АҚШ молия вазири: Россияга қарши санкциялар II жаҳон урушидаги санкциялар билан ўхшаш
АҚШ молия вазири Жаннет Йеллен 16 май куни ғарб давлатлари томонидан Россия Марказий банки активларининг музлатилиши билан Гитлер Германияси томонидан оккупация қилинган мамлакатларга қарши акцияларни қиёслаган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар қилди.
Душанба куни Варшавадаги Польшалик яҳудийлар тарихи музейида чиқиш қиларкан, мулозима 1940 йили ўша пайтдаги АҚШ президенти Франклин Рузвельт Норвегия ва Даниянинг Қўшма Штатлар молиявий муассасаларида бўлган активларини ҳибс этиш қарорини олганини эслатди. Бу чора истило қилинган мамлакатларнинг хорижий банкларда бўлган сарвати Германия томонидан ишлатилишига имкон бермаслик мақсадида қабул қилинган.
Йелленга кўра, ўша давр сабоқлари Россияга қарши туриш стратегиясини ишлаб чиқишда фойда берган. “Биз мустабидликка қарши туриш учун тасарруфимизда бўлган барча воситаларни ишга солишимиз лозим. Бу бугунги кунда ҳам долзарб бўлган сабоқдир… Биз Россияни жавобгарликка тортиш ва украиналикларни имкон қадар дастаклаш қатъиятида собитмиз”, дея урғулаган Йеллен.
Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан кейин АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия Банки активларини музлатиб, Россия ҳукуматига қарашли олтин-валюта захираларининг қарийб учдан икки қисмини олиш имкониятини тўсиб қўйган. Россияга қарши бу ва бошқа молиявий санкциялардан мақсад уни Украинада уруш олиб бориш воситаларидан маҳрум қилишдан иборат бўлган. Молиявий-иқтисодий санкциялар, шу жумладан, Владимир Путин дохил унинг атрофидаги одамлар ҳамда ҳукуматга яқин миллиардерларга қарши санкциялар кўлами муттасил равишда кенгайиб бормоқда.
Николаев шаҳрида ичимлик суви тамом бўлди
Украина жанубида жойлашган Николаев шаҳрида камида яна икки ой ичимлик суви бўлмайди. Бу ҳақда шаҳар мэри Александр Сенкевич маълум қилган.
Ичишга яроқсиз бўлган техник сув уйларга жадвал асосида – эрталаб уч ва кечқурун эса икки соат берилади. Бироқ, “Николаевводоканал” маълумотига кўра, унда фақат хўжалик-маиший эҳтиёжлар учунгина фойдаланиш мумкин, холос.
Николаевда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар 12 апрель куни шаҳар ўққа тутилган пайтда Днепр – Николаев қувурига шикаст етиши ортидан бошланган. Шундан сўнг бир ой марказий сув таъминотида узилишлар кузатилган. Аҳоли истеъмол учун сувни ҳовуз ва очиқ булоқлардан ташиб ичган.
16 май куни эрталаб Николаев шаҳри яна ўққа тутилган. У ерда мебель дўкони ва автотураргоҳга шикаст етгани айтилмоқда.
Россияда ўз уйи йўлагига урушга қарши варақа осиб қўйган 77 ёшли аёл жаримага тортилди
Россиянинг Петрозаводск шаҳрида суд 77 ёшли пенсионер аёл Татьяна Савинкинага Россия армиясини “обрўсизлантириш”га оид модда бўйича 30 минг рубль жарима солди. У ўз уйи йўлагига “Путин, Украинадан даф бўл” (“Путин, пошел вон из Украины”) деб ёзилган варақани илиб қўйган.
Савинкинанинг варақаси ҳақида полицияга маҳаллақўм раисаси – 75 ёшли Тамара Свитич хабар берган, бироқ у судга келган эмас.
“Судда [айблов] томонидан ҳеч ким бўлгани йўқ. Маҳкамага 12 киши келди, уларнинг ҳаммаси мени қўллашди”, деган Татьяна Савинкина Озодликнинг Север.Реалии лойиҳаси журналистларига.
Маҳаллақўм раисаси Свитич Савинкина варақаси бўйича полицияга ариза ёзганини тасдиқлаган. “Одамлар уйда нормал бўлмаган вазият пайдо қиладиган бунақа чақириқларни кўрмаслиги керак”, деган Свитич ўз ишини изоҳлар экан.
Украина Мудофаа вазирлиги: “Азовстал”дан ўнлаб ярадор ҳарбий олиб чиқиб кетилди
Мариуполдаги “Азовсталь” заводидан 53 нафар украиналик оғир ярадор ҳарбий Новоазовскка олиб чиқиб кетилган, яна 211 нафар ҳарбий гуманитар йўлак орқали Оленёвкага етказилган. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги баёнот тарқатди.
Баёнотда номи келтирилган ҳар иккала аҳоли пункти ҳам айни пайтда Россия қўшинлари назорати остида. Вазирлик украиналик ҳарбийларни ватанига қайтариш учун асир алмашиш жараёни ўтказилишини билдирган. Бу орада “Азовсталь” ҳудудида ҳали ҳам анчагина украиналик ҳарбий қолмоқда, ҳозирда уларни қутқаришга ҳаракат қилинмоқда.
“Мариуполь ҳимоячилари қўмондонлик томонидан топширилган вазифаларнинг барчасини тўлалигича бажаришди. Афсуски, бизда “Азовстал”ни ҳарбий йўл билан қамалдан халос қилиш имкони йўқ”, деган Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр.
Президент Зеленский 16 май оқшомидаги мурожаатида “Азовстал”дан эвакуация қилинган ҳарбийлар мавзусига қисқа тўхталиб ўтган.
“Умид қиламанки, йигитларимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўламиз. Бу ўринда украиналик қаҳрамонлар Украинага тирик ҳолда лозимлигини урғуламоқчиман. Йигитларни уйига қайтариш бўйича иш давом этмоқда, бу иш эҳтиёткорлик ва вақт талаб қилади”, деган Зеленский.