Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:28

UZ/Коронавирус: расман 41303. Мактабларга 10 мингга яқин тиббиёт ходими жалб қилинади


Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 30 август соат 10:00: Ўзбекистонда вирусга чалинганлар расман 41 303, тузалганлар 38 359, ўлганлар 311 нафар. Норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда.

- Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари 2 сентябрда бошланади, мактаблар 14 сентябрдан очилиши мумкин, Мустақиллик байрамида халқ сайллари бўлмайди.

- Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда. Оммавий тадбирлар тақиқланган.

- Вирусни юқтирганлар расмий сони дунёда қарийб 24 ярим млн., ўлганлар 843 минг, тузалганлар 16 млн.дан ошди.

ССВ:Мактабларга 10 мингга яқин тиббиёт ходими жалб қилинади

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 14 сентябрдан очилиши кутилаётган умумий ўрта таълим мактабларига 10 минг тиббиёт ходими жалб қилинади.

Расмий баёнотга кўра, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов мактабларда янги ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида шуни маълум қилган.

"Тиббиёт ходимлари мактабларда фильтрларни ташкил қилади, тана ҳарорати кўтарилган ва бемор деб топилган ўқувчилар хақидаги маълумотни ҳудуддаги тегишли муассаса раҳбарларига етказади.

"Бемор аниқланган хонадонда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш тартибини назорат қилади".

Янги ўқув йилида мамлакат бўйлаб 9 минг 942 та мактаб ишлайди, 480 мингдан ортиқ ўқитувчи дарс беради, 6,2 миллиондан ортиқ ўқувчи таълим олади.

ССВ: шифохоналарда 2633 бемор бор, улардан 138 нафари ўта оғир аҳволда

30 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 41303га етди.

Шифохоналарда даволанаётган 2 минг 633 беморнинг 276 нафари оғир, 138 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Вирусга чалинаётган беморларнинг асосий қисми ҳануз Тошкент шаҳри ва вилоятида аниқланмоқда. 29 август куни пойтахтда 6 бемор вафот этди.

Мирзиёев: Ҳақиқий рақамларни яшириш жиноят

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус бўйича ҳақиқий ҳолатни яширишнинг оқибатларидан огоҳлантириб, бу ҳатто жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Бу ҳақда Мирзиёев янги ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидлади.

Жорий ҳафтада кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқлангани, карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда ушбу рақам назорат кўрсаткичи бўлиши қайд этилди, деб хабар бермоқдапрезидент матбуот хизмати.

Шаҳрисабзда бир кунда 171 холат

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида бир кунда 171 фуқарода коронавирус аниқланган. Озодлик тасарруфидаги ҳужжатда, беморларнинг исм ва фамилиялари ҳамда манзили келтирилган. Озодлик билан суҳбатда бўлган шаҳрисабзлик бекморларнинг қариндошлари ушбу холатлар умумий статистикага киритилмаганини иддао қилишмоқда. Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидан бу ҳақда ҳозирча изоҳ олиб бўлмади.

Вазир: сўровда қатнашган 70 фоиз ота-она онлайн мактабга розилигини билдирди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, ижтимоий тармоқлардаги сўровнома натижасига кўра, мактабларда дарсни 14 августдан бошлаш таклифи олинганини маълум қилди.

Вазирга кўра, Telegram тармоғи орқали деярли 1 миллион фойдаланувчи қатнашган сўров ўтказилган ва унда қатнашган ота-оналарнинг 70 фоизи болаларни уйида онлайн ўқитиш ниятини билдирган.

"Телеграм орқали деярли 1 млн. фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70% ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30% эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган", деб маълум қилди вазир ота-оналарга қилган мурожаатида.

Вазирга кўра, бу йил сентябрда умумтаълим мактабларидаги ўқишни ташкил қилиш буйича 3 та сценарий асосида ҳозирлик кўрилган:

1) анъанавий мактабни очиш,

2) онлайн мактаб орқали ўқитиш

3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий, ҳам онлайн.

Ҳозирда 14 сентябрдан бир ҳафта олдин - 7 сентябрдан синов тариқасида вирус тарқалмаган, хавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилгани айтилди.

Вазир сўровнома давом этаётганини билдирди ва ота-оналарни унда фаол қатнашишга чорлади.

Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш халқаро дастурига қўшилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича “COVAX” халқаро дастурига 172 давлат қўшилган.

Бу давлатлар орасига Ўзбекистон ҳам қўшилган.

Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина борлиги ва ташкилотнинг барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилаётгани айтилди.

Халқаро дастур аъзо мамлакатларда лицензияланган вакциналарнинг тенг тақсимланишини таъминлаши лозим. Аъзо давлатлар аҳолиси дунё аҳолисининг 70 фоизини ташкил қилмоқда.

ЖССТ: Коронавирус иккинчи тўлқинининг олдини олиш мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) стратегик ташаббуслар бўйича раис ўринбосари Раньери Гуэррага кўра, ўқув йили бошлангандан сўнг янги касалланишлар сони кўпайиши муқаррар.

Чунки ўқувчилар орасидаги жисмоний алоқаларни бартараф этишнинг имкони йўқ.

ЖССТ вакили шу пайтгача болаларнинг коронавирусни юқтириш даражаси тўлиқ ўрганилмаганини таъкидлади.

Мисол учун, 10-11 ёшгача бўлган болалар атрофдагиларга касалликни камроқ юқтиради, 12 ёшдан сўнг ўсмирларда инфекцияни юқтириш қобилияти ортади, деган назария мавжуд.

Шу боис, ЖССТ экспертлари 5 ёшгача бўлган болалар ниқоб тақишлари шарт эмас, деган қарорга келган. Аммо, 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар ниқоб тақиши керак. Фақат бунда бола яшаётган манзилда инфекция кенг тарқалаётган бўлиши, ниқоб вақтида алмаштирилиши ва ниқоб тақишнинг бола руҳиятига таъсири инобатга олиниши лозим.

12 ёшдан катта болалар ва ўсмирлар эса ҳудди катталар каби - айни шароитда ниқоб тақиши лозим.

ЖССТ ривожланишда нуқсони бўлган ёки ногирон болалар ниқоб тақишга мажбурланмаслиги кераклигинидан алоҳида огоҳлантирмоқда.

Мирзиёев Бухоро марҳум ҳокимини "бир вақтлар адолатсизликка учраган" деб хотирлади

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида Карим Камолов хонадонига бориб, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари марҳумнинг эл-юрт фаровонлиги йўлидаги хизматларини алоҳида эътироф этган:

"Раҳматли Карим ака жуда яхши инсон эди, беғубор қалб эгаси, ноёб меҳнатсевар киши эди. Бухородаги ўзгаришларга кўп меҳнатлари сингганди. Режалари ҳам улкан эди. Беқиёс ҳалоллик ва садоқат билан, ўзини ўйламай, одамларнинг манфаати учун ишлади. Бир пайтлар адолатсизлик туфайли бошидан кечирган кунлари ҳам унинг соғлиғига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. У кишининг фидокорона хизматларини давлатимиз, халқимиз асло унутмайди".

Сўнгра президент Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.

Тест синовлари 2-сентябрдан бошланади

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари эса 2-сентябрдан бошланади.

Расмий хабарга кўра, имтиҳонлар кунига 2 марта, ҳаво салқин пайтда ўтказилади:

1-сменада 08:00 дан 11:00 гача - имтиҳонга кириш 06:30 дан;

2- сменада 17:00 дан 20:00 гача - имтиҳонга кириш 15:30 дан бошланади.

Тест синовлари Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 12 кун, Фарғона вилоятида 10 кун давом этиши маълум қилинди.

Бу йилги тест синовлари очиқ ҳудуд - хиёбон ва стадионларда ўтказилади. Олий таълим вазирлиги кириш имтиҳонлари учун белгиланган 65 та стадион ва хиёбон манзилини эълон қилган:

Мирзиёев Бухоро ҳокими қабрини зиёрат қилди

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 23 август куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган Карим Камолов қабрини зиёрат қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 22 август куни 66 ёшида оламдан ўтганини хабар қилган.

Шу йилнинг 25 июлида Камоловда коронавирус аниқланган ва у Тошкентда даволанаётган эди. Камоловнинг аҳволи оғирлиги, у ўпкани сунъий нафас олдирувчи қурилмага улангани маълум қилинганди.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида бир неча бор хабар тарқалган, лекин расмийлар бу хабарларни рад этишганди.

Айни пайтда, Бухоро вилоятида қадимий қабристон ва ҳоким уйига элтувчи маҳаллаларда таъмирлаш ишлари бораётгани қайд этилганди.

Шу йилнинг 31 июлида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Муса Ерниязов коронавирус касаллигидан оламдан ўтгани маълум қилинган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга бориб, Ерниязов қабрини зиёрат қилган эди.

Қашқадарё коронавирус штаби бошлиғи вафот этди

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг хабар қилишича, бошқарма бошлиғи ўринбосари ҳамда вилоят Коронавирус штаби раҳбари бўлган Шерали Нурматов вафот этган.

Расмий баёнотга кўра, коронавирус юқтириб олган 61 яшар мулозим ёндош касаллик сабаб вафот этган.

Баёнотда мулозимнинг инфекцияни юқтириб олгани гумон қилинган беморларни аниқлаш ва уйида даволаш жараёнида жонбозлик кўрсатгани таъкидланган.

ССВ: 259 нафар бемор оғир, 116 нафари эса ўта оғир аҳволда

23 август соат 10.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 38698 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 113 нафари Тошкент шаҳрида, 28 нафари Тошкент вилоятида, 18 нафари Самарқанд вилоятида ҳамда 7 нафари Қашқадарё вилоятида.

3 минг 853 беморга шифокорлар назорати остида, булардан 259 нафари оғир, 116 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Президент: Пандемия Мустақиллик кунида катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклашни талаб қилмоқда

Шавкат Мирзиёев 20 август кунги видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида Мустақиллик байрамини нишонлаш масаласига тўхталди.

Йиғилишда бу галги байрамни кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, селекторда "вазият ижобий томонга ўзгараётгани, лекин шифокорлар тавсияларига, қатъий эҳтиёт чораларига риоя қилинмаса, давлат карантин чекловларини қайтадан татбиқ қилишга мажбур бўлиши қайд этилган".

Ўзбекистонда 15 августдан карантин чоралари юмшатила бошлади. Йиғилишда президент бу қарорнинг натижаси кейинги ҳафтада маълум бўлишини таъкидлади:

"Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши кейинги ҳафтада аён бўлади. Мустақиллик байрамини пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда", деб хабар қилди матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилган.

Вилоятлараро поезд қатнови тикланди

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, 20 август соат саҳардан вилоятларга поезд қатнови қайта тикланган.

Вазирлик Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм, йўналишидаги поездлар жадвалини эълон қилди.

Йўловчилар чипталарни темирйўл кассаларидан, шунингдек, онлайн тарзда ҳам харид қилишлари мумкин.

Бир сутка ичида коронавирусдан яна 7 киши вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, вафот этган беморларнинг барчаси Тошкент шаҳрида даволанаётган бўлган.

Айни пайтда, коронавирусга чалинган беморларнинг асосий қисми ҳам пойтахтда қолмоқда.

Расмий маълумотга кўра, ҳозирда шифохоналарда 4 172 нафар бемор бор, улардан 330 нафари оғир, 96 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонда сентябрдан аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланади

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, эпидемиолог Рустам Икромов сентябрь ойидан аҳлини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланишини маълум қилди.

Расмийга кўра, респиратор касалликлари кўп кузатиладиган кузги мавсум, коронавирус эпидемияси боис, оғирроқ кечиши мумкин ва шу боис, аҳолини оммавий эмлаш жараёни учун ҳукумат даражасида ҳозирлик кўрилмоқда:

“Грипп ва пневмония чақирувчи вирусли касалликларни коронавирус билан биргаликда келиши вирусни кучайишини ва бундан ҳам оғирроқ даражага олиб келишини тахмин қилиш мумкин. Албатта, бундан одамлар ваҳимага тушмаслиги керак. Айни кунларда грипп ва пневмонияга қарши эмлаш учун ҳукумат даражасида керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Вакциналарни четдан олиб келиш ва жойларда эмлаш пунктларини ташкил қилиш ишлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу ишлар сентябрь ойидан бошланади".

Вазир ўринбосари Янгийўл шифохонасининг Озодликка арз қилган шифокорлари билан учрашди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, Янгийўл шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасининг ўта абгор аҳволидан шикоят қилган шифокорлар билан вазир ўринбосари шахса урашган.

18 август куни, бу шифохонада ҳимоясиз, дори-дармонлар ва ҳимоя воситалари таъминланмаган аҳволда COVID-19 беморларини даволаётган врач шикояти акс этган видео Озодликда эълон қилинган эди.

Видеода шифохонада 33 йилдан бери инфекционист бўлиб ишлаётганини айтган шифокор - бўлим мудири Гулнора Акбарова ССВ вазирининг истеъфосини талаб қилган эди.

Расмий баёнотга кўра, 19 август куни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров Янгийўлга бориб, ҳолат билан танишган:

"Видеолавҳада тасвирланган шифохона чиндан ҳам оғир аҳволда. Сабаби, 1972 йилда қурилган ва узоқ вақтдан бери таъмирланмаган. Чунки Янгийўлда бутунлай янги ва барча шароитларга эга шифохона қурилган. Турли сабабларга кўра, шифокорлар янги шифохонада фаолиятларини бошлашмаган, беморлар ҳам у ерга кўчирилмаган. Жойига бориб тушунтириш ишлари ўтказдик, бош шифокор ва бўлим бошлиғига янги шифохонани янгитдан таништирдик, имкониятларини кўрсатдик. Айтиш мумкинки, зарур шароитлар яратилган янги юқумли касалликлар шифохонаси ходимларга манзур бўлди. Кўчиш жараёни бошланди. Дори-дармонлар бўйича камчиликлар ҳам ўрганиб чиқилди ва зарур дорилар ҳам етказиб берилди", дея Kun.uz нашрига интервью берган ўринбосари.

Карантин шароитида ўтадиган тест синовлари масканлари эълон қилинди

Расмий баёнотга кўра, 2020-2021 ўқув йили учун Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ўтказиш учун, стадион ва хиёбонлар ҳозирланмоқда.

Расман эълон қилинган рўйхатда республика бўйича жами 65 та хиёбон ва стадион рўйхати, манзили келтирилган.

Кириш имтиҳонлари ўтказиладиган масканларнинг кўпчилиги - 17 таси Тошкент шаҳрида, 7 таси Самарқанд ва 6 таси Фарғона вилоятида:

Мактаб ва боғчалар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда

Рустам Икромов, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси:

"Айни кунларда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур меъёрлар Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда барча томонидан бажарилиши бирдек мажбурийлиги белгилаб қўйилади.

Шундан кейин мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларига фаолиятини бошлаш учун рухсат берилади".

Бунга қадар мамлакатдаги хусусий мактабларнинг очилишига рухсат берилган эди.

Жамоат транспортида махсус санитария қоидалари жорий этилди

Тошкентда жамоат транспорти қатнови тўлиқ тиқланди.

Шаҳар бўйлаб, турли йўналишларда мингдан ортиқ автобус қатнай бошлади.

Жамоат транспортига ниқобсиз чиқиш мумкин эмас. Ниқобсиз йўловчилар транспортга чиқарилмаётир.

15 августдан бошлаб, Тошкент метроси ҳам қатнай бошлади.

Бу транспорт воситаси учун ҳам махсус санитария қоидалари жорий қилинган.

ССВ: 4 мингдан ошиқ бемор даволанмоқда, 234 нафари оғир аҳволда

17 август соат 10.00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 234 кишига етди. Вирус ўчоғи бўлиб қолаётган Тошкентда коронавирусдан вафот этганлар сони эса 154 нафарни ташкил қилмоқда.

Вазирликка кўра, вирус юқтирганлар жами сони 35 513 нафарга етган.

Ҳозирда касалхонларда 4306 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 813 нафари оғир, 234 нафари эса ўта оғир аҳволда.

35 кунлик кучайтирилган карантин юмшатилмоқда

Ҳукумат комиссияси қарорига мувофиқ, 15 августдан бошлаб, Ўзбекистонда каратин юмшатилмоқда:

- 15 августдан очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи ресторан, кафе, ошхона, чойхоналар;

- хусусий боғча ва мактаблар, ўқув марказлари, болалар оромгоҳлари;

- гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар, музейлар, санаторийлар, пансионатлар, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар, ижарага бериладиган дала ҳовлилар ва бошқа дам олиш масканлари қайта очилишига рухсат берилди.

15 августдан Тошкент метрополитени қатнови тикланди

Тошкент метрополитени киришига дезинфекция туннелари ўрнатилди, чиптани олишда ижтимоий масофа сақланишига имкон берувчи турникетлар ўрнатилди.

17 августдан вилоятлараро ва туманлараро транспорт қатновлари йўлга қўйилди.

Комиссия қарорида маҳаллий авиарейслар ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилиши айтилганди. Аммо, Uzbekistan Airways ширкати 16 августдан 31 августгача белгиланган халқаро ва маҳаллий рейсларнинг бир қисми бекор қилинганини эълон қилди.

Ширкат сайтида берилган хабарга кўра, бу муддатда фақат чартер рейслар тасдиқланган жадвал бўйича учади.

Ширкат бу Ўзбекистон ва парвозлар белгиланган мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қабул қилинган зарурий чора эканини билдирди.

Олинган чипталар бошқа саналарга бепул ўтказиб берилади.

Тўй ва бошқа маросимлар ўтказилишига рухсат берилди

15 августдан тўй, маърака ва маросимларни чекланган тартибда ўтказишга ҳам рухсат берилди.

Лекин, тўйлар мавсумида тўйхоналар ёпиқ қолади, тадбирларни уйда, кўпи билан 30 киши – фақат яқин қариндошлар ва шу туман ҳудудида яшовчи бошқа қариндошлар билан ўтказиш мумкин.

Санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш талаб этилади.

Масжидлар очилди

Карантин юмшатилиши ортидан масжидлар ҳам очилиши билдирилди.

Ҳукумат Махсус комиссияси қарорига кўра, ҳафтанинг барча кунларида жума намозидан ташқари жамоат намозларини ўқиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, черковлар ва синагогларда ҳам шанба ва якшанбадаги жамоавий ибодатлардан ташқари бошқа диний амалларни адо этишга рухсат берилади.

Буюм бозорлари 20 августдан очилади

20 август бошлаб буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолияти тикланишига рухсат берилди.

Бу муассасаларда ҳафтада бир кун санитар кунига ажратилиши шарт.

Шунингдек, спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар фаолиятига рухсат берилади.

Баъзи чоралар қатъий сақлаб қолинади

Жамоат жойларида 2 метр ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаби сақланиб қолади.

Ниқобсиз фуқаролар жаримага тортилади.

Тана ҳарорати 37 градус ва ундан қори ёки инфекция аломатлари бор фуқаролар жамоат жойларига чиқмаслиги керак.

65 ёшдан ошган шахслар "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзида яшашда давом этиши лозим.

Таксилар фаолиятига қўйилган чекловлар бекор қилинмайди.

ССВ: вирусдан ўлганлар фақат мутахассис назорати остида дафн этилади

Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Фурқат Санаев Телеграм каналида ёзишича, коронавирусдан вафот этган беморни "ҳеч қачон бирор шифокор шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмайди".

"Бундай ҳолат юз берган тақдирда ўша ходимга нисбатан чора кўрилади".

Матбуот котиби Интернет тармоғида шифохонада вафот этган беморларнинг жасадини яқинларига топшириш жараёнига оид тарқалган "миш-мишлар" юзасидан баёнот берди.

Унинг баёнотига Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроиловдан мана бу иқтибос илова қилинди:

"Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта унинг юзини яқинларига кўрсатиб, аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда тўла акс этади".

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Блогнинг аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

Алоқадор

XS
SM
MD
LG