Линклар

Шошилинч хабар
15 июл 2020, Тошкент вақти: 17:34

Ўзбекистон хабарлари

Тошкент ИИББ коронавирусга қарши курашда Хитой Хавфсизлик вазирлиги тажрибасини ўрганмоқда

Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин билан Тошкент ИИББ раҳбарлари 6 апрелда учрашди.

Тошкент шаҳар ИИББ коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Хитой полициясининг тажрибасини ўрганди. Бу ҳақда 6 апрель куни Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Расмий билдирувда айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин раҳбарлигидаги делегация билан учрашиб, касалликнинг тарқалишига қарши ташкил этилган тадбирларга жалб қилинган Жамоат хавфсизлиги вазирлиги, идоралар ва жамоат ташкилотларининг ҳаракатлар режасини ўрганган. Учрашув Тошкент ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган.

Учрашув пайтида “Карантин шароитида фуқароларга бўлган талабларга алоҳида урғу берилди. Ўзни яккалаш тартиби жорий қилиниб, Ухан шаҳри аҳолисига ҳар бир хонадондан фақат бир киши уч кунда бир марта кўчага озиқ-овқат ва дорилар учун чиқишига рухсат берилган, бунинг учун махсус йўлланма ҳам жорий қилинган”и тўғрисида маълумот олинган.

Расмий маълумотда айтилишича, Хитой делегацияси Ўзбекистонда коронавирусга қарши ҳаракатларга ижобий баҳо берди. “Хусусан, жамоат транспорти фаолияти тўхтатилиши, эпидемиология ҳолатига алоқадор одамлар ва автотранспорт ҳаракатини тақиқлаш, шаҳардаги ҳолат, зарарланганлар сони ҳақида аҳолига мунтазам маълумот бериш, шунингдек аҳолининг ижтимоий заиф қатламини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ билан ўзаро алоқа йўлга қўйилиши шулар жумласидандир”.

Хитой делегацияси коронавирус пандемиясини тўхтатишга қаратилган бир қатор тавсияларни ҳам берган.

Кун янгиликлари

МБ: Ўзбекистонликлар I ярим йилликда ўтган йилгидан 3 баробар кўп валюта сотиб олган

Uzbekistan -- Us dollar and Uzbek som banknotes, 28Nov2009

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган чет эл валютаси ҳажми 1 миллиард 700 миллион АҚШ долларига тенг бўлган. 2019 йил биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 557 миллион долларга тенг бўлгани эътиборга олинса, ўзбекистонликлар бу йил уч баробар кўп валюта сотиб олгани маълум бўлади.

Марказий банк маълумотларига кўра, жисмоний шахслар томонидан сотилган валюта миқдори эса биринчи ярим йилликда 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57 фоизга ёки 797 миллион долларга ошган.

Натижада ушбу операциялар бўйича ижобий сальдо 491 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 351 млн. долларга (ёки 42 фоизга) камайди”, дейилади МБ хабарномасида.

Акмал Бурҳонов Коррупцияга қарши курашиш агентлигига раҳбар этиб тайинланди

Акмал Бурҳонов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Акмал Бурҳонов яқинда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор маҳаллий нашрлар ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилдилар.

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди. Бевосита мамлакат президентига бўйсунадиган ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлган мазкур агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

39 ёшли Акмал Бурҳонов бунгача “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатини бошқариб келаётганди.

Маълумотларга кўра, 1981 йили Наманган шаҳрида туғилган Акмал Бурҳонов 2001 йилда Тошкент давлат юридик институти бакалавриатини, 2003 йили шу институтнинг магистратурасини тамомлаган.

2007 йилда Япониядаги Нагоя давлат университетини тугатиб, ушбу университет докторанти илмий унвонини олган.

2014 йили у парламент қуйи палатаси депутати этиб сайланган.

2017—2019 йилларда “Тараққиёт стратегияси” марказига раҳбарлик қилган.

А. Бурҳонов 2019 йил бошидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси карантинга олинди

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Марказий кенгаши биноси карантинга ёпилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри ташкилотдаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилади.

Нашр манбасига кўра, Марказий кенгашда ишлайдиган ўнга яқин ходимда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган.

Кеча бу ҳақда хабарлар тарқалгандан кейин биномиз карантинга тўлиқ ёпилди. Афсуски, касаллик билан зарарланиш ҳолати жуда кўпайиб бормоқда. Мен билганларим ўнга яқин ходим”, деган исми сир қолишини истаган манба.

Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров эса нашрга вирус юқтирганлиги расман тасдиқланган ходимлар сони бунчалик кўп эмаслигини билдирган.

Коронавирусга тест топширган ва расман тасдиқланган ходимлар икки нафар. Буни уларнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Қолган ҳолатлар расман тасдиқланмаса, бирор нима деёлмайман. Шу нарса аниқ бўлмай туриб, касалланганлар кўп дейишим хато бўлади”, деган ташкилот матбуот котиби.

Н. Абдуқодиров аслида Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши 10 июлдан бошлаб онлайн тарзда ишлашга ўтгани, ўшандан буён фақат саноқли ходимгина зарурат туфайли келиб ишлаётгани, ходимларнинг коронавирусга чалинганига оид хабар тасдиқланганидан кейин эса ташкилот биноси карантинга тўлиқ ёпилганини қўшимча қилган.

Мирзиёев ҳокимларга ҳар куни ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга жавоб бериш вазифасини юклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда ҳокимлар бундан буён кунига 2 соат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб беришлари лозим. Бундай вазифа президент Шавкат Мирзиёев томонидан 14 июль куни Тошкентда ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида қўйилди.

Ҳокимларга шундай топшириқ: эрталаб бир соат – 8 дан 9 гача, кечқурун 9 дан 10 гача (яъни 21.00 дан 22.00 гача – таҳр.) ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга мукаммал жавоб берасизлар. Халқимиз ҳамма нарсани билиши керак”, деган президент Мирзиеёв.

Эпидемиологик вазиятга тўхталган Ш. Мирзиеёв, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиб, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқишни топширган.

Айни пайтда президент вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар, жойлардаги ҳокимлик ва бошқарув идоралари ўз ҳудудидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, Республика комиссияси билан келишилган ҳолда карантин қоидаларини қаерда зарур бўлса кучайтириши, қаерда зарур бўлса юмшатиши лозимлигини урғулаган.

Ҳеч кимга сир эмас, бу йилдан бошлаб озиқ-овқат масаласи дунё миқёсида ҳал қилувчи ўринга чиқади. Чунки коронавирусни енгиш ҳам, халқ фаровонлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳам аввало шунга боғлиқ. Шунинг учун бизда доимо уч ойлик озиқ-овқат захираси шай туриши керак”, деган Ш. Мирзиёев.

COVID-19 қурбонлари сони яна 4 нафарга кўпайди

uzbekistan - Publix transport partly resume in Uzb, still in quarantine COVID-19

Ўзбекистонда 14 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 киши оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Сешанба куни вафот этганлардан уч нафари Тошкент шаҳридан, яна бири Қашқадарё вилоятидан бўлган.

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшаган56 ёшли Б.В.нинг (эркак) ҳам, пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган 61 ёшли Ф.А.нинг (эркак) ҳам, Олмазор туманида яшаган 68 ёшли К.А. (эркак) ва унинг рафиқаси 67 ёшли С.А.нинг ҳам коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган.

ССВ тошкентлик беморларда ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлганини қайд этади.

Аммо, шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, улар оламдан ўтишган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 67 нафарга етган.

Коронавирус юққанлар сони 14 мингдан ошди

A laboratory technician organises blood samples before carrying out a COVID-19 screening test at the LPA medical analysis laboratory in Besancon

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 14 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 14085 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, сешанба куни мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш бўйича 494 та ҳолат қайд этилган, шундан 303 таси карантин муассасаларида, 191 таси аҳоли орасида аниқланган.

Бу орада беморлардан 8327 нафари соғайган, 5691 нафари эса тиббиёт муассасаларида даволанишда давом этмоқда. Даволанаётган беморлардан 52 нафарининг аҳволи оғир, 6 нафарининг эса ўта оғир аҳвол, дея баҳоланмоқда.

МБ: Хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳажми 6 фоизга камайди

Ўзбекистонга жорий йилнинг биринчи ярмида чет ўлкалардан келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 2 миллиард 400 миллион АҚШ долларини ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 156 миллион долларга ёки 6 фоизга камдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати маълум қилган.

Айни пайтда хорижий ўлкаларга Ўзбекистондан йўлланган пул ўтказмалари ҳажми 427 миллион долларга етган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 миллион долларга ёки 9 фоизга кам.

МБ қайдича, бунинг натижасида трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 2 миллиард долларга етган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 116 миллион долларга ёки 5 фоизга камдир.

Хорижликларга ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган дарслик ишлаб чиқилди

Чет элликлар учун “Ўзбекона” дарслиги.

Ўзбекистонда чет элликларга ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган “Ўзбекона” дарслиги чоп этилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўз расмий Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур дарслик хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан A1 даражани эгаллаш имконини берувчи дарслик бўлиб, у 9 та бўлим, 3 та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат.

“Китобда шу пайтгача мавжуд қўлланма ва электрон ресурслардан фарқли равишда мавзулар тизимли ва изчил ёритилган, интегратив ва коммуникатив методлар уйғунлаштирилган, воситачи тилдан фойдаланилмаган”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Дарслик хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.

Ўзбек киносининг “шум бола”си оламдан ўтди

Абдураим Абдуваҳобов Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри эди.

Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов 56 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Миллий театрнинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълумот тарқатилди.

Бугун Миллий театр жамоаси оғир жудоликка учради. Юксак қалб эгаси, ноёб истеъдод соҳиби, олийжаноб инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов оламдан ўтди. Театр жамоаси Абдураим Абдуваҳобовнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади хабарномада.

Абдураим Абдуваҳобов 1963 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтининг (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъати институти) тамомлаган.

А. Абдуваҳобов кўплаб спектакль ва фильмларда бош ва иккинчи даражали ролларни маҳорат билан ижро этган. Ўзбек томошабини уни айниқса "Шум бола” ҳамда “Суюнчи” фильмлари орқали яхши танир эди.

Озодлик марҳум актёрнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистон ОТБ ва ОИИБдан $200 млн кредит олади

Осиё тараққиёт банки логоси.

Ўзбекистон COVID-19 эпидемиясига қарши кураш доирасида Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) 100 миллион доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан (ОИИБ) ҳам 100 миллион доллар маблағ жалб этмоқчи.

Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава ўртасида 13 июль куни видеоконференцалоқа орқали ўтказилган музокаралар чоғида билдирилди.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилиш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини минималлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар доирасидаги жорий ҳамкорликни муҳокама қилишга бағишланган.

Суҳбат чоғида М. Асакава ОТБда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ва жиҳозлаш учун 100 млн доллар миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганлигини маълум қилган. Кредит жорий йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилмоқда.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 млн долларлик маблағлари жалб этилиши маълум қилинган.

Музокаралар якунида ОТБ билан амалдаги Ҳамкорлик дастури доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш ва 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги Дастур бўйича келишиш ишларини бошлаб юборишга қарор қилинган.

Коронавирус қурбонлари: Тошкентда ўтган суткада яна икки аёл ва бир эркак вафот этди

Ўзбекистонда 13 июль куни коронавирус юқтириб олгани тасдиқлангани ортидан яна 3 бемор оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, душанба куни вафот этган 67 ёшли М.Т. (аёл) ҳам, 65 ёшли С.Қ. (аёл) ҳам, 60 ёшли Б.Э. (эркак) ҳам Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб келишган.

Вазирлик уччала беморда ҳам ҳамроҳ касалликлар бўлганини қайд этади.

ССВ шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, уч бемор ҳам ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.

Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 63 нафарга етган.

Ўтган кеча-кундузда 600 чоғли киши коронавирусга чалинди, аксилрекорд янгиланди

Жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 594 та ҳолат қайд этилган. Бу бир кеча-кундузда хасталикка чалиниш бўйича янги аксилрекорд кўрсаткичдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, хасталаниш ҳолатларининг 272 таси карантин муассасаларида, 322 таси эса аҳоли орасида аниқланган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 13591 нафарга етган.

Бу беморлардан 8030 нафари соғайган, 5498 нафари эса айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанмоқда. Муолажа кўраётган беморлардан 45 нафарининг аҳволи оғир, 7 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.

Миллий масс-медиа фондини бундан буён Колесниченко бошқаради

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг янги директори Александра Колесниченко.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига Александра Колесниченко директор этиб тайинланди. Бу ҳақда Фонд ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ушбу лавозимга тайинлангунга қадар А. Колесниченко Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ахборот соҳасини ривожлантиришни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Фонднинг олдинги директори Хушнудбек Худойбердиев, аввал хабар берганимиздек, ҳукуматнинг жорий йил 1 июлидаги 415-сонли қарори билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Ўзбекистонда журналист ва блогерларни қўллаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон имижини янада яхшилашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Cув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик концепцияси тасдиқланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда президент фармони билан республика сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

Фармонга кўра, 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган:

  • суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
  • сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
  • шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
  • барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” («Ақлли сув») сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
  • 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

“Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги мазкур фармон билан концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си ҳам тасдиқланган.

Унга мувофиқ, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда Сув кодекси ишлаб чиқилади.

Доллар ва евронинг расмий курси яна ошди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 14 июлидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 10 сўм 23 тийинга қимматлаб, 10 минг 194 сўм 96 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 11 сўм 35 тийинга қимматлаб, 10 минг 184 сўм 73 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 62 сўм 49 тийинга ошиб, 11 минг 518 сўм 27 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 44 сўм 30 тийинга кўтарилиб, 11 минг 455 сўм 78 бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Мирзиёев сенатор Робахон Маҳмудовани Олий суд раисининг ўринбосари лавозимига кўрсатди

Робахон Маҳмудова.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сенатор Робахон Маҳмудова номзодини Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – жиноят ишлари бўйича суд коллегияси раиси лавозимига кўрсатди. Унинг номзоди эндиликда Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилади. Бу ҳақда Газета.uz нашри Сенатдаги ва Олий суддаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Робахон Маҳмудова 1968 йили Фарғона вилоятида туғилган. 2008 йилгача Олий суд судьяси лавозимида ишлаган. 2017−2020 йиллар мобайнида Ўзбекистон президентининг Фарғона вилояти бўйича халқ қабулхонасига раҳбарлик қилган. 2020 йил январида сенатор этиб сайланган ва шу кунда Олий Мажлис юқори палатасининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси бўлиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, у Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси бўлиб ҳам ишлаган.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозими бу вазифада ишлаган Шоюнус Ғозиев 2014 йил августида Олий суд раиси лавозимига сайланиб кетганидан бери (яъни қарийб олти йилдан буён) бўш турганди. Ш.Ғозиев Олий суд раиси лавозимида 2017 йил майигача ишлаган.

Сурхондарёда туман ҳокими судьяларни обрўсизлантиришга уринди, судьялар ҳайдовчиси калтакланди

Иллюстратив сурат.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай, шу ерда навбат кутиб турган одамлар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, 10 июль куни содир бўлган ҳодиса чоғида судья ва суд ходимларига қўполлик қилинган, туман судининг ҳайдовчиси Р. Раҳимназаровни йўл патруль хизмати ходими Р. Раимов билагидан тортиб, ИИБ бошлиғи Б. Хидиров ва ўринбосари Ш. Азизбердиевлар автомашина калитини олиб қўйиб, уни автомашинада ўтирган жойидан куч ишлатиб тортиб, эгнидаги кўйлагини олд кўкрак қисмини йиртиб, суд ходимини туман ИИБ биносига олиб келиб, ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Азизбердиев суд ходимини ҳақоратлаб, бўйнидан бўғиб, шахсий телефон аппаратини тортиб олиб, сўнгра вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.

“2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланган. Р.Раҳимназаровнинг баданида кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасида қонталашлар ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасида шилинмалар мавжудлиги, унинг кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасидаги қонталашлари ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасидаги шилинмалари ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир-неча мартабалик зарб ва ишқаланиш механизмлари таъсирида етказилганлиги, оғирлик даражасига кўра енгил тан жароҳатлари, деб баҳоланган”, дейилади хабарда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, воқеа жойида бевосита ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган Жарқўрғон тумани ҳокими З. Давлатов, туман ИИБ бошлиғи Б. Хидиров, ўринбосари Ш. Азизбердиев ва бошқа алоқадор ходимларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилган.

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлидаги қарори билан ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган хизмат автотранспорт воситалари рўйхатига суд тизими автомашиналари ҳам киритилганини таъкидлаб, жарқўрғонлик амалдорларни Республика махсус комиссияси қарори моҳиятини тушунмаганликда айблайди.

COVID-19 қурбонлари: Бир кеча-кундузда Тошкентда 3 аёл вафот этди

Ўзбекистонда жорий йил 12 июль куни коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган беморлардан 3 нафари оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, марҳумаларнинг уччаласи ҳам Тошкент шаҳридан бўлиб, 53 ёшли М.К. ва 65 ёшли М.Х. Олмазор туманида, 76 ёшли В.Т. эса Чилонзор туманида яшаб келган.

Вазирлик қайдича, уччала беморда ҳам ҳамроҳ касалликлар бўлган.

ССВ шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, уч бемор ҳам ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.

Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 60 нафарга етган.

Коронавирусга чалинганлар сони 13 минг нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 12 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 12997 нафарни ташкил этган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Бир кеча-кеча кундузда мамлакат бўйлаб 484 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 219 нафари карантин муассасаларида, 265 нафари аҳоли орасида аниқланган.

Айни пайтда якшанба куни Ўзбекистон бўйлаб 129 нафар бемор инфекциядан соғайган, эпидемия бошидан бери эса тузалиб кетган беморлар сони 7852 нафарга етган.

5085 нафар беморга нисбатан муолажалар давом этмоқда, улардан 43 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Агентлик: хусусий клиникалардан коронавирусга тест олишни тўхтатиш сўралмаган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хусусий клиникаларга коронавирусга тест олишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берилмаганини билдирди.

Агентликка таяниб Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, аксинча агентлик коронавирусга тест олиши учун хусусий клиникаларга имкон қадар шароит яратиб беришга уринмоқда.

"У ёки бу клиниканинг ҳозирги вақтда коронавирусга тест олишни вақтинча тўхтатиб қўйгани ушбу муассасаларнинг карантинга тушгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, «мойка» жараёни якунига етгач, улар ўз фаолиятини яна аввалгидек давом эттираверади", дея иқтибос келтирди агентлик матбуот хизматидан Daryo.uz нашри.

9 июль куни Тошкентда коронавирусга тест ўтказаётган хусусий - Swiss Lab клиникаcи таҳлил ўтказишни номаълум муддатга тўхтатганини маълум қилган. Ходим бунинг сабабларини очиқламаган. Айтишича, бу клиникада COVID-19 учун 1 марта тест ўтказиш нархи 330 минг сўмдир.

10 июлдан бошлаб эса, ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги бошқа қатор хусусий клиникалар ҳам тест ўтказишни тўхтатгани ҳақида хабарлар берилди:

Сўнгги кунларда Тошкентда коронавирус аломатлари билан оғрий бошлаган ва "Тез ёрдам" хизматини кунлаб кутаётганлардан Озодликка мурожаатлар келиши кўпайди.

Тармоқларда ҳам бу каби шикоятлар кўпайиши, шикоятчилар сафида давлат ташкилотлари вакилларининг ҳам кўриниши ортидан, 12 июль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг пойтахтда коронавирус учун тест ўтказадиган лаборатория марказлари рақамлари эълон қилинди.

Озодлик мухбири 12 июль куннинг биринчи ярмида бу рақамлардан баъзиларига қўнғироқ қилиб, боғланишга уринди ва аммо, Озодликка келаётган шикоятларда қайд этилгани каби, рақамлар одатан банд бўлиб қолаётганига гувоҳ бўлди:

"Ғишткўприк" чегара пунктидан кираётганлар Ўртасарой карантин ҳудудига жойланмоқда (ВИДЕО)

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги чегара ўтказиш пункти, 2020

8 июлдан тўлиқ режимда ишлай бошлаган Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги "Ғишткўприк" чегара ўтказиш пунктидан кунига 400 нафар атрофида ватандош киритилмоқда.

Бу ҳақда чегарадан репортаж ҳозирлаган Kun.uz нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, чегарадан ўтказилаётганлар автобусларда Йўл-патрул хизмати ва Миллий Гвардия ходимлари назорати остида Зангиота туманидаги Ўртасарой карантин ҳудудига жойлаштирилмоқда.

Telegram тармоғида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида очилган Koronavirus Info канали 12 июль куни, "Ғишткўприк" чегара ўтказиш пункти шахсан президент топшириғи билан очилганини хабар қилди:

"Июль ойи бошида Қозоғистон билан чегарадаги "Ғишткўприк" пости қисман ёпилгани сабабли 4 мингдан ортиқ ватандош бир неча кун ҳеч қандай шароитсиз яшашга мажбур бўлди. Давлат раҳбари топшириғи билан 8 июлдан ўтказиш пункти очилди".

Ушбу хабарга, чегара пункти яқинида Ўзбекистонга киролмай қуруқ ерда, тиқилинч аҳволда навбат кутиб, тунаётганларнинг аянчли аҳволи акс этган видео илова қилинди:

Жорий йилнинг 8-9 июль кунлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги “Жибек жўли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик юртига ўтказилгани ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

ТИВ Оператив штаби маълумотларига кўра, техник муаммолар туфайли қозоқ-ўзбек чегарасидан ўзбекистонликларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилган. Бу ҳолат чегарада 3000 га яқин ўзбекистонлик тўпланиб қолишига сабаб бўлган.

Ўтган ҳафта эса чегара маскани олдида Қозоғистонга пул топиш учун келган ўзбекистонлик ва тожикистонликлар йиғилиб қолгани, чегара ёпиқлиги туфайли улар уйларига қайта олмаётгани, бу вазиятга Тожикистон ва Қозоғистон ҳукумати вакиллари аралашгани кузатилган эди.

COVID-19 касаллиги симптомсиз кечаётганларни уйида даволаш тартиби тасдиқланди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов

"Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши курашиш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида" Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи қабул қилинди.

ССВ берган хабарга кўра, ушбу буйруқ билан:

- COVID-19 касаллигини ташқи белгиларсиз енгил кечираётганларни уйида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби;

- барча ҳудудларда бундай беморларга уйида тиббий хизмат қиладиган ходимлар рўйхати;

- Бундай беморларнинг 10 кунлик тиббий кузатувига оид ҳисобот шакли;

- Коронавирус аниқланган беморлар тўғрисидаги маълумот шакли тасдиқланди.

Беморнинг яшаш шароити санитария-эпидемиологик талабларга жавоб бермаган тақдирда ёки яккалаш имконияти бўлмаганида, улар шифохонада қолишлари мумкин.

Аммо, сўнгги бир ҳафта ичида республика бўйлаб коронавирус касаллиги аломатини ўзида сеза бошлаган, аммо тест топшириш учун қилган сўровлари жавобсиз қолаётганлардан шикоятлар кўпайиб кетди.

8 июль куни Коронавирусга қарши кураш республика штаби вакили Ҳабибулла Оқилов мамлакатдаги тиббиёт муассасалари тўлгани, агар қайд этилган беморларнинг кунлик сони 1000 нафарга етса, тизим ўлишини айтган эди.

Шу вақтгача Ўзбекистонда 7 ярим мингга яқин коронавирус бемори шифохоналардан соғайиб чиқди. Расмий рақамларга кўра, бу беморларнинг 70-80 фоизга яқини касалликни симптомларсиз кечирган.

Бундай беморларнинг ҳар бирига, ССВ берган расмий баёнотга кўра, 32 миллион сўмдан 64 миллион сўмгача маблағ сарфланган.

4 ойга чўзилган бу амалиётдан шу йилнинг 5 июлидан воз кечилди ва шу санадан бошлаб, коронавирус инфекциясига чалинганлар касалликни енгил кечираётган бўлса, уларга уйида даволанишига рухсат берилди.

11 июль кечга бориб вирус юқтирганлар яна 196тага кўпайди

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар 11 июль Тошкент вақти билан соат 17га қадар 12402 кишига етди. Шу куни соат 10.00 даги маълумотга кўра 12206 нафар эди. Яна 196 нафар кишида коронавурус аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, янги касалланиш ҳолатларининг 124 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 37 нафари Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 20 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 18 нафари аҳоли орасида), 15 нафари эса Бухоро вилоятида аҳоли орасида аниқланган.

Ҳозиргача кун давомида мамлакатда 293 та янги COVID-19 ҳолати тасдиқланди.

Айни пайтда мамлакатда 7540 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайган.

COVID-19 га тест топширолмаган Адлия вазири маслаҳатчиси тиббиёт тизимини танқид қилди

Шаҳноза Соатованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

Ўзбекистон Адлия вазирининг маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова ўз Телеграм саҳифасига қўйган мақолада, Covid-19 га тест топшириш ниҳоятда қийинлигини, вирусни аниқлаш ва касалликни даволашда аниқ бир тизим йўқлигини танқид қилди.

Блогернинг ёзишича, у ярим кун СЭС эшигида сарғайиб тест топширолмай уйига қайтган:

"Контакт бўлган, ҳароратим 4-кун 37 - 37,5 атрофида ушланиб турибди. Қизим, онам, укам, келиним - ҳаммамиз иситмаладик, онам таъм билмаяптилар, йўталяптилар. Келинимда қаттиқ қуруқ йўтал ва 39 даражагача иситма кузатилди, менда эса фақат тана қақшаб оғриши ва иситма. Тез ёрдам ва поликлиника менда ковид бўлиши мумкин деб фақат масофадан маслаҳат беряпти, лекин тест йўқлиги учун расман ковид деб тан ҳам олмаяпти. Хуллас, бетартиблик ва тизимсизлик. Ўзинг учун ўл етим".

Шаҳноза Соатова Соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат қилиб шундай деб ёзади:

"Шунча пайт фалонча касал тузалди деб ҳисобот бериб, шундоқ ҳам тузалиб кетаётган одамлар билан статистикангизни бойитдингиз. Яна уларни тантана билан уйига кузатиб ажойиб шоулар қилдингиз. Ўша пайтда ресурсларингизни тўғри тақсимлаб, ҳозир ўзингиз қўллаётган усулни қилсангиз, яъни ёппасига эмас, фақат ўта зарур ҳолларда касалхонага ковид билан зарарланганларни ётқизсангиз бўлмасмиди? Врачларни зўриқтирмай, бошқа ресурсларни ҳам оқилона тақсимлаш бўлмасмиди шу. Кеча ҳаммага, бугун эса ҳеч кимга бўляпти энди".

Блогер вирус юқтирганлигини гумон қилган шахс сифатида ўз бошидан кечирганларини шундай деб ёзади:

"Масалан, уч кун аввал иситмам чиққанида поликлиникага телефон қилдим, у тезёрдамга қил деди. Колл-центр ҳам тезёрдамга йўналтирди, тезёрдам поликлиникага, поликлиника яна тезёрдамга... Охири телефоним овоз ёзяпти, шикоят қиламан деганимдан сўнг участка врачим телефонда дориларни айтиб турди. Мана аҳвол!"

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда Covid-19ни юқтириш ҳолатлари яна кўпайгани қайд этиляпти. ССВ берган маълумотга кўра, 11 июль соат 10.00га қадар вирус юқтирганлар сони сони 12206 нафарни ташкил этди.

65 ёшдан ошган шахсларга "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш тавсия этилди

Ўзбекистонда коронавирус юқтираётганлар сони яна ошиши сабабли, Республика махсус комиссияси 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида навбатдаги карантин чекловларини жорий этди.

Комиссия қарорида сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти, маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилиши айтилган.

65 ёшдан ошган шахсларга "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилади.

Шунингдек, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG