Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

“Куйганим учун эрим ташлаб кетди”


Тандирда куйгани туфайли 9 ойдан буён Душанбе шифохонасида даволанаётган Раъно Раҳимованинг шу кундаги ягона ёрдамчиси унинг қизи Муниса бўлиб қолган.
Тандирда куйгани туфайли 9 ойдан буён Душанбе шифохонасида даволанаётган Раъно Раҳимованинг шу кундаги ягона ёрдамчиси унинг қизи Муниса бўлиб қолган.

Тиббий маълумот олган 30 ёшли Раъно Раҳимова бугун соғлом ҳаётга қайтиш учун ўзи шифокорлар ёрдамига муҳтож.

Тожикистоннинг Ваҳдат туманидан бўлган Раънохон билан Душанбе шаҳар шифохоналаридан бирида учрашдик.

У ўтган йил ёзида тандирга нон ёпмоқчи бўлганида бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган экан.

- Ҳомиладор пайтимда нон ёпаётган эдим, ўзим ҳам билмай қолиб тандирга тушиб кетганман. Ёнганман, кўпроқ оёқларим куйган. Олтмиш беш фоиз куйганимни айтишди, - дея эслайди ўша бахтсиз ҳодисани Раъно.

Шифокорлар аёлнинг ўзи билмаган ҳолда тандирга тушиб кетишига ҳомиладорлик вақтидаги стресс сабаб бўлганини айтган.

- Ўзим ҳам билмай қолганман. Ҳушимга келсам, шифохонада ётибман. Шифокорлар “бу ҳомиладорлик стресси”, дейишди. Ҳомиладорлик пайтида аёллар билан шундай ҳолат бўлишини айтишди, - дер экан аёл куйиш оқибатида тўрт ойлик ҳомиласи олиб ташланганини қўшимча қилди.

Бу воқеадан тўққиз ой ўтиб ҳам Раъно шаҳар шифохонасида даволанишни давом эттирмоқда. Куйиш натижасида унинг бармоқлари букилиб, оёқлари тортилиб қолганига гувоҳ бўлдик.

Шифокорлар Раънохонга махсус жарроҳликдан кейин тузалиб кетиши мумкинлигини айтган. Бироқ бунинг учун унда етарли маблағ йўқ экан.

Айни пайтда 30 ёшли суҳбатдошимизни яна бир муаммо қийнаётгани маълум бўлди.

- Энди “куйгансан” деб, хўжайиним мен билан яшамаслигини, икки ўғлимни менга бермаслигини айтган. У бу борада судга ариза ташлаган. Мени эса ҳовлига киритмаяпти. Лекин мен ҳам судга ариза ёзиб, фарзандларимни қайтариб олишга ҳаракат қилаяпман, - дейди уйсиз қолиб, сарсон бўлган аёл.

“Бордию эрингиз даъвосидан кечиб, сиз билан бирга яшашни таклиф қилса, унинг таклифини қабул қиласизми?” деб сўраймиз аёлдан.

- Хўжайинимдан бошқа умидим йўқ, чунки уни кечирмайман. Унинг хизматини қилиб, мен шундай ногирон бўлиб қолдим, у буни тушуниш ўрнига мендан жирканди. Шунинг учун мен уни ҳеч қачон кечирмайман, - дея қатъий қарорини айтар экан Раъно, шифо топиб кетгач, ўз мутахассислиги бўйича ишлашини айтди.

Раъно эри билан биргаликдаги ҳаёти ҳам ўртоқлариники каби қувончли ўтмаганини, кўпинча зўравонлик қурбони бўлганини айтади.

- Ҳеч нарса кўрмагандай ўтди ҳаётим. Унинг кўп умри Россияда ўтди. У ерда уйланди. Келгандан кейин ҳам рашк қилиб, бўлмағур гапларнинг устидан жанжал чиқариб, кўп урарди, - дер экан Раъно ўн йиллик турмушида эсда қоладиган яхши кунлар жуда кам бўлганини айтади.

Бугунги кунда шифохонада даволанаётган Раънохоннинг ҳолидан турмуш ўртоғи ва унинг яқинлари ҳам хабар олмай қўйган.

Ҳаётининг оғир дамларида суҳбатдошимизнинг сирдоши, ягона қаровчиси саккиз ёшли қизи Муниса экан.

Иккинчи синфда ўқийдиган Муниса онаси шифохонага тушгандан буён мактабга ҳам қатнамай қўйибди.

- Чой бераман, бувам нима десалар, ўшани қилиб, қарашиб турибман. Буважоним тезроқ яхши бўлсин, - дейди шифохона ҳаётидан зерикканини яширмаган қизалоқ.

Раъно ҳаётда ягона қувончи фарзандлари эканини ва икки ўғлини қайтариб олиш учун жон-жаҳди билан курашишини айтади.

- Менинг ташлаб қўядиган фарзандларим йўқ. Шунча йил шулар учун яшадим. Худо мени қайтариб шу дунёда қолдирган экан, мен болаларимни албатта қайтариб оламан. Менинг қувончим, ҳаётимнинг мазмуни ҳам болаларим, - дейди Раъно Раҳимова.

Раънохон билан хайрлашиб шифохона йўлагидан чиқиб борар эканмиз, юзлари сўлғин, овозсиз йиғлаётган аёлга кўзимиз тушди. Аёл телефонда кимгадир эрининг зулмидан арз қилаётгани йўлакдан ўтиб қайтаётганларга бемалол эшитилиб туриларди.
XS
SM
MD
LG