Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2023, Тошкент вақти: 04:13

Петербурглик йигит Путиннинг гапи ёзилган плакат учун жаримага тортилди


Дмитриев,  афишада президент Владимир Путиннинг 2021 йил 9 майдаги Ғалаба парадида айтган иқтибосидан фойдаланилганини айтмоқда.  

Санкт-Петербургнинг Виборгский туман суди Артур Дмитриевни Россия армиясини обрўсизлантириш моддаси бўйича айбдор деб топиб, 30 минг рубль миқдорида жаримага тортди.

Дмитриев суд қарорини Facebook саҳифасида эълон қилди.

Суд қарорида айтилишича, 7 апрель куни Дмитриев "Парнас" метро бекатига киравериш жойида: “Уруш шунчалик чидаб бўлмас синовлар, қайғу ва кўз ёшларини олиб келдики, уларни унутиб бўлмайди", деган ёзувли плакатни кўтариб турган.

Шу куннинг ўзида у ҳибсга олинган.

Ҳибсга олингандан кейин Артур Дмитриев тунни полиция бўлимида ўтказган.

Суд Дмитриев "Россия Қуролли Кучларининг махсус ҳарбий операцияда эмас, балки урушда иштирок этиши тўғрисида фикр билдирган ва шу билан Қуролли Кучларни Россия Федерациясидан ташқарида қўллаш вазифаларини бузиб кўрсатган ва обрўсиз қилган" деб ҳисобламоқда.

Дмитриев эса, афишада президент Владимир Путиннинг 2021 йил 9 майдаги Ғалаба парадида айтган иқтибосидан фойдаланилганини айтмоқда.

Кремль сайтидаги стенограммага кўра, Путин ўтган йилги парадда шундай деган: “Уруш шунчалик чидаб бўлмас синовлар, қайғу ва кўз ёшларини олиб келдики, уни унутиб бўлмайди. Яна агрессив режалар тузаётганларни кечириб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди".

4 март куни Россия президенти Владимир Путин “Россия Қуролли Кучлари ва фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида улар ҳақида қасддан ёлғон маълумотни оммавий тарқатиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунни бузганлик учун фуқаролар 5 миллион рублгача жарима ёки 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Агар сохта хабарларнинг тарқалиши жиддий оқибатларга олиб келган бўлса, унда қамоқ муддати 10 йилдан 15 йилгача бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартиришлар киритилди.

"Россия армиясини обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар тўғрисида"ги янги модда (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20. 3. 3-моддаси) фуқароларга 100 000 рублгача, мансабдор шахсларга 300 000 рублгача ва ундан кўп миқдорда жарима солишни назарда тутади.

Юридик шахслар учун жарима бир миллион рублгача бўлиши мумкин.

Март ойининг охирига келиб, Россияда рус армиясини "обрўсизлантириш" моддаси бўйича 220 дан ортиқ протокол тузилган.

XS
SM
MD
LG