Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2021, Тошкент вақти: 03:08

Беларусь мухолифати Лукашенкога ультиматум қўйди


Минск, 12 октябрь, 2020 йил

Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская Александр Лукашенкодан 12 кун ичида истеъфо беришни талаб қилди, акс ҳолда у умуммиллий иш ташлашга юз тутади.

“Агар бизнинг талабимиз 25 октябргача бажарилмаса, бутун мамлакат тинч намойишлар учун кўчага чиқади”, деб айтди Тихановская 13 октябрь куни эълон қилган мурожаатида.

У шунингдек, барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва Лукашенконинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчиларга қарши зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

12 октябрь куни Беларусь Ички ишлар вазирлиги расмийси президент Александр Лукашенкога қарши намойишларни тарқатиш учун жанговар қуроллар ишга солиниши билан таҳдид қилган эди.


Айни пайтда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Лукашенкога қарши санкция жорий қилишга келишган. Аввалроқ Европа Иттифоқи Беларусда президентлик сайловлари натижалари сохталаштирилишига ва намойишчиларга қарши зўравонликларга алоқадор 40 нафар амалдорга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.


Беларусь ички ишлар вазири ўринбосари Геннадий Казакевич 14 октябрь куни видеомурожаат эълон қилиб, «кўчаларни тарк этмаймиз ва мамлакатда қонун устуворлигини кафолатлаймиз. Лозим бўлса, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги махсус жиҳозлардан ҳамда ўқотар қуроллардан фойдаланади», - деб айтди.


Беларусь хавфсизлик хизматлари оломонни тарқатиш учун сув пуркагичлар, эсанкиратувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланаётганини тан олиб келади.


Казакевич намойишчилар «ҳаддан ташқари радикаллашгани» ва 11 октябрь куни пичоқлар билан қуролланиб, полицияга қарата тош ва шиша идишларни улоқтирганини иддао қилди.


«Бунинг тинч намойишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ», - дея таъкидлади Казакевич.Унинг сўзларига кўра, намойишларда «жангчилар, радикаллар, анархистлар ва футбол мухлислари» қатнашмоқда.


Бундан олдин Беларусда намойишчиларга қарши ўқотар қурол ишлатилиши ҳақида ошкора таҳдид янграмаган эди.Намойишчиларга қарши жанговар қурол ишлатилиши вазиятни кескинлаштириши мумкин.


9 август куни бўлиб ўтган президент сайловда Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб чиққанини эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаяпти.


Август ойида намойишлар бошланганида полиция Брест шаҳрида намойишчиларга қарата ўқ отилганини тан олди. Ўшанда бир нафар намойишчи ҳалок бўлган эди.


11 октябрь куни навбатдаги тинч намойишга чиққан беларусликларни полиция аёвсиз калтаклади ва полиция машиналарига босиб, олиб кетди. Айрим намойишчилар полиция дўппослагани учун қонга беланди. Айнан шу сабабдан Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Лукашенкога қарши санкция жорий қилишга келишиб олдилар.


12 октябрь куни Люксембургда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат ташқи ишлар вазирлари саммитида президентлик сайлови «холис ва эркин бўлмагани» таъкидланди.


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари бунинг ортидан амалдаги президент Лукашенко «ҳеч қандай легитимликка эга эмас», деган қарорга келдилар.


Беларусь Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 11 октябрь куни 700 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган.


12 октябрь куни милиция Минскда ўнлаб намойишчиларни дўппослаган ва ҳибсга олган.

XS
SM
MD
LG