Россия Мудофаа вазирлиги “таслим бўлиб, асирга тушган 265 нафар жангари” ҳақида маълум қилди. Улар алмаштириладими, йўқми – айтилмади
“Тиббий ёрдамга муҳтож барча асирлар ДХРдаги Новоазовск шаҳри касалхонасига даволанишга жўнатилди”, дейилади Россия Мудофаа вазирлининг навбатдаги хабарномасида.
“ДХР” ҳудудий мудофаа штаби бошқа рақамни келтирди: уларга кўра, 256 киши “асирга тушган”.
УҚК Бош штаби 16 май оқшомида гап 254 нафар ҳарбий ҳақида бораётганини маълум қилган эди. Украина томони хабарида 53 ярадор ҳақида гап боради, Россия Мудофаа вазирлиги эса ярадорлар сонини 51 киши, деб кўрсатди.
Завод ичкарисида яна одамлар қолган-қолмагани ва 16 май оқшом маҳали улар сони қанча бўлгани ҳозирча мавҳум.
УҚК Бош штаби жангчиларнинг “Азовстал”дан чиқишига изоҳ бераркан, улар “асирларни алмашиш тартиб-таомили асосида” Украинага қайтарилишини билдирган эди. Аммо Россия Мудофаа вазирлигининг эрталабки хабарномасида “азовчилар”нинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нима дейилмади.
Россия Давлат Думаси асир олинган “Азов” жангчиларини алмашмасликни таклиф қилди
“Нацист жиноятчилар асир сифатида алмашилмаслиги керак. Бу ҳарбий жиноятчилар, биз улар суд қаршисида туриши учун зарур барча ишни қилишимиз лозим”, деди Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин.
Володин депутат Вассерманнинг “одамларни ўлдиришда бевосита иштирок этганлардан тортиб, баданига татуировкалар чиздирганларгача” – барча “миллатчилар”нинг асир сифатида алмашилишини тақиқловчи “қарор ёки, керак бўлса қонун” қабул қилиш таклифига жавобан шундай деди ва Вассерманга “протокол бўйича тегишли ҳужжат” тайёрлашни топширди.
Украина армияси Бош штаби Мариуполдаги “Азовсталь” заводидан “ДХР” назоратидаги ҳудудга 254 киши (Россия маълумотида – 265 киши) олиб кетилганини ва улар кейинроқ “асир алмашиш тартиб-таомили бўйича” қайтарилишини эълон қилганди. Россия Мудофаа вазирлиги “азовчилар”ни алмашиш ҳақида ҳеч нима демади, Кремль ҳам бу масалада изоҳ берганича йўқ.
Путин Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий амалиёти”дан мақсад Украинани “нацистлар”дан тозалаш ва “геноцид”ни тўхтатиш эканини иддао қилган. Аммо Россия бу борада БМТ ва бошқа халқаро тузилмаларга биронта далил тақдим этмаган. Геноцид бўйича халқаро экспертлар Россиянинг Украинада геноцид содир этилаётгани ҳақидаги иддаоларини асоссиз дея рад этишади. Халқаро қонунчиликка мувофиқ геноцид бўйича иддаолар фақат халқаро ҳамжамиятга қатъий далиллар тақдим этилган тақдирдагина легитим ҳисобланади.
Россия Мудофаа вазирлиги Мариуполдан олиб чиқилган украин ҳарбийлари ҳақида: “Улар асирга тушяпти”
Украина қўмондонлиги Мариуполдаги “Азовсталь” комбинати ҳудудида қолган аскарларининг олиб чиқиб кетилишини эвакуация ва гуманитар амалиёт деб атамоқда. Украин ҳарбийлари “ДХР” бўлгинчилари назоратидаги ҳудудга жўнатиляпти.
Россия Мудофаа вазирлиги сайтидаги хабарда эса вазият қуйидагича талқин қилинган: “Мариуполнинг “Азовсталь” заводида қуршовда қолган “Азов” миллатчи бўлинмаси жангарилари ҳамда украин ҳарбий хизматчилари асирга тушишни бошлади.
Ўтган сутка мобайнида 356 жангари қуролини ташлаб, асирга тушди, улардан 51 нафари оғир ярадор. Тиббий ёрдамга муҳтож барча асирлар Донецк Халқ Республикасининг Новоазовск шаҳридаги касалхонага даволанишга жўнатилди”.
Эрдўғон: Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришига рози эмас
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга кўра, Швеция ва Финляндия НАТОга кириш учун берган аризаларини маъқуллашга уни кўндириш учун ўз делегацияларини Анқарага йўллашига ҳожат йўқ. Эрдўғон 16 майдаги матбуот анжуманида Туркия Финляндия ва Швециянинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлишига “ҳа” дея олмаслигини айтди.
“Иккала мамлакатнинг ҳам террорчи ташкилотларига нисбатан аниқ бир позицияси йўқ. Швеция бу террорчи ташкилотларни урчитадиган марказга айланиб қолган. Улар террорчиларни парламентга олиб келишади, уларга минбар беришади, махсус таклифномалар жўнатишади”, деди Туркия президенти.
Анқара Швеция ва Финляндия Курдистон ишчи партияси (КИП) жангариларига алоқадор одамларга ҳамда Фатҳуллоҳ Гулен издошларига бошпана бераётганини иддао қилади. Туркия КИПни ва Гулен ташкилотини террористик ташкилотлар деб ҳисоблайди.
НАТОга кириш учун альянснинг барча аъзоларидан розилик олиш талаб этилади.