Линклар

Шошилинч хабар
24 сентябр 2020, Тошкент вақти: 17:54

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда 68 мингдан зиёд талабанинг ётоқхона муаммоси ҳал этилмаган

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги 115 та олийгоҳ кундузги бўлимларида 356 мингдан зиёд талаба ўқийди. Улар учун 208 та ётоқхона фаолият юритмоқда. Мазкур ётоқхоналарга ҳозир 53 минг чоғли талаба жойлаштирилган, 103 минг талаба ижарада туради, улардан яна 200 минги ўз уйларида яшайдилар. 68 минг талаба эса ётоқхонага муҳтож. Бу маълумотлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиши бўйича депутатлар сўровига жавобан йўлланган.

Вазирлик маълумотига кўра, 68 минг 354 талабани ётоқхона билан таъминлаш учун ҳар бири 400 ўринга эга бўлган 170 та ётоқхона қуриш зарур. Бунга эса 3 триллион сўм маблағ лозим.

2030 йилгача олий таълим масканларига кириш учун квота 50 фоизга оширилиши назарда тутилса, яқин 10 йил ичида яна 300 та ётоқхона қуриш керак бўлади.

Кун янгиликлари

Коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқилган препарат Ўзбекистонга етказилди

Иллюстратив сурат.

Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) ва унинг ҳамкори бўлган “Химрар”илмий-фармацевтика маркази коронавирусга қарши ишлаб чиқилган “Авифавир” препаратини яна 17 та давлатга етказиб беради. Бу ҳақда жамғарма томонидан 24 сентябрь куни ёйинланган хабарномада маълум қилинган.

“Авифавир” Беларусь, Боливия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга етказиб бўлинган, айни пайтда уни яна 17 та мамлакатга етказиб бериш кутилмоқда”, дейилади РБИЖ хабарномасида.

Маълумотларга кўра, препарат Аргентина, Болгария, Бразилия, Чили, Колумбия, Эквадор, Сальвадор, Гондурас, Қувайт, Панама, Парагвай, Саудия Арабистони, Сербия, Словакия, ЖАР, БАА ва Уругвайга етказилади.

“Авифавир” коронавирусга қарши дори воситаси сифатида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йил май ойида рўйхатга олинган ва Япониянинг Favipiravir (вирусдан даволашда ишлатиладиган) препарати асосида ишлаб чиқилган.

Жамғарманинг қайд этишича, Япония ва Россияда ўтказилган синовлар бу препаратларнинг самарадорлигини тасдиқлаган.

Россия вирусга қарши дори-дармон ишлаб чиқариш пойгасида дунё миқёсида лидерлик ролига даъвогарлик қилиб келмоқда.

Аввалроқ Роспотребнадзор Ўзбекистон Россиянинг “Вирусология ва биотехнология “Вектор” давлат маркази” томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши вакцинани ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдиргани ҳақида маълумот тарқатган.

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олгани хабар қилинган эди.

Президент Путин вакцина муваффақиятли синовдан ўтказилгани ва тез орада ишлаб чиқарила бошланишини қайд этган. Аммо ғарб давлатлари Россия вакцинасига шубҳа билдирган.

Ўзбекистонликларнинг АҚШга қуруқ мева ва дуккаклилар экспорт қилишига рухсат берилди

Ўзбекистон яқин орада АҚШга қуруқ мева ва дуккаклиларни экспорт қила бошлаши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.

Элчихона вакилларига кўра, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўсимлик ва ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича инспекцион хизмати (APHIS) Ўзбекистонда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини баҳолаш ишини поёнига етказган.

APHISнинг савдо-сотиқ масалалари бўйича директори Пракеш Хеббарга кўра, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) Ўзбекистонга ловия, мош, бодом, ёнғоқ, майиз, туршак, олхўри ва анжир қоқисини экспорт қилишга рухсат беради.

ДСҚ ўзини ўзи банд қилиб, рўйхатдан ўтганлар сони 400 минг нафардан ошганини билдирди

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган касб эгалари сирасига нонвойлар ҳам киритилган.

Жорий йил 23 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон солиқ органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтганлар сони 403 минг 208 нафарга етган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қўмита қайдича, амалдаги қонунчиликка кўра рухсат этилган 67 та фаолият тури кесимида қаралганда маиший хизматлар йўналишини танлаётганлар сони (113 минг 49 нафар) нисбатан кўпроқ. Улар орасида сартарошлик, маникюр, косметология, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш кабилар саналган.

Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасида эса, ДСҚ маълумотига кўра. ўзини ўзи банд қилган 87 минг 231 нафар ўзбекистонлик қонуний фаолият олиб боряпти.

Хабарномада ўзини ўзи банд қилганлар орасида 74 минг 86 нафари ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасида, 66 минг 886 нафари саноат йўналишида (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш), 54 минг 428 нафари халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) соҳасида, 7 минг 476 нафари эса АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётгани айтилган.

Мактаб дарсликларининг ижара ҳақлари эълон қилинди

Бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови 2200 сўм қилиб белгиланган.

Халқ таълими вазирлиги дарсликлар тўплами учун ижара тўловларини эълон қилди. Расмий маълумотда билдирилишича, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови жорий қилинди.

Вазирлик бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови 2200 сўм қилиб белгиланганини таъкидлаган.

Бир тўплам таркибидаги дарсликлар ва машқ дафтарлари сонидан келиб чиқиб, синфлар ва таълим тиллари кесимида ижара тўлови миқдорлари 26400 сўмдан 44 минг сўмгача қилиб белгиланган.

“Пандемия шароитидан келиб чиқиб, 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида умумтаълим муассасасида дарсликлар тўплами учун ижара тўловини амалга ошириш муддати жорий йилнинг 10 октябригача узайтирилди”,- дейилади билдирувда.

Ота-оналарда мазкур тўловни амалга ошириш билан боғлиқ муаммо мавжуд бўлса, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида умумтаълим муассасасига мурожаат қилишлари мумкин.

Ижара тўлови муддати узайтирилган ҳолларда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 10 октябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.

Ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган оилалардаги ўқувчиларни умумтаълим мактаб кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминлаш тартиби ўрнатилган.

Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича маълумотларни илк маротаба очиқлади

Уран маъдани.

Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллайди, уран заҳираси бўйича эса 10-ўринда туради. Бу маълумотни “Экономическое обозрение” журналига Навоий тоғ-металлургия комбинати бош директори ўринбосари Нурмат Жулибеков берди.

Ўзбекистон биринчи марта уран қазиб олиш ҳажми юзасидан маълумотларни ошкор қилмоқда.

Нурмат Жулибековнинг билдиришича, Ўзбекистон йил сайин 3,5 минг тонна уран қазиб чиқаради. Мамлакатнинг ўзида уран қайта ишланмагани сабабли, хом ашё тўлиғича хорижга экспорт қилинади.

Ўзбекистоннинг уран заҳираси 139, 2 минг тоннани ташкил қилади. Бу эса жаҳондаги уран заҳирасининг 2,3 фоизи демакдир.

Нурмат Жулибеков Навоий тоғ-металлургия комбинати экспортининг 99,5 фоизи уран ҳиссасига тўғри келишини ҳам билдирди. Уран AREVA NC (Франция), Converdyn (АҚШ), Cameco (Канада), CNEIC (Хитой) ва бошқа ширкатларга сотилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус бўйича ҳисобот жадвалидан вафот этганлар тўғрисидаги маълумотни олиб ташлади

23 сентябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 444 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир кунлик танаффусдан сўнг коронавирус бўйича якуний кундалик ҳисобот тақдим этишни қайта бошлади.

Вазирликнинг билдиришича, 23 сентябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 444 нафарга етди.

Айни пайтда вазирлик вафот этганларнинг шахси, жинси, қаерда яшагани, қаерда даволангани ва ёши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмади. Аввалги ҳисоботларда бу каби маълумотлар кўрсатилар эди.(Эски жадвал)

Шунингдек, вазирлик ҳисобот жадвалидан ўлим ҳолатлари статистикасини олиб ташлади. (Янги жадвал)

Вазирликнинг билдиришича, 23 сентябрь куни мамлакатда 590 ҳолатда касаллик қайд этилди, 608 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 53 447 нафар бемордан 49 832 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 171 нафар бемордан 632 нафари оғир, 294 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Чегарада тўпланган ўзбекистонликларни олиб келиш учун Самарага автобуслар жўнатилди

Автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади.

Россиянинг Самара вилоятида тўпланиб қолган ўзбекистонлик муҳожирларни ватанга олиб келиш учун махсус автобус қатнови ташкил этилмоқда.

Транспорт вазирлигининг билдиришича, 24 сентябрь куни 15 та автобусдан иборат илк карвон Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди.

Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудуларида тўпланиб қолишган. Жумладан, Самарада 4 мингдан зиёд муҳожир тўпланиб қолгани билдирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати 19, 23, 26 сентябр ва 5 октябр кунлари ташкил этилган махсус поезд қатновлари ёрдамида Самара вилоятида йиғилиб қолган муҳожирларни олиб чиқишни режалаштиргани билдирган эди.

Самарқандда Қозоғистоннинг бош консулхонаси очилади

Самарқанддаги "Шердор" мадрасаси.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 23 сентябрь куни “Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси) Қозоғистон Республикаси Бош консулхонасини очиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳужжатда Қозоғистон ҳукуматига мазкур фармондан келиб чиққан ҳолда зарур чораларни кўриш вазифаси топширилган. Айни пайтда Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консулхонаси қачондан ўз фаолиятини бошлаши ҳали маълум эмас.

Аввалроқ Озодлик Самарқанд шаҳрида жорий йил якунига қадар Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилиши ҳақида хабар қилган эди.

Uzbekistan Airways октябрь ойидан Бишкек ва Дубайга парвозлар сонини оширади

Uzbekistan Airways авиаширкати шу йил 1 октябридан Қирғизистон пойтахти Бишкекка парвозлар сонини икки баробар оширмоқда. Бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати маълумот тарқатди. Аввал Тошкент-Бишкек-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳафтасига фақат бир мартагина қатнов амалга оширилаётган эди.

Авиаширкат вакилларига кўра, шу йил 5 октябридан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига қатновлар сони ҳам икки баробар оширилади. Бу йўналиш бўйлаб ҳам аввал ҳафтасига бир марта парвоз амалга оширилаётган эди.

Uzbekistan Airways ҳар иккала йўналиш бўйича авиачипталарни авиаширкат веб-сайтидан, АЖ мобил иловаси орқали, шунингдек, Uzbekistan Airways АЖнинг энг яқин сотув офисларидан ёки Ўзбекистондаги авиакомпания ташувларини сотиш агентликларидан сотиб олиш мумкинлигини эслатган.

Мирзиёев БМТдаги нутқида пандемия, демократик ўзгаришлар, минтақа муаммолари ва экология масалаларига тўхталди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этади. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош ассамлеяси 75-сессиясида ўзбек тилида қилган видеочиқишида билдирди. Нутқ матни президент матбуот хизмати томонидан ёйинланди.

Ўз чиқишида аввалида коронавирус пандемияси туфайли юзага келган муаммоларга тўхталган Ш. Мирзиёев сўзини Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар мавзусига бурди. Унга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олган, аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошган, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат бутунлай ўзгарган, мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилган.

“Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, деган Ш. Мирзиёев ўз сўзи давомида аёллар ва ёшлар масалалари ҳам тўхталиб ўтди.

Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бераётганини урғулаган Ўзбекистон президенти ўз мамлакати жорий йил сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлашини урғулади.

Шундан сўнг у сессия иштирокчилари эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди. Ўзбекистон мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга ошираётганини қайд этган Ш. Мирзиёев Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилганини таъкидлади.

“Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди”, деди Ш. Мирзиёев.

Ўз сўзи якунида Ўзбекистон президенти дунё бўйлаб қашшоқлик ва камбағаллик муаммолари кучайиб бораётганидан баҳс этди. Унга кўра, бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда.

“Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ҳамда унинг икки муовини коронавирусга чалинди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Ботир Парпиев (суратда) 2018 йилгача қарийб 14 йил давомида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасини бошқарган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ҳамда унинг ўринбосарлари Ботир Парпиев ва Азизбек Икромовда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда Газета.uz нашри вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳозирда вазир ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон президенти админстрацияси ҳузуридаги Бош тиббиёт бошқармасига қарашли 2-марказий клиник касалхонада даволанмоқда.

Вазирликдан маълум қилишларича, аввалроқ коронавирусга чалинган вазирнинг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова шу кунда соғайиб, ишга қайтган.

Йилига 3 миллион 600 минг қадам юрганларга имтиёз ваъда қилинмоқда

Ўзбекистонда бир кунда камида ўн минг, бир ой давомида уч юз минг, бир йил давомида 3 миллион 600 минг қадам юрган шахсга барча давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 50 фоиз имтиёз берилиши ҳамда спорт иншоотларидан фойдаланиш учун абонемент тақдим этилиши мумкин. Бунга доир кўрсатма мамлакат президентининг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа матни 23 сентябрь куни regulation.gov.uz порталида ёйинланди.

Лойиҳага мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралига қадар аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Янги нафас” платформасини яратиши лозим. Кўп юрганлар айнан шу платформа иши доирасида рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Қарор билан Адлия вазирлигига “Янги нафас” платформасини давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Қарор лойиҳасида “2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанба куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинсин ҳамда шу куни автомобилда ҳаракатланиш таъқиқлансин”, дейилган.

Лойиҳа муҳокамаси шу йил 8 октябрига қадар давом этади.

ОАВ: Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди

Марказий Осиё минтақасида жойлашган Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатлари байроқлари.

Ўзбекистонда Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди. Дарё.уз нашрининг ҳукуматдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, бунга оид қарор президент Ш.Мирзиёев томонидан август ойида имзоланган.

Янги институт минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари, амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилгани айтилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш янги ташкил этилган институтнинг асосий вазифалари сифатида кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, қайд этилишича, институт минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишлар, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа таҳдид ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадқиқот ишларини олиб боради, қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади ҳамда халқаро анжуман ва тадбирларда бу мавзуларни муҳокама қилади.

Учтепада минг ўринли коронавирус маркази ташкил этилди (ВИДЕО)

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 53 мингга яқинлашди.

Тошкентнинг Учтепа туманида коронавирусга чалинган ва гумон қилинган беморларни қабул қилиш ва тақсимлаш маркази ишга тушди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 23 сентябрга ўтар кечаси бу борада тарқатган видеода Учтепа тумани ҳокими ўринбосари Бобур Мирзаев мазкур марказ “саховатпеша тадбиркор томонидан ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан” ташкил қилинганини билдирди.

Минг нафар беморга мўлжалланган марказнинг биринчи иш кунида 50 нафардан кўпроқ бемор қабул қилинган. Бу ерда 750 нафар тиббиёт ходими ишлаши режалаштирилган.

“Ҳозирги пайтда марказда 72 нафар ходим ишламоқда, уларнинг 60 нафари шифокор ва ҳамширалар бўлса, 10 нафардан ортиғи ёрдамчи кўнгиллилар ҳисобланади”, -дейилади хабарда.

Тошкент шаҳрида аввалроқ “Ўзэкспомарказ”да 1000 ўринли, “Ёшлик” спорт мажмуасида 520 ўринли, Гимнастика саройида 750 ўринли тақсимлаш марказлари ишга туширилган эди.

Марказий банк ташқи қарз 27,6 миллиард доллар эканини билдирди. Молия вазирлиги эса бошқа рақамларни келтирмоқда

Ташқи қарз масаласида Марказий банк ва Молия вазирлиги келтираётган рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йил 1 июль ҳолатига 27,6 миллиард долларни долларни ташкил қилди. Бу ташқи қарз умумий ҳажми 2020 йил бошидан 12,7 фоизга ёки 3,1 миллиард долларга ошганини англатади. Бу ҳақда Марказий банк 23 сентябрь куни эълон қилган янги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат сектори қарздорлигининг ўсиши 1,7 миллиард долларни ташкил қилди.

Глобал пандемия ва иқтисодий фаолликнинг пасайиши сабабли Ўзбекистоннинг суверен облигациялари қиймати фонд бозорларида биржа котировкаларининг пасайиши натижасида 2020 йилнинг бошига нисбатан камайди.

Банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектор корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 1,4 миллиард долларга ошди.

“Қайд этиш лозимки, 2020 йилнинг I ярим йиллигида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,1 млрд. доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар – 1,8 млрд. доллар, текстиль ва тўқимачилик сектори корхоналари – 71 млн. доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари – 154 млн. доллар томонидан амалга оширилди”, -дейилади ҳисоботда.

Айни пайтда Марказий банк ҳисоботида келтирилган ташқи қарз миқдори Молия вазирлиги эълон қилган ҳисоботда кўрсатилган рақамдан кескин фарқ қилмоқда.

Молия вазирлигининг август ойида эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган умумий қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19 миллиард 400 миллион доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этган.

Жорий йилнинг август ойида молия вазири Тимур Ишметов Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 19,6 миллиард долларни ташкил этаётгани тўғрисида билдирган эди.

Биометрик паспорт ўрнига ID-карта жорий этилмоқда. Унинг нархи ҳозирча 198,5 минг сўм

Биометрик паспорт 2030 йилдан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқароларига 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб биометрик паспортлар ўрнига шахсни ва фуқароликни тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карта берила бошланади. Президентнинг бу борадаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони матбуотда эълон қилинди.

Мазкур фармонга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилинади. Мазкур тизимни жорий этиш доирасида биометрик паспортлар ID-карталарга икки босқичда алмаштирилади.

Биринчи босқич 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Иккинчи босқич 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача давом этади ва бу босқичда биометрик паспортлар мажбурий тартибда ID-карталарга алмаштирилади.

2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. ID-карталарни расмийлаштириш 1 иш кунида амалга оширилади.

ID-карта бир ёшгача бўлган болага 2 йил, бир ёшдан 16 ёшгача 5 йил, 16 ёшдан бошлаб – 10 йил муддатга берилади.

ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 198 минг 470 сўм (22.09.2020 ҳолатига) миқдорида тўлов ундирилади.

Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов вафот этди

Нуриддинхон Исломов 1970 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими сифатида иш фаолиятини бошлаган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси.

Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов 73 ёшда вафот этгани тўғрисида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

22 сентябрда эълон қилинган таъзияда қайд этилишича, Нуриддинхон Исломов 1970 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими сифатида иш фаолиятини бошлаган.

1980 йилдан 2008 йилга қадар Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бош имом-хатиби бўлган. 2017 йилгача Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасида ишлаган. Шундан сўнг айни пайтгача Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби ҳамда “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб турган эди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати имомнинг вафоти сабабларини маълум қилмаган.

Бундан бир кун аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани бош имом-хатиби Тоҳир Исматиллаев вафот этгани ҳақида билдирганди.

16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов вафот этгани хабар қилинган.

Бу борадаги расмий билдирувларда имомларнинг ўлим сабаби очиқланмаган.

22 сентябрда коронавирусдан 4 киши вафот этди. Уларнинг ким ва қайси ҳудуддан экани номаълум

22 сентябрь куни Ўзбекистонда 598 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни 4 киши коронавирусдан вафот этгани тўғрисида маълумот берди. Бироқ вафот этганлар қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисида маълумот берилмади.

Шунингдек, вазирлик вафот этган тўрт кишидан бир нафари аёл, бир нафари эркак эканини билдирди. Аммо қолган икки шахснинг жинси ҳақида маълумот йўқ.

Вазирлик кун охирида коронавирусдан касалланганлар, соғайганлар ва вафот этганлар тўғрисдаги маълумотлар жамланмаси бўлган анъанавий жадвални ҳам эълон қилмади. Бунинг оқибатида 22 сентябрь куни вафот этганлар қайси ҳудуддан экани ва ўлим ҳолатлари расмий статистикаси ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Вазирлик 21 сентябрь куни эълон қилган жадвалда вафот этганлар сони 438 киши деб қайд этилган эди. Улардан 305 нафари Тошкент шаҳрида, 67 нафари Тошкент вилоятида даволанган беморлардир.

Вазирликнинг қайд этишича, 22 сентябрь куни Ўзбекистонда 598 ҳолатда касаллик қайд этилди. Бу билан коронавирусга чалинганлар сони 53 мингга яқинлашди. Шу кунгача беморлардан 49 224 нафари соғайди. Касалхонада 3 191 нафар бемор даволанмоқда.

UNFPA Қорақалпоғистон ва Чирчиқда бачадон ракига қарши кураш учун 1 миллион доллар маблағ ажратди

UNFPA логоси.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) контрацептив воситалар ва бачадон раки диагностикаси учун Ўзбекистонга 1 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситханова БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю билан видеоконференция тарзида “UNFPAнинг 2021-2025 йиллар учун мўлжалланган мамлакат дастури” лойиҳасини муҳокама қилган.

“Дастурда туғруқ хизмати сифатини ошириш ва оналар ўлимини камайтириш, амбулатор хизматни яхшилаш ва оилани қўллаб-қувватлаш, репродуктив аъзолар онкологик касалликлари диагностикаси ва профилактикаси, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва репродуктив саломатликни шакллантириш масалалари бўйича қатор тадбирлар режалаштирилган”,-дейилади хабарда.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида UNFPA Ўзбекистонга контрацептив воситалар учун 30 минг АҚШ доллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ва Чирчиқ шаҳрида бачадон раки касаллигининг диагностикаси ҳамда профилактикаси учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади.

Бюджетчиларга янги йилгача рағбатлантириш пуллари тўланмайди

Ўзбекистонда бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишининг тўхтатиб турилиши (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари) 2020 йил 1 октябрдан 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Мазкур тартиб ҳукуматнинг шу йил 21 сентябрида қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этган.

“Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, ҳукумат қарори билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган 224 млрд 288 млн сўм харажатлар мақбуллаштирилган.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган даромадлар прогнозининг бажарилмаслиги ҳисобига харажатларнинг мақбуллаштирилган қисми республика бюджетига, ушбу қарорга мувофиқ мақбуллаштирилган маблағлар эса Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўтказилади.

ХВЖ расмий Тошкентга банк ислоҳотини кечиктирмасликни тавсия қилмоқда

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга банк соҳасидаги ислоҳотларни кечиктирмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда ХВЖнинг 21 сентябрь куни ёйинланган хабарномасида айтилган.

Ҳисоботга кўра, жамғарма мутахассислари "Ўзбекистонга виртуал ташриф"дан сўнг ўзларининг дастлабки хулосаларини баён қилганлар.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳукумат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий кўмак учун қўшимча харажатлар каби солиқ чораларини кўрган ҳамда солиқ имтиёзлари жорий қилган.

Иқтисодий ўсиш секинлашганига қарамай, бу йил унинг мусбат бўлиши, 2021 йилда эса инқироз сусайганидан кейин жадаллашиши кутилмоқда.

Айни пайтда, халқаро экспертлар фикрича, расмийлар янада кучлироқ, барқарорроқ ва инклюзивроқ иқтисодий ўсиш ва турмуш даражасини оширишга эришишлари учун ислоҳотларни олға суришда давом этишлари лозим.

Бу ўринда таҳлилчилар Марказий банк томонидан асосий ставканинг туширилиши, солиққа оид рағбатлантирувлар ва бошқаларни келтириб, буларнинг иқтисодиётнинг бироз ўсишига сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этганлар.

Гарчи инфляция даражаси аввалдаги каби юқори бўлиб, 11 фоиздан кўпроқни ташкил қилаётган бўлса-да, у аста-секин пасая бошлаган. “Қатъийроқ пул-кредит сиёсати юритилган тақдирда инфляция даражаси янада пасайиши мумкин”, деб ҳисоблайди ХВЖ вакиллари.

Хабарномада чеклов чоралари юмшатила бошлаганидан кейин Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ўса бошлаганига эътибор қаратилган.

ХВЖ экспертларига кўра, инқироз иқтисодий мақсадларга эришиш учун ислоҳотларни янада олға силжитиш заруратини намоён қилган.

Инқироз давлат банклари ва давлат корхоналарни ислоҳ қилиш ишини тўхтатмаслиги керак”, дея билдирган халқаро экспертлар.

ХВЖ таҳлилчилари қайдича, инқироз чекина бошлаши билан расмийлар давлатнинг иқтисодиётдаги ролини пасайтириш, бозорлар очиш, рақобатни кучайтириш ҳамда бизнес учун шароитни яхшилаш ишини давом эттиришлари лозим.

АҚШдаги хайрия ташкилоти Ўзбекистонга қиймати 800 минг доллардан ошган ёрдам юки йўллади

Жорий йилнинг 21 сентябрида АҚШнинг Юта штати Солт-Лейк-Сити шаҳридан Ўзбекистонга икки контейнер тиббий препарат ва жиҳозлар етиб келган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, умумий қиймати 808 минг долларга тенг бўлган инсонпарварлик ёрдами АҚШдаги “Globus Relief” хайрия ташкилоти томонидан коронавирусга қарши кураш бўйича Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида йўлланган.

Ёрдам юки ичида диагностика аппаратлари, стерилизация контейнерлари, антисептик воситалар, ногиронлар аравалари, ортопедик ва жарроҳлик асбоблари ҳамда бошқа ашёлар борлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур тиббиёт буюмлари Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида жойлашган давлат тиббиёт муассасаларига етказиб берилади.

Сухандон ва хонанда Шуҳрат Қаюмов 51 ёшида оламдан ўтди

Шуҳрат Қаюмов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов 22 сентябрь куни 51 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Телеграмдаги ўз канали орқали маълумот тарқатди.

Ш. Қаюмов 1969 йил 5 мартида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган. У 1991 йили Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган.

Шуҳрат Қаюмов 1992 йилдан бошлаб кўп йиллар Миллий телерадиокомпания тизимида сухандонлик қилган. Хонанда сифатида ҳам у Ўзбекистонда ўз мухлисларини топа олган санъаткор эди.

Газете.uz нашри Маданият вазирлигидаги ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда, Ш. Қаюмов вафотига юрак хуружи сабаб бўлганини хабар қилди.

Новосибирск ва Самарадан яна 1800 чоғли ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Россиянинг Новосибирск ва Самара вилоятларидан 1800 чоғли ўзбекистонлик махсус поездлар билан ватанига олиб келинди.

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўтган жума Новосибирск станциясидан йўлга чиққан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди 854 нафар йўловчи билан 21 сентябрь куни Поп станциясига етиб борган.

Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар Наманган вилояти транспорт бошқармаси томонидан ажратилган автобусларда Поп туманидаги карантин зонасига етказилди”, дейилади хабарномада.

Ўтган шанба 938 нафар ўзбекистонлик билан Самара вилоятидаги Кинель станциясидан йўлга чиққан ҳам 21 сентябрь куни Тошкент жанубий вокзалига етиб келган. Мазкур рейс билан олиб келинган йўловчилар ҳам автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилган.

Ўтган ҳафта Екатеринбург ва Кинелдан 1700 га яқин ўзбекистонлик махсус поезд рейслари билан ватанига қайтарилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик. Озодликдаги маълумотларга кўра, шу кунда Самара вилоятида яна камида 3000 нафар ўзбекистонлик юртига кетиш илинжида юрибди.

Мактабларнинг 44 фоизи тўлақонли равишда ишлай бошлади

Ўзбекистонда навбатдаги ўқув йили 14 сентябрдан бошланган.

Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, 21 сентябрда тўлақонли равишда ишлай бошлаган мактаблар сони 4 379 тага етди. Бу Ўзбекистондаги мактабларнинг 43,9 фоизини ташкил қилади.

“Мазкур мактабларда 2,1 млн. нафар (34%) ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улардан 1,5 млн. нафари (72%) анъанавий, қолган 595 минг нафари (28%) онлайн шаклда таълим олмоқда”,-дейилади хабарда.

Аввалроқ вазирлик мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан қабул қилиниши ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда навбатдаги ўқув йили 14 сентябрдан бошланган. Ўшанда Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабдан 2635тасида ўқиш анъанавий тарзда бошланганини маълум қилганди.

Давомини ўқинг

Сўнгги хабарлар

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG