Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 07:29

OzodDayjest: Ўлимидан тўққиз ой ўтиб бухоролик муаллиманинг жасади эксгумация қилинди


Иллюстратив сурат.

Жиддий ўзгаришдан умидини узган таниқли мутахассис депутатлик учун курашиш фикридан қайтди. Ўзбекистон ўрта таълим тизимида қоғозбозлик иллати ҳамон учрамоқда. Ўлимидан 9 ой ўтиб, ғиждувонлик муаллима Гулмира Нуриддинованинг жасади эксгумация қилинди ва қайта ўрганилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Давлат бошқаруви соҳасида мутахассис Азиза Умарова бу йилги парламент сайловларининг демократик бўлишига ишонмаëтганини айтди.

Давлат бошқаруви соҳасида мутахассис Азиза Умарова 2019 йил декабрь ойида ўтадиган парламент сайловида қатнашмайди. Бу ҳақда у Телеграм тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Номзодлар борасида олдинги сайловларга нисбатан жиддий силжишлар бўлишига ишончим комил эмас. Сизлар қатори мен ҳам умрим давомида ўзим сайлаган бирорта депутатни билмаганман, юзма-юз келмаганман, нима бўлибди, яшаяпмиз-ку! Ўтган ойлар мобайнида партия ҳали бирор бир йиғилишига чақиргани йўқ. Номзодларнинг тайинланиш жараёни мавҳум. Маълумот тўплаш ва ахборот ҳужумлари тушунарсиз бўлмоқда”¸ деб ёзган таниқли мутахассис.

Қайд этилишича, ҳозирча юқори марраларни белгилаш, партиялар ва янгиланган парламентлар тўғрисида гапириш мавриди эмас. Шунингдек, у ҳеч бўлмаса 10 нафар муносиб номзодларга имкон берилишига умид билдирган.

Азиза Умарова аввалроқ “Миллий тикланиш” партияси вакили сифатида парламент сайлови қатнашиш истагини билдирган эди.

Ўзбекистон мактабларида таълим сифати пастлигининг асосий сабаблари айтилди

Ўзбекистон ўрта таълим тизимида қоғозбозлик иллати ҳамон учрамоқда. Бу ҳақда UzAnalytics сайтида эълон қилинган таҳлилий мақолада сўз боради.

“Юқоридан комиссия келадиган бўлса, биринчи ўринда ҳужжат ва ҳисоботлар тахт бўлиши керак. Ўқитувчи бунинг учун кўп вақт сарфлашга мажбур. Комиссия, ҳеч бўлмаганда, бир соат ўқитувчининг дарсига кириб, малакасини баҳолаш ўрнига, йиғилган ҳужжатлар ва ёзилган ҳисоботлар асосида хулоса чиқариб, қайтиб кетаверади” дейди тошкентлик ўқитувчи ва психолог Ойжамол Турдиқулова.

Шунингдек, синфларда болалар сонининг ҳаддан зиёд кўплиги, техник воситалар етишмаслиги, дарсликлар талабга жавоб бермаслиги, ўқитувчиларнинг профессионал даражаси пастлиги каби муаммолар ҳам санаб ўтилган.

Қайд этилишича, мактабларда таълим сифати пастлиги яна бир сабаби– турғунлик. Оғзаки айтилаётган гап кўплигига қарамай, амалда ўсиш йўқ.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) тадқиқотларига кўра, Ўзбекистонда тўртинчи синф ўқувчилари орасида фақат 43 фоиз болаларгина ўқиган нарсасини тушуна олади. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва тизимни ислоҳ этиш учун Ўзбекистон миллий таълим дастурини қабул қилиш белгиланган.

Ўлимидан тўққиз ой ўтиб бухоролик муаллиманинг жасади эксгумация қилинди

Ўлимидан 9 ой ўтиб, ғиждувонлик муаллима Гулмира Нуриддинованинг жасади эксгумация қилинди ва қайта ўрганилди (www.daryo.uz, 2 cентябрь).

Қайд этилишича, Г.Нуриддинова 2018 йил 1-4 январь кунлари Ғиждувон туманидаги 65-сонли ҚВП мудири, шифокор Салоҳиддин Холовнинг яшаш уйида ташкил қилинган касалхонада амбулатор тартибда даволанган.

4 январга ўтар кечаси шифокорнинг уйидан чиқиб кетган. Шу куни соат 09:05 да ушбу хонадондан 1 километрча узоқликдан оқиб ўтувчи Жаъфар ариғидан унинг жасади топилган.

Мурда шу куни экспертиза ўтказилиб, танаси ёриб кўрилган. Қайд этилишича, марҳуманинг тана аъзоларида жароҳатлар аниқланмаган. Муаллиманинг яқин қариндошлари экспертиза тўлиқ ўтказилмаган деб ҳисоблагач, эксгумация ўтказилган.

Эксгумациядан кейин мутахассислар марҳуманинг танаси сувга тушган пайтда у аллақачон ўлгани ҳақида хулоса берган. Шунга кўра шифокор Салоҳиддин Холов Г.Нуриддинованинг ўлимида гумонланиб қамоққа олинган. Марҳуманинг отаси Фазлиддин Нуриддинов қизи шифокор томонидан ўлдирилиб, кейин ариққа ташлаганини иддао қилган. Ушбу ҳолат бўйича ўрганишлар давом этмоқда.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG