Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2025, Тошкент вақти: 22:42

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Politico: АҚШ уруш чўзилиб кетишидан чўчиб, Киевга сидирғасига ўт очувчи қуролларни беришдан бош тортмоқда

Киевнинг илтимосларига қарамай, АҚШ ўт очувчи реактив тизимларни Украинага бермаяпти. Бу ҳақда Politico нашри манбалари маълум қилди. Уларнинг фикрича, Вашингтон бу қуроллар Россия ҳудудини ўққа тутишда қўлланади ва натижада уруш чўзилиб кетади, деб хавотир олмоқда.

АҚШнинг HIMARS русумли реактив ўт очиш тизимлари 300 километргача масофага зарба бера олади. Киев мазкур тизимлар зарба бериш ва вайрон қилиш кучи бўйича Россия оғир артиллериясидан устунликка эришишга ёрдам беради ва кўп жиҳатдан урушнинг натижасини белгилаб беради, деб ҳисобламоқда.

Нашрнинг Жо Байден маъмуриятидаги манбасига кўра, ҳукумат Украинага реактив ўт очиш тизимлари ўрнига 155 миллиметр калибрли М777 гаубицаларини бериш самаралироқ, деган қарорга келган. Бироқ манба украин расмийлари айнан шу қуролни сўрашда давом этишаётганини айтади.

Хусусан, президент Владимир Зеленский май ойи бошларида “Катта еттилик” раҳбарлари қаршисида нутқ сўзларкан, Украина Американинг M142 HIMARS ва М270 MLRS сидирға ўт очиш тизимларини олиши зарурлигини урғулаганди.

Politico суҳбатдоши Вашингтоннинг ҳарбий таъминотга доир ҳадиклари Украина ҳукуматининг “ҳафсаласини пир қила бошлаган”ини қўшимча қилган.

Украина билан АҚШ қурол-аслаҳа етказиб бериш масаласида фаол муҳокамаларни давом эттирмоқда, бироқ Киев сўраган барча қуроллар ҳам унга тезда етказиб берилмайди, дейди исми сир қолишини истаган Оқ уй ходими.

9 май куни АҚШ президенти Жо Байден Украина учун ленд-лиз ҳақидаги қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат ҳарбий техника етказиб бериш жараёнини тезлаштиришга имкон беради.

Шевчук: “Ватан – бу президентнинг кети эмас”

“Ватан – президентнинг кети эмас”, деган сўзлари учун ДДТ гуруҳи яккахони Юрий Шевчукка нисбатан баённома тузилди. Бу ҳақда Уфадаги “Радус” продюсерлик маркази директори Радмир Усаев “Инстаграм”да маълум қилди.

Унинг айтишича, 18 май куни ДДТ гуруҳининг Уфадаги концертидан сўнг кучишлатар ходимлар парда ортига ўтиб, “концертда бўлган ҳодиса, унинг мақсади ҳамда Шевчукнинг уруш ва Ватанга доир сўзлари важидан Шевчук билан бир соат суҳбат қурганлар”.

Полициячилар аввалига Шевчукни ҳибс қилмоқчи бўлишди, аммо кейин баённомага қўл қўйдиргач, концерт залидан кетишди, дейди Усаев. “Баённома нима ҳақидалигини ўзингиз топинг”, деб ёзди продюсер сирли қилиб.

Шевчук сўроққа тутилгани ва унга нисбатан протокол тузилгани ҳақида расман ҳеч бир маълумот берилмади.

18 май куни ижтимоий тармоқларда ДДТ концертидан олинган видео пайдо бўлди. Унда Шевчукнинг томошабинларга қарата: “Дўстларим, Ватан –президентнинг ҳамиша ялаб-юлқанадиган кети эмас. Ватан – бу вокзалда картошка сотиб ўтирган йўқсил момо. Мана шу ватан бўлади”, дейди. Томошабинлар бу сўзларни олқишлар ва маъқулловчи хитоблар билан қарши олишди.

Апрель ойида Юрий Шевчук Россиянинг Украинадаги уруши тимсоли бўлмиш улкан Z ҳарфи туширилган залда куйлашдан бош тортиши ортидан ДДТ гуруҳининг Тюмендаги концерти бекор қилинган эди.

Россиянинг Курск вилоятидаги Тёткино қишлоғи ўққа тутилгани айтилмоқда

Президент Путин Курс вилоят губернатори Старавойт билан. Архив сурат.
Президент Путин Курс вилоят губернатори Старавойт билан. Архив сурат.

Курск вилоят губернатори Роман Старовойт Украина томонидан Тёткино қишлоғи ўққа тутилганини ва бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Губернаторга кўра, яна бир киши яраланган ва касалхонага ётқизилган. Бундан ташқари бир нечта уйга зарар етган.

17 май куни эрталаб Курск вилоятининг Украина билан чегарадош ҳудудида жойлашган Алексеевка қишлоғи ҳам ўққа тутилгани айтилган эди. Ўшанда учта уй, мактаб биноси ва бир автомобил зарар кўргани билдирилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Курск вилоятининг Украина билан чегарадош ҳудудлари бир неча марта ўққа тутилгани хабар қилинганди. Шунингдек, вилоят ҳудудида украин дронлари уриб туширилгани ҳам иддао қилинган.

Май ойида Сужа-Сосновий бор темир йўлидаги кўприкнинг бир қисми қулаб тушган. Старовойт бу воқеани диверсия деб атаган.

Британия разведкаси: Украинада муваффақиятга эриша олмаган рус қўмондонлари ишдан олинган

Крейсер "Москва"
Крейсер "Москва"

Британия Мудофаа вазирлиги навбатдаги билдирувида, разведка маълумотларига таянган ҳолда, Украинада муваффақиятга эриша олмаган рус қўмондонлари ишдан олингани айтилмоқда.

Разведка маълумотларида қайд этилишича, генерал-лейтенант Сергей Кисель Харьковни эгаллаш амалиётини барбод қилгани, вице-адмирал Игорь Осипов “Москва” крейсерининг ҳалокатга учрагани ортидан лавозимидан бўшатилган.

“Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов лавозимида қолмоқда, лекин Путиннинг унга ишончи мустаҳкамми деган савол очиқ қолмоқда”,-дейилади билдирувда.

Сергей Киселнинг ишдан олингани тўғрисида аввал украин ОАВлари ёзган эди, Осиповнинг лавозимидан кетгани ҳақида эса Украина Мудофаа вазирлиги билдирган. Россия ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.

Уруш шароитида мазкур хабарларни мустақил манбалардан текшириш ва тасдиқлаш имкони мавжуд эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG