Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:06

Муҳокама: Президентга бўйсунувчи агентлик президент атрофидаги коррупцияга қарши кураша оладими?


Озодликка келаëтган маълумотлар ва мустақил журналистик суриширувлар хулосасига кўра¸ президент Шавкат Мирзиëев атрофидаги амалдорлар давлат ваколатидан фойдаланиб иқтисоднинг сердаромад соҳаларини ўз хусусий монополиясига айлантирмоқда.

29 сентябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари эълон қилинадиган regulation.gov.uz сайтида “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида” деб номланган янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” президентнинг 29 июнь кунги қарори билан таъсис этилган эди. Ҳозирча бу агентлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати Ўзбекистонда мавжуд эмас.

14 октябрга қадар очиқ муҳокамада бўладиган янги қонун лойиҳасида Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқ ва вазифалари белгилаб берилган.

Мазкур лойиҳага муносабат билдирган мустақил мутахассислар¸ ушбу агентлик¸ қолаверса¸ адлия ва суд тизими ижроия ҳокимиятидан мустақил бўлмагунча¸Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашнинг самара беришига шубҳа қилмоқда.

Коррупцияга қарши курашувчи алоҳида янги агентлик

Президент Шавкат Мирзиëев 2020 йилнинг 29 июнь куни чиқарган фармон ва қарор билан мамлакатда коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи алоҳида тизим таъсис этилди.

Бу ҳужжатлар орқали Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ ИИВ¸ ДХХ ва Миллий Гвардия таркибида коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш билан шуғулланиб келган департамент ва бошқармалар ëнига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қўшилди.

Президент қароридан англашилишича, куч ишлатар салоҳиятига эга тизимлар қошидаги бу бошқармалар ўз фаолиятини янги агентлик билан ҳамкорликда олиб боради.

29 июнь кунги қарор билан 50 та штат бирлигидан иборат янги агентлик раҳбари вазир¸ унинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосари даражасига тенглаштирилди.

Акмал Бурҳонов
Акмал Бурҳонов

15 июль куни Президент Мирзиëев Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳоновни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори этиб тайинлади. 2017 йили “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарлигига тайинланган Бурҳонов Тошкент давлат юридик институти ва Япониянинг Нагоя университетида ўқиган.

Уч ойдан бери бу агентлик ўз фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик мавжуд бўлмаган вазиятда иш юритиб келмоқда.

Янги агентлик ҳуқуқ ва вазифалари ҳақидаги янги қонун лойиҳаси

29 сентябрь – агентлик ташкил этилганидан роппа-роса уч ой ўтиб, жамоатчиликка тақдим этилган қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини тартибга солишни кўзда тутади.

Лойиҳанинг 2-моддасида ëзилишича¸ “агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантирадиган ва амалга оширадиган, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органидир”.

6-моддага кўра¸ “агентлик фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофликдан иборатдир”.

8-моддада ëзилишича:

- Агентлик ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан қатъи назар, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.

Агентлик фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.

Қонун лойиҳасига кўра¸ агентлик директори ва унинг ўринбосарларини шахсан президент тайинлайди ва озод қилади. Бу раҳбарлар кўпи билан икки марта 5 йиллик муддатга тайинланиши мумкин. Бевосита президентга бўйсунадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз фаолияти бўйича Олий мажлис иккала палатаси ва жамоатчиликка ҳисоб беради.

Мамлакатдаги коррупцияга қарши давлат сиëсатини амалга оширувчи “махсус ваколатли орган” деб таснифланган Коррупцияга қарши кураш агентлигига¸ қонун лойиҳасида¸ кенг ваколатлар берилган.

Улар орасида:

-бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, давлат қарзлари, давлат ташкилотлари томонидан ўзлаштириладиган халқаро кредит ва грант маблағлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиб олиш ва ўрганиш;

- оффшор ҳудудлар орқали амалга ошириладиган молиявий операциялар, ҳайрия, спорт ва бошқа ташкилотлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш аломатлари мавжуд ҳолатларни ва коррупция ҳолатларини ўрганиш;

- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ва банк сирларига тааллуқли бўлган, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳимояланган маълумотларни тўғридан-тўғри олиш;

коррупцион ҳуқуқбузарликлар оқибатида орттирилган мол-мулкларнинг қайтарилиши бўйича ҳаракат ва ишларни мувофиқлаштириш;

- давлат қарзлари, халқаро кредит ва грант маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирув ҳаракатлари ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган ҳамда давлат ва жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жиддий зарар етказадиган коррупцион ҳуқуқбузарликлар юзасидан тезкор қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш каби ҳуқуқлар бор.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистондаги коррупцияни жиловлай оладими?

Янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ортидан Озодлик бу янги тузилма ва унга берилаëтган ваколатларга изоҳ сўраб, мустақил мутахассисларга мурожаат қилди.

Гуннар Стетлер
Гуннар Стетлер

Гуннар Стетлер 2009-2016 йилларда Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш марказини бошқарган. Профессионал фаолияти иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашга бағишланган Стетлер¸ Швеция тарихидаги энг катта коррупцион жанжал – TeliaSonera (ҳозирги номи Telia -таҳр.) телеком ширкатининг Ўзбекистонга кириш ва фаолият юрғизиш учун ўшандаги президентнинг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганини тергов қилган прокурор сифатида тарихга кирди.

30 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда Гуннар Стетлер Коррупцияга қарши кураш агентлиги фаолияти самара бериши учун нима қилиш лозим¸ деган саволга ўз тажрибасидан келиб чиқиб¸ жавоб берди.

-Коррупцияга қарши курашдаги энг муҳим нарса¸ бу курашга масъул агентлик ва тизимларнинг тўлиқ мустақиллигидир! Агентлик ишига ҳар қандай бошқа тизим ëки давлат раҳбарларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги керак. Бирор раҳбар¸ ҳатто президентга ҳам Коррупцияга қарши кураш билан шуғулланадиган агентлик раҳбарини бир томонлама қарор билан ишдан олиш ваколати берилмаслиги керак. Бу агентлик раҳбар ва ходимлари фаолияти кимгадир ëқмагани учун ишдан олинишдан қўрқиб яшамаслиги керак. Уларга ўз ишини профессионал даражада бажаришлари учун дахлсизлик ва катта ойлик бериш керак.

Иккинчи муҳим жиҳат¸ коррупцияга қарши курашадиган кадрларнинг билим даражаси. Бу кадрлар ҳам ҳуқуқ¸ ҳам иқтисод соҳасида кенг кўламли¸ чуқур билимга эга бўлишлари керак. Коррупция бу нафақат ҳуқуқий¸ балки биринчи галда¸ иқтисодий муаммо. Унга қарши курашувчилар яхши таълим олган кадрлар бўлиши шарт¸ деди халқаро майдонда коррупцияга қарши фаолияти билан танилган швед прокурори.

Озодлик орқали Ўзбекистонда ташкил этилган янги агентликка берилган ваколатлар умумий мазмуни билан танишган Гуннар Стетлер¸ унга асосий ваколат берилмаëтганидан таажжубга тушди.

- Бу агентликка айблов эълон қилиш ваколати берилиши шарт. Масалан¸ Швеция адлия тизими бизга нафақат айблов эълон қилиш¸ балки коррупцияда гумонланаëтган шахсни ҳибсга олиш ваколатини беради. Уни қамоқда сақлаш-сақламасликни суд ҳал қилади. Лекин коррупцияга қарши курашувчи агентликка коррупцияда айблаш учун етарли факт тўпланган шахсни ҳибсга олиш ваколати берилиши муҳим, деди швед прокурори.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов.
Таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Лондондаги Осиë¸ Африка ва Яқин Шарқ тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи алоҳида агентлик иш бошлаганини мамлакатда кенг авж олган коррупцион фаолиятни чеклаш томон қўйилган қадам сифатида олқишлади.

Аммо шарҳловчи назарида¸бу жараëн натижаси "Ўзбекистон раҳбариятида коррупцияга қарши қоғозда эмас¸ балки амалда курашиш учун сиëсий ирода бор-йўқлигига боғлиқ".

“Ҳозирча бу борада шубҳалар бор”¸ деди 30 сентябрь кунги шарҳида Илҳомов.

Бевосита қонун лойиҳасига муносабат билдирган бу таҳлилчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ва ўринбосарларининг президент томонидан тайинланишига эътироз билдирди.

-Бу - агентлик раҳбарлари президeнт иродаси ва кайфиятига қарам дегани. Бу эса¸ де факто¸ президентнинг ўзи¸ унинг оиласи ва унга яқин гуруҳни агентлик фаолият доирасидан чиқаришни англатади. Энг юқори даражадаги коррупция қулоқларининг аксар ҳолларда айнан президент атрофидагилар ичидан ўсиб чиқишини ҳаммамиз жуда яхши биламиз!

Шарҳловчи таъкидича¸ коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган тузиш мамлакатда бошқа антикоррупцион механизмлар мавжуд бўлсагина¸ самара бериши мумкин.

«Хусусан¸ ижроия ҳокимиятидан мустақил бўлган одил судлов; манфаатлар тўқнашувини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш; бирор истисносиз барча давлат амалдорларининг ўз даромади ва мулки ҳақида декларация беришини мажбурий қилиш; компаниялар ва улар ҳақиқий эгаларига оид маълумотни жамоатчиликка тўлиқ очиқлаш; ҳокимиятдан мустақил бўлган фуқаролик жамияти ва матбуот¸ журналистик суриштирувни ўтказишга реал имкон бериш ва бошқалар”¸деб ëзди Илҳомов.

Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан 2017 йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган ва коррупцияга қарши ”уруш” очилганини баëн қилган эди.

Аммо Озодликка мурожаат қилаëтган оддий ўзбекистонликлар¸ хусусан¸ тадбиркорлар сўнгги йилларда коррупциянинг янада авж олганини таъкидлашади.

Дунë мамлакатларидаги коррупция даражасини кузатиб келадиган Transparency International ташкилотининг 2019 йилги Коррупция индексида Ўзбекистон 180 давлат орасида 153 ўрин - энг коррупциялашган давлатлар сафига қўйилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG