Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 02:22

Матбуот котиби блогер телефонини тортиб олгани учун ундан узр сўради(ВИДЕО)


Яккабоғлик блогер Элмурод Одил ижтимоий тармоқларда ўзи яшайдиган ҳудуддаги муаммолар тўғрисида танқидий чиқишлар қилиб келади.
Яккабоғлик блогер Элмурод Одил ижтимоий тармоқларда ўзи яшайдиган ҳудуддаги муаммолар тўғрисида танқидий чиқишлар қилиб келади.

Қашқадарёлик блогер Элмурод Одилнинг айтишича, Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов 24 июнь куни туман ҳокими қабулига келган шикоятчилардан интервью олиб турган пайтда унинг мобил телефонини куч билан тортиб олган.

Матбуот котиби телефонни олиб ҳокимият биносига кириб кетган ва бир соатдан сўнг телефон хотирасидаги видеоларни ўчириб, қайтариб берган.

Яккабоғ туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев матбуот котибининг бу ҳаракати қонун доирасида ҳал қилинишини айтди.

Ўзбекистон президенти 16 июнда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга оид фармон имзолаган.

Яккабоғ тумани ҳокимига шикоят билан келган одамларнинг арзи.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:51 0:00
Бевосита линк

24 июнь куни юз берган воқеа тўғрисида Озодликка Элмурод Одил айтиб берди. Унинг айтишича, шу куни эрталаб Яккабоғ туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаевнинг қабулига кириш учун ҳокимият биноси олдига ўнлаб фуқаро йиғилган, ҳоким фуқароларни ҳокимлик ҳовлисида битта-битта қабул қила бошлаган.

Шу аснода блогер Элмурод Одил ҳоким қабулига келганлар муаммоларини ўрганиш учун, улар билан гаплашиб, видеога ола бошлаган. Бир пайт туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов унинг мобил телефонини тортиб олиб, ҳокимлик биносига кириб кетган:

“Мен шикоятчилар билан гаплашиб турганимда Шерзод Ҳасанов келдида, сиз нотўғри ахборот берасиз деб қўлимга ёпишиб, телефонимни тортиб олди ва ҳокимият биноси томон чопиб кетди. Орқасидан югурмоқчи эдим, ҳокимликнинг бошқа ходимлари ушлаб қолди”.

Шикоятчилар арзини ёзаётган блогер Элмурод Одилнинг телефонини Яккабоғ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов тортиб олди.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Блогернинг айтишича, орадан қарийб бир соат ўтгандан сўнг Миллий гвардия ходими телефонини олиб келиб берган:

“Телефонни очиб кўрсам аҳолидан мен ёзиб олган суҳбатлар ўчирилган. Ҳозир ўша видеоларни тиклашга ҳаракат қиляпман, лекин самараси йўқ. Менга алам қилаётгани бу ҳаракатни улар мақсадли равишда амалга оширгани, чунки мени ушлаб турган бошқа ходимлар матбуот котиби олиб қочиб кетишига телефонни имкон яратиб берди. Агар туман ҳокимининг буйруғи бўлмаса, котиб бу ишни қилишга журъат қилолмас эди. Кейин блогер ва оддий аҳолига ҳокимият биносига телефон олиб киргани қўйишмайди, мен ҳокимликнинг бир ходимидан илтимос қилиб олиб кирдирган эдим”.

Озодликка юборилган видеода ҳокими қабулига келган шикоятчилардан бири воқеа ҳақида бундай деди:

“Ҳокимнинг қабулига келиб айтган муаммоларимиз ҳал бўлмаяпти. Бу қабуллар шунчаки номига ўтказиляпти. Мана шу гапларимизни блогерга айтган эдик, у чиқарсин, президент ҳокимларининг қандай ишлаётганини кўриб қўйсин дегандик. Лекин матбуот котиби чиқиб блогернинг қўлидан зўрлик билан юлиб олиб кетди”.

Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов Озодлик билан суҳбатда блогернинг телефони тортиб олинганини тасдиқлади ва бунинг учун блогердан узр сўраганини айтди:

“Бизларда ички йўриқнома бор. Эшикдан кирганда телефон олиб кириш мумкин эмас. Блогер нохолис нарсаларни чиқармасдан, тўғри, холис нарсаларни чиқарса бизнинг умуман қаршилигимиз йўқ. Мен Элмуродга ҳокимият биносига телефон олиб кириш мумкин эмас, деб айтдим. У киши сени ишинг нима деб қўполлашди ва шундай ҳодиса бўлди. Кейин Элмурод билан телефонда гаплашдим, узр ҳам сўрадим, ишдан сўнг учрашиб гаплашиб олишга келишдик”.

Матбуот котиби блогер телефонидан видеоларни ўчириб юборганини инкор қилди:

“Телефони коди бор экан. Очолмадим, ҳеч нарса ўчирганим йўқ!"

Яккабоғ туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабари йўқлигини, уни ўрганиб бу ҳолат қонун доирасида ҳал қилинишини айтди:

“Биз блогерларга ҳеч қачон бир нарсани суратга оламан ёки интервью оламан деган бўлса қаршилик қилмаганмиз. Ва менинг ОАВга тўсқинлик қиладиган характерим ҳам йўқ. Агар шунақа ҳолат юз берган бўлса мен тагига етаман ва қонунда белгиланган тартибда чора кўраман!”

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга оид фармон имзолаган эди.

"Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда давлат органлари очиқлагини таъминлашнинг бир қатор чоралари белгилаб қўйилган.

Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган сафари чоғида ҳам журналист ва блогерларни дастаклашини айтган эди:

“Танқид қилинглар! “Нимага сен шуни қилмаяпсан? Нимага топшириқни қилмаяпсизлар” деб, фамилиясини, расмини олиб чиқиб бир кўрсатинглар – бутун эл билсин. Бу учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади, сизларнинг кучларинг катта”.

Аммо, президентнинг фармони ва эркин ахборот олиш учун ҳуқуқий база яратилган бўлса-да, маҳаллий амалдорлар журналист ва блогерларнинг эркин маълумот олишига тўсиқ бўлаётгани фактлари кўп учрамоқда.

Ўзбекистонда президентлик сайлови йилида маҳаллий муаммоларни кўтариб чиқаётган нашрлар ва блогерларга нисбатан босим ва таҳдидлар кўпайгани айтилади.

Маҳаллий ҳокимлар туманларидаги муаммоларнинг рсепубликага ошкор бўлиб кетмаслиги ва бунинг учун юқоридан гап эшитмаслиги учун блогерларни турли йўллар билан овозини ўчиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

XS
SM
MD
LG