Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:48

Тошкент ва Уолл-Стрит учрашуви: Ўзбек амалдорлари инвестор жалб этишга уринмоқда


Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбари Отабек Назиров Baker McKenzie компанияси ҳамкори Томас Файрстоун билан.

Ислом Каримовнинг чорак асрлик репрессив бошқаруви мамлакат иқтисодиётини изоляция домига тушириб қўйгандан сўнг Ўзбекистон чет эл сармоялари учун очилиш сари қадамлар қўймоқда.

Юқори лавозимли ўзбек амалдорлари Нью-Йоркка ташриф буюриб, Манҳэттендаги хусусий клубда Уолл-Стритдаги айрим таниқли иш одамларини ҳукуматнинг иқтисодий режалари билан таништирди.

22 июлда Пенн-клубда кун бўйи давом этган тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, Сенат раиси ўринбосари, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбари Citibank, Franklin Templeton ва Goldman Sachs сингари компанияларнинг инвестиция билан шуғулланувчи мутахассислари олдида сўзга чиқди.

Уч йил олдин бунақа ҳолатни тасаввур қилиб бўлмас эди.

Президент Ислом Каримовнинг 2016 йилгача давом этган президентлиги даврида Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив ва ёпиқ мамлакатлардан бири саналар эди. Диктатор Каримов сиёсий мухолифларни қамоққа ташлаган, болалар меҳнатини қонунийлаштирган ва кўпинча хорижий сармояларни киритишга йўл бермаган эди.

Иқтисодий ўсишнинг сустлиги, иш ўринлари камлигига, қисман бўлсада, унинг сиёсати айбдор. Оқибатда миллионлаб ўзбек ватандошлари Россия, Украина ва бошқа собиқ совет республикаларидан иш излашга мажбур бўлди.

Қўшни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев 10 миллиардлаб долларлик чет эл сармояларини жалб қилиш учун мамлакатнинг табиий бойликларидан фойдаланди. Бунинг оқибатида Қозоғистон¸ у ердаги аҳоли сони Ўзбекистонникидан икки баробар камлигига қарамай¸ Марказий Осиёнинг иқтисодиёти энг йирик мамлакатига айланди.

Энди Каримовнинг вориси Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг ривожланиш моделидан улги олиб, Ўзбекистонни дунёга очишга ҳаракат қилмоқда.

Айрим кишилар Мирзиёев улкан сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ўрнига қўшнисининг авторитар бошқарув усулига ўтиб олишидан хавотир билдирмоқда.

62 яшар собиқ бош вазир валюта назоратига барҳам берди, савдо-сотиқдаги айрим тўсиқларни олиб ташлади, советлар давридан бери ишлаб келаётган амалдорларни ёш технократларга алмаштирди, чет элларда мамлакатнинг сармоя потенциалини тарғиб қилмоқда.

Янги пайдо бўлаётган бозорлар

Жорий йил бошида Мирзиёев давлат тасарруфидаги ўнлаб корхонани хусусийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Россия билан Украина бу ишни анча олдин қилган ва собиқ совет корхоналарини неча ўн йиллар олдин сотиб юборган эди. Ушбу хусусийлаштириш эскириб кетган корхоналарга нафақат пул, қолаверса, тажриба ҳам жалб этиш йўлидаги қадам бўлиши мумкин.

‒ Бу Ўзбекистон учун чиндан ҳам улкан, инқилобий ўзгаришдир, ‒ деди Baker McKenzie компанияси ҳамкори Томас Файрстоун.

Бироқ Мирзиёев ҳукумати хусусийлаштиришни олға силжитиш, маҳаллий компанияларга молиявий маблағ жалб қилишда ёрдам беришдан олдин янги пайдо бўлаётган капитал бозорларини ривожлантириш, потенциал сармоядорларни шу пайтгача деярли нотаниш бўлиб келган мамлакати билан таништириши керак бўлади.

22 июлда Манҳэттенда ўтказилган тадбир ушбу мақсадни кўзлаган илк қадамлардан бири бўлди.

Уолл-Стритдан келган 130 дан ошиқ инвестиция мутахассислари ҳузурида Ўзбекистоннинг 10 дан ошиқ банк ва энергетика соҳаси компаниялари раҳбарлари тақдимотлар ўтказди, деди тадбирда иштирок этган активлар бошқарувчиси Алишер Жуманов.

Ўзбекистоннинг яқинда ташкил этилган Капитал бозорларини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров Уолл-Стрит намояндаларига мамлакатнинг маҳаллий қимматбаҳо қоғозлар ва облигациялар бозори ҳамда бўлғуси хусусийлаштириш ҳақида сўзлаб берди.

Нью-Йоркдаги Goldman Sachs банкининг собиқ ходими Назировни Мирзиёев ҳукумати ватанига мамлакатнинг бозор ҳақидаги қонунларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш учун таклиф қилган эди. У Уолл-Стритда ишлаган вақти амал қилган қонунларини Ўзбекистонда жорий қилмоқчи эканини айтди.

Инвесторлар билан учрашувлар муҳим, чунки ўзбек амалдорлари улардан ислоҳотлар режасига оид танқидий фикр-мулоҳозалар олиш имконига эга бўлади.

Жозибали сармоя масканими?

Инвестиция бўйича мутахассислар Ўзбекистон собиқ совет республикалари хусусийлаштириш дастурларини амалга ошириш пайтида йўл қўйган хатолардан хулоса чиқариши кераклигига эътибор қаратди.

Macro-Advisory фирмасининг Евроосиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилувчи ҳамкори Ж.Р.Наткин Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ташкил этилган тадбирда АҚШ расмийларига қарата Россия 90-йилларда қимматбаҳо қоғозларга оид кучли қонун қабул қилишдан олдин ривожланаётган капитал бозорларини қонунбузарликлар учун очиқ қолдирганини гапириб берди.

Ўзбекистон АҚШ сармоядорлари ва компаниялари учун жозибали инвестиция маскани бўлиши мумкин, чунки кўп, ёш ва ўсиб бораётган аҳолиси, табиий газ ва олтин сингари анча-мунча табиий ресурслари бор. Боз устига мамлакат Хитой билан Европа ўртасидаги Ипак йўли бўйида жойлашган. Нуфуси жиҳатдан 33 миллионлик Ўзбекистон постсовет ҳудидида 3-ўринда, Марказий Осиёда эса 1-ўринда туради.

Мамлакатнинг сармоя жалб этиш ва капитал бозорларини барпо қилишдаги энг йирик муаммоларидан бири малакали мутахассислар етишмаслигидир. Гарчи ҳукумат Назиров ва ўтган йили АҚШдан Ўзбекистонга кўчиб борган Жуманов сингари ватандошларини жалб қилаётган бўлса-да, бунақа мутахассислар жуда кўп керак, дейди Колумбия университетининг Ҳарримен институти директори ва Марказий Осиё бўйича эксперт Александр Кулей.

‒ Улар ушбу ислоҳотларнинг барчасини амалга оширмоқчи бўлаяпти, лекин ҳуқуқий экспертизаси ва техник потенциали борми? – дейди у.

Қозоғистон ушбу муммони “Бўлашак” дастурини ишга тушириш билан минимал даражага туширди, дастур 10 минг нафар коллеж битирувчиларининг чет элдаги ўқиши харажатларини қоплаб берди ва мутахассислар уюшмасини ташкил қилди, дейди Кулей. “Бўлашак” дастурига қабал қилинган битирувчилар ватанига қайтиб, 5 йил ишлаб бериши керак.

Ўзбекистондаги “Умид” деб аталувчи шунга ўхшаш лойиҳа “Бўлашак”дай қамровга эга бўлмади, энди ҳукумат чет эллардаги ўзбек диаспорасига мурожаат қилишга мажбур. Лекин бу осон бўлмайди, чунки ўзбек компаниялари ватандошларга Уолл-Стрит ёки бошқа молиявий ташкилотникидай маош тўлай олмайди.

Маошдан ташқари хизмат пиллапоясидан кўтарилиш ҳамда ислоҳотлар тўхтаб қолмаслигига ишонч йўқлиги ҳам ўзбекларнинг янги бориб жойлашган мамлакатидан ортга қайтишига монелик қилмоқда.

Ҳозир кўпчилик Мирзиёевга кўз тикиб турибди. У иқтисодиётни дунёга очаётган, кўплаб мутахассис ватандошларни юртга қайтараётган бўлса-да, унинг сиёсий соҳада ислоҳот ўтказишга иштиёқи кўзга ташланмаяпти.

Унинг куёви Отабек Шаханов президент хавфсизлик хизмати раҳбари ва жиддий таъсир кучига эга, қизи Саида эса яқинда ташкил этилган президент ҳузуридаги матубот ва ахборот агентлиги бошлиғига ўринбосар этиб тайинланди. Агентлик коммуникация ва ахборот воситаларини назорат қилади.

Гарчи Мирзиёев минглаб диний маҳбусларни озод қилган, айрим ННТ ва ОАВнинг мамлакатга қайтишига рухсат берган, болалар меҳнатини қисқартирган бўлса-да, танқидчилар у бошлиқ ҳукумат қишлоқларни тиклаш дастурига кўра одамлар бепул ишлашга мажбурлаётганини айтмоқда.

Қўшма Штатлар билан Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг иқтисодиёт соҳасидаги олға силжишларини бўрттириб юбормаслик учун эҳтиёт бўлиши керак, дейди Кулей.

− Халқаро стандартларга кўра, Ўзбекистон ҳамон авторитар давлат, у фақат иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий таъсирлар учун бир оз очилишга ҳаракат қилмоқда, − деди у.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG