Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Freedom House Интернет эркинлигини баҳолади


Freedom House ҳисоботи “Интернетдаги эркинлик 2011: Дунё давлатларида Интернет ва рақамли ахборот воситаларига оид вазият”, дея номланади.


Ҳужжатда кибер-ҳужумлар, сиёсий цензура, Интернет инфратузилмалари устидан ҳукуматлар ўрнатган назорат Интернет эркинлигига асосий таҳдидлар сифатида қайд этилган.

Интернетдаги эркинликка таҳдид дунё бўйлаб Интернет фойдаланувчилари сони кескин ошаётган пайтга тўғри келмоқда, дейилади ҳисоботда. Маълумотларга кўра, сўнгги беш йил давомида дунё бўйлаб Интернет фойдаланувчилари сони икки баробарга кўпайган.

Янги ахборот воситаси таъсирининг тобора ошиб боришига ҳукуматлар Интернетдаги фаолиятларни назорат қилиш, эркин маълумот оқимини чеклаш, бошқача айтганда фойдаланувчилар ҳуқуқларини бузиш билан жавоб бермоқда.

- Ушбу тадқиқот натижалари Интернет эркинлигига осонликча эришиб бўлмаслигини кўрсатади. Нодемократик режимлар Интернетдаги эркин ахборот оқимини цензура қилиш ва уни тўсишнинг бошқача кўринишларига кўпроқ эътибор қаратмоқда ва ресурслар ажратмоқда,- дейди Freedom House ташкилотининг ижрочи директори Дэвид Крамер.

18 апрел куни эълон қилинган “Интернетдаги эркинлик 2011: Дунё давлатларида Интернет ва рақамли ахборот воситаларига оид вазият” номли ҳисоботда 37 давлатдаги вазият таҳлил қилиниб Интернет эркинлиги даражасига қараб рўйхат тузилган.

Эркинлик даражаси Интернетга қўйилган тўсиқлар, ахборот миқдорининг чекланиши ва фойдаланувчилар ҳуқуқларининг бузилиши каби мезонларга қараб белгиланган.

Ҳужжатда Эстония Интернет эркинлиги даражаси дунёда энг юқори бўлган давлат сифатида қайд этилган. Иккинчи ўринни АҚШ эгаллаган.

Рўйхатдаги охирги ўрнини Эрон эгаллаган. Ўн бир давлат, жумладан, Беларус, Бирма, Хитой, Куба, Саудия Арабистони ва Таиланд Интернет эркин бўлмаган давлатлар деб эътироф қилинган.

Freedom House ўз ҳисоботида келаси бир йил давомида Иордания, Россия, Таиланд, Венесуэла ва Зимбабведа интернет эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Дунё давлатларида интернет эркинлигига оид ҳисоботда блоггерлар, интернет журналистлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий одамлар Интернетдаги фаолиятлари учун тобора кўпроқ ҳибсга олинаётгани қайд этилган.

Ҳисоботда келтирилган 37 давлатдан 12тасида ҳукумат фаолиятини танқид қилувчи сайтларга қарши кибер-ҳужумлар уюштирилаётгани билдирилган.

Freedom House ташкилотининг дунё давлатларида Интернет эркинлигига оид 410 саҳифалик янги ҳисоботида Ўзбекистон бир марта ҳам тилга олинмаган.
XS
SM
MD
LG