Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2020, Тошкент вақти: 06:25

Ўзбекистон хабарлари

Ҳожиларнинг илк гуруҳи зиёратдан қайтди, қолганлари 1 сентябргача келтирилади (ФОТО)

Ҳожиларни Тошкентда қарши олишмоқда, 18 август, 2019 йил

Бу йил Ҳажга борган ўзбекистонлик ҳожиларнинг илк гуруҳи 18 август куни Тошкентга қайтди.

Мусулмонлар идораси берган хабарга кўра, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг қолган гуруҳлари 1 сентябргача қайтарилади.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Ҳажга борувчилар сони, йиллар давомида ўзгармай келган 5 ярим минглик рақамдан, 7 минг 200 кишига оширилди.

Бу йил шунча зиёратчига 35 кишилик ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор, 15 нафар ошпаз ҳамда 140 нафар гуруҳ раҳбари хизмат кўрсатди.

Айни пайтда, келгуси йилларда зиёратчилар сони мунтазам ошириб борилиши айтилган.

Кун янгиликлари

Мирзиëев “Фарғонаазот”даги давлат улушини инвесторга сотишни топширди

Шавкат Мирзиëев 2019 йил 6 май куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олган Аъзам Асланов билан учрашди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни кимё саноатини ислоҳ қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди¸ деб хабар қилди президент расмий сайти.

Келтирилган расмий рақамларга кўра¸ берилган имтиëзлар оқибатида “кимё тармоғи ўтган йилни 2018 йилга нисбатан 2,3 баробар кўп фойда билан якунлаган”¸ янги мажмуалар ишга тушган¸ янги ишлаб чиқариш заводларини қуриш бошланган.

Айтилишича¸ президент йиғилиш давомида мураккаб таркибга эга бўлмаган кимё маҳсулотларининг четдан олиб келинаëтгани¸ экспорт структураси диверсификация қилинмагани, кимë саноатидаги ускуналарнинг 60 фоизи эскиргани, энергия сарфининг меъёрдан 2-3 баравар баландлигини танқид қилган.

Бу танқидлардан сўнг президент “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти, Қўнғирот сода заводи ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида давлат улушини инвесторларга сотиш ҳақида топшириқ берган.

24 февраль кунги йиғилишда кимë саноатини ривожлантириш мақсадида Жанубий Корея билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот институти ташкил этиш, Тошкент кимё технология институтида мутахассисликлар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар ҳам берилган.

Ўзбекистонда нефть-газ ва кимë саноатидаги йирик объектларнинг инвестор¸ хусусан¸ хориж инвестори деб тақдим этилаëтган шахс ва компанияларга сотилиш жараëни мустақил таҳлилчилар томонидан "шаффоф бўлмаган" жараëн сифатида танқидга учраб келмоқда.

Афғонистонда коронавирус тарқаши ортидан ўзбек-афғон чегарасининг ëпилиши кутилмоқда

Эрон-афғон чегарасидан ўтиш.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Афғонистонда коронавирус эпидемияси бошланиши ортидан ўзбек-афғон чегарасини ëпишни таклиф қилди.

Бу таклиф коронавирусга қарши марказий штабнинг 24 февралдаги йиғилишида муҳокама қилинган.

Мазкур йиғилишга оид хабар тарқатган daryo.uz нашрига кўра¸ унда “Ўзбекистон—Афғонистон чегарасини вақтинча ёпиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатларга доир бошқа масалалар, кўриладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинган”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида ҳозирча бу йиғилиш¸ хусусан¸ ўзбек-афғон чегарасининг вақтинча ëпилиши ҳақида расмий хабар берилмади.

24 февраль куни Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда уч одамнинг коронавирусга чалингани аниқланганини маълум қилди.

Беморлардан бирининг уни Эроннинг Қум шаҳрида юқтиргани аниқланиши ортидан Афғонистоннинг Эронга туташ ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кунига янгилаб бораëтган коронавирус харитасига¸ ҳозирча Марказий Осиë давлатлари киритилмаган.

Доллар бироз арзонлади, евро қимматлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 25 февралидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилаб берди.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 2 сўм 21 тийинга арзонлаб, 9526 сўм 28 тийинни ташкил этади.

Евронинг расмий курси эса олдинги ҳафтадаги курсга нисбатан 10 сўмга қимматлаб, 10 минг 329 сўм 35 тийинга тенг бўлади.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

БМТ Бухоро тоғ қўйини ҳимоясига олди

Иллюстратив сурат.

Бухоро тоғ қўйи халқаро ҳимоя остига олинди. У БМТнинг кўчадиган ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш конвенцияси рўйхатига қўшилди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар хизмати хабар қилади.

Мазкур рўйхатга Осиё фили, ягуар, ҳинд тувалоғи ва бошқа айрим ҳайвонлар ҳам қўшилган.

Тоғ қўйлари Марказий Осиёдан ташқари Яқин Шарқ билан Ҳиндистонда ҳам яшайди. БМТ маълумотига кўра, Совет Иттифоқи даврида Марказий Осиёда минг чоғли тоғ қўйи яшаган, кейинчалик уларнинг сони камайиб кетган.

Тошкент прокурори пойтахтнинг ҳар бир туманида миллионтадан дарахт экиш ташаббуси билан чиқди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида миллионтадан дарахт экилади. Бу ҳақда Тошкент прокурори Баҳриддин Валиев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида билдирган.

Бу гапни Валиев пойтахтнинг Яккасарой туманида ноқонуний равишда 81 та дарахт кесилгани юзасидан берган изоҳида айтди.

Тошкентда 11 та туман борлиги инобатга олинса, келажакда бу тадбир ташаббускорларининг 11 миллионта дарахт экишларига тўғри келади.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий кўчасида жойлашган дарахтзорга қирон келтирилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Бунинг ортидан масъул шахслардан 1 миллиард 891 минг 300 сўм жарима ундирилган.

Прокуратура дарахтларни кесишга рухсат берган Яккасарой туман ҳокими ўринбосари ва қурилиш компанияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатган.

Йўлакларда ташқи реклама объектларини ўрнатиш ман қилинади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда тротуар ва пиёдалар йўлакларида ташқи реклама объектларини ўрнатиш тақиқланади. Мазкур тартиб Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 20 февралида қабул қилинмиш “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, мазкур қарор билан ташқи реклама объектларини қуриш тартиби, қуриш учун бериладиган ер, бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланган.

Молия вазири пенсия ёши оширилмаслигини таъкидлади

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган мавзу - пенсия ёши оширилишига оид хабарларга муносабат билдирди.

Вазир Жамшид Қўчқоров ўзининг Твиттердаги саҳифаси орқали хабар қилишича, Ўзбекистонда пенсия ёши ҳозирча оширилмайди.

"Ҳозирги даврда пенсия ёшини ошириш кўзда тутилмаган", дейди вазир Жамшид Қўчқоров.

Аввалроқ маҳаллий матбуотда Ўзбекистонда пенсия ёшини оширишдан бошқа илож йўқлиги айтилганди.

Жумладан, daryo.uz нашри ҳукуматдаги манбага таяниб, эркакларга 62, аёлларга 58 ёшни пенсияга чиқиш даври этиб белгилаш кўзда тутилаётгани ҳақида ёзганди.

Пенсия жамғармаси ижрочи директори биринчи ўринбосари Медет Тлеуовга кўра, мамлакатда қарийб 15 миллион иқтисодий фаол аҳоли бўлиб, уларнинг фақат 5 миллионга яқини солиқларни расман тўламоқда. Шу туфайли пенсия таъминоти тизими бугун солиқ тўловчилар қувватига чамбарчас боғланган.

Жамғарма расмийсининг таъкидлашича, Ўзбекистонда пенсия таъминоти давлат пенсияси, жамғариб бориладиган пенсия ҳамда ихтиёрий пенсиявий суғурталаш шаклидаги уч поғонали тизимга алмаштирилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон давлат пенсия тизимини ривожлантириш ва янгилаш бўйича концепция лойиҳаси 2020 йилнинг апрель ойига қадар эълон қилиниши кўзда тутилган.

"УЕФА Чемпионлар лигаси кубоги" илк бор Ўзбекистонга олиб келинди

"УЕФА Чемпионлар лигаси кубоги" илк бор Ўзбекистонга олиб келинди

Футбол дунёсидаги энг нуфузли мукофот саналган кубок Тошкентнинг “Anhor Lokomotiv” боғида жойлашган “Axelon” картинг клубида намойиш этилмоқда.

У ерда футбол ишқибозлари “УEФА Чемпионлар Лигаси кубоги”ни ўз кўзлари билан кўришлари ва суратга тушишлари мумкин.

"УЕФА Чемпионлар лигаси кубоги"ни Европа бўйлаб олиб юриш анъанаси кўп йиллардан бери мавжуд.

Лекин, бу кубок шу пайтгача Марказий Осиёнинг ҳеч бир давлатида бўлмаган.

1955 йилдан бери энг зўр футбол жамоаларига топшириб келинаётган олтин қопламли “УEФА Чемпионлар Лигаси кубоги” баландлиги 74 сантиметр, оғирлиги 7 ярим килони ташкил қилади.

Кубокнинг ҳозирги эгаси Англиянинг "Ливерпуль" клубидир.

Италиялик актёр Тошкентда вақтинча ижарага олган квартирасида ўлик холда топилди

Италиялик 28 ёшли актёр ва модель Жоржо Гено Тошкентнинг Миробод туманидаги вақтинча ижарага олиб яшаб келган квартирасида 16 февраль куни ўлик холда топилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, актёрнинг ўлими сабаблари маълум эмас.

Лекин, унинг танасида зўравонлик белгилари бўлмаган, квартира эшиги бузилмаган.

Италия матбуотига кўра, Жоржо Гено ўтган йил оҳирларида Ўзбекистонга сайёҳ сифатида борган.

Ота-онаси сўнгги кунларда у билан боғлана олмагач, Ўзбекистон расмий идораларида ёрдам сўраган.

Гено яшаган уйга борилганида у квартирада ўлик ҳолда топилган. Ота-онасининг айтишича, Генонинг соғлиги билан боғлиқ муаммоси бўлмаган.

Италия матбуотида Жоржо Гено ижодни энди бошлаган актёр ва модель дея тилга олинади.

Андижондаги рейдларда пичоқ ва бошқа буюмлар совуқ қурол сифатида кўрилиб аҳолидан тортиб олинган 

Андижонда тиғли асбобларга қарши рейдларда уч юздан ортиқ пичоқ ва бошқа буюмлар совуқ қурол сифатида кўрилиб аҳолидан тортиб олинган.

Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати 22 февраль куни хабар қилди.

"Тиғ" деб аталган тадбир давомида ёнидан пичоқ топилган шахслар эртаси куни оила аъзолари, маҳалладошлари иштирокида муҳокама қилинган.

Шунингдек, айни тадбир доирасида Андижон бозорларида очиқ жойда сотилаётган пичоқларнинг учи тўмтоқланган.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам тиғли буюмларга қарши рейдлар бундан олдин ҳам ўтказилган.

Ички ишлар ходимлари ўтказаётган рейдларда пичоқ, ўроқ, болта, чопқи, қайчи, кетмон каби ўткир тиғли асбобларни очиқда сотаётган савдогарлардан бундай буюмлар тортиб олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган расмийларига кўра¸ мамлакатда пичоқ билан қилинган ҳужумлар сонининг ортиши тиғли асбоблар савдоси устидан назоратни кучайтиришга асос бўлган

Ўзбекистон Google, Yandex ва Facebookни фойдаланувчилар маълумотларини Ўзбекистонда сақлашга мажбурламоқчи

Ўзбекистон Google, Yandex ҳамда Facebook ширкатларини ўзбекистонлик фойдаланувчиларига оид шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида сақлашга мажбурлашни режалаштиряпти.

Бу режа Россияда 2014 йил Роскомнадзор қабул қилган мунозарали қонун лойиҳасига ўхшайди. Роскомнадзор қарорига биноан Интернет ширкатларини россиялик фойдаланувчиларга оид маълумотларини Россия ҳудудида сақлашга мажбур.

20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров турли хизматлар ҳамда сервер мосламаларини Ўзбекистонга олиб келиш йирик ширкатлар билан ҳамкорликда амалга оширилишини айтди.

Вазирлик эълон қилган билдирувда ушбу чора Ўзбекистонда Интернет тезлигини 10 баробарга ошириш режаси доирасида амалга оширилиши айтилди.

Аммо танқидчилар бу режадан мақсад Интернет фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтириш эканлигини айтишмоқда.

Google 2015 йилда Россия қонуни талабларини бажариш учун айрим серверларини Россия маълумот марказларига кўчириб ўтган эди.

Аммо бошқа ширкатлар Москва талабини бажаришдан бош тортиб келади. 13 февраль куни Москва суди Twitter ва Facebook ширкатларига фойдаланувчилар маълумотларини Россияга кўчириб ўтмагани учун 60 минг доллардан жарима тўлашни буюрди.

ЎТЙ: Метродаги тупроқ ўпирилишида ҳалок бўлганларга товон пули берилди

2019 йилнинг 18 декабрида Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган авария оқибатида ҳалок бўлган Зариф Каримов оиланинг асосий боқувчиси бўлгани сабабли 12 февраль куни иш берувчи ва «Темирйўлсуғурта» суғурта компанияси томонидан унинг беваси Майсара Мавлоновна Ирисовага 281 млн 671 минг сўм миқдоридаги тўловлар ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, марҳумнинг дафн маросими харажатлари учун 8 млн сўм ажратилган. Айни вақтда марҳумнинг қарамоғида бўлган беш нафар оила аъзосининг ҳар бирига 650 минг сўм миқдорида нафақа ҳар ой тўлаб борилиши бошланган.

Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, шунингдек, махсус комиссия қарори билан фожиа қурбони бўлган яна 5 марҳумнинг оилаларига ҳам бир марталик нафақа пуллари, шунингдек, меҳнатга лаёқатли бўлмаган оила аъзолари учун ойлик компенсация тўловларини белгилаган. Уларга тўловларни меҳнат шартномасини тузган фирма амалга оширади.

  • 2019 йилнинг 18 декабрида Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган авария оқибатида 6 қурувчи ҳалок бўлган эди.

Ўзбекистонда 68 мингдан зиёд талабанинг ётоқхона муаммоси ҳал этилмаган

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги 115 та олийгоҳ кундузги бўлимларида 356 мингдан зиёд талаба ўқийди. Улар учун 208 та ётоқхона фаолият юритмоқда. Мазкур ётоқхоналарга ҳозир 53 минг чоғли талаба жойлаштирилган, 103 минг талаба ижарада туради, улардан яна 200 минги ўз уйларида яшайдилар. 68 минг талаба эса ётоқхонага муҳтож. Бу маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиши бўйича депутатлар сўровига жавобан йўлланган.

Вазирлик маълумотига кўра, 68 минг 354 талабани ётоқхона билан таъминлаш учун ҳар бири 400 ўринга эга бўлган 170 та ётоқхона қуриш зарур. Бунга эса 3 триллион сўм маблағ лозим.

2030 йилгача олий таълим масканларига кириш учун квота 50 фоизга оширилиши назарда тутилса, яқин 10 йил ичида яна 300 та ётоқхона қуриш керак бўлади.

Тошкент марказида дарахтларга қирон келтирилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий кўчасида куни кеча бутун бошли дарахтзор кесиб ташланди. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашрига пойтахт ҳокимияти қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Абу-Али Ниёзматов билдирган.

“Ахлоқий, маънавий, қонунчиликка оид барча меъёрларга зид равишда бугун Тошкентнинг қоқ марказида бутун бошли дарахтзор ёппасига ва ваҳшийларча кесиб ташланди. Бу ер узоқ йиллар давомида катталарнинг ҳам, болаларнинг ҳам ҳордиқ чиқарадиган жойи бўлиб келган. Дарахтларга амалдаги мораторийга қарамасдан қирон келтирилган, бу эса мазкур ҳужжатни имзолаган давлат раҳбарига ҳам, ватандошларга ҳам, мамлакатга ҳам ҳурматсизликдир”, деган Ўзбекистон Экология партияси аъзоси Ниёзматов.

Унинг айтишича, 80-90 чоғли катта дарахт кесилган. Дарахт қиронини бу жойда уй қурмоқчи бўлган бинокор қурган. Дарахт кесиш учун рухсатномани у шу йил февралида туман ҳокимиятидан олган, бу ҳам ижроия ҳокимияти томонидан йўл қўйилган қонунбузарлик бўлиб ҳисобланади.

Ниёзматов дарахт кесишга алоқадор шахсларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқ равишда жазоланиши учун қўлидан келган барча ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берган.

Ўзбекистонда президент фармони билан 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 декабригача дарахтлар кесилишига мораторий жорий этилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Мирзиёевнинг Туркияга сафари поёнига етди

Ўзбекистон ва Туркия президентлари Анқарадаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида, 2020 йил 20 феврали.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга 2 кунлик ташрифи ниҳоясига етди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 19 февраль куни Мирзиёев ва Эрдўғон тор доирада музокара ўтказганлар, сўнгра икки президент раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилган.

Музокараларда Ўзбекистон билан Туркия ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилган, қатор ҳужжатлар имзоланган.

20 февраль куни эса Мирзиёев Туркиянинг етакчи ширкат ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказган, Туркия президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этган.

Шу куни Ўзбекистон президенти Тошкентга қайтган. Мирзиёевни “Эсонбуға” аэропортидан туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон кузатиб қўйган.

Туркияда ўзбек ва туркман талабалари норозилик тадбири ўтказишди

Туркияда ўқиётган хорижлик талабаларни Элазиғда содир бўлган зилзила хавотирга солиб қўйган.

Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида ўқиётган ўзбекистонлик, туркманистонлик ва озарбайжонлик талабалар 19 февраль куни норозилик намойиши ўтказишди. “Хроника Туркменистана” нашри хабарига кўра, улар ўзларини авария ҳолатида бўлган ётоқхонадан кўчиришни сўраганлар.

Қаҳрамонмараш Сутчи имом университети (Kahramanmaraş Sütçü İmam Üniversitesi) талабалари уюштирган тадбирда 400 чоғли одам иштирок этган. Митинг ўтаётган жойга сув пуркагич машиналари билан полиция етиб келган.

Талабаларга кўра, уларни Элазиғ ва Малатья вилоятларида содир бўлган зилзилалар ташвишга солиб қўйган. Қарийб бир ой муқаддам Элазиғда рўй берган ер силкиниши 41 киши умрига зомин бўлган, зилзила чоғида 378 бино қулаган, яна 3249 иншоотга жиддий шикаст етганди. Шундан сўнг мутахассислар Истанбул ва Қаҳрамонмарашда ҳам 7-8 балли зилзилалар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз тахминларини айта бошлаганлар.

Сутчи имом университети ўқитувчилари мулоҳазасича, ўқув даргоҳига қарашли эски бинолар, шу жумладан, хорижлик талабаларга берилган ётоқҳонанинг йиқилиши учун 3,2 балли зилзила кифоя.

Қаҳрамонмараш расмийлари университетнинг янги биноларини қуриш учун ҳозирча ер ажратиб беролмасликларини айтганлар. Улар талабаларни бошқа ўқув даргоҳларига кўчиришни ҳам истаётганлари йўқ.

Ўқишини кўчираётган талабалар фирибгарларга алданиб қолиш хавфидан огоҳлантирилди

Тожикистон. Садриддин Айний номидаги педагогика университетининг ўзбекистонлик талабалари ҳужжатларини олиш учун навбатда турибди. 2020, 11 февраль.

Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқиганлик тўғрисидаги қалбаки ҳужжат қилиб беришни таклиф этаётган тамагир ва фирибгарларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлинг.

Бу огоҳлантирувни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эълон қилди.

Инспекцияга кўра, ҳудудий ишчи гуруҳларга фуқаролар томонидан қалбаки (сохта, ясама) ҳужжатлар топширилаётганлиги аниқланмоқда.

Ўқишини қўшни давлатлардаги ОТМлардан кўчириш тўғрисида ариза топширган фуқароларнинг ҳужжатлари тўлиқ текширилишини ва қалбаки ҳужжатлар аниқланган тақдирда талабаликка қабул қилинмаслигини, бундай ҳолатда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилажагини эслатган инспекция.

  • 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш муддатини 15 мартга қадар узайтирди.
  • Вазирлик ўз қарорини “талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсади” билан изоҳлаган.
  • Вазирнинг 6 февралдаги буйруғида муддат 7 февралдан 15 февралгача қилиб белгиланган эди.

Тошкентдан Тўйтепагача "яқин истиқболда" метро қурилади

Тошкентдан Нурафшонга — Тошкент вилоятининг маъмурий марказига — метрополитен тармоғини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 19 февраль куни вилоят маъмуриятида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов маълум қилгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

Нашрнинг Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Нурафшондаги вилоят ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилишда президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров иштирок этган

«Яқин истиқболда Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади, — деди Очилбой Раматов. — Шунингдек, инфраструктурани ривожлантириш масалалари бўйича айни пайтда вилоят ҳокимлиги билан қатъий иш олиб бораяпмиз. Ичимлик суви, йўл қурилиши, коммуникация ва канализация тармоқларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар жадал давом этмоқда».

2017 йил ёзида Нурафшон шаҳри (собиқ Тўйтепа) Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгиланган эди (илгари вилоятнинг маъмурий маркази бўлмаган). Вилоят ҳокимлиги бу ерга Тошкентнинг марказидан кўчирилди. Ҳозирда шаҳарни тўлиқ қайта қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. У Ўзбекистоннинг биринчи «ақлли» шаҳрига айланиши кутилмоқда.

Тошкент билан Анқара “мулоқотнинг янги формати”га кўчди

Мирзиёев (ч) ва Эрдўғон (ў) Туркия президенти саройи олдида, Анқара, 2020 йил 19 феврали.

Анқара шаҳрида 19 февраль куни бўлиб ўтган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот формати ўлароқ баҳоланди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра,2018 йили икки давлат раҳбарининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида олиб боради.

Сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди.

Кенгашнинг мувофиқлаштирувчи органлари икки давлатнинг ташқи ишлар вазирликлари бўлиб ҳисобланади.

Кечаги илк йиғилишда сўзлаган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёев ташрифини қутларкан, икки мамлакат парламентлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдириб, Туркия ва Ўзбекистоннинг қўшма лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Мезбонга ташаккур этган Ўзбекистон президенти мазкур учрашув икки давлат стратегик шериклиги юксак босқичга кўтарилганининг яққол ифодаси эканини урғулаган.

- Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда беш миллиард долларга етказишга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда ҳам ушбу кенгаш, албатта, муҳим замин бўлади. Биз бугунги йиғилиш натижаларини мустаҳкамлаб, келгуси йили бўлиб ўтадиган учрашувнинг кун тартиби ва ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳозирдан ўйлашимиз мақсадга мувофиқдир, - деган Ш. Мирзиёев.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Туркия савдо вазирлари сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожи тўғрисида батафсил ахборот берган.

Музокараларда икки давлат ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар келишиб олинган.

Шавкат Мирзиёев Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Ўзбекистонга таклиф қилган.

Президент Мирзиёевнинг Туркияга сафари бугун ҳам давом этади. Унинг етакчи турк тадбиркорлари учрашиши, Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида қатнашиши режаланган.

Ўзбекистон президентининг Туркияга сафари расмий Тошкентнинг яна бир стратегик шериги Москва билан Анқара ўртасидаги муносабатлар Суриядаги вазият туфайли таранглашган бир пайтга тўғри келди.

Асака ИИБ андижонлик блогернинг калтакланишига оид ҳодисани ўрганмоқда

Андижонлик блогер Отабек Нуритдинов.

Асака туман ички ишлар бўлими блогер Отабек Нуритдиновнинг калтакланиши юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилади.

Шу йил 18 февраль куни Андижон вилоятининг Асака шаҳрида яшайдиган блогер Отабек Нуритдинов масжид яқинида спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи тадбиркор томонидан калтакланганини иддао қилгани ҳақида Озодлик аввал хабар берганди.

“Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув давомида О.Нуритдинов мурожаатида келтирган спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўкон Асака шаҳри, А.Жомий кўчасида яшовчи “Халилилло қувончи” номли хусусий корхонасигақарашли бўлиб, дўкон фуқаро Ю.Д. га тегишли эканлиги ва шу куни фарзандлари А.Х. ва А.А.лар билан биргаликда О.Нуриддиновнинг фарзанди даволанаётган Турттош кўчасидаги шифохонага бориб, Отабек ва унинг онаси Матлубахон билан суҳбатлашаётган вақтида Ю.Д.нинг ўғли А.А. унинг юз қисмига уриб тан жароҳати етказганлиги маълум бўлди”, дейилади Андижон вилоят ИИБ хабарномасида.

Қайд этилишича, суриштирув давомида О. Нуриддинов юқорида тилга олинган дўкон ҳақидаги суратни ижтимоий тармоқлар орқали кўрганлиги, саҳифасига жойлаганлиги ва муносабат билдирганлиги натижасида Ю.Д. фарзандлари унинг яшаш манзилига келганлиги ва улар ички ишлар органлари ходимларини рўкач қилиб уни қўрқитмоқчи бўлишганлиги аниқланганлигини ва бу ҳолатга ички ишлар органлари аниқлик киритаётганлиги ва ички ишлар органларининг бу ҳолатга алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистонга энг кўп кийим-кечак экспорт қилаётган мамлакатлар учлигига кирди

Олмаота бозорларидан бири (иллюстратив сурат).

Ўзбекистон Қозоғистонга 2019 йили қиймати 19 миллион долларлик 10 минг тонна кийим-кечак экспорт қилган. Бу ҳақда LS нашри хабар қилади.

Қайд этилишича, ўтган йили Қозоғистон хориждан 670 миллион 600 минг долларлик (қарийб 62 минг тонна) енгил саноат маҳсулоти импорт қилган.

Бу маҳсулотларнинг қарийб ярми (31 тоннаси) Хитойдан келган. Бошқача айтганда, хитойликлар Қозоғистонга 181 миллион 800 минг долларлик кийим-кечак сотган.

Иккинчи ўрин бу мамлакатга 10,5 минг тонна кийим-кечак етказиб берган россияликларга насиб қилган. Ўз маҳсулотлари учун улар 195 миллион олганлар.

Учинчи ўриндаги Ўзбекистон Россия билан қарийб бир хил вазнда маҳсулот етказиб берганига қарамай, унинг бу савдодан даромади 10 баробар кам бўлган.

Қозоғистонга енгил саноат маҳсулотлари экспортёрлари орасида Туркия, Бангладеш, Беларусь ва бошқа мамлакатлар ҳам бор.

Генерал Ботир Парпиевга яна ҳукуматдан лавозим берилди

Ботир Парпиев.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси собиқ раиси Ботир Парпиев президент фармони билан янги ташкил этилган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирига ўринбосар этиб тайинланди.

Янги лавозимга тайинлангунига қадар Б. Парпиев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши раисининг ўринбосари (2018 йил майидан бери) вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

2018 йилгача эса у қарийб 14 йил давомида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасини бошқарган. У солиқ қўмитаси раҳбари лавозимидан бўшатилганидан кейин Озодлик суҳбатлашган мулозимларга кўра, генерал-лейтенант Парпиев истеъфога кетиш истагини соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган.

Ботир Парпиев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 23 давомида раислик қилган Рустам Иноятовнинг қудасидир.

Б.Парпиев Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳукуматидаги энг қудратли амалдорлардан бири бўлиб ҳисобланарди.

Ботир Парпиев 1946 йилда Андижон вилоятида, милиция генерал-майори Раҳмат Парпиевнинг оиласида туғилган. 1992-1996 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 1998-2002 – Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача – Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 – Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган. 2004 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Президент Мирзиёев фармони билан куни кеча Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилганди.

Ўзбекистонда Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатадиган янги авиаширкат тузилади

Ўзбекистонликлар авваллари Умрага аксар пайтларда Uzbekistan Airways учоқлари билан борган.

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг “Hidaya Global Groups” ширкати ҳамкорлигида Hidaya Airlines номли янги авиакомпания очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда, маҳаллий нашрлар хабарига кўра, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билдирган.

Янги авиакомпаниянинг Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида Умра сафари учун бевосита парвозларни амалга ошириши ҳамда “Умра+” дастури бўйича Индонезия, Ҳиндистон, Малайзия, Бангладеш каби мамлакатлардан Умра зиёратига борувчиларнинг Ўзбекистон орқали парвоз қилишини таъминлаши кўзда тутилган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди

Ўзбекистон (ч) ва Туркия (ў) президентлари, Анқара, 2020 йил 19 феврали.

Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очган, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан биргаликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда билдирди.

Туркияга ташрифининг илк куни Мирзиёев Эрдўғон билан музокаралар ўтказган ва улар икки давлат Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнот имзолаганлар. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, шу куни иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар ҳам имзоланган.

Икки президент брифингида аксарият минтақавий ва халқаро муаммолар борасида, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликка ёндашувлар муштарак экани таъкидланган.

Мирзиёев Туркия ташрифи бугун ҳам давом этади.

Бир амалдор бир пайтнинг ўзида икки вазирга ўринбосар бўлди

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари вазифалари ҳам юклатилди.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

​Маълумотда таъкидланишича, Икромов Ички ишлар вазирлигида ўз лавозим ва вазифаларини сақлаб қолган ҳолда, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари вазифаларини ҳам бажаради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни ўтказилган мажлисида Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилганди.

Давлат раҳбарининг мазкур фармони билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши маъқулланган. Шунингдек, янги тузилма раҳбари лавозимига Раҳмат Маматов номзоди маъқулланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG