Линклар

Шошилинч хабар
20 март 2023, Тошкент вақти: 15:01

Ўзбекистон хабарлари

Бир ойда тухум деярли 18 фоизга, ёғ 13,6 фоизга қимматлади

Октябрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,4 фоизга ошган.

Жорий йилнинг йилнинг январидан октябригача ўтган 10 ой мобайнида истеъмол товарлари нархи 10 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари — 6,9 фоизга, хизматлар 5,2 фоизга қимматлашган. Умуман олинганда, истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 7,8 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси навбатдаги ҳисоботида маълум қилди.

Статистиканинг қайд этишича, шакар ва гўшт нархи йил бошидан бери 15 фоизга ошган. Хусусан, суяксиз мол гўшти баҳоси 10 ой ичида 18,2 фоизга кўтарилган.

Октябрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,4 фоизга ошган. Жумладан, октябрь ойида гўшт, парранда гўшти ва балиқ нархи сентябрга нисбатан 0,7 фоизга, тухум 17,7 фоизга, шакар 8,6 фоизга, мева-сабзавотлар эса 3,2 фоизга қимматлашган.

Октябрь ойида тухумдан ташқари нархи энг кўп кўтарилган маҳсулот ёғ бўлиб қолмоқда. Октябрда сентябрга нисбатан олинганида, пахта ёғи 13,6 фоизга, кунгабоқар ёғи 11,2 фоизга қимматлади.

Йил бошидан буён пахта ёғи 24,2 фоизга, кунгабоқар ёғи 23,9 фоизга, сариёғ 11,1 фоизга, маргарин 9,7 фоизга қимматлади.

Кун янгиликлари

Байден Мирзиёевга Наврўз табрикномасини йўллади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жозеф Байден Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига табрик хати жўнатган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган табрик матни “Америка халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман”, деган сўзлар билан бошланган.

Табрикномада ўтган йил мобайнида Ўзбекистон билан АҚШ “умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқларимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида” бирлашгани қайд этилган.

Нома якунида Байден икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва халқлар дўстлиги янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.

АҚШ президентлари ҳар йили Наврўз арафасида Шарқдаги бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам табрикнома йўллаб келишади. Бу каби номаларни АҚШ президентларидан Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов ҳам узоқ йиллар давомида олиб келган.

Ўзбекистон пиёз экспортига яна рухсат берди

Ўзбекистон 15 мартдан “мамлакатда пиёз нархи барқарорлашганлиги сабабли” унинг экспортига қўйилган вақтинчалик чекловни бекор қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қиш мавсумида Ўзбекистон бозорларида пиёз нархи кескин кўтарилиб кетган эди. Бунинг ортидан мамлакат нархлар барқарорлашгунига қадар 20 январдан бошлаб пиёз экспортига чеклов киритганди. Чеклов 4 ойга, яъни апрель ойининг охиригача жорий этилган эди.

Давлат статистика агентлиги 18 январь ҳолатига кўра, 1 кило пиёз нархи 10 000 сўмгача кўтарилганини қайд этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёзнинг қимматлашига аномаль совуқ туфайли бу маҳсулот заҳирасининг музлаб қолганини сабаб қилиб кўрсатган эди.

Вазирликнинг билдиришича, 2022 йилда Ўзбекистонда 1,9 миллион тонна пиёз етиштирилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида янги бозор қурилади

Ўзбекистоннинг Фарғона ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари чегарасида «Андархон» деб номланган илк трансчегаравий бозор қурилади. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.

Бозор Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан қурилади. Тадбиркорлар икки давлат аҳолиси фойдаланадиган бундай бозор бизнес ривожига ва нархларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатишини айтмоқдалар.

"Андархон" савдо-логистика маркази қурилишига 13 март куни Сўғд ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари тамал тошини қўйишди. 5 гектар майдонга қуриладиган бозорда 200 та дўкон, ресторан ва меҳмонхоналар мавжуд бўлади. Бу ерда ҳар икки вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш режалаштирилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари узоқ вақт давомида трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар туфайли совуб кетган эди. Бунинг оқибатида республикалар ўртасидаги ҳаво алоқалари, автобус қатновлари тўхтатилди, темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинди ва виза режими жорий этилди.

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан кейин бу муносабатлар яхши томонга ўзгарди. Икки давлат президентлари бир неча марта ўзаро ташрифлар амалга ошириб, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаларни имзоладилар, визасиз режим жорий этдилар ва товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.

Наврўз арафасида тўққизта вилоятда сел келиши мумкин - метеорологлар

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 18-21 март кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши туфайли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги бош директори Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мулозим қайдича, Наврўз байрами дохил келаётган тўрт кун ичида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пойариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳрида сел кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўзгидромет раҳбари кутилаётган тошқин важидан тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирган.

Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 28 нафари қамалди

Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилинди.

Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилган, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилинган.

Бу 2022 йил 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд бўлиб, маҳкама жараёни жорий йилнинг 6 февралидан буён давом этаётган эди. Ҳукм олдидан прокурор суддан 37 нафар айбланувчига 5 йилдан 12 йилгача қамоқ, икки айбланувчига озодликни чеклаш жазоси берилишини сўраган эди.

Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида якунланган. Унда 22 кишига нисбатан суд қарори чиқарилган. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Мазкур суд ҳукми билан 6 йилга қамалган Пўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган.

Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Пўлат Шамшетовнинг ҳибсхонадаги ўлимини “ғалати” деб атаб, унинг Нукус воқеалари чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ бўлганини айтган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Жорий ҳафтада Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.

Блогер Шабнам Оллошукурова ҳамда қизлари Жиззах ИИБда ушлаб турилибди

Шабнам (Нафосат) Оллошукурова.

15 март куни ўзбекистонлик блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова кичик ёшдаги икки қизи билан сўроқ қилиш учун Жиззат вилояти Ички ишлар бошқармасига олиб кетилган.

Озодликка маълум бўлишича, ИИБ ходимлари шу куннинг ўзида Тошкентдаги Оллошукурова яшаётган хонадонда тинтув ҳам ўтказган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари блогернинг ҳибсга олиниши юзасидан расмий маълумот бергани йўқ. Оллошукурова ҳамда қизлари ҳануз ИИБ биносида қолаётгани айтилмоқда. Блогернинг яқинларидан бири 16 март куни Оллошукурованинг ота-онаси қизи ва набираларидан хабар олиш учун Жиззахга етиб борганини билдирди.

Озодлик манбасининг билдиришича, Оллошукурова жиззахлик фуқаролардан бирининг аризаси асосида ушланган. Блогер айни фуқаронинг мурожаати бўйича унинг муаммосини ижтимоий тармоқларда ёритгани айтилади.

Шабнам Оллошукурова сўнгги ҳафталарда ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминовни озод қилиш талаби билан имзо йиғиш кампаниясини олиб бораётганди.

Оллошукурова 2019 йил сентябрида Ўзбекистон ИИВ вазирига мурожаат қилиш учун Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан пайт ҳибсга олинган ва кейинроқ мажбурий даволаниш учун Урганчдаги руҳий шифохонага ётқизилганди. Уч ойдан сўнг махсус комиссия Оллошукуровани даволанишга эҳтиёжи йўқ деб топган ва у руҳий шифохонадан чиқарилган.

Шундан сўнг Ўзбекистонни тарк этган Оллошукурова бир муддат аввал Тошкентга қайтганди.

Унинг ушланиши Ўзбекистонда блогерлар ва фаолларга қарши босимлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

13 март куни ҳуқуқ-тартибот идоралари тошкентлик таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомовни ҳибсга олган.

Имомовнинг ҳибсга олиниши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ўзбекистонга ташриф буюрган кунга тўғри келган.

Ушбу ташриф арафасида Санжарали Имомов YouTubeдаги каналига фаолларнинг БМТ мулозими билан учрашишига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида видео жойлаганди.

БП Dili.me тахаллуси билан танилган вайнер Дилшод Ўрозбоев қўлга олинганини тасдиқлади

Вайнер ва инстаблогер Дилшод Ўрозбоев

Ўзбекистонда Dili.me тахаллуси билан танилган вайнер ва инстаблогер Дилшод Ўрозбоев ушланиб, терговга жалб қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, вайнер ўз шериклари билан биргаликда “жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро П.А. ни уриб, тан жароҳати етказишган”.

Ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳ. Шамсутдинов мазкур жиноят иши бўйича гумонланаётган Д. Ўрозбоев бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан буйин товлаб келгани, шу важдан унга нисбатан қидирув эълон қилингани, олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни қўлга олинганини билдирган.

БП мулозими ҳолат юзасидан Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Маҳаллий матбуотдаги хабарларга қараганда, Д. Ўрозбоев ва шериклари калтаклагани айтилаётган шахс вайнернинг куёви (синглисининг эри) бўлиб ҳисобланади.

Имомлар ротацияси: Тошкент шаҳри собиқ бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфуддинов яна “Минор”га қайтарилди

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Тошкент шаҳрининг собиқ бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов пойтахтдаги “Минор” жоме масжиди имом-хатиби лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 16 март куни бўлиб ўтган йиғилишида муфтий Нуриддин Холиқназаров эълон қилган.

Йиғилишда Чиғатой даҳасидаги “Имом Бухорий” масжиди имоми Садриддин Абдурашидов Олмазор тумани “Иброҳимбой Орифжонбой” жоме масжидига, Кўкчадаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имоми Яҳё Абдураҳмонов Чиғатойдаги “Имом Бухорий” жоме масжидига, “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасидан ажралмаган ҳолда Кўкчадаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига имоми-хатиб ўлароқ ўтказилгани қайд этилган.

Ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов жорий йилнинг январь ойи бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров раислигида ўтказилган мажлисда “ўз аризасига биноан” Тошкент шаҳри бош имоми лавозимидан бўшатилган эди.

“Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган хатолар, фуқаролар мурожаатини тинглашдаги камчиликлар, аҳоли билан ишлашдаги муаммолар ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлашдаги оқсоқликлар таҳлил қилинди”, дейилганди ЎМИнинг 4 январь куни ёйинланган хабарномасида.

Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг эркак кишининг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлган. Мунозаралар ортидан имом ўз маърузасини “нотўғри талқин” қилган, дея матбуотни “фитнакорлик”да айблаган.

Марказий банк асосий ставкани бир йил аввалги 14 фоиз даражасига қайтарди

Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкентдаги биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз қилиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

“Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставканинг ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради”, дейилган МБнинг 16 мартда ёйинланган хабарномасида.

Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ва Ғарб давлатлари томонидан РФга қарши санкциялар пакети эълон қилиши ортидан иқтисодиёти Россияга боғлиқ бўлган қатор давлатларда ўтган йили йиллик ставка даражаси кўтарилиши кузатилган. Хусусан, Ўзбекистон Марказий банки ҳам 2022 йилнинг март ойида бунгача 14 фоиз бўлиб келган асосий ставкани 3 фоизга ошириб, 17 фоиз қилиб белгилаган эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида МБ йиллик ставкани 16 фоизга, июль ойида эса 15 фоизга пасайтирганди. Шундан кейин ўтган 8 ой давомида асосий ставка 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган.

БМТ Олий комиссари Ўзбекистонга берган тавсияларини очиқлади

Фолькер Тюрк 13-15 март кунлари Ўзбекистонда бўлган эди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Тошкентда ўтган матбуот анжуманида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон ҳукуматига берган тавсиялари ҳақида маълумот берди.

“Ташриф чоғида мен ҳаётнинг барча жабҳаларида — сиёсий соҳадан тортиб, жамоатчилик йўналишигача бўлган яққол гендер тафовутини бартараф этиш зарурлиги масаласини кўтардим. Мен президент ва Сенат раисининг ушбу номутаносибликни бартараф этиш бўйича ўзларига қатъий мажбурияти олганлигини олқишлайман”, деб иқтибос келтиради комиссар сўзларидан “Газета уз”.

Бундан ташқари Тюрк ҳукумат расмийлари билан учрашувларида қийноқлар ва ноинсоний муносабатга барҳам бериш, фуқаролик жамиятини ислоҳотларда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, журналистлар ҳимояси ва сўз эркинлиги, маданий ҳуқуқларга ҳурмат, шунингдек, ўтган йилнинг июлида содир бўлган Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш каби тавсияларни берган.

Олий комиссар Ўзбекистон ҳукуматини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига асосан бир жинсли муносабатларни жиноятлар рўйхатидан чиқаришга ва ОИВ юқтиришни ҳар қандай шароитда ҳам жиноят деб ҳисоблайдиган қонунчиликни ўзгартиришга чақирди.

Фолькер Тюрк Ўзбекистонда 13-15 март кунлари бўлди. У Тошкентда ҳукумат вакиллари, жумладан, президент Мирзиёев билан ҳам учрашди. Тюрк шундан сўнг Қорақалпоғистонга борди.

16-17 март кунлари Фолькер Тюркнинг Қозоғистон пойтахти Остонага бориши режалаштирилган.

Анқарада Мирзиёев Эрдўғон билан учрашди

Туркий давлатлар ташкилотининг 16 март куни ўтадиган фавқулодда саммитида қатнашиш учун Анқарага борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.

Мирзиёев Эрдўғонга февралдаги зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган минтақаларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Эрдўғон ўз навбатида Ўзбекистон халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, “учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати мамнуният билан қайд этилди”.

Расмий билдирувда қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 370 та янги корхона ташкил этилган. Сўнгги олти йилда Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этган.

16 март куни Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг “Табиий офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзусида навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади.

6 февралда Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли зилзила юз берган. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга мувофиқ, қарийб 48,5 минг нафарга етган.

Россиялик стендап-комик Поперечний Тошкентдаги концертда билвосита цензурага дуч келганидан шикоят қилди

Данила Поперечний 2019 йили Москвада ўтказилган митингда

Россиялик стендап-комик Данила Поперечний Тошкентдаги концертида кун тартибидаги долзарб муаммоларга билвосита тегишли ҳазиллар қилмоқчи бўлган пайтда ҳар гал микрофон ўчириб қўйилганидан шикоят қилди.

Instagram тармоғи орқали ёйинлаган постида Поперечний концертдан ҳатто “Россия” сўзи иштирок этган ҳазил ҳам кесиб ташланганини қайд этган.

Газета.uz нашрининг гувоҳлар сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, стендап-комикнинг микрофони у Украинадаги уруш, Россия президенти Владимир Путин ва сиёсат ҳақида гап бошлаган пайтларида ўчириб қўйилган.

Пировардида камида 50 дақиқали материал “ўчириб қўйилгани”ни айтган стендап-комик томошабинлардан узр сўраб, уларга чипта пулларини қайтариб беришга тайёр эканини қўшимча қилган.

Поперечнийнинг Тошкентдаги концертида микрофон ўчириб қўйилгани ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам қораланди. Масалан, таҳлилчи Юлий Юсупов Фейсбукдаги ўз саҳифасида “Ўзбекистонда Россиянинг давлат телеканаллари тимсолида нацистик пропагандага очиқдан-очиқ рухсат берилган”и, “бу нацистик пропагандага қарши ҳар қандай муқобил ахборот манбасига тўсиқ қўйилаётган”и ва ўзбекистонлик телетомошабинларга етиб бормаётгани, “журналистларга устоз сифатида ҳар хил киселёв ва красовскийлар таклиф этилаётган”и етмагандай, “эндиликда россиялик расмийларга мухолиф бўлган артистларнинг концерти тўғридан-тўғри цензура қилинаётган”идан ёзғирди.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан кейин Данила Поперечний таҳдидлар ва ҳибс этилиш хавфи туфайли Россияни вақтинча тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда у ўзининг “ҚУВНОҚ/ҲАЁТ” номли янги дастури билан турли мамлакатлар бўйлаб гастрол сафарларида юрибди. Тошкентдан кейин у Туркияда иккита концерт беришни режалаган.

Поперечний аввалги концертларида ҳам, бошқа чиқишларида ҳам сиёсий мавзулар бўйича ўз фикрини айтган. У Путин ва россиялик бошқа амалдорларни танқид қилган, мухолифат митингларида чиқишлар қилган.

Тошкентда таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомов ҳибсга олинди

Санжарали Имомов Тошкентдаги маҳкама биноси ташқарисида.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тошкентлик таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомовни ҳибсга олган.

Бу ҳақда қатор фаоллар ижтимоий тармоқларда Имомовнинг яқинларига таяниб хабар тарқатди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган сафдошининг Озодликка билдиришича, Санжарали Имомов 13 март куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланган ва ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ўтмишда мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли бўлган ва Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан янги сиёсий партия тузиш ҳаракатларида қатнашган Имомовнинг ҳибсга олиниш тафсилотлари ва қандай ҳаракатларда гумон қилинаётгани номаълум. Расмийлар ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот бермади.

Санжарали Имомовнинг ҳибсга олиниши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ўзбекистонга ташриф буюрган кунга тўғри келган.

Ушбу ташриф арафасида Санжарали Имомов YouTubeдаги каналига фаолларнинг БМТ мулозими билан учрашишига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида видео жойлаганди.

Видеодан унинг ўзи ҳам БМТ Олий комиссари билан учрашувга таклиф қилингани англашилади.

Фолькер Тюрк 13 март куни Тошкентда бир гуруҳ фуқаро жамияти ва мухолифат фаоллари билан учрашган. 2021 йилги президент сайловлари арафасида ташкил этилган ва расмий рўйхатдан ўтказилмаган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов Фэйсбукка жойлаштирган видеосида БМТ мулозими билан суҳбатда инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва ҳукумат ҳамда куч ишлатар тизимларнинг фаолларга босими ҳақидаги гапириб берганини айтган.

БМТ Олий комиссари ташриф доирасида Қорақалпоғистонга ҳам сафар қилган.

Бирлашган Миллатлар ва Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматини ўтган йил ёзида Нукусдаги қонли намойишлар чоғида ҳаддан ташқари куч ишлатган хавфсизлик ходимларини жавобгарликка тортишга чиқариб келади.

15 март куни Фолькер Тюрк президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда асосий эътибор инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлари Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилдан буён мамлакат қамоқхоналаридаги кўплаб сиёсий маҳкумларнинг озод қилинишини олқишлаган. Сўнгги пайтларда маҳаллий журналист ва блогерлар ҳамда сиёсий фаолларга босимлар кучайгани кузатилмоқда. Охирги икки ойда тармоқларда танқидий чиқишлари билан танилган 10 га яқин блогер ҳибсга олинган. Тармоқ фаоллари 30 апрелга режаланган конституциявий референдум арафасида ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий фаоллар ва блогерлар билан "профилактик суҳбатлар" ўтказаётганини айтишмоқда.

БМТ мулозими ўзбек расмийлари билан охирги ҳибсга олишлар ва фаолларга босимларни муҳокама қилгани ёки йўқлиги маълум эмас.

Ўзбекистондаги икки вилоятнинг тоғли ҳудудлари аҳолиси кўчки хавфидан огоҳлантирилди

Иллюстратив сурат

Ҳаво ҳароратининг ўзгариши туфайли 16-23 март кунлари Ўзбекистоннинг денгиз сатҳидан 2000 метр ва ундан юқори тоғли ҳудудларида қор кўчиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.

Мулозим қайдича, кейинги бир ҳафта ичида Тошкент вилоятининг Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг “Чимён” тоғларида, шунингдек, Наманган вилоятининг Поп туманида кўчки хавфи мавжуд.

“Тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз”, дейилган Ўзгидромет раҳбари постида.

Конституциянинг маъқулланган лойиҳаси эълон қилинди. Президентлик муддати 7 йилга узайтирилди

Олий Мажлис томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси интернетда ва Ўзбекистон ҳукуматига қарашли оммавий ахборот воситаларида 15 март куни эълон қилинди.

Аввалроқ янги таҳрирдаги асосий қонунга янги 27 модда киритилгани ва моддалар сони тамалдаги 128 тадан 155 тага етказилгани хабар қилинган эди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 106-моддасида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш назарда тутилади. Айни пайтда бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги тўғрисидаги қоида ҳам сақланиб қолди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистонга оид 85-90 моддалар аввалги Конституцияда кўрсатилган тартибда қолдирилди. Ўтган йилнинг июлида Қорақалпоғистонга оид моддалардан “суверенитет” сўзи олиб қўйилгани ортидан Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар бўлиб ўтганди.

Конституция бўйича умумхалқ референдуми 30 апрелда ўтказилади

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG