Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотида кузатувчи мақомини олганига қарийб 17 йил бўлди. Бу мақомни қўлга киритган давлат сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши тўғрисидаги музокаралар беш йил ичида бошланиши лозим эди ва бунга оид ишчи гуруҳи 1995 йилда тузилди.
Шу пайтгача собиқ иттифоқ далвтларидан бу ташкилотга Болтиқбўйининг уч давлатидан ташқари, Арманистон, Грузия, Молдова ва Қирғизистон қўшилган.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик давлатлар учун халқаро майдонда маълум имтиёзларни бериш билан биргаликда аъзо давлатдан ташкилот белгилаган қоидаларга амал қилиш масъулиятини ҳам юклайди.
Ўзбекистонлик иқтисодчи, узоқ вақт мамлакат банк тизимида ишлаган Умиджон бундан 15 йил аввал Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш имкониятлари бор эди, лекин бугун бу мамлакат ташкилот қоидаларига риоя қилиш қобилиятига эга эмас, дейди.
- Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш учун ариза берган йилга эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон иқтисодиëтининг бурилиш нуқтаси айнан ўша йиллар атрофига тўғри келади. 1995-1996 йилларга тўғри келади. Ўзбекистоннинг ривожланаëтган иқтисодиëти албатта бунга (ЖСТга қўшилиш ниятларига – таҳр.) асос бўла олган. Ундан кейин иқтисоддаги бурилиш нуқтаси шу томонга бурилдики, Ўзбекистон ëпиқ иқтисодиëт соҳасига кўпроқ йўналиб кетди. Очиқ иқтисодиëтга эмас, ëпиқ иқтисодиëтга. Тескариси бўлиб кетгани чуун жаҳон савдо ташкилотига топширилган ариза ҳалигача қондирилмай келади,- дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.
Ўзбекистон 1994 йилда ЖСТда кузатувчи мақомига эга бўлиб, ташкилотга қўшилиш бўйича ишчи гуруҳи тузилганидан бери бу борадаги музокаралар қизғин бўлди, деб бўлмайди. Ўтган 15-16 йил давомида бу ишчи гуруҳи уч марта учрашди. Музокараларнинг сўнггиси 2005 йилнинг сентябрида ўтказилди.
Иқтисодчи Умиджон бу ҳолатни Ўзбекистон нафақат Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари бўйича ўйнай олмаслиги, балки бу ташкилотга қўшилиш истаги йўқлиги билан изоҳлайди.
- Менинг ўйлашимча, ҳозир истамайди бу ташкилотга қўшилишни. Лекин бу босаëтган қадамлари фақат ўзига сиëсий имиж бериш учун. Яъни “Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишни ният қилдик, қўшилмоқчимиз”, деган гапларни матбуотда, бошқа жойларда айтади. Чиройли бир хусусиятини кўрсатиш керакда халқаро ҳамжамиятга. Масалан, хорижий инвесторларни мана ҳайдаб юбораяпти. Ўшаларнинг кетидан ҳам қанақадир чиройлироқ нарса кўрсатиш керак. Менинг ўйлашимча, ўша жиҳатдан ҳозир матбуотда эълон қилинаëтган гаплар халқаро ҳамжамиятга ўзини чиройли кўрсатиш учун айтилган гаплардан бошқа нарса эмас. Аслида Ўзбекистон жаҳон савдо ташкилотига қўшилишга тайëр ҳам эмас ва қўшилишни хоҳламайди ҳам.
Жаноб Ху меҳмони жаноб Каримовга шунчаки мезбонлик мулозамати ўлароқ, “биз Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллб-қувватлаймиз” қабилидаги гапларни айтган бўлса айтгандир, дея хулоса қилади собиқ банкир ва иқтисодчи Умиджон.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи ва унинг якунларига оид ўзбек матбуоти эълон қилган материалларда жаноб Хунинг Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига таклиф қилгани ҳақида лом-мим дейилмади.
Айни пайтда Ўзбекистон давлат телевидениеси мухбири Ўзбекистон ва Хитой жаҳон молиявий инқирозини ҳормай-толмай доғда қолдираётган саноқли давлатлардан бири эканини эслатиб ўтишни унутмади.