Ўзбекистонлик аёлларга касбга ўқитиш курслари нархининг 70 фоизигача, аммо 1 миллион сўмдан (91 АҚШ доллари) кўп бўлмаган миқдорда компенсация тўланади.
Тегишли фармонни Президент Шавкат Мирзиёев 22 июл куни имзолади.
Компенсацияга даъвогарлик қилиш учун аввало туман ёки шаҳар ҳокими ўринбосарининг тавсияномасини олиш, сўнгра Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлими ҳамда ўқув курсларини ўтказувчи таълим ташкилот билан уч томонлама шартнома тузиш керак. Агар ташкилот хусусий бўлса, у ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестрига киритилиши шарт.
Компенсацияни касб-ҳунар таълими муассасалари ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби талабалари ҳам олишлари мумкин.
Ўқув курсларида ўқиш харажатларининг қолган 30 фоизи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан қопланиши мумкин. Буни ҳам аввалдан, ҳоким ёрдамчисининг тавсиясини олиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва ўқув курсларини ўтказувчи ташкилот билан шартнома тузиб, чора кўриш зарур.
Фармонда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни Олий мактаб томонидан ўқитиш ишлари тўлиқ бепул амалга оширилиши белгиланди.
Курс якунлангач, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ишсиз ўзбекистонлик аёлларга бўш иш ўринларига ишга жойлашишда ёрдам беради.
Ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган собиқ ўқувчиларга ҳоким ўринбосарлари тизимли асосда – тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб, фаолиятини мустақил амалга оширишгача бўлган амалий ёрдам кўрсатиши зарур.
Ногирон аёлларни ишга жойлаштирган иш берувчилар олти ой давомида ҳар ойда базавий ҳисобланган қийматдан (БҲҚ) камида икки баравар кўп миқдорда, яъни ҳар бирига 600 000 сўмдан (54 АҚШ доллари) субсидиялар оладилар. Маблағлар Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш жамғармаси томонидан ажратилади.