Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2019, Тошкент вақти: 06:59

Ўзбекистон

БМТ маърузачиси Ўзбекистон суд тизимида жиддий муаммолар бор эканини айтди

БМТ махсус маърузачиси Абдулазиз Комилов билан.

БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 25 сентябрда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонга ташрифининг дастлабки хулосаларини эълон қилди.

Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонда суд мустақиллиги юзасидан жиддий қийинчиликлар ва муаммолар бор эканини билдирди. Унга кўра, суд мустақиллигига энг биринчи жиддий тўсиқ коррупция бўлмоқда.

Махсус маърузачининг фикрича, бу каби тўсиқларни бартараф этиш учун ҳукумат ислоҳотлар жараёнини тезлатиши, “суд ҳокимиятининг мустақиллигига эришиш ҳаракатларига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйиши” лозим.

Бундан ташқари Диего Гарсия-Саян: “Ўзбекистон жазосизликка қарши курашиш учун керакли тергов ва суд процедураларини жорий этиши лозим”, деб ҳисоблайди.

Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга ташрифи юзасидан якуний ҳисоботни 2020 йилнинг июнида Женевада ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида тақдим этади.

19 сентябрь куни Тошкентга келган Диего Гарсия-Саян дастлаб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. 25 сентябрда уни президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

Диего Гарсия-Саян 25 сентябргача суд, прокуратура, адлия ва фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашувлар ўтказди.

Кун янгиликлари

Жума маъвизалари "ижтимоий тармоқларнинг хатари"га бағишланди

Ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.

Бу фикр Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатдаги имом хатибларга тавсия қилган, 18 октябрда ўтказиладиган жума намозида қилинадиган маъвиза тезисларида билдирилган.

Бироқ маъвизанинг асосий мақсад "ижтимоий тармоқларнинг хатари"ни кўрсатиб бериш эканлиги тезислар матни сарлавҳасидан кўриниб турибди.

Унда, жумладан мана бундай дейилган:

"Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси​нинг хабар қилишича, келгуси жума маърузаси “йўл қоидасига амал қилиш одоблари” мавзусида бўлади.

Мирзиёев: Ҳоким тайёрлаш мактабини яратдикми деган саволга ижобий жавоб йўқ

Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари халқдан узр сўрамоқда (тармоқларда тарқалган видеолардан олинган сурат)

Сурхондарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, республикадан келган мутасаддилар, фаоллар иштирокида Термиз шаҳрида ўтказилган йиғилишда президент Мирзиёев ҳудудлардаги ҳолатга танқидий баҳо бераркан:


- Сиёсатимизнинг мазмуни, мақсади оддий: меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан. Давлат шу меҳнатга, эмин-эркин ишлашга шароит яратиб бериши шарт. Шу мақсадда қарорлар қабул қилиняпти, йўналишлар белгилаб бериляпти. Лекин қуйи тизимда уларни бажарадиган савияли раҳбар кам. Ҳоким тайёрлаш мактабини яратдикми деган саволга ижобий жавоб йўқ. Соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари «қотиб қолган, - деди.

Президент Сурхондарёда қурилаётган 144 млн долларлик цемент заводини бориб кўрди

Жарқўрғон туманида қурилган «Сурхонцементинвест» хорижий корхонасида Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди. Лойиҳа қиймати қарийб 144 миллион доллар бўлган корхонанинг биринчи босқичи якунланди. Завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ва 750 минг тонна цемент экспорт қилинади, 1 125 киши иш билан таъминланади.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, президент Мирзиёев 17 октябрда завод иши билан танишган.

- Сурхондарё вилоятининг иқтисодий имкониятлари жуда катта. Бу ерда ерости бойликлари кўп. Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар бор. Бундан оқилона фойдаланишимиз, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак, - деган Президент.

Давлат раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, ўтган йили Шеробод туманида цемент заводи ишга туширилган эди.

Қозоғистон ўзбек- қозоқ чегарасидаги "Яллама"га туташ ўтказиш пунктини бир неча ойга ёпмоқда

Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташдир.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий маълумотига кўра, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пунктида қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилиши муносабати билан, 2019 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур чегара ўтказиш пунктида пиёда равишда ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, енгил автотранспорт ва 3,5 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати 2020 йилнинг 1 ярмига қадар тўхтатилиши билдирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хабар қилди.

Шу муносабат билан Божхона қўмитаси товар ҳамда транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёда равишда ҳаракатланувчи жисмоний шахсларга вақтларини тежаш, сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган бошқа муқобил ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қилди.

Эслатиб, ўтамиз, Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташ ҳисобланади.

МБ ҳисоботи: Ўзбекистонда доллар курси йил охиригача 9895 сўмгача кўтарилиши мумкин

Ўзбекистонда доллар нархи йил охиригача 9837—9895 сўмгача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки ўз сўровномасига таянган ҳолда маълумот тарқатган.

МБнинг “2019 йил III чоракдаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари” деб номланган ҳисоботида қайд этилишича, сўров иштирокчиларининг валюта курси бўйича кутилмалари келгуси даврларда миллий валютанинг тебранувчанлик даражасига нисбатан ноаниқлик таъсири остида шаклланган. Шу тариқа, аҳолининг 2019 йил якунига айирбошлаш курси бўйича кутилмалари сентябрда ўртача 1 АҚШ долл. 9 837 сўмга, тадбиркорлар кутилмалари эса ўртача 1 АҚШ долл. 9 895 сўмга тенг бўлган.

Сўровда мамлакат бўйлаб 900 нафар жисмоний шахс ҳамда 375 нафар юридик шахс иштирок этган.

Ноябрдан алкоголли ичимликлар нархи ошиши кутилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси бир қатор алкоголли маҳсулотларга энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни ўртача 15 фоизга оширишни таклиф қилмоқда.

“Алкоголь маҳсулотлари учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида” қарор лойиҳаси Regulation.gov.uz сайтида ёйинланган.

Молия вазирлиги ва солиқ қўмитаси алкоголли ичимликларнинг энг кам нархини жорий йилнинг 1 ноябридан оширишни таклиф қилган.

Хусусан, винонинг 1 литри учун энг кам нарх 8600 сўмдан 10200 сўмгача, коньякнинг 1 литри учун энг кам нарх 31000 сўмдан 36000 сўмгача, ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотларнинг 1 литри учун энг кам нарх 22000 сўмдан 26000 сўмгача ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда алкоголли ичимликлар нархи сўнгги бор кескин оширилганди.

Президент мактаблари ортидан Ўзбекистонда Президент университети ҳам очилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Президент университети ташкил этилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар қилади ЎзА ахборот агентлиги.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Президент университетини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Унга кўра, Президент университети — халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрловчи етакчи таълим ва илм-фан марказига айланади. Шунингдек, Президент университетида таълимга кредит-модули тизими жорий қилинади.

Ўзбекистонда бу йил тўртта Президент мактаби ташкил этилган. Келажакда ҳар бир ҳудудда шундай мактабларни ташкил этиш режаланган.

Шоир ва блогер Маҳмуд Ражаб устидан суднинг иккинчи мажлиси бошлангани хабар қилинди

Маҳмуд Ражаб

17 октябрь, куннинг иккинчи ярмида Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида шоир ва блогер, 56 яшар Маҳмуд Ражаб устидан суд жараёнининг иккинчи мажлиси бошланди.

Суд мажлисида иштирок этаётган икки хоразмликдан олинган бу хабарнинг Озодликда расмий тасдиғи йўқ.

Хабар қилганларнинг айтишича, судга уйидан қатнаётган Маҳмуд Ражаб суд залидаги темир панжара ортида эмас, очиқда ўтирибди.

Шоир ва блогер устидан бошланган суд жараёнининг биринчи мажлиси сўнгги жума, 11 октябрда бўлиб ўтгани хабар қилинди.

Маҳмуд Ражабга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси) билан айблов илгари сурилган. Бу моддаларда 5-10 йил қамоқ жазоси назарда тутилган.

Маҳмуд Ражаб жорий йилнинг март ойида Истанбулдан мухолифатчи шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида ушланиб, қўлидаги китоблар тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган эди.

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиққан, юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор эди.

“Тошкентга юриш” қилгани учун 10 суткага қамалган 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб жазо муддатини ўтаб, 3 октябрь озод қилинган.

Uzbekistan Airwaysнинг самолёти икки кунда иккинчи марта фавқулодда қўндирилди

Иллюстратив сурат

Тошкентдан Санкт-Петербургга учган Uzbekistan Airways самолёти Қозон шаҳрига шошилинч қўндирилди.

Uzbekistan Airways хабарига кўра, йўловчилардан бирининг саломатлиги ёмонлашгани сабабли, командир самолётни парвоз давом этаётган жойга энг яқин бўлган Қозон шаҳридаги аэропортга қўндиришга қарор қилган.

Хабарда айтилишича, самолёт Санкт-Петербургга маҳаллий вақт бўйича соат 13:40да етиб бориши кўзда тутилмоқда.

2 кун олдин ҳам худди шунга ўхшаш вазият юз берган эди.

Фарғонадан Москвага парвоз қилаётган учоқ йўловчилардан бирининг ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли 15 октябрь оқшомида Россиянинг Самара шаҳрида фавқулодда қўнган, бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати ўз Telegram-канали орқали хабар қилган эди.

Қаршида "Тез ёрдам"нинг икки врачини беморнинг яқинлари калтаклади

Иллюстратив сурат

16 октябрь оқшомида Қарши шаҳар "Тез ёрдам" станциясининг фельдшери ва врачига ҳужум қилинди. Икки эркак қилган ҳужумдан фельдшер эркак воқеа жойида ҳушидан кетган, врач аёл эса жиддий тан жароҳати олган.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, воқеа "Тез ёрдам" чақирилган уй - Қарши шаҳри, Депо кўчаси 28-уйда содир бўлган.

Вазирликка кўра, "Тез ёрдам" чақирилган манзилга 8 дақиқада етиб борган, бироқ хонадон эгалари врачларни шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олган.

"Врач ва фельдшер хонага кирганида бемор ёнбош ётган, қўллари ва оёқлари букилган ҳолатда бўлган. Врач қон босимини ўлчаш учун унинг қўлини тўғрилашга уринганида қўли музлаганини сезган. Шундан сўнг шифокор дарҳол беморнинг бўйнидаги томир уришини аниқлашга ҳаракат қилган. Томир уриши сезилмаган, бемор нафас ҳам олмаган, кўз қорачиғининг ёруғликка таъсири текширилганида эса умуман реакция бўлмаган.

Шундан сўнг шифокор биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С. Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А. Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган" дейилган вазирлик баёнотида.

Билдирувда айтилишича, “Тез ёрдам” ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келган. Мутахассислар кўриги ва стандарт текширувларда фельдшер С.Н.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач А. Б.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда РШТЁИМ Қарши филиалининг нейрохирургия бўлимида даволанаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинги пайтларда врачларга ҳужумлар кўпайиб бораётгани, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраётганини ёзди.

"Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳозирда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда" деб хабар қилди вазирлик.

Президент Мирзиёев бугун Сурхондарёда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Сурхондарё вилоятига жўнаб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, президент Сурхондарёга "ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан бевосита танишиш, саноат корхоналарини кўздан кечириш, янги лойиҳаларни белгилаб бериш мақсадида кетди".

Ҳиндистондан 12 та тўтини ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган ўзбекистонлик Деҳли аэропортида ушланди

Индира Ганди номидаги Деҳли халқаро аэропорти (иллюстратив сурат).

Деҳли халқаро аэропортида 12 та тўтиқушни контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ўзбекистонлик Анваржон Раҳматжонов қўлга олинди. Бу ҳақда The Indian Express нашри хабар қилади.

Мулозимлар Ўзбекистон ватандошининг Божхона қонунчилиги ҳамда Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун ҳибсга олинганини билдирганлар.

Айтилишича, А.Раҳматжоновнинг жомадони сканердан ўтказилаётган пайтда пойабзал қутиларига солинган 12 қуш тасвири уларда шубҳа уйғотган. Ўзбекистонлик қутиларда юмшоқ ўйинчоқлар борлигини таъкидлаганига қарамай, ходимлар уни очишган ва 12 та тўтиқуш топишган.

Раҳматжонов харидоргир бу қушларни Тошкентдаги мижозларига сотиш учун олиб чиқиб кетишга уринганини тан олган. У ўша куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоғи билан Тошкентга учиб кетиши керак эди.

Мулозимлар қуш контрабандасига қўл урган ўзбекистонлик яқин орада судга тортилишини маълум қилганлар.

Фарғона водийси вилоятларида “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 16 октябрь куни мамлакатда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари ушланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қанча одам қўлга олинганига аниқлик киритилмаган, бироқ уларнинг аксарияти муқаддам мазкур ташкилотга аъзо бўлганлари учун қамалиб чиққанлари қайд этилган. Тартиб посбонлари қўлга олинганларнинг ўзаро жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Ҳизбут-Таҳрир” ғояларини тарқатганлари ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганларини иддао қилган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб, олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда, дейилади ИИВ хабарномасида.

Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Ҳизбут-Таҳрир” мамлакатда фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Мирзиёев мева-сабзавот экспорти ҳажмини 5 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон келажакда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказиш керак. Бу вазифа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланиб, 16 октябрь куни Тошкентда ўтказилган йиғилишда қўйилди.

Мирзиёев жорий йилнинг 9 ойида мева-сабзавот экспорти қарийб 1 миллиард долларга етгани, бироқ бўш ерлардан унумли фойдаланиш, талаб юқори бўлган экин навларини етиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳали талаб даражасида эмаслигини таъкидлаган.

Президент мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда боғдорчилик соҳасида мутлақо янги тизим жорий қилинишини айтган. Унга кўра, хориж бозорларида ўз товар белгисига эга бўлган экспортчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари иштирокида ушбу туманларда кооперациялар ташкил этилади.

Йиғилишда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳам етарли эмас, деб баҳоланган. Мутасаддиларга 2019-2021 йилларда 300-500 бош чорва боқишга мўлжалланган 270 та бўрдоқичилик комплекси ва 260 та сутчилик корхонасини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш топширилган.

Япон ширкатлари Ўзбекистонда газ узатиш тизимини модернизациялаш лойиҳасида иштирок этмоқчи

Иллюстратив сурат.

Япониянинг Itochu Corporation ва Marubeni Corporation ширкатлари Ўзбекистонда газ узатиш тизимини модернизациялаш лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш борасида қизиқиш билдирган. Шу муносабат билан ширкат вакиллари ва ўзбекистонлик мулозимлар ўртасида учрашув ташкил этилган.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотда учрашув чоғида ширкат масъуллари икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилаётган “Ўзбекистон Республикаси газ узатиш тизимини модернизация қилиш лойиҳаси” тақдимотини ўтказганлари, Япония компаниялари лойиҳанинг Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштириладиган биринчи босқичини амалга ошириш бўйича халқаро тендерда иштирок этиш истагида эканликларини, лойиҳанинг иккинчи босқичида эса Япониянинг имтиёзли молиялаштиришини жалб этиш билан қатнашиш фикрида эканликларини билдирганлари қайд этилади. Шунингдек, учрашувда лойиҳанинг иккинчи босқичини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.

Тошкентда Покистон ватандоши тўнаб кетилди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 28 сентябрь оқшомида номаълум шахслар Юнусобод туманининг Боғишамол кўчасида покистонлик А.М.ни тўнаб кетди. Жабрланувчидан олиб қочилган сумка ичида унинг шахсий ҳужжатлари, Samsung S6 Edge русумли телефон ва 800 минг сўм пул бўлган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирган.

Айтилишича, тезкор тадбирлар натижасида 3 нафар гумонланувчининг шахси аниқланган. Жиноятни ташкиллаштирган шахс — 20 ёшли Шоҳруҳ И. бўлиб, у бир оз вақт илгари жабрланувчига таржимонлик хизматини кўрсатгани маълум бўлган.

Унинг иддаосича, жабрланувчи ундан 400 минг сўм қарз олиб, пулларни тез орада қайтаришни ваъда қилган. Аммо қарзини ҳам, таржима хизматлари учун 200 АҚШ долларини ҳам бермаган. Шу сабабли Шоҳруҳ ундан қасос олиш мақсадида талончиликни режалаган ва икки шериги билан талончиликни амалга оширган.

Ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.

"Ўзбекконцерт" Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини икки кунда қайтариб берди

Айрим сабабларга кўра «Ўзбекконцерт» томонидан лицензияси муддатидан олдин тўхтатилган санъаткорлар Жаҳонгир Отажонов, Абдулла Қурбонов, Шаҳло Аҳмедова ва Ҳалима Ибрагимовага ижодий фаолиятини давом эттириш учун рухсат берилди.

Бу ҳақда хабар қилган Kun.uzга кўра, лицензиялар қайтариб берилиши чоршанба куни «Ўзбекконцерт»да бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда маълум қилинган.

Бироқ "Ўзбекконцерт"нинг расмий сайтида ҳозирча бу ҳақда хабар йўқ.

«Улар бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини маълум қилганликлари сабаб уларнинг вақтинча олиб қўйилган ва тугатилган лицензияларини қайтарганлигимизни маълум қиламиз», – деган муассаса директори Одилжон Абдуқаҳҳоров.

"Ўзбекконцерт" Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини бундан 2 кун муқаддам - 14 октябрда бекор қилган эди.

15 октябрда Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов ўзининг фейсбукида "Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиқларини оилам ва фарзандларим билан яхши кўриб тинглайверамиз! Бунинг учун шахсан бизга лицензия керак эмас!" деб ёзди.

Қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг лицензияси "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 31 май кунги қарори асосида тугатилган эди.

МБ: Миллий валюта девальвацияси тезлашди, жамғармасини долларда сақловчилар 3 ойда қарийб 2 мартага кўпайди

2019 йилнинг июль-август ойларида ички ва ташқи омиллар таъсирида хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиши кузатилди ва натижада миллий валюта девалвацияси тезлашди, деб хабар қилди Марказий банк.

Хусусан, 2019 йил январь-июль ойларида АҚШ долларининг алмашинув курси 4 фоизга (1 долларга 8 336 сўмдан 8 667 сўмгача) ошган ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида валюта курсининг кескин ўсиши (8,2%) кузатилди. Бироқ, сентябрь ойига келиб, долларнинг алмашинув курси ўзининг аввалги тенденциясига қайтди ва ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизгача пасайди.

Миллий валюта девалвацияси аҳолининг жамғариш кайфиятига ва фаоллигига ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, Марказий банк томонидан ўтказиладиган ойлик сўров натижалари шуни кўрсатадики, 2019 йилнинг июнь-сентябрь ойларида омонатларини хорижий валютада (шу жумладан, АҚШ долларида) сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши кўпайган.

Бунда, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи респондентлар улуши май ойидаги 19 фоиздан август ойида 33 фоизгача, хорижий валютадаги омонатларда сақлашни афзал кўрувчилар улуши эса май ойидаги 17 фоиздан сентябрда 24 фоизгача ошди. Шу билан бирга, сентябрь ойида валюта курси барқарорлашганидан сўнг, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши 33 фоиздан 29 фоизгача пасайди.

Бош прокуратура: амалдорларнинг коррупцияга оид жиноятлари 30 фоизга камайди

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан коррупцияга оид мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 30 фоизга камайди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бошқармаси катта прокурори Каримжон Мусашайхов маҳаллий журналистларга баёнот берди.

16 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Radisson» меҳмонхонасида коррупцияга қарши кураш ва коррупцияга оид активларни қайтариш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасининг натижалари бўйича учрашувда иштирок этган Бош прокуратура мулозими Каримжон Мусашайховнинг фикрича, коррупцияга оид жиноятлар 30 фоизга камайганини "амалга оширилган ислоҳотлар самараси деб айтиш мумкин"

  • Ўтган ойда Ўзбекистонга сафар қилган БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 25 сентябрда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда суд мустақиллиги юзасидан жиддий қийинчиликлар ва муаммолар бор эканини билдираркан, суд мустақиллигига энг биринчи жиддий тўсиқ коррупция бўлаётганини айтган эди.

Қозоғистон 6 ойга чорва экспортини тақиқлади

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10 октябрь куни олти ой муддатга йирик шохли тирик чорва молларини мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруқ қабул қилди, деб хабар қилди gazeta.uz расмий ҳужжатга таяниб.

Тақиқ бир ёшгача бўлган бузоқларга, бир ёшдан ошган ғунажинларга, сигирлар, қўйлар ва эчкиларга тааллуқлидир.

Қозоғистон Ўзбекистонга чорва молларини асосий етказиб берувчиси ҳисобланади. Буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида ёзда эълон қилинган эди. Ўзбекистонда фермерликни ривожлантириш дастури бунга сабаб қилиб кўрсатилди, унга кўра аҳолига бошқа мамлакатлардан чорва сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилмоқда.

Ўтган йили Қозоғистондан Ўзбекистонга 50 минг бош қорамол, шу йилнинг олти ойи давомида эса 63,5 минг бош қорамол экспорт қилинди. Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги бу ҳолатни хавфли вазият деб атади.

Декабрдаги сайловлар учун бюджетдан 230,5 млрд сўм маблағ ажратилади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 22 декабри куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 230 миллиард 549 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайти маълумот тарқатди.

Хабар қилинишича, Молия вазирлиги билан Марказий сайлов комиссияси Республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағларнинг қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши ҳақида ўзаро келишиб олган:

- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига – 96 миллиард 807 миллион сўм;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига - 45 миллиард 330 миллион сўм;

- Сайловларда иштирок этадиган сиёсий партияларининг умумпартиявий тадбирлари ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқот ва тарғибот ишларини амалга оширишга - 46 миллиард 674 миллион сўм;

- Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ марказлашган тартибда харид қилинадиган зарур моддий-техника жиҳозлар, товар ва хизматлар билан таъминлаш учун – 41 миллиард 737 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Фарғонадан Москвага парвоз қилаётган учоқ Самара аэропортига қўнишга мажбур бўлди

Иллюстратив сурат.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатининг Фарғонадан Москвага парвоз қилаётган учоғи йўловчилардан бирининг ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли 15 октябрь оқшомида Россиянинг Самара шаҳрида фавқулодда қўнишни амалга оширган. Бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати ўз Telegram-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномадан маълум бўлишича, парвоз чоғи 24 ёшли йўловчи ўзини ёмон ҳис қилган. Шу сабабли учоқ командири Самара аэропортига мажбурий қўнишга қарор қилган. Қўниш амалга ошиши билан хаста йўловчи шаҳар касалхонасига олиб кетилган, учоқ эса йўлида давом этиб, Тошкент вақти билан соат 22:25 да Москвадаги “Внуково” аэропортига етиб борган.

Мирзиёев ўқиган институт Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг кучли олийгоҳлари рейтингидан жой олди

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти битирувчисидир.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 2020 йил учун QSнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари рейтингида қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазир вазирлиги маълумот тарқатди.

Хабарномада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти QS рейтингида академик сўровнома, иш берувчиларнинг баҳоси ва илмий салоҳияти каби мезонларда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари ўртасида ижобий кўрсаткичларни қайд этиб, 301-350 ўринлар оралиғидаги университетлар қаторидан жой олгани қайд этилади.

Ушбу рейтингда 1-ўринни Ломоносов номидаги Москва давлат университети, 2-ўринни Санкт-Петербург давлат университетлари эгаллаган. Рейтингдан Россия, Чехия, Туркия, Венгрия, Польша, Руминия, Словения, Хорватия, Беларусь, Болгария каби давлатларнинг етакчи университетлари жой олган.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини 1981 йилда битириб, 1992 йилгача шу олийгоҳда кичик илмий ходим сифатида иш бошлаган ва биринчи проректор лавозимигача кўтарилганди.

Ҳукумат қарори ортидан Тошкентда буханка нон нархи 35 фоизгача ошди

Ўзбекистон пойтахтида 15 октябрдан буханка ноннинг нархи ошгани кузатилди.

Kun.uz хабарига кўра, сешанба куни Тошкентда бир буханка нон дўкон ва бозорларда 1350-1500 сўмдан сотила бошлаган. Бунгача мазкур нон 1100 сўмдан сотилаётган эди.

14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилган, мазкур ҳужжат билан дон ва ун нархларини эркинлаштиришга қарор қилганди.

Охирги марта нон нархи 2018 йил сентябрида оширилган. Бунгача буханка нон узоқ йиллар 600-650 сўмдан сотилганди.

Мирзиёев Бокуда икки томонлама учрашувлар ўтказди

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити, Боку, 2019 йил 15 октябри.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистоннинг тўнғич президенти Нурсултон Назарбоев, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон президенти Мирзиёев Туркия президенти Эрдўғон билан, Боку, 2019 йил 15 октябри.
Ўзбекистон президенти Мирзиёев Туркия президенти Эрдўғон билан, Боку, 2019 йил 15 октябри.

Ш.Мирзиёев Озарбайжон пойтахтига Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 14 октябрь куни борган.

15 октябрь куни бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон Республикасининг Туркий кенгашга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилиши тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинган.

Саммитда сўзлаган нутқида Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини урғулаган.

Ўзбекистон президенти шу куни Тошкентга қайтиб келган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG