Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:07

Ломбард – камбағалга ҳамдардми?


Исломий банк шартларига тўғри келиш-келмаслигидан қатъий назар¸ қарз беришнинг ломбард тизими аксар мусулмон жамиятларида қадимдан мавжуд бўлиб келган.
Исломий банк шартларига тўғри келиш-келмаслигидан қатъий назар¸ қарз беришнинг ломбард тизими аксар мусулмон жамиятларида қадимдан мавжуд бўлиб келган.

Ҳам расмий¸ ҳам норасмий манбалар Ўзбекистонда кейинги йилларда ломбардларга эҳтиëж кучайганини билдирмоқда.


Ўзбекистон расмий нашрларининг ëзишича¸ мамлакатда кредит тизимининг ломбард шакли ривожланиб бормоқда ва 14 апрел куни Марказий Банк яна беш ташкилотга ломбард фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берган.

Марказий Банкдан бундай лицензия олган ташкилотлар сони эса¸ бугунга келиб 63 тага етган. Гарчи ўзбекистонликлар орасида оммавийлашиб бораëтгани айтилса-да¸ ҳамон “ломбарди нима ўзи?” дегувчилар ҳам анчагина.

Тошкентлик Ҳамиджон ака¸ ломбард деган сўзу¸ ломбардларнинг қандай ишлашидан яхши хабардор ўзбекистонликлардан.

Озодлик: Ломбард деган нарсани эшитганмисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Нима у?

- Тилла оладиган жойда. Тилла сотиб оладиган жой.

Озодлик: Ҳеч ишингиз тушганми?

- Ҳа, у ëққа жуда кўп ишим тушган.

Озодлик: Қанақа қилиб? Нимага? Қайси пайтда борасиз?

- У ерга тилла олиб борасиз. Арзондан тилла олади ëки залогга пул беради. Пулни олиб, ишлатиб, топганингизда, уларга айтасиз-да қанчада олиб келишингизни пулни, контракт дейдими. Ўзини тилласини қўйиб шунга пул олгандан кейин, тиллани ташлаб кетгандан кейин арзон нархда, агар вақтида олиб келмаса, ўша тилла қолади уларга.

Озодлик: Қарзни қанчадан қанчагача беради?

- Тилланинг нархига боғлиқ. Арзон нархда олади улар. Жуда арзон нархда олади.

Озодлик: Менга охирги марта олиб борганингизни, қанақа баҳолаганини, қанча пул олганингизни, қанчада қайтиб берганингизни айтиб бера оласизми?

- Битта узук олиб борган эдим. У узукни 150-200 мингга олган эдим. 80 минг пул берди. Ўша 80 мингни бир ойда олиб келиб бердим.

Озодлик: Қанча фоиз олиб қолди бундан?

- 12 минг олди.

Озодлик: 80 мингдан 12 минг ўзига олдими?

-92 минг бўлди-да.

Озодлик: 80 мингга баҳолади, бир ойда узугингизни олиб қолгани учун улар 12 минг фойда қилди. Шунақами?

- Шунақа бўлди.

Озодлик: Сиз қанақа зарар кўрасиз ëки қанақа фойда кўрасиз?

- Зарари шу 12 минг тўлаганимиз бир ойга олиб. Узук залогда туради.

Озодлик: Сиз худди банкдан қарз олгандай қилиб ундан пул оласиз. 80 минг бергани учун сиз унга 12 минг берасиз.

- Шунақа.

Озодлик: Агар бир ой ичида топшира олмасангиз, тилла узук уларга қолади.

- Бир-икки марта чўзилади. Агар шунда ҳам эплаб олиб кела олмасангиз, узук қолади уларга.

Озодлик: Қанақа пайтда борасиз ломбардга?

- Пулга муҳтож бўлган пайтда борасиз-да¸ дейди нақд пулга муҳтож қолганда ломбардга тилла тақинчоқларни гаровга қўйиб пул олиб турадиган тошкентлик Ҳамиджон ака.

Тошкентдаги йирик ломбардлардан бирининг ходимаси Озодлик билан суҳбатда¸ ломбард фаолиятига оид саволларни ойдинлаштиришга ҳаракат қилди.

- Олдимизга тилла тақинчоқларингиз билан келиб¸ уларни гаровга қўйиб¸ пул оласиз. Кейин келишилган муддат ичида бизга пулни фоизи билан қайтарасиз. Ломбард бу микромолия билан шуғулланадиган оддий кредит ташкилоти. Бизнинг иш фаолиятимиз Марказий Банк томонидан тартибга солинади¸ аммо пул эвазига гаровга қўйиладиган нарсаларни ҳар бир ломбард ташкилотининг ўзи ҳал қилади. Биз кичик миқдорда кредит беришимиз боис фақат тилла оламиз¸ каттароқ кредит беришга қурби етадиган айрим ломбардлар хусусий кўчириб бўладиган мулк (автомашина¸ компютер¸ кийим-кечак ва ҳоказо – таҳр.) ни ҳам гаровга олиши мумкин¸ дейди Тошкент марказидаги ломбардлардан бири ходимаси.

Пойтахтдаги Реал-кредит деб номланган ломбард ходими ўз ташкилотининг ҳам асосан олтин тақинчоқларни гаровга олган ҳолда¸ кредит беришини айтади.

- Сиз бизга олтин олиб келасиз¸ биз сизга пул берамиз. Биз фақат олтин буюмлар оламиз¸ баъзан¸ агар бутун ва шакли думалоқ бўлса¸ бриллиант тошларни ҳам оламиз. Ўзимизнинг баҳо берувчи экспертларимиз бор. Тилла тақинчоқлар нархини биз иши ëки қадимгилигига эмас¸ балки соф олтиннинг граммига қараб белгилаймиз. Ҳозир биз бир грам олтин учун ўртача 43 минг сўм берамиз. Узоғи билан бир ой ичида олган қарзингизни олиб келасиз ва 16 фоиз устама ҳақ тўлайсиз. Бир ой ичида пулни қайтара олмасангиз¸ олтин буюмларингиз бизга ўтади¸ дейди Тошкентдаги Реал-кредит деб номланган ломбард ходими.

Ўзбекистонда кредит олишнинг ломбард шакли нега оммалашиб бормоқда¸ деб сўраймиз Тошкентдаги яна бир ломбард ходимасидан.

- Нима учун оммавийлашмоқда? Чунки пулга муҳтож одамлар кўпаймоқда ва шунинг учун ломбардлар ҳам кўпаймоқда¸ дейди содда қилиб олдида пул олиш учун мижозлар турнақатор кутиб қолганини билдирган ломбард ходимаси.

Нега ўзбекистонликлар бошқа кредит шакллари – масалан яқинларидан қарз олиш ëхуд банкдан кредит олиш ўрнига ломбардга мурожаат қилишмоқда? Ломбард шаклининг қулайлиги нимада?

Тез-тез ломбардга мурожаат қилиб турадиган Ҳамиджон акага кўра¸ қариндошдан қарз сўрашнинг оқибатлари кўпинча вой¸ банклардан эса¸ ниҳоятда кучли расмиятчилик боис пул олишнинг деярли имконсизлиги пулга муҳтож қолганларни ломбард эшигига етакламоқда.

- Яхши тарафи шуки, ўзимизнинг ўзбекларга йиғилиб қолган тилла тақинчоқлар бўлади. Ойлик оладиган ëки бир хил пайтларда пули бўлмай қолган пайтларда кимдандир қарз олиши керак бўлади. Ўшанда ўзининг уйидаги тақинчоқларини олиб бориб ўша ëққа қўйишади арзонгаровга ва ўша ердан пул олишади. Ўша пулни олиб ишлатиб, ўша вақтгача топишга ҳаракат қилади. Топганда ўша пулни олиб бориб беради. Олиб бориб бермаса, тиллалар уларга қолади. Яна шунақаси бор, арзонга сотиб кетадиганлар ҳам бор ўша баҳолаган нархида.

Озодлик: Тилла тақинчоқларни сотишнинг бошқа усули йўқми?

- Тилла тақинчоқни қора бозорга олиб бориб доллар оладиганларга ундан сал қимматроқ нархга сотасиз. Чорсуда, Фарҳод бозорида “доллар алмаштирамиз, тилла оламиз” деб туришади йигитлар. Ўшаларга олиб бориб сотилади. Улар ломбарддан кўра сал қимматроқ олади.

Озодлик: Сотиш керак бўлса, нимага уларга бормайсиз? Хавфлими?

- Хавфли. У ерда милиция ушлайди-да.

Озодлик: Банкка бормайсиз-а?

- Йўғ-е, банк деган нарсаларни тушунмайди халқ ҳали. Банкдан олиш, қоғоз тўлдириш, у нарсалар, айтаяпманку халқ тушунмайди у нарсани.
XS
SM
MD
LG