Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2022, Тошкент вақти: 04:52

Шри-Ланка: Намойишчилар Путиндан ёрдам сўраган президент Ражапакса саройини эгаллаб олди


Намойишчилар Коломбодаги президент қароргоҳида. 9 июль, 2022.

Шри-Ланканинг энг йирик шаҳри бўлмиш Коломбода намойишчилар президент қароргоҳини босиб олиб, унинг истеъфосини талаб қилишмоқда. Президент Готабая Ражапакса хавфсиз жойга яширинган, шаҳарда намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар бўлмоқда. Коломбо марказий касалхонасига кўздан ёш оқизувчи газдан зарарланган 14 киши келтирилган.

Сўнгги хабарларга кўра, президент Ражапакса 13 июль куни истеъфога чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда парламент воизи маълум қилган. Президентнинг ўзи вазият юзасидан ҳеч қандай баёнот берганича йўқ.

8 июль куни жорий этилган комендантлик соатига риоя қилинмаяпти. Бош вазир Ранил Викрамасингхе инқирозни муҳокама қилиш учун сиёсий партиялар етакчиларини шошилинч йиғилишга чақирди. Шунингдек, спикердан парламент мажлисини чақиришни илтимос қилди. Кейинроқ ҳукумат раҳбари Викрамасингхенинг ўзи истеъфога чиқишга розилик берганини маълум қилди.

Шри-Ланкада норозилик йил бошидан бери давом этмоқда. Мамлакат янги тарихидаги энг йирик иқтисодий таназзулни бошдан кечиряпти. Шаҳарларда ёқилғи, дори-дармон, айрим озиқ-овқатлар етишмайди, валюта захиралари тугаб битган. Ҳукумат буни коронавирус пандемияси туфайли мамлакатнинг асосий даромад манбаи бўлмиш туризм инқирозга учрагани билан изоҳлайди.

Шри-Ланка 51 миллиард ташқи қарзи бўйича дефолт бўлди. 6 июль куни президент Готабая Ражапакса Россия президенти Владимир Путин билан сўзлашганини, ундан кредит ёрдами ва авиақатновларни тиклашни сўраганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG