Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2025, Тошкент вақти: 03:21

НАТО Ўзбекистонни айланиб ўтмоқчи


Европа мамлакатлари Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланмаган ҳолда Афғонистонга юк етказиб беришнинг муқобил йўлларини қидирмоқдалар.

Бу ҳақда Темир йўллар ҳамдўстлиги ташкилоти қўмитасининг раиси Тадеуш Шозда билдирди.

Таркибига 27 мамлакат кирувчи мазкур ташкилот темир йўллари бош директорларининг 18 апрел куни Душанбе шаҳрида бошланган анжумани 22 апрелгача давом этиши кутилмоқда.

REGNUM ахборот агентлигининг Тадеуш Шозда сўзларига таянган ҳолда маълум қилишича, сўнгги йилда Европа мамлакатлари Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга юк етказиб беришда муаммоларга дуч келган, шунинг учун ҳам улар юк етказишнинг муқобил йўлларини қидирмоқдалар.

Темир йўллар ҳамдўстлиги ташкилоти қўмитасининг раиси бундан буён НАТО юклари Туркманистон ҳудуди орқали ташилиши мумкинлигини ҳам қистириб ўтди.

Шоздага кўра, юк ташиш билан боғлиқ муаммолар 21 апрел куни Темир йўллар ҳамдўстлиги ташкилоти бош директорларининг Душанбеда ўтказилажак мажлисида кўриб чиқилади.

Мажлисда Россия, Украина, Мўғулистон, Латвия, Эрон, Германия, Полша, Литва, Франция, Эстония, Ветнам, Озарбайжон, Венгрия, Белоруссия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Корея темир йўллари бош директорлари ва вакиллари қатнашиши кутилмоқда.

Аснода Тожикистон темир йўллари масъулларининг маълум қилишларича, 2010 йилда Тожикистон орқали Афғонистонга 161 минг тонна юк ташилган. Бу юкларнинг асосий қисми коалиция кучлари учун авиаёнилғидан иборат бўлгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг давлатга қарашли темир йўл ширкати 1 февралдан бошлаб Афғонистондаги АҚШ ва халқаро коалиция кучлари учун мўлжалланган юклар учун белгиланган тарифни оширганди.

Айни пайтда Тожикистон Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу мамлакатга ўтказилаётган транзит юклари учун темир йўл тарифларини пасайтириш ҳақидаги таклифини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 18 апрел куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Низомиддин Зоҳидов билдирди.

- Афғонистонлик ҳамкасбларимиз мурожаатномасини ўрганганимиздан кейин бу борада хат тайёрлаб, ўрганиб чиқиш учун республика ҳукуматига юбордик. Умид қиламанки, мазкур масала, бизнинг Афғонистон билан бўлган яхши қўшничилик алоқаларимизни ҳисобга олган ҳолда, ижобий ҳал этилади, - деди Низомиддин Зоҳидов.

Эслатамиз, апрел ойи бошида Тожикистон темир йўллари Афғонистонга ўтказилаётган юклар учун тарифни 60 фоизга оширганди. Афғонистон ширкатлари ва уларнинг тожикистонлик ҳамкорлари транзит нархлари оширилиши ортидан Афғонистонга ўтказилажак юк ҳажми ҳам сезиларли даражада қисқаришидан огоҳлантиргандилар.
XS
SM
MD
LG