Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2020, Тошкент вақти: 09:48

Ўзбекистон хабарлари

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллади (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Боксчилар Тошкент аэропортида тантанали кутиб олинди. Миллий Олимпия қўмитаси фотосурати.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Жаҳон чемпионатида қатнашган 8 нафар ўзбек боксчисидан беш нафари медалларга сазовор бўлди.

Шаҳобиддин Зоиров, Миразиз Мирзаҳалилов, Баҳодир Жалолов олтин медалларни, Дилшодбек Рўзметов кумуш медални, Бобоусмон Батуров бронза медални қўлга киритди.

Мана шундай натижа ортидан Ўзбекистон жаҳон чемпионатинининг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлди.

Россия жамоаси иккинчи, Қозоғистон боксчилари учинчи ўринларни эгалладилар.

Екатеринбургда жаҳон чемпионати 7 сентябрдан 21 сентябргача бўлиб ўтди.

Боксчиларнинг Тошкент аэропортида тантанали кутиб олиниши (МОҚ сайтидан олинган фотосуратлар)

Кун янгиликлари

Ўтган йили 19 мингдан зиёд ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди

Иллюстратив сурат.

2019 йили 19,4 минг нафар ўзбекистонлик Россия Федерацияси фуқаросига айланди.

Россия Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, ўтган йили қарийб 498 минг нафар чет эллик Россия паспортига эга бўлган.

Улардан аксариятини украиналиклар (300 минг) ташкил этган. Ундан кейинги ўринларни Қозоғистон (50,5 минг), Тожикистон (19,4 минг), Ўзбекистон (19,4 минг), Қирғизистон (9,3 минг) ва Туркманистон (1,4 минг) фуқаролари эгаллаган.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси бош вазир ўринбосарига айланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг янги кабинетида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бош вазирга ўринбосар ҳам бўлади. Бу тартиб президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Адлия вазирлиги Телеграм-каналида қайд этилишича, ҳужжат билан Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси,лавозимлари киритилган, Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятлари кабилар ташкил этилган.

Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – транспорт вазири лавозими тугатилиб, ўрнига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилган.

Қарор билан ҳукумат ижро этувчи тузилмасида бир қатор лавозимлар ва котибиятлар тугатилиб, бошқа лавозимлар киритилган ва тегишли котибиятлар ташкил этилган. 22 январь куни тасдиқланган янги тузилма 241 нафар штат бирлигидан иборат бўлади.

ССВ: Коронавирус тарқаган Хитойдан Ўзбекистонга келаëтган учқич йўловчилари алоҳида назоратга олинди

Айтилишича¸ Ўзбекистонга Хитойдан бир ҳафтада 11 та авиақатнов йўлга қўйилган.

Хитойда бошланиб¸ бошқа давлатларга ҳам тарқай бошлаган коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистонда ëйилиши олдини олиш мақсадида «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан Хитойдан келаëтганларни тиббий мониторингдан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Бу ҳақда 23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари маълумот берди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур вазиятга оид ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик мутахассислари Вирусология илмий текшириш институтида коронавирусга чалингани гумонланган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилганини билдирди.

Расмийлар Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган бу коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш мақсадида ҳар бир чегара пунктлари, хусусан 11та аэропорт тепловизорлар билан жиҳозлаб чиқилгани ва ходимларнинг махсус тайёргарликдан ўтказилганини маълум қилди.

Айтилишича¸ Хитойдан Ўзбекистонга келаëтган рейс йўловчилари алоҳида назоратга олинган¸ мамлакат сарҳадларидаги 37 та божхона постига бу вазият бўйича керакли кўрсатмалар берилган.

“Биз нафақат Хитой йўналиши бўйича, балки республикамизга кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатганмиз. Барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминланган”¸ деган жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Айни пайтда Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 23 январь куни юборган маълумотда Хитойда кузатилаётган коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетиш хавфи камлиги, жиддий хавотирга ҳожат йўқлиги билдирилганини айтди.

Президент мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунга қўл қўйди

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат¸ айниқса¸ пахта мавсумидаги маъмурий босим ҳақида хориж матбуотида кўплаб материал эълон қилинган.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича¸ 22 январь куни президент Шавкат Мирзиëев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолаган.

10 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритилган янги қонундаги ўзгаришлардан бири “меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик”ни кучайтиришдир.

Президент қўл қўйган янги қонунга мувофиқ¸ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) учун базавий ҳисоблаш меъëрининг( БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгиланди. Ҳозиргача бундай ҳаракат БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдордаги жарима билан жазоланган.

Huquqiy Axborot Telegram каналида берилган изоҳга кўра¸ “вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса¸ базавий ҳисоблаш меъëрининг 25 бараваригача миқдорда жарима¸ ëки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ëки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.

Адлия вазирлиги берган изоҳга кўра¸ қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган¸ айни пайтда¸ айрим моддалар ва бандлар Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Мирзиëев парламентга яна бир Мурожаатномасини тақдим этади

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича¸ янги парламентга тақдим этиладиган президент маърузасини депутат ва сенаторлар билан бирга видеоконференция орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари, шунингдек, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари эшитади.

Президент матбуот хизмати ўз хабарида бу мажлиснинг жонли тарзда миллий телеканалларда намойиш этилиш-этилмаслигига аниқлик киритмаган.

Айни пайтда¸ ўзини Ўзбекистондаги биринчи нодавлат интернет портали деб тақдим этувчи uzreport.news интернет сайти Мурожаатноманинг UzReport TV телеканали орқали жонли эфирда намойиш қилинишини билдирди.

Тошкент-Бишкек учоғи туман туфайли ортга қайтди

Иллюстратив сурат.

HY-779 рейси билан Тошкентдан Бишкекка учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи 23 январь куни ортга қайтишга мажбур бўлди.

“Новости Ташкентского Неба” Telegram-канали маълумотига кўра, учоқнинг Бишкек аэропортига қўнолмаганига об-ҳавонинг ноқулайлиги (туман, кўриш даражасининг ёмонлиги) сабаб бўлган. Шу важдан экипаж ортга қайтишга қарор қилган.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида Хитой пешқадамликни қўлдан бермаяпти

ХХР Ўзбекистоннинг энг асосий савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

2019 йил натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни Хитой (7,6 млрд доллар) эгаллади. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилишича, Хитойнинг ташқи савдо айланмасидаги ҳиссаси 18,1 фоизни ташкил қилган.

Қиёс учун, 2018 йили Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо-сотиғи 6,4 млрд долларга тенг бўлганди. Ўшанда ҳам ХХР Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ичида пешқадам бўлган.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида иккинчи ўринни Россия (6,6 млрд доллар), учинчи ўринни эса Қозоғистон (3,4 млрд доллар) эгаллаган. Улардан кейинги ўринларда Жанубий Корея ($2,75 млрд), Туркия ($2,5 млрд)ва Германия ($980 млн) каби мамлакатлар келади.

Ўзбекистон “демократия индекси” бўйича бир поғона пастга тушди

Британиянинг The Economist нашри эълон қилган Democracy Index 2019 рейтингида Ўзбекистон 165 мустақил давлат ва икки ҳудуд (Ҳонконг ва Фаластин) ичида 2,01 балл билан 157-ўринни эгаллади.

Ўтган йилги рейтингда мамлакат 156-ўринга қўйилганди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда кузатилаётган ижобий ўзгаришларга қарамай, халқаро рейтингда эгаллаган мақоми мамлакатнинг демократия кўрсаткичи бўйича дунёдаги энг қуйи ўринлардан бирида қолаётганини кўрсатади.

Бу йилги рейтингда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидан Қирғизистон (101-ўрин) ва Қозоғистондан (139-ўрин) пастда қолган бўлса, Тожикистон (160-ўрин) ва Туркманистонни (162-ўрин) ортда қолдирган.

The Economist нашри Democracy Index рейтингини 2006 йилдан бери эълон қилиб келади.

Ўзбекистонликларнинг Россияда 15 кунгача қайдсиз юриши масаласи кўриб чиқилмоқда

Иллюстратив сурат.

Москва ва Тошкент расмийлари ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмай юриши муддатини 15 кунгача узайтириш масаласини кўриб чиқаяптилар. Бу ҳақда Регнум агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

Айни пайтда ўзбекистонликлар Россияда 7 кунгача рўйхатдан ўтмай юришлари мумкин.

“Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларига Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг юриш муддатини узайтиришни кўзда тутадиган икки томонлама шартнома ишлаб чиқиш топширилган”, дейди агентлик манбаси.

Мазкур шартнома Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил ёзида Россияга ташрифи чоғида имзоланиши режаланган.

Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистондан Россияга 2,5 миллион нафаргача меҳнат муҳожири келади.

Тошкентда тузилган янги фонд журналист ва блогерларни ҳимоя қилмоқчи

Иллюстратив сурат..

Ўзбекистонда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўз фаолиятини бошлади. Мазкур фонд Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти ўлароқ рўйхатга олинган.

“Жамоат фондимизнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситаларига медиа бозорида тенг шароит яратиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир”, дейилади фонднинг Telegram канали орқали тарқатилган хабарномасида.

Фонд “оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш” кабиларни ўзининг устувор вазифалари қаторида санаб ўтган.

Ҳиндистон исловатхонасида ўзбекистонлик аëл ҳибсга олинди

Ҳиндистоннинг Бҳопал минтақасининг Ганди Нагар районида маҳаллий полиция жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келган ноқонуний гуруҳни қўлга олди.

Махсус рейд пайтида тўрт аëл ва уларнинг икки эркак шериги қўлга олинган. Ушланганлар орасида маҳаллий банк бошқарувчисига хизмат кўрсатаëтган ўзбекистонлик аëл ҳам бор.

Бу ҳақда Ҳиндистон нашрлари хабар тарқатди.

Исловатхонада мижозларга жинсий хизмат кўрсатаëтган пайтда ушланган ўзбекистонлик аëл ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Маҳаллий полицияга кўра¸ аëл пойтахт Деҳлида қайддан ўтгани боис¸ ҳозир унинг Ҳиндистонга кириш визаси муддати ўтган-ўтмаганини ўрганилмоқда.

Ўзбекистонлик аëл шахси ва унинг қўлга олингани ҳақида Ўзбекистон элчихонасига хабар берилган-берилмаганига оид маълумот йўқ.

Ўзбекистонлик аëлларнинг баъзида одам савдоси қурбони сифатида¸ кўп ҳолларда эса¸ ўз хоҳиши билан БАА¸ Туркия ва Ҳиндистон каби давлатларда фоҳишалик билан шуғулланаëтгани ҳақида хориж нашрлари кўпдан ëзиб келмоқда.

АҚШ элчихонаси: Нафосат Оллошукурова Ўзбекистондан чиқиб кетиши олдидан у билан учрашганимиздан мамнунмиз!

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан учрашган эди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Twitterдаги расмий саҳифасида ўзбекистонлик таниқли блогер Нафосат Оллошукурованинг мамлакатни тарк этганига муносабат билдирди.

Блогер Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни ўз йўли билан тарк этди. АҚШ элчихонаси у билан чиқиб кетиши арафасида учрашганидан бағоят мамнун ва унинг тақдирини яқиндан кузатишда давом этади”¸ дейилади элчихона 21 январь куни эълон қилган твитда.

АҚШнинг Тошкентдаги шлчихонаси эълон қилган твит.
АҚШнинг Тошкентдаги шлчихонаси эълон қилган твит.

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан учрашган эди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига қадар АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Розенблюм инсон ҳақлари ва демократия ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш билан танилган нуфузли дипломат саналади.

Хоразмлик журналист Маҳмуд Ражабнинг ўтган йил кузидаги норозилик юришини жонли тарзда ëритгани ортидан аввалига маъмурий ҳибсда¸ сўнгра руҳий хасталар касалхонасида сақланган Оллошукурова 18 январь куни Ўзбекистонни тарк этди.

Хорижга чиққанидан сўнг Озодликка берган илк интервьюсида Оллошукурова ўзига нисбатан тўхтамаган таҳдидлар ва қўлланилган қийноқлар ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтди.

Очилбой Раматов Транспорт вазири лавозимини Элëр Ғаниевга бўшатиб берди

Қайта тузилаëтган ҳукуматдаги кадрлар ўзгармади¸ фақат улар ўз ўринларини алмаштирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов янгидан тузиладиган ҳукумат учун номзодларни тақдим этди.

Президент томонидан Бош вазирликка кўрсатилган Арипов 21 январь кунги мажлисда депутатларнинг ялпи овози билан бу лавозимга қайта тасдиқланганидан сўнг янги ҳукумат таркибини тақдим қилмоқда.

Қайта тузилаëтган ҳукуматга ҳозирча янги раҳбарлар тавсия қилингани йўқ¸ бунинг ўрнига эски ҳукуматдаги кадрларнинг ўрин алмашаëтгани кузатилмоқда.

Хусусан¸ Очилбой Раматов Ўзбекистон Транспорт вазири лавозимидан олиниб¸ бу лавозим Бош вазир ўринбосари – инвестициялар масалалари комплекси раҳбари Элёр Ғаниевга берилди.

Ҳозирча Раматов Бош вазирнинг 1-ўринбосари лавозимини сақлаб қолди.

Раматовнинг Транспорт вазири лавозимидан кетиши ҳақида ўтган ҳафта хабар қилган ҳукуматдаги Озодлик манбалари декабрь ойида Тошкент метросида рўй берган фожиа бундай қарорга қисман сабаб бўлганини айтмоқда.

Шунингдек¸ парламентдаги Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ўрнига Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков тавсия қилинди.

Назарбеков 2017 йилнинг августидан бери Маданият вазири ўринбосари лавозимида ишлаëтган эди.

Фарғона ИИБсининг сенатор бўлган бошлиғи ўрнига ИИВ Тергов бошқармаси раҳбари тайинланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари - ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Фарғона ИИВсининг аввалги бошлиғи¸ полковник Раҳмат Маматов эса президент Мирзиëев томонидан сенаторлик¸ айни пайтда¸ ИИВ республика Маҳалла кенгаши раиси этиб тайинланди.

Янги сайланган парламентда қилган чиқишида президент маҳаллий нашрларга кўра:

Яқинда Маҳалла кенгашининг раҳбарини ҳам алмаштирамиз. Маҳалланинг тизими ҳам бошқача бўлади, раҳбари ҳам бошқа бўлади. Биз маҳалланинг жамиятдаги ролини кучайтирмоқчимиз. Шу сабабли Маҳалла кенгашига ҳам ўзим ишонган одамни олиб келмоқчиман. Фарғона вилояти ИИБ бошлиғини бекорга чақирганим йўқ. У ҳали сизлардек сенатор бўлади, Маҳалла кенгашининг раиси бўлади тез орада”¸ деган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев бу тизимнинг матбуотга энг танилган мулозимларидан бири - кенг жамоатчиликни жунбушга солган шов-шувли воқеалар бўйича маълумотни матбуотга кўпинча Тошхўжаев билдириб келган.

Унинг республика даражасидаги лавозимдан вилоятга туширилиши сабаблари эълон қилинмади.

Тошкентдан Навоийга учган учоқ об-ҳаво шароити туфайли ортга қайтди

Иллюстратив сурат.

“Тошкент-Навоий” йўналиши бўйлаб учган самолёт Тошкент аэропортига қайтишга мажбур бўлди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси матбуот хизматининг 22 январь куни тарқатган маълумотига кўра, учоқнинг ортга қайтишига учиш-қўниш йўлагидаги музлама сабаб бўлган.

Авиаширкат “Тошкент-Деҳли” рейси ҳам Деҳли шаҳрининг аэропорти ёпилиши муносабати билан бошқа санага қолдирилганини маълум қилган.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига бу йил қарийб 15 трлн сўм ажратилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2020 йили соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.

2016 йилда бу мақсад учун 6 триллион сўм ажратилганди.

Вазирлик маълумотига кўра, бу йил дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилишга 1 491,8 млрд сўм (бу 2016 йилга нисбатан эса 6,5 баробарга кўп) ажратиш назарда тутилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағларнинг айрим фаолият турлари кесимида кўриниши қуйидагича:

а) шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар харажатлари учун 2020 йилда 102,8 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилаётган бўлса, 2016 йилда 16,3 миллиард сўм ажратилган;

б) соғлиқни сақлаш соҳасининг энг оғир нуқталаридан бири бўлган онкология муассасаларида даволанадиган ҳар бир беморнинг бир кунлик дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш харажатлари учун бюджет маблағлари 2016 йилдаги 3 250 сўмдан 2020 йилда 66 227 сўмгача оширилган;

в) аҳолига тез тиббий ёрдам хизмати учун ҳар бир чақирувга 2016 йилда ўртача 482 сўмдан ажратилган бўлса, 2020 йилда бундай харажат тури учун 6 700 сўмдан ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Томскдаги ёнғинда нобуд бўлган ўнинчи кишининг навоийлик экани аниқланди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Томск вилоятида содир бўлган ёнғинда қурбон бўлган ўнинчи ўзбекистонликнинг шахси аниқланди.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, бу одам Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида истиқомат қилган, 1988 йилда туғилган Муҳаммадали Зокиров бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Томск вилояти Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада 21 январга ўтар кечаси чиққан ёнғинда 10 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлганди. Улардан 9 нафарининг шахси аниқлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Тошкентнинг Яккасаройида икки сарой барпо этилади

Тошкентда қурилажак эгизак бинолар лойиҳаси.

Тошкент шаҳридаги Яккасарой кичик саноат ҳудудида Day and Night (“Кун ва тун”) инвестицион лойиҳаси доирасида баландлиги 230 метр келадиган 50 қаватли эгизак бинолар қурилади. Бу ерда 16 та савдо, турар-жой ва маданият бинолари ҳам барпо этилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда 21 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмонов билдирди, дея хабар қилади Газета.уз нашри.

Хабарларга кўра, лойиҳа қиймати 1 млрд долларга баҳоланган. Лойиҳани амалга ошириш учун 3 йил вақт керак бўлади.

Ш.Раҳмоновга кўра, корчалонлик марказининг йиллик даромади 500 миллион долларни ташкил қилади. У ерда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда.

Эгизак бинолардан бири Қуёшни, яна бири эса Ойни тамсил этади. Биноларда ташрифчилар учун ресторанлар ва дам олиш ҳудудлари жойлашган бўлади.

Хитойда коронавирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда чегара назорати кучайтирилди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси.

Ўзбекистонда давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда. Бу чоралар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими урғусига кўра, Хитойда 2019-nCoV коронавируси тарқалиши ортидан кўрилмоқда.

“Грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларида гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасалари тайёргарлиги таъминланди, дори-дармон ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон аэропортларида Хитойдан келган йўловчилар астойдил текширилмоқда.

Хитойда номаълум пневмония эпидемияси тарқала бошлаганига оид хабар дастлаб ўтган йил декабрида пайдо бўлган. 20 январгача бўлган ҳолатга кўра, мазкур вирусдан 6 киши нобуд бўлган, 227 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Президент ҳукуматга ялпи маҳсулотни беш йил ичида икки бараварга оширишни буюрди

Президент парламентда маъруза қилмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиëев қайта Бош вазирликка сайланган Абдулла Арипов ҳукуматига катта топшириқлар берди.

Хусусан¸ президент ҳукуматга мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини келаси 5 йил ичида икки бараварга ошириб¸ инфляция даражасини 5 фоизга туширишни буюрди.

Президент маърузасида айтилишича¸ кейинги икки йил ичида ялпи ички маҳсулот 44 миллиарддан 58 миллиард долларга чиққан ва бундан сўнг ҳукумат¸ Марказий банк ва маҳаллий ҳокимларнинг бош вазифаси бу рақамни 100 миллиард долларга чиқариш қилиб белгиланган.

Марказий банкининг 2019 йил якунларига оид ҳисоботига кўра¸ ўтган йили Ўзбекистондаги инфляция даражаси 15,2 фоизни ташкил этган. Расмий рақамларга кўра¸ 2018 йилги инфляция 17,5 фоизга тенг бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилги инфляциянинг 12-13¸5 фоиз бўлишини прогноз қилган.

Президент Бош вазирликка яна Абдулла Ариповни таклиф қилди¸ парламент уни тасдиқлади

Абдулла Арипов

21 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бошланди.

Унда сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиëев Абдулла Арипов номзодини яна Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига таклиф қилди.

20 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишини билдирган эди.

Ўзбекистон Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ парламентда энг кўп ўрин эгаллаган партия бош вазирликка номзодни Ўзбекистон президентига кўриб чиқиш учун таклиф этади.

22 декабрь кунги сайловда Абдулла Арипов мансуб бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси энг кўп овоз олди.

Президент номзодини таклиф қилиши ортидан Арипов ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури бўйича маъруза қилди.

Бу маъруза тугаши билан Арипов яна Бош вазирликка бир овоздан тасдиқланди.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра¸ Арипов тузадиган янги ҳукумат таркибида айрим жузъий ўзгаришлар бўлиши¸ хусусан Очилбой Раматовнинг Транспорт вазири лавозимидан кетиши¸ бу лавозимга Элëр Ғаниевнинг тайинланиши кутилмоқда.

Нефть ва газ қазиб олиш камайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда нефть қазиб олиш 2019 йили 2018 йилга нисбатан6,3 фоизга, табиий газ қазиб олиш эса 1,6 фоизга камайган.

Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг Ўзбекистондаги ишлаб чиқаришга оид ҳисоботида айтилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган йили 698,6 минг тонна нефть, 59,46 миллиард куб табиий газ қазиб олинган.

Давстатқўм ҳисоботидан 2019 йили Ўзбекистонда кўмир ишлаб чиқариш ҳам аввалги йилларга нисбатан камайганини билиб олиш мумкин.

Тошкентда Марказий Осиёдаги илк криптобиржа фаолият бошлади

Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги Корея маданият марказида 20 январь куни блокчейн технологиясига бағишланган халқаро конференция ҳамда “UzNEX” криптобиржасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Uza.uz хабарига кўра, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш “Рақамли ишонч” жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад блокчейн технологиясини ривожлантириш, ушбу технологиянинг ижтимоий-иқтисодий соҳада тутган ўрни ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказишдан иборат.

Анжуманда Жанубий Корея, Япония, Сингапур давлатларида фаолият юритаётган блокчейн соҳасидаги етакчи ширкатлар, Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этган. Тадбир доирасида “КOBEA GROUP” компаниясининг Марказий Осиёдаги илк криптобиржаси ва офиси очилиши маросими ҳам бўлиб ўтган.

“UzNEX” биржасида миллий валюта, кредит карталари ва АҚШ доллари амал қилади. Ўзбекистонликларга криптовалютани биржада сотиш ҳуқуқи берилади, хорижий резидентлар эса криптовалюта биржасининг Ўзбекистон қонунларига зид бўлмаган барча хизматларидан фойдаланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ëнғинда ўлган ўзбеклар шахсини аниқлаш учун улар яқинларидан ДНК намунаси олинади

Россиянинг Томск вилояти Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада 21 январга ўтар кечаси чиққан ёнғин оқибатида 10 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири нобуд бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Нобуд бўлганларнинг ҳаммаси бир қаватли ëғоч уйда яшаëтган ‘Гринвуд’ ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган.

«Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган"¸ дейилади вазирлик баëнотида.

Ўзбекистонлик муҳожирлар жасади ҳозирда Томск области Асино шаҳридаги туман шифохонаси ўликхонасида сақланмоқда.

Россия расмийларига кўра, воқеа жойида хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси ‘Гринвуд’ компаниясига қарашли ҳужжатлар мусодара қилиб¸ унинг раҳбари қидирувга берилганини билдирди.

Айтилишича¸ бу ҳужжатлар ëнғин пайтида кимлар яшагани ва ўлганлар шахсини аниқлашга ëрдам беради. Куйиб кетган муҳожирлар шахсини аниқлаш учун¸ Тергов қўмитасига кўра¸ улар қариндошларидан ДНК намуналари олинади.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича¸ Ташқи ишлар вазирлиги ҳудудий консуллик хизматлари билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларни ватанига олиб келиш бўйича ташкилий ишларни олиб бормоқда.

Ўзбекистон Қирғизистонга иссиққа чидамли гул ва буталар етказиб беради

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Қирғизистонга иссиқ иқлим шароитида етиштириш мумкин бўлган гуллар, бутали ўсимликлар ва дарахтларнинг уруғ ва кўчатларни етказиб беради. Бу борадаги келишувга Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Рахманкуловнинг 20 январь куни Ўш шаҳар ҳокимлиги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувида айтилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Рахманкулов қирғиз делегацияси вакилларига уй-жой, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, иссиқхона хўжаликлари соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирган.

Ўш делегацияси етакчиси, Ўш шаҳар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хўжалиги комбинатининг раҳбари Данияр Токторбаев эса Қирғизистонда иссиқхона хўжаликларининг фаолияти яхши ривожланган бўлса-да, томчилаб суғориш, ҳаво айланиши ва намликни меъёрда ушлаш борасида тажриба етишмаётганини, бу борада тажриба алмашиш ва узоқ муддатли ҳамкорликдан умидворлигини айтган.

Учрашув якунида тарафлар ободонлаштириш, ландшафт дизайни, ирригация ва дренаж тизимлари соҳасидаги мутахассисларнинг тажриба алмашинуви ҳамда кенг кўламли ўзаро ҳамкорлик ҳақида келишиб олганлар.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG