Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2024, Тошкент вақти: 17:13

Афғонистонда гуманитар инқироз. Расмий Тошкент афғон қочқинлари борасида сукут сақламоқда


Толибон Афғонистоннинг деярли барча ҳудудлари ва пойтахт Кобулни эгаллаши ортидан минглаб афғонлар мамлакатдан чиқиб кетиш ҳаракатига тушди. Кузатувчилар катта сондаги қочқинлар оқими Ўзбекистон чегараси томон йўналтирилганини қайд этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати қочқинлар сони ва чегарадаги вазият юзасидан тўлиқ ва тезкор маълумот бермаяпти.

Аммо таҳлилчиларга кўра, чегарадаги қочқинлар оқими расмий Тошкентни хавотирга солаётгани аниқ.

Толибон жангчилари Афғонистон шимолидаги туманларни бирин-кетин эгаллаб олишни бошлаган июль ойида Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати Женевага ташриф буюрган ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги вакиллари билан музокаралар олиб борган эди. Бир вақтнинг ўзида Термиздаги манбалар Афғонистон билан чегарада эҳтимолий қочқинлар учун чодирлар тикилаётганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 14–15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти Ўзбекистон ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтгани, уларда жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчи бўлганини хабар қилган эди.

Ёрдам сўраб Ўзбекистон ҳудудига ўтган қирувчи учоқ уни кузатиб келаётган Ўзбекистон ҳарбий учоғи билан ҳавода тўқнашиб кетгани, учувчилар катапульта орқали жон сақлаб қолгани айтилди.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудига афғонистонлик ҳарбийлар билан тўла вертолёт қўнгани акс этган видео ҳам тарқалди.

Ўзбек ҳарбийлари томонидан суратга олингани англашгилган видеода пахта даласига қўнган иккита вертолётда афғонистонлик ҳарбийлар, асосан учувчилар экани кўринади. Улар Ўзбекистонга Толибондан қочиб ўтганини айтишади. Видеода ўзбек ҳарбийлари афғонлар қўлидаги қуролларни олиб қўйгани ва иккита вертолётни яқин атрофдаги аэродромга учириб бориш ҳаракатидалиги акс этган. Ҳозирча Ўзбекистон томони бу вертолётлар ва ундаги афғон ҳарбийлари тақдирини очиқламади.

15 август оқшомида Телеграм каналларда тарқалган видеода ўнлаб афғон ҳарбий техникасининг Термиздаги "Дўстлик" кўпригида тўпланиб тургани акс этган.

Ўзбекистон расмийлари 14 август куни Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчиси таслим бўлгани, уларга тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана берганини тасдиқлади. Хабарда Ташқи ишлар вазирлиги афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун афғон томони билан музокаралар олиб бораётгани айтилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 14-15 август кунлари Афғонистон билан чегарада рўй берган воқеалар ҳақидаги баёноти янглиш берилганини маълум қилди.

Бош прокуратура афғон ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистонга ўтгани ҳақида ўзи тарқатган хабарга раддия бериб, ҳозирча бу масалада изоҳ берилмаслигини маълум қилди. Шунингдек, расмий Тошкент Ашраф Ғани, Абдурашид Дўстум, Ато Муҳаммад Нур ва бошқа Афғонистоннинг айрим арбоблари ҳамда этник гуруҳлари раҳбарлари Ўзбекистон ҳудудида бўлиб тургани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

“Термиз яқинида 2 минг кишилик қочқинлар шаҳарчаси пайдо бўлди”

Ўзбек расмийлари маълумот беришдан бош тортаётган бир пайтда, Термиздаги манбалар Ўзбекистон ҳудудига афғон қочқинлари киритилганинини тасдиқламоқда. Улардан бири ўзбек маршал Абдулрашид Дўстум ҳозирда Термизда эканини айтди.

- Дўстум Термиз шаҳрида ҳозир. Чегарадан яна 2000 афғон одами кирди ва аллақачон шу ерга жойлаштирилди. Улар учун карго маркази олдида, Айритомда чодир шаҳарча қурилди. Уларнинг ҳаммаси гражданский одамлар экан – ҳарбийларни чегарадан ўтказгани йўқ. Билишимча, Ўзбекистонга қочқинларни киритиш масаласига шахсан Гутерриш аралашган. Ҳозирча изоляциядаги бу одамларга озиқ-овқатни Ўзбекистон етказиб беради, кейин халқаро ташкилотлар қўшилади, деди Озодликнинг қочқинлар билан боғлиқ вазиятдан хабардор манбаси.

Олдинроқ Озодлик чегарадан 2 км масофада жойлашган Термиз туманининг Гулбаҳор қўрғонидаги 2 гектарча майдонда қочқинлар учун 10 га яқин катта-катта оқ чодирлардан иборат чодир-шаҳарча қурилгани тўғрисида хабар берганди.

Афғонистондаги вазиятни яқиндан кузатаётган Лондондаги мустақил журналист Шоҳида Ёқуб ҳукумат ўзбек-афғон чегарасидаги вазиятга ойдинлик киритиши кераклигини айтади:

- Чегарада нима бўлаётганини билмаяпмиз. Ўзбек тарафидан ҳам маълумотлар йўқ – бори миш-мишлар. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати бу масалага аниқлик киритади. Нима учун Ўзбекистон қочқинлар бўйича маълумотларни яширмоқда? Биринчидан, мабодо бу маълумотлар расман тасдиқланса ва тарқаб кетса, янаям кўпроқ афғонлар Ўзбекистонга бориб, бошпана сўраши мумкин. Иккинчидан, Ўзбекистон нозик вазиятда бўлиб, у қўшни давлатни ишғол этган толиблар билан музокаралар олиб бориши керак. Бу ҳам расмий Тошкентни маълумот бермаслигига ундаётган бўлиши мумкин, деди кузатувчи.

Шоҳида Ёқуб юзага келган инқирозда қочқинлар сони ва умумий вазиятга оид бирор маълумот аниқлаш бўйича қийинчиликлар сабабларига ҳам тўхталди:

- Афғонистонда қочқинлар инқирози бошланди, деб айтсак бўлади, чунки мамлакат хаос ҳолатида. Жанубий Афғонистонда яшаётганлар Покистонга, ғарбда яшовчилар Эронга, шимолда яшовчи ўзбек, тожик ва туркманлар эса Ўзбекистон ва Тожикистонга қочишга уринмоқда. Расман чегаралар ёпиқ, аммо одамлар барибир чегарадан ўтишга ҳаракат қиляпти. Айрим ҳолларда ўзбек тарафи чегарани уларга очяпти. Шимолий Афғонистонда ишлаган журналистлар толиблардан Кобулга қочишган. Ўзбекистон чегарасига яқин жойларда эса журналистлар йўқ ва шунинг учун ҳам маълумот олиш қийин.

Ғарб давлатлари афғон қочқинларини олиб чиқмоқда

Вашингтон АҚШ ва иттифоқчиларнинг Афғонистондаги вакилларини эвакуация қилиш мақсадида Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаш учун чора-тадбирлар кўраётганини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон эвакуация 16 августда бошланиши ҳақида баёнот берди. Франция, Британия ва Германия ҳам ўз вакилларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишини маълум қилди. Президент Жо Байден АҚШ гражданлари ва Америка ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилган минглаб афғон яқин кунлар ичида эвакуация қилинишини билдирди.

Албания ва Косово АҚШ илтимоси билан афғонистонлик қочқинларни вақтинча ўз ҳудудига жойлаштиришга рози бўлди. Расман билдирилишича, қочқинлар бу икки давлатда АҚШга виза бериш жараёни якунлангунига қадар бўлиб туради.

"Коммерсант" нашри хабарича, 20 мингдан ортиқ одам АҚШда қочқинлик сўраган. Оилалари билан биргаликда қочқинлар сони 80 мингга яқинлашиши мумкин.

Расмий Берлин ўз дипломатлари билан биргаликда Бундесвер билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни - икки ярим мингга яқин ходим ва уларнинг 10 мингга яқин оила аъзоларини олиб чиқаётганини маълум қилди. Аввалроқ Чехия Республикаси афғон ҳарбий таржимонларини ва уларнинг оилаларини эвакуация қилишини билдирган эди.

Ўз навбатида Толибон Кобул ҳукуматига ишлаган собиқ маъмурлар ва амалдорлар учун амнистия эълон қилди ва давлат хизматчиларини иш жойларига қайтишга чақирди.

Айни дамда Кобул аэропортида бир неча кундан бери мамлакатдан чиқиб кетиш илинжида бўлган минглаб одамларнинг сарсон-саргардонлиги акс этган тасвирлар жаҳон оммавий ахборот воситаларининг бош мавзусига айланди.

Аэропортда сунъий йӯлдош орқали олинган тасвирларда одамлар кӯплигини кӯриш мумкин.

Қўшни Тожикистон Афғонистон армиясининг 143 нафар аскарини Хатлон вилояти маъмурий маркази Бохтар шаҳрида қабул қилганини расман эълон қилди. Толибон ҳаракатининг Афғонистоннинг шимолий вилоятларига қилган ҳужумларидан кейин 1600 га яқин афғон, шу жумладан юзлаб ҳарбий хизматчилар Тожикистонга қочиб ўтган.

Олдинроқ тожик расмийлари Афғонистондан 100 мингга яқин қочқинни қабул қилиши ва жойлаштириши мумкинлигини билдирган.

Bloomberg нашри 2 июль куни тарқатган хабарга кўра, президент Жо Байден маъмурияти Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистонга АҚШ ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилгани учун Толибон қаҳрига учраши мумкин бўлган 9 000 нафар афғонистонликни вақтинча ўз ҳудудига киритишни сўраган.
Аммо, 12 июль куни президент матубот котиби Шерзод Асадов, АҚШ ҳукумати томонидан ҳам афғонистонлик аскарларни вақтинча ўзининг ҳудудида сақлаб туриш бўйича Ўзбекистонга сўров йўлланмаганини билдирганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда бошланган гуманитар инқироздан 18 миллион одам жабр чекиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистон қочқинлар масаласида ўзига хос позицияси борлигини таъкидлаб келади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов 2018 йилнинг ноябрида Халқаро-пресс клубда ўтган брифингда Ўзбекистонда вақтинча бошпана топган 8 минг афғонистонлик ўз ватанига қайтарилгани, яна 200 дан ортиқ кишига БМТ мандатидаги қочоқ мақоми берилгани тўғрисида маълумот берганди.

Шу йилнинг 9 июлида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги делегация Женевада БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссaри ўринбосари Жилиан Триггс билан учрашган ва муносабатларни қайта тиклашга келишиб олган эди.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссариятининг Тошкентдаги идорасини мамлакатдан чиқариб юборган.

XS
SM
MD
LG