Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери 2500 дан 3000 гача украиналик аскарлар ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Американинг CNN телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
Унга кўра, яна 10 мингга яқин аскар турли даражада яраланган. Зеленский шунингдек, Украина ҳукумати ҳудудларининг бир қисми ишғол остида бўлгани, жасадлар вайроналар остида қолган бўлиши мумкинлиги сабабли босқин бошланганидан бери тинч аҳоли орасидан қанча одам ҳалок бўлганини ҳозирча аниқ ҳисоблаб бера олмаслигини айтди.
“Тинч аҳоли ҳақида гапириш жуда қийин, чунки мамлакатимиз жанубида аҳоли пунктлари ва шаҳарлари тўсиб қўйилган – шарқда Херсон, Бердянск, Мариупол, бу тарафда эса Волноваха жойлашган ҳудуд – биз шунчаки билмаймиз. Тўсиб қўйилган ўша зонада қанча одам ҳалок бўлганини”, — деди Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги қурбонлар сонини охирги марта 25 март куни эълон қилган эди. Вазирлик 1351 рус аскарининг ўлимини тан олганди.
Украина томонига кўра, уруш бошланганидан бери Россия 20 мингга яқин аскарини йўқотган.
Ҳарбий ҳаракатлар шароитида расмийларнинг йўқотишлар ҳақидаги баёнотларини текшириш имконсиз.