Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2020, Тошкент вақти: 18:50

Ўзбекистон хабарлари

Томскдаги ёнғинда ҳалок бўлган икки муҳожирнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди

Россиянинг Томск вилоятида 21 январь кунги ёнғин оқибатида ҳалок бўлган икки ўзбекистонликнинг жасади ватанига қайтарилди. Бу ҳақда Кун.уз хабар қилади.

Ўн кун муқаддам содир бўлган ёнғинда 12 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган бўлиб, улардан 10 нафарининг жасади 26 январь куни Ўзбекистонга олиб келинганди.

Қайд этилишича, ДНК натижаларига кўра, олиб келинган марҳумлардан бири китоблик Раҳмонов Шуҳрат экани маълум қилинган. Наманган аэропортига келтирилган Музаффаржон Мамажоновнинг жасади эса Андижон вилоятига жўнатилган.

Кечаги рейс билан ёнғин чоғида тирик қолган навоийлик Н.М. ҳамда Р.Д. ҳам Ўзбекистонга қайтган. Аммо журналистлар улар билан учрашишга муваффақ бўлолмаганлар.

Кун янгиликлари

Агентлик: 2 мингга яқин кўнгилли теримчи водийдан Жиззахга ётоқда қолиб пахта тергани жўнатилди

Сирдарёда теримчилар учун ҳозирланган ётоқ жойи, сентябрь, 2020

Ишсизлар ва вақтинча ишсизлар орасида "ихтиёрий равишда" тузилган теримчилар гуруҳлари водий вилоятларидан Жиззахга ётоққа жўнатилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматига таяниб, Kun.uz нашрининг ёзишича, Наманган ва Андижондан кўнгилли теримчилар 25 сентябрь куни поездда Жиззахга кетган.

Наманган темир йўл вокзалидан 723 теримчи, Андижон вилоятидан 1055 теримчи 2 та поездда жўнатилган.

Бу йил қўлда терилган 1 килограм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм ҳақ белгиланган. Жиззахда эса биринчи теримдаёқ 1 килограмм пахта учун 200 сўмдан устама ҳақи берилаётгани хабар қилинмоқда.

"Кунига 3 маҳал овқатланиш, теримчилар учун ишдан ташқари вақтларда маданий ҳордиқ чиқариш дастурлари ташкил этилади, ва, албатта, ишлаб топилган маблағларнинг ўз вақтида тўланиши устидан доимий назорат ўрнатилган", деб хабар қилади нашр.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида пахта теримига старт берилганига 20 кундан ошди.

Ҳукумат бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, теримга асосан “темир дафтар”даги оилалар, ишсизлар ва аёллар жалб қилинишини ваъда қилган.

Шунга қарамай, айрим вилоятларда бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари пахтага мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ходимларининг хабар қилишича, улардан "ўз хоҳиши билан пахтага чиқиши" ҳақида мажбурий тилхатлар олинган, пахтага боришни хоҳламаганларга ўрнига ёнидан пул тўлаб, теримчи ёллаш тайинланган.

Банк ходимлари, хусусий ширкатлардан ҳам пахтага одам чиқариш талаб қилинаётгани айтилади. Озодликка етиб келган хабарларга кўра, хусусан, Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидаги "Халқ банки" "Ҳамкорбанк", "Савдогарбанк" бўлимлари ходимларига пахта терими учун ўз ўрнига одам ёллаш буюрилган.

Жиззах вилоятидаги ташкилотларнинг 1030 нафар ходими пахта теримига чиқарилган. 24 сентябрь куни Озодликка боғланган жиззахлик ишчиларнинг иддаосига кўра, улар Арнасой туманидаги пахта даласига мажбуран жўнатилган.

Жорий йилдаги пахта терими билан боғлиқ хабар ва янгиликларни Озодликнинг PaxtaGram саҳифасида кузатишингиз мумкин.

Россия-Қозоғистон чегарасига йиғилган 900 дан ортиқ ўзбекистонлик поездда ватанига жўнатилди

Кинел туманидаги ўзбек муҳожирлари. Л.Мелниченко фотоси.

940 нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири 27 сентябрь куни Россия-Қозоғистон чегараолди ҳудудидаги Самара областидан ватанига қайтарилди.

ТАСС агентлигининг хабар қилишича, муҳожирлар поездда қайтмоқда.

Агентликнинг област расмийларига таяниб хабар қилишича, сентябрь ойида самолёт ва поездлрада 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик юртига жўнатилган.

Бу ерга муҳожирлар шу йилнинг май ойидан бошлаб кела бошлаган ва айни пайтда Самара областининг Кинель туманида муҳожирларнинг вақтинча тўхташ ва яшаб туриш лагерлари пайдо бўлган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, бу муҳожирларни қайтариш учун 27 сентябрь куни 15 та автобус йўлга чиққан, 23 сентябрда ҳам 15 автобус жўнатилган эди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган.

Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудуларида тўпланиб қолишган. Жумладан, Самарада 4 мингдан зиёд муҳожир тўпланиб қолгани хабар қилинган.

Қайд этилишича, ўзбекистонликлар учун очиқ майдонда чодир лагери қурилган, сув етказиб бериш, озиқ-овқат ва эҳтиёж учун энг зарур моллар савдоси ташкил қилинган ҳамда фуқаролар хавфсизлиги таъминланган.

Лагердаги одамлар яйдоқ ер устига тикилган чодирларда яшамоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари муҳожирлар учун ёрдам ташкил этишган, улар лагерда йиғилганлар учун дори-дармон ва озиқ-овқат, адёл ва иссиқ кийимлар сотиб олиб беришяпти.

Фарғонада ҳоким алмашиши биланоқ Андижон билан боғловчи энг қисқа магистрал йўл очилди

Қува тумани ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган сурат, 26 сентябрь, 2020

Фарғона ва Андижон вилоятини боғлаб турган энг қисқа магистрал йўлдаги блокпостлар, вилоят ҳокими ўзгариши билан, олиб ташланди.

Қува тумани ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб, Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, вилоятлар орасидаги Қува-Асака, Шаҳрихон-Қува йўлларидаги блокпостлар 26 сентябрь куни олиб ташланган.

Расмий хабарда айтилишича, йўл Асака-Қува йўлининг еттинчи километри, Шаҳрихон-Қува йўлининг бешинчи километридаги таъмирлаш ишлари якунига етгани учун очилган.

Қува тумани ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган сурат, 26 сентябрь, 2020
Қува тумани ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган сурат, 26 сентябрь, 2020

Аммо, бу йўл муаммоси юзасидан Озодликка қайта-қайта мурожаат қилган водийликлар, "йўл Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бир томонлама буйруғи билан ëпиқ қоляпти" деб шикоят қилган эдилар.

15 августдан мамлакат миқëсида карантин чекловлари юмшатилганига қарамай, бу магистрал йўл шу вақтгача ëпиқ турди.

Оқибатда, водийнинг икки гавжум шаҳри орасида қатновчи аҳоли ва тадбиркорлар Ëзëвон чўлидан айланиб ўтишга мажбур бўлаётган, йўлкира кескин ошган, деҳқонларнинг олди-бердиси учун жиддий қийинчилик туғилганди.

25 сентябрь куни, Фарғона вилоятини 2011 йилдан бери бошқариб келган Шуҳрат Ғаниев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилди.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров эса Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Самарада йиғилган ўзбекистонликларни олиб келиш учун яна 15 та автобус жўнатилди

Автобуслар карвони Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтмоқда, 26 сентябрь, 2020

Россиянинг Қозоғистон билан чегараси яқинидаги Самара областида тўпланиб турган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қайтариш учун 15 та автобус йўлга чиқди.

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, автобусларни “Uzautotrans service” корхонаси йўллаган.

23 сентябрь куни ҳам 15 автобусдан иборат илк карвон Самарага жўнатилган эди. 750 муҳожирни олиб қайтаётган бу карвоннинг 27 сентябрь куни Ўзбекистонга кириб келиши кутилмоқда.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан бугун навбатдаги 15 та автобусдан иборат карвон Россиянинг Самара вилояти томон йўлга чиқди.

20 сентябрь куни Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Азиз Абдуҳакимов, Kun.uz нашрига берган интервьюсида, Россия ва Қозоғистон чегарасида йиғилаётган ўзбекистонликларни тезроқ қайтариш учун чартер автобус қатновини йўлга қўйишга келишилганини билдирган эди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган.

Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудуларида тўпланиб қолишган. Жумладан, Самарада 4 мингдан зиёд муҳожир тўпланиб қолгани хабар қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати 19, 23, 26 сентябр ва 5 октябр кунлари ташкил этилган махсус поезд қатновлари ёрдамида Самара вилоятида йиғилиб қолган муҳожирларни олиб чиқишни режалаштиргани билдирган эди.

Мирзиёев: Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни ўтган ҳукумат видеоселектор мажлисида ҳокимлар сайлов йўли билан мансабга келиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаган.

"Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз", деган президент.

Президент Мирзиёевнинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда танқид мунозараларга сабаб бўлиб келган Фарғона вилоятининг 52 яшар ҳокими Шуҳрат Ғаниев Бош вазирнинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаган бир пайтда янгради.

Айни дамда ҳокимларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш республика президентининг ваколатига киради.

Мирзиёев 2016 йилда Конституция куни муносабати билан қилган нутқида давлат бошқарув органларини тубдан ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлаганди.

"Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

ССВ: Ўзбекистон Хитой ва Россия вакциналарини харид қилиш имкониятларини ўрганмоқда

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Хитой ва Россияда учинчи босқич синовлари ўтказилаётган вакциналарни харид қилиш имкониятлари кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Вазирликка кўра, Хитой компанияларидан вакциналар клиник синовларининг учинчи босқичини Ўзбекистонда биргаликда амалга ошириш бўйича таклифлар олинган.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада Хитойнинг «Sinopharm» компаниясининг ваколатли корхонаси - «Yilin International Commerce» МЧЖ билан, шунингдек, «Zhifei Longcom» компанияси билан келишув имзолаган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Россияда ишлаб чиқарилаётган «Спутник-V» вакцинасининг 5000 дозасини ҳарид қилиш бўйича Россиянинг тўғридан тўғри инвестициялар жамғармасига мурожаат қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ҳозир Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой ва Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган 9та вакцинанинг охирги (учинчи) босқич синовлари ўтказилмоқда.

"Спутник V" халқаро илмий доираларда жиддий хавотир ва ташвишлар билан қарши олинган.

Россия вакцинасининг инсонлардаги синови икки ойга ҳам етмаган.

Ҳатто, россиялик шифокорлар кўпчилигининг янги вакцинадан хавотирда эканликларини яширишмаган.

Ўзбекистонда тест синовлари натижалари эълон қилинди

Ўзбекистонда олийгоҳларга кириш тест синовларининг жавоблари чиққан.

Ўзбекистон Давлат тест маркази маълумотига кўра, 2020/2021-ўқув йили учун республика ОТМлари бакалавриатига жами 140 068 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинган.

Бу ўтган йилдаги 102 350 нафарга нисбатан 37 718 тага кўпдир.

Ўзбекистон олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида минимал ўтиш бали 68,0 балл, тўлов-контракт асосида минимал ўтиш бали 56,7 балл этиб белгиланган.

Тест натижаларига кўра, 28 173 нафар абитуриент давлат гранти, 111 895 нафар абитуриент тўлов контрак асосида ўқишга қабул қилинган.

Одатдагидан кечроқ чиққан жавобларни мобил телефони орқали CМС юбориш ёки давлат тест марказининг сайтига кириб текшириш мумкин.

Бу йилги тестларнинг ҳар йилгидан кўра қаттиқроқ назорат остида ўтгани айтилмоқда.

Олий таълим тизими Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади.

Тест синовларининг адолатли ўтиши ва назоратнинг қаттиқроқ бўлиши айтилса-да, тизимнинг коррупция ботқоғига ботиши ортидан ушбу ваъдалар ҳар йили қоғозда қолиб кетади.

Парламент депутатлари Шуҳрат Ғаниев номзодини бош вазир муовини лавозимига тасдиқладилар

Шуҳрат Ғаниев.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг шу йил 25 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев номзодини бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқладилар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатидан мажлисда иштирок этган 122 нафарининг барчаси бир овоздан Ш. Ғаниев номзодини бош вазир муовини лавозимига маъқуллаган.

2012 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқарган ва ўтган йиллар давомида матбуотнинг диққат марказида бўлиб келган Шуҳрат Ғаниев шу йил 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этган Ўктам Барноевнинг ўрнини эгаллади.

Аввалроқ мамлакат президентининг фармони билан Ш. Ғаниев Фарғона вилояти ҳокими вазифасидан озод этилгани, унинг ўрнига Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Хайрулло Бозоров тайинлангани тўғрисида хабар қилган эдик.

ДТМ: Бакалавриатга 140 мингдан зиёд абитуриент талабаликка қабул қилинди

Жорий йил 2 сентябрида Тошкент шаҳрида ўтказилган тест синовларидан лавҳа.

Давлат тест маркази 25 сентябрь куни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун ўтказилган тест синовлари натижаларини эълон қилди.

ДТМ маълумотига кўра, жорий йилда олий таълим муассасаларига 1 миллион 484 минг 463 нафар (2019 йилда – 1 066 926 нафар) абитуриент ўқиш истагини билдириб, ариза топширган. Бу йил 1 ўринга 10,6 абитуриент (2019 йилда – 10,3) даъвогарлик қилган.

2-13 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовларида 1 миллион 240 минг 614 нафар абитуриент (95,1 фоиз) иштирок этган.

Тест синовлари танлов натижаларига кўра, олий таълим муассасалари бакалавриатига жами 140 минг 68 нафар абитуриент (ўтган йили - 102 350 нафар эди) талабаликка қабул қилинган. Бундан 28 минг 173 нафари (жами топширганларнинг 20,1 фоизи) давлат гранти асосида, 111 минг 895 нафари (жами топширганларнинг 79,9 фоизи) эса тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.

Танлов натижаларига кўра, давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали 133,3 баллни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали 110,6 баллни ташкил этган.

ОТМга давлат гранти асосида минимал ўтиш бали 68 балл, тўлов-контракт асосида минимал ўтиш бали 56,7 балл этиб белгиланган.

Қайд этилишича, ёшларнинг таълим олиши учун имконият яратиш мақсадида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилмаган, лекин 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти яратилади. Бунинг учун ушбу тоифадаги абитуриентлар 2020 йил 26 сентябридан бошлаб ОТМга мурожаат этишлари мумкин.

ДТМ хабарномасида тест синовлари натижаларидан қониқмаган абитуриентлар 28 сентябрдан эътиборан марказнинг апелляция комиссиясига мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилган.

Фарғона вилоятига Хайрулло Бозоров ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Хайрулло Бозоров.

Фарғона вилояти фаолларининг 25 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида бошқа ишга ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев вазифасидан озод этилгани эълон қилинган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Ўзбекистон президентининг тавсиясига кўра илгари Наманган вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

Тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновлар иштирок этишиб сўзга чиқишган.

Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, Фарғона вилояти ҳокими вазифасидан озод этилган Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Аввалроқ Хайрулло Бозоров ўрнига Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Шавкатжон Абдураззоқов тайинлангани ҳақида хабар қилган эдик.

Самарқандда оиладаги зўравонликка дучор бўлган аёлларга “ҳимоя ордерлари” берилди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилоятида ўтказилаётган “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” доирасида Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари вилоятдаги 3300 дан зиёд оиладаги вазиятни ўрганган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, улар 5 кун ичида 365 та низоли оила билан профилактик ишлар олиб борганлар. Мазкур оилаларда 47 муаммо аниқланиб, шундан 25 таси жойида ижобий ҳал этилган. 29 та ҳолатда нотинчликка барҳам берилиб, 11 та ҳолатда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ўзаро яраштирилган.

Хабарномада айтилишича, тадбир давомида оила турмуш муносабатлари доирасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган 16 та шахс аниқланган. Инспекторлар томонидан жабрланган аёлларга “ҳимоя ордерлари” расмийлаштирилиб, ордерда белгиланган чеклов талаблари бўйича зўравон шахслар билан батафсил ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган.

Россия Ўзбекистонга ўзида ишлаб чиқарилган 35 миллион доза вакцинани етказиб беради

Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) ва LAXISAM фармацевтика ширкати Ўзбекистонга коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасидан 35 миллион дозагача етказиб бериш ҳақида келишувга эришган. Бу ҳақда РБИЖ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, Ўзбекистондаги тегишли идоралари томонидан маъқулланганидан кейин 2020 йили республикага 10 миллион дозагача, 2021 йили эса яна 25 миллион дозагача вакцина етказиб берилиши мумкин.

Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинаси шу йил 11 августида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатга олинган эди.

Аввалроқ Россия бевосита инвестициялар жамғармаси ўз ҳамкори “Химрар”илмий-фармацевтика маркази билан биргаликда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган “Авифавир” препаратини 20 дан зиёд мамлакатга етказиб бериши ҳақида маълумот тарқатган. Жамғарма қайдича, мазкур препарат Ўзбекистон, Беларусь, Боливия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонга етказиб бўлинган, айни пайтда уни яна 17 та мамлакатга етказиб бериш кутилмоқда.

Наманган вилоятига янги ҳоким тайинланди

Жорий йил мартидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган Шавкатжон Абдураззоқов 25 сентябрь куни фаоллар иштирокида ўтказилган мажлисда Наманган вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Дарё.уз нашри хабарига кўра, жума куни Наманганда бўлиб ўтган мазкур мажлисда Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қатнашган.

Йиғилишда Наманган вилоятига ҳокимлик қилиб келган Хайрулло Бозоров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан вилоят ҳокими лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги президент фармони ўқиб эшиттирилган. Сўнгра президентнинг бошқа бир фармони билан Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни қўмитаси раиси бўлиб ишлаб келган Шавкатжон Абдураззақов Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишларича, Наманган вилоятининг аввалги ҳокими Х. Бозоров Фарғона вилоятига ҳоким бўлиши, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

ОАВ: Шуҳрат Ғаниевнинг Бош вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод этилади. Унинг Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда, деб хабар берди 25 сентябрь куни «Дарё» нашри ўз манбасига таянган ҳолда.

Хабарда айтилишича: “25 сентябрь куни халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиши кўзда тутилган. Унда шу вақтгача Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг янги ҳокими сифатида жамоатчиликка таништирилиши кутилмоқда”.

Нашрнинг ўз манбаларига таяниб билдиришича, Наманган вилояти ҳокими лавозимига ким тайинланиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ, бироқ 25 сентябрь куни бу ерда ҳам ҳудудий кенгашнинг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиши, унда ташкилий масала кўрилиши айтилмоқда.

Орадан бир оз ўтгач "Кун уз" нашри ҳам ўз манбасига таянган ҳолда 2011 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқариб келаётган Шуҳрат Ғаниев Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилаётганини билдирди.

"Ўз навбатида, 2017-2020 йилларда Наманган шаҳрига ҳокимлик қилган, айни вақтда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаётган Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимини эгаллаши кутилмоқда", - деб қўшимча қилди нашр.

24 сентябрь куни кечга яқин ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Бироқ Фарғона вилоят ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов бу ахборотни рад этган ва “Шуҳрат Ғаниев лавозимидан озод этилмаганини, айни пайтда ҳукумат йиғилишида иштирок этаётганини” ёзганди.

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича аввалги ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этди. Унинг коронавирусдан даволанаётгани маълум қилинганди.

Ростовда уйига қайтиш учун поездга чиқаётган ўзбекистонлик вафот этди

Ўзбекистонга жўнатилишини кутиб, Россиядаги чодир шаҳарчада яшаётган муҳожирлар.

Ростов вилоятида 19 сентябрь куни куни ўзбекистонликларни олиб келиш учун юборилган поездга чиқаётган 33 ёшли Р.Ж., вафот этди.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаментининг билдиришича, 1987 йил 13 сентябрда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Ж., “Лихая” станцияси олд томонидаги майдонда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва тез тиббий ёрдам етиб келгунича вафот этган.

Аввалроқ Россия нашрлари вафот этган ўзбекистонлик Ростов вилояти Каменск-Шахтинск шаҳрида муҳожирлар учун ташкил қилинган чодир шаҳарчада яшагани ҳақида билдирган эди.

Хабарда мазкур шахс шаҳар марказий шифохонасига мурожаат қилгани, унинг бир томонлама пневмония ва қон-томир касаллигига чалингани аниқлангани ҳам айтилганди.

Бироқ Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, Р.Ж., чодир шаҳарчада яшамаган. У Санкт-Петербург шаҳридан Каменск-Шахтинскка 14 сентябрда етиб келган ва соғлиги ёмонлашгани сабабли шаҳар касалхонасига ётқизилган.

19 сентябрь куни у касалхонадан поездга чиқарилиш учун “Лихая” станциясига олиб борилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича: "фуқаронинг коронавирус билан касаллангани тасдиқланмаган. Марҳумнинг жасади чартер рейс орқали Ўзбекистонга жўнатилган”.

Коронавирусдан вафот этганлар сони расман 447 кишига етди

24 сентябрь куни мамлакатда 519 ҳолатда касаллик қайд этилди, 609 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 25 сентябрь куни билдиришича, ўтган бир сутка давомида мамлакатда 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 447 нафарга етди.

Вазирлик бир неча кундан бери вафот этганлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни ошкор қилмаяпти. Бундан ташқари вазирликнинг коронавирус бўйича кўрсаткичлар жадвалидан вилоятлар кесимдаги ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам олиб ташланди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 24 сентябрь куни мамлакатда 519 ҳолатда касаллик қайд этилди, 609 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 53 966 нафар бемордан 50 441 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 078 нафар бемордан 548 нафари оғир, 469 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мирзиёев “Таълим тўғрисида”ги янги қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 сентябрь куни “Таълим тўғрисида”ги янги қонунни имзоланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълум қилди.

Янги қонун имзоланиши ортидан 1997 йил 29 августида қўл қўйилган “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлар ўз кучини йўқотган.

Кеча имзоланган қонунга мувофиқ, таълим турлари қуйидагилардан иборат:

  • мактабгача таълим ва тарбия;
  • умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
  • профессионал таълим;
  • олий таълим;
  • олий таълимдан кейинги таълим;
  • кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • мактабдан ташқари таълим.

Ҳужжатда қайд этилганидек, Ўзбекистонда умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олади.

Ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилади.

Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.

Бундан бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул, ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича, ўрта махсус профессионал таълим эса техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Қонунга мувофиқ, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари президент ёки ҳукумат қарорлари билан ташкил этилади. Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш эса уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади.

Коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқилган препарат Ўзбекистонга етказилди

Иллюстратив сурат.

Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) ва унинг ҳамкори бўлган “Химрар”илмий-фармацевтика маркази коронавирусга қарши ишлаб чиқилган “Авифавир” препаратини яна 17 та давлатга етказиб беради. Бу ҳақда жамғарма томонидан 24 сентябрь куни ёйинланган хабарномада маълум қилинган.

“Авифавир” Беларусь, Боливия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга етказиб бўлинган, айни пайтда уни яна 17 та мамлакатга етказиб бериш кутилмоқда”, дейилади РБИЖ хабарномасида.

Маълумотларга кўра, препарат Аргентина, Болгария, Бразилия, Чили, Колумбия, Эквадор, Сальвадор, Гондурас, Қувайт, Панама, Парагвай, Саудия Арабистони, Сербия, Словакия, ЖАР, БАА ва Уругвайга етказилади.

“Авифавир” коронавирусга қарши дори воситаси сифатида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йил май ойида рўйхатга олинган ва Япониянинг Favipiravir (вирусдан даволашда ишлатиладиган) препарати асосида ишлаб чиқилган.

Жамғарманинг қайд этишича, Япония ва Россияда ўтказилган синовлар бу препаратларнинг самарадорлигини тасдиқлаган.

Россия вирусга қарши дори-дармон ишлаб чиқариш пойгасида дунё миқёсида лидерлик ролига даъвогарлик қилиб келмоқда.

Аввалроқ Роспотребнадзор Ўзбекистон Россиянинг “Вирусология ва биотехнология “Вектор” давлат маркази” томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши вакцинани ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдиргани ҳақида маълумот тарқатган.

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олгани хабар қилинган эди.

Президент Путин вакцина муваффақиятли синовдан ўтказилгани ва тез орада ишлаб чиқарила бошланишини қайд этган. Аммо ғарб давлатлари Россия вакцинасига шубҳа билдирган.

Ўзбекистонликларнинг АҚШга қуруқ мева ва дуккаклилар экспорт қилишига рухсат берилди

Ўзбекистон яқин орада АҚШга қуруқ мева ва дуккаклиларни экспорт қила бошлаши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.

Элчихона вакилларига кўра, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўсимлик ва ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича инспекцион хизмати (APHIS) Ўзбекистонда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини баҳолаш ишини поёнига етказган.

APHISнинг савдо-сотиқ масалалари бўйича директори Пракеш Хеббарга кўра, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) Ўзбекистонга ловия, мош, бодом, ёнғоқ, майиз, туршак, олхўри ва анжир қоқисини экспорт қилишга рухсат беради.

ДСҚ ўзини ўзи банд қилиб, рўйхатдан ўтганлар сони 400 минг нафардан ошганини билдирди

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган касб эгалари сирасига нонвойлар ҳам киритилган.

Жорий йил 23 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон солиқ органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтганлар сони 403 минг 208 нафарга етган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қўмита қайдича, амалдаги қонунчиликка кўра рухсат этилган 67 та фаолият тури кесимида қаралганда маиший хизматлар йўналишини танлаётганлар сони (113 минг 49 нафар) нисбатан кўпроқ. Улар орасида сартарошлик, маникюр, косметология, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш кабилар саналган.

Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасида эса, ДСҚ маълумотига кўра. ўзини ўзи банд қилган 87 минг 231 нафар ўзбекистонлик қонуний фаолият олиб боряпти.

Хабарномада ўзини ўзи банд қилганлар орасида 74 минг 86 нафари ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасида, 66 минг 886 нафари саноат йўналишида (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш), 54 минг 428 нафари халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) соҳасида, 7 минг 476 нафари эса АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётгани айтилган.

Мактаб дарсликларининг ижара ҳақлари эълон қилинди

Бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови 2200 сўм қилиб белгиланган.

Халқ таълими вазирлиги дарсликлар тўплами учун ижара тўловларини эълон қилди. Расмий маълумотда билдирилишича, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови жорий қилинди.

Вазирлик бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови 2200 сўм қилиб белгиланганини таъкидлаган.

Бир тўплам таркибидаги дарсликлар ва машқ дафтарлари сонидан келиб чиқиб, синфлар ва таълим тиллари кесимида ижара тўлови миқдорлари 26400 сўмдан 44 минг сўмгача қилиб белгиланган.

“Пандемия шароитидан келиб чиқиб, 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида умумтаълим муассасасида дарсликлар тўплами учун ижара тўловини амалга ошириш муддати жорий йилнинг 10 октябригача узайтирилди”,- дейилади билдирувда.

Ота-оналарда мазкур тўловни амалга ошириш билан боғлиқ муаммо мавжуд бўлса, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида умумтаълим муассасасига мурожаат қилишлари мумкин.

Ижара тўлови муддати узайтирилган ҳолларда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 10 октябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.

Ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган оилалардаги ўқувчиларни умумтаълим мактаб кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминлаш тартиби ўрнатилган.

Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича маълумотларни илк маротаба очиқлади

Уран маъдани.

Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллайди, уран заҳираси бўйича эса 10-ўринда туради. Бу маълумотни “Экономическое обозрение” журналига Навоий тоғ-металлургия комбинати бош директори ўринбосари Нурмат Жулибеков берди.

Ўзбекистон биринчи марта уран қазиб олиш ҳажми юзасидан маълумотларни ошкор қилмоқда.

Нурмат Жулибековнинг билдиришича, Ўзбекистон йил сайин 3,5 минг тонна уран қазиб чиқаради. Мамлакатнинг ўзида уран қайта ишланмагани сабабли, хом ашё тўлиғича хорижга экспорт қилинади.

Ўзбекистоннинг уран заҳираси 139, 2 минг тоннани ташкил қилади. Бу эса жаҳондаги уран заҳирасининг 2,3 фоизи демакдир.

Нурмат Жулибеков Навоий тоғ-металлургия комбинати экспортининг 99,5 фоизи уран ҳиссасига тўғри келишини ҳам билдирди. Уран AREVA NC (Франция), Converdyn (АҚШ), Cameco (Канада), CNEIC (Хитой) ва бошқа ширкатларга сотилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус бўйича ҳисобот жадвалидан вафот этганлар тўғрисидаги маълумотни олиб ташлади

23 сентябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 444 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир кунлик танаффусдан сўнг коронавирус бўйича якуний кундалик ҳисобот тақдим этишни қайта бошлади.

Вазирликнинг билдиришича, 23 сентябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 444 нафарга етди.

Айни пайтда вазирлик вафот этганларнинг шахси, жинси, қаерда яшагани, қаерда даволангани ва ёши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмади. Аввалги ҳисоботларда бу каби маълумотлар кўрсатилар эди.(Эски жадвал)

Шунингдек, вазирлик ҳисобот жадвалидан ўлим ҳолатлари статистикасини олиб ташлади. (Янги жадвал)

Вазирликнинг билдиришича, 23 сентябрь куни мамлакатда 590 ҳолатда касаллик қайд этилди, 608 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 53 447 нафар бемордан 49 832 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 171 нафар бемордан 632 нафари оғир, 294 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Чегарада тўпланган ўзбекистонликларни олиб келиш учун Самарага автобуслар жўнатилди

Автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади.

Россиянинг Самара вилоятида тўпланиб қолган ўзбекистонлик муҳожирларни ватанга олиб келиш учун махсус автобус қатнови ташкил этилмоқда.

Транспорт вазирлигининг билдиришича, 24 сентябрь куни 15 та автобусдан иборат илк карвон Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди.

Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудуларида тўпланиб қолишган. Жумладан, Самарада 4 мингдан зиёд муҳожир тўпланиб қолгани билдирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати 19, 23, 26 сентябр ва 5 октябр кунлари ташкил этилган махсус поезд қатновлари ёрдамида Самара вилоятида йиғилиб қолган муҳожирларни олиб чиқишни режалаштиргани билдирган эди.

Самарқандда Қозоғистоннинг бош консулхонаси очилади

Самарқанддаги "Шердор" мадрасаси.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 23 сентябрь куни “Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси) Қозоғистон Республикаси Бош консулхонасини очиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳужжатда Қозоғистон ҳукуматига мазкур фармондан келиб чиққан ҳолда зарур чораларни кўриш вазифаси топширилган. Айни пайтда Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консулхонаси қачондан ўз фаолиятини бошлаши ҳали маълум эмас.

Аввалроқ Озодлик Самарқанд шаҳрида жорий йил якунига қадар Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилиши ҳақида хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

Сўнгги хабарлар

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG