сайтида маълум қилинишича, Илмий-эксперт кенгашидан рухсат олинмасдан ўрнатилган.

Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг таъмир ишлари кенгаши буни маданий мерос объектига зарар етказиш, дея баҳолаган. Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома тузилган ва мавжуд муаммо бартараф этилган.

Маданият вазирлиги бу нохуш ҳодисага оид ҳужжатлар Республика прокуратурасига оширилиши, маданий мерос объектларига етказилган зарар учун айбдорлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилган.

ИИВ порносайтга кираётганларни шантаж қилаётган ҳакерлар фирибидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги порносайтларга кирганлардан пул талаб қилинаётганига оид ҳолат юзасидан суриштирув бошлади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган вазирлик ахборот хизмати фойдаланувчиларни шантаж қилиши мумкин бўлган ҳакерлар ҳаракатидан огоҳлантирган.

“Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома” сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга оширилиши лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан SMS хабар юборилиши ҳақида маълумот пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда”, дея билдираркан тартиб посбонлари ўзларининг бу ҳодисага мутлақо алоқалари йўқлигини таъкидлаганлар.

ИИВга кўра, вазирлик таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас, бунинг устига, “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.

Вазирлик интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслик учун ўзбекистонликларни фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирган.

Светлана Ортиқова: Нега ўзбек ўзбекни уради, нимага ўзбек ўзбекни қийнайди?

Ҳар қандай тергов ҳаракатини қонун доирасида, қийноқлар ёки бошқа шафқатсиз усулларни қўлламасдан ҳам амалга оширса бўлади. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

“Мен ҳам терговчи бўлганман. Тергов қилганман. Терговчи бўладими, прокурор бўладими ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти бўладими ёхуд суриштирувчи бўладими — барчаси инсоннинг тарбиясига боғлиқ. Қийноқларни ёки бошқа шафқатсиз усулларни қўлламасдан ҳам ҳар қандай тергов ҳаракатини қонун доирасида амалга оширса бўлади. Мен доим ўзимга ўзим савол бераман: нега ўзбек ўзбекни уради, нимага ўзбек ўзбекни қийнайди? Ҳаётда кимдир жиноят содир этмайди ва қамоққа тушмайди, деб ким кафолат бера олади?! Ҳеч ким бундай кафолат беролмайди. Бугун сиз мени қийноққа солган бўлсангиз, эртага мен сизни қийнашим мумкин. Қайтар дунё деган нарсалар бор”, дея иқтибос келтиради Светлана Ортиқова сўзларидан Kun.uz нашри.

Бош прокурор ўринбосари инсонни қадрлаш, ҳурмат қилиш туйғуси боғчадан шакллантириб борилиши кераклигига урғу берган.

“Тергов жараёнида қийноқни ишлатганлар таржимаи ҳоли ўрганилса, албатта, оиласида уруш-жанжал, ота-онаси, ака-укалари уришган, болаликда ит-мушукларни қийнаган бола бўлиб чиқади. Кейин у форма кийгач, мансаб берилгач, унда менга ҳамма нарса мумкин, деган фикр пайдо бўлади. Тергов жараёнида қийноққа солиш ҳолатлари билан прокуратура органлари қатъий кураш олиб бораяпти. Буни батамом йўқ қиламиз десак, бу — афсона, утопия. Лекин сиз билан биз шуни камайтира билишимиз керак.

Менгача бўлган, мендан кейинги погонли одамларни энди қайта тарбиялаб бўлмайди. Жуда қийин. Фақат жазолаш, тозалаш, тизимдан чиқариш билан чекланиш мумкин.

Лекин фарзандларимизни, бўлажак прокурорларни, терговчиларни боғчадан бошлаб тарбияласак, 20-25 йилдан кейин, Худо хоҳласа, ҳеч қийноқни ишлатмайдиган кадрлар етишиб чиқади”, деган С. Ортиқова 11 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG