БМТ Украина буғдойини экспорт қилиш тўхтаб қолгани ортидан озиқ-овқат тақчиллиги юзага келишидан ташвиш билдирмоқда
Жаҳон буғдой савдосида Украинанинг улуши 10 фоизни ташкил қилади, аммо уруш оқибатида бу мамлакат буғдой экспортини тўхтатишга мажбур бўлди. Чунки Россия буғдой экспорти амалга ошириладиган Қора денгиздаги бандаргоҳларни қамал қилган. Одесса ва бошқа шаҳарлардаги омборхоналарда Ғарбга экспорт қилиниши режалаштирилган минглаб тонна буғдой сақланмоқда.
“Бу бандаргоҳланрни зудликда қамалдан чиқариш зарур, негаки бу ерда гап нафақат Украина, балки очлик ёқасига келиб қолган жаҳондаги барча муҳтожлар ҳақида кетаяпти. Мен Путинни, агар унинг юраги бўлса, бандаргоҳларни очишга чақираман”,- деди БМТ Озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли Нью-Йоркда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўтган анжуманда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш уруш оқибатида Россия кимёвий ўғитларини экспорт қилиш тизими ҳам ишдан чиққанини, бу ҳам озиқ-овқат инқирози юзага келишига таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Харьковда Александр Невский ҳайкали олиб ташланди
Александр Невский ҳайкали Харьковнинг 350 йиллиги муносабати билан 2004 йилнинг августида ўрнат илган эди. 2015 йилда номаълум шахслар ҳайкалнинг қўлидаги қилични олиб ташлаган эди, кейинчалик қилич яна қайта ўрнатилган. Эндиликда эса фаоллар ҳайкални тўлиқ олиб ташлашди.
БМТ: Уруш бошланганидан бери Украинада 3752 тинч аҳоли нобуд бўлди
Яна 4062 киши яраланган. Ўлганлардан 250 нафари – болалар, дея маълум қилди БМТ.
Ташкилот қурбонлар сони аслида бундан кўплигини урғулаган. Чунки фаол жанговар ҳаракатлар бўлаётган жойлардан маълумот кечикиб келмоқда ва кўп ахборотлар ҳали тасдиқланиши керак.
Хусусан, Мариуполь, Изюм ва Попасноедаги инсон талафотлари бўйича тўлиқ маълумот йўқ – ушбу шаҳарларда минглаб одамлар жабр кўргани айтилади.
Қайд этилган ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларининг аксарига – катта талафот радиусига эга портловчи қуроллар, жумладан оғир артиллерия ва реактив ўт очиш тизими зарбалари, шунингдек ракета зарбалари ва авиазарбалар сабаб бўлгани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги: “Азовстал”даги украин ҳарбийларидан 959 нафари “таслим бўлди”, шундан 694 нафари – сўнгги суткада
"Ўтган суткаларда “Азовстал”даги ҳарбийлардан 694 нафари, жумладан 29 чоғли ярадор таслим бўлиб, асирга тушди", дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
"16 майдан бери жами 959 жангари, жумладан 80 нафар ярадор асирга тушди, улардан стационар даволанишга муҳтож 51 нафари “ДХР”нинг Новоазовск шаҳри шифохонасига ётқизилди", дейилади вазирлик хабарномасида.
“Азовсталь” заводи ҳудудидаги украин мудофаачилари 16 майдан бошлаб, у ердан чиқа бошлашди, улар ҳозир Россия назоратидаги ҳудудларга ўтказилмоқда.
“Азов” полки қўмондонлик буйруғини бажараётганини маълум қилди, Украина Бош штаби эса улар “ўзаро асир алмашиш тартиб-таомили бўйича” ватанга қайтарилишини билдирди.
Россия томони буни “асирга тушиш” деб атамоқда, улар Украина асирга олган рус аскарларига алмашиладими, йўқми – бу хусусда Кремль ҳам, Мудофаа вазирлиги ҳам изоҳ берган эмас.